Халқаро хабарлар
Ҳаага суди прокурори Нетаняҳуни ҳибсга олиш учун ордер сўради

Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди прокурори Карим Хон Исроил бош вазири ва мудофаа вазири, шунингдек, АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳининг уч нафар лидерини ҳибсга олиш учун ордер талаб қилди. Бу ҳақда Халқаро жиноят суди (ХЖС) сайтида маълум қилинган. Прокурор бу ҳақда CNN телеканалига берган интервьюсида ҳам айтиб ўтган.
ХЖС сайтидаги баёнотда қайд этилишича, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, Исроил мудофаа вазири Йоав Галант, ҲАМАС лидери Яҳё Синвар, ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания ва ташкилот ҳарбий қаноти қўмондони Муҳаммад Дейф ҳарбий жиноятлар ва инсонийликка қарши жиноятларда гумонланмоқда.
Халқаро жиноят суди дунёнинг аксар мамлакатлари томонидан ратификация қилинган Рим статути асосида иш кўради. Қатлиом, ҳарбий жиноятлар ва инсонийликка қарши жиноятларда айбланаётган шахсларни таъқиб қилиш ҳам мазкур суд ваколатига киради.
Рим статутини АҚШ ва Россия каби Исроил ҳам ратификация қилган эмас ва бу давлатлар суд юрисдикциясига тобе эмаслигини айтиб келишади.
Бироқ Рим статутини ратификация қилган мамлакатлар Халқаро жиноят суди билан ҳамкорлик қилишга мажбур, хусусан, қидирилаётган шахс бўйича ХЖС томонидан ҳибсга олишга оид ордер берилган тақдирда, улар бу ишни амалга оширишлари шарт бўлади.
2022 йили ХЖС Украина ҳудудида болаларнинг ноқонуний депортациясида айбдор кўрилган Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер берган. Ўшандан бери Путин Рим статутини ратификация қилган мамлакатларга сафар қилган эмас ва бундай мамлакатлар орасида Россия учун “дўст” ўлкалар ҳам бор.
Кун янгиликлари
Исроил полицияси автобусларни портлатган шахсларни қидирмоқда

Исроил полицияси Тель-Авив яқинида бир неча автобусда портлаш уюштирганликда гумонланаётган шахсларни қидирмоқда. The Times of Israel ва Reuters агентлиги хабарларига кўра, расмийлар портлашлар оқибатида ҳеч ким қурбон бўлмаганини билдиришган.
Исроил нашрлари портлаш мосламалари Бат-Ямадаги тураргоҳда бўлган учта бўш автобусда ишга тушгани ҳақида ёзишмоқда. Бошқа икки автобусдан топилган бомбалар зарарсизлантирилган. Нашрлар ёйинлаган суратларда ёниб кетган автобусни кўриш мумкин.
Исроил ҳарбийлари портлашлардан сўнг ишғол этилган Ғарбий соҳилнинг айрим ҳудудлари ёпиб қўйилгани, “кучайтирилган аксилтеррор” фаолияти давом этиши ҳақида билдиришган. Баёнотда ҳарбийлар содир бўлган воқеа терговида Шин Бет ички разведка хизмати ва полиция билан ҳамкорлик қилаётгани қайд этилган.
Исроил бош вазири офиси ҳодиса ҳақида Бинямин Нетаняхуга ҳарбий котиби томонидан маълумот тақдим этилгани ва яқин орада у хавфсизлик соҳасидаги вазиятга баҳо беришини маълум қилди.
Исроил нашрлари мамлакат транспорт вазири Жамоат транспорти бошқармасига автобуслар, поездлар ва бошқа жамоат транспорти воситалари тўхтатилиб, текширувдан ўтказилиши ҳақида буйруқ чиқаргани ҳақида хабар қилишди.
Зеленский Киевда Трампнинг махсус элчиси билан учрашди

АҚШ президенти Дональд Трампнинг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кит Келлог 20 февраль куни Киевда Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашди. Учрашув натижаларига кўра ўтказилиши режаланган қўшма матбуот анжумани Америка томони илтимосига биноан бекор қилинган. Бу ҳақда Reuters агентлиги ва бошқа нашрлар хабар қилишди.
“Америка овози” рус хизмати қайдича, Киевга келган 19 февраль куни Келлог ўз ташрифидан асосий мақсад Украина томонини тинглаш эканини эълон қилган.
Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолтц Украинани АҚШга нисбатан танқидини юмшатишга ҳамда Оқ уй ташаббуси билан илгари сурилган фойдали қазилмалар етказиб бериш бўйича шартномага рози бўлишга чақирган.
АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс пайшанба куни, унинг фикрича, можаро якунига оз қолганини айтди. Айни пайтда у Россия билан музокара қилмай туриб, урушни тўхтатиш мумкин эмаслигини урғулади.
Президент Зеленский Келлог билан суҳбат чоғида фронтдаги вазият, украиналик асирларнинг барчасини қайтариш ва Украина учун самарали халқаро хавфсизлик кафолатларини излаб топиш масалалари муҳокама қилинганини қайд этди.
“Европейская правда” нашри Зеленский Трампнинг махсус вакилига Киев “Қўшма Штатлар президенти билан инвестициялар ва хавфсизлик бўйича кучли, ҳақиқатан манфаатли шартнома тузиш”га тайёр эканини тасдиқлагани ҳақида ёзган. Шу муносабат билан Трамп томонидан аввалроқ таклиф қилинган Украина фойдали қазилмаларидан фойдаланишга оид шартнома тўғрисида сўз борган.
ОАВ маълумотларига кўра, Трамп маъмурияти Украинага нодир фойдали қазилмаларнинг 50 фоизини АҚШга мулк ўлароқ беришни таклиф қилган, бироқ Зеленский мазкур ҳужжат билан танишиб чиққанидан кейин уни имзолашдан бош тортган.
АҚШнинг AXIOS сайти 20 февраль куни Зеленский Трампнинг илк таклифини рад этганидан кейин Оқ уй Украинага фойдали қазилмалар тўғрисидаги “тузатилган” шартнома лойиҳасини тақдим этгани ҳақида хабар қилган. Axios бу ҳақда битимдан хабардор украиналик мулозим, америкалик мулозим ва уч нафар манбага таянган ҳолда ёзган.
“Лойиҳанинг сўнгги вариантига анча тузатишлар киритилгани сезилади ва у Украина қонунчилигига мувофиқ келади”, деган манбалардан бири.
Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолц пайшанба куни журналистларга Зеленский фойдали қазилмалар масаласи бўйича “музокаралар столига қайтиши” лозимлигини айтган.
Петербургда камералар мигрант кузатишга мослаштирилмоқда

Петербург расмийлари мигрантларни кузатиш учун шаҳардаги кузатув камераларини этник мансубликни танишга мослаб созланади. Бу ҳақда Петербург маъмурияти миллатлараро муносабатлар қўмитаси раҳбари Олег Капитанов билдирди, дея хабар қилди “Коммерсант” нашри.
Капитановга кўра, янги функционал “миллий анклавлар шаклланиши”га қарши курашда ёрдам беради ва “минтақада ижтимоий тарангликка йўл қўймаслик бўйича превентив чоралар” кўришга имкон яратади.
Мулозим ўз қўмитаси “шахсларнинг миллий мансубиятини аниқлаш учун лицензия сотиб олишга” шартнома тузган, мазкур дастур асосида шаҳардаги саккиз мингта камерани созлаш кўзда тутилган.
“Коммерсант” маълумотига кўра, шартнома суммаси 38 миллион рублдан ошади.
Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашда (ИҲК) Петербург расмийларининг қарори танқид қилиниб, “инсон қадр-қийматини ерга урувчи” дея баҳоланган.
“Россияда ҳатто паспортда ҳам миллат кўрсатилмайди. Энди эса томдан тараша тушгандай, телекамералар кишининг қайси миллатга мансублигини аниқлармиш”, деган ИҲК раҳбари Валерий Фадеев.
Москвадаги “Крокус Сити Холл”да содир этилган террор хуружи ортидан Россияда мигрантларга нисбатан ксенофобик кайфиятлар кучайиб кетган. РФ расмийлари ҳужумда Тожикистон фуқароларини айблашган.
Шундан сўнг Россиянинг турли минтақаларида ҳуқуқ-тартиботчилар хорижликлар яшайдиган ва ишлайдиган жойларда рейдлар ўтказа бошлаган. Айрим ҳолатларда мигрантлар ҳарбий комиссариатларда қайдга олинган.
Расмийлар мигрантларга нисбатан қонунчиликни ҳам кучайтиришмоқда. Бир пайтнинг ўзида Россияда миллатчилар “рейдлари” ҳам бошланиб кетган – бу “рейдлар” давомида улар мигрантларни ишдан бўшатиш ва қизларнинг рўмолларини ечиштиришни талаб қилишган.
Telegraph: Британия Украинада 30 минг нафаргача ҳарбий жойлаштирмоқчи

Буюк Британия бош вазири Кир Стармер кейинги ҳафтада АҚШ президенти Дональд Трампга Россия билан тинчлик битими тузилганидан сўнг мазкур битимга риоя қилиниши кафолатларидан бири ўлароқ Украинада Европа мамлакатларидан бўлган 30 минг чоғли ҳарбийни жойлаштириш бўйича режани тақдим этади. Бу ҳақда The Telegraph газетаси ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Стармер кейинги ҳафтада Трамп билан учрашиш учун Вашингтонга сафар қилиши кутилмоқда. Аввалроқ у Британия тинчликпарварлик миссияси доирасида ўз ҳарбийларини Украинага йўллашга тайёрлигини билдирган эди. Европа мамлакатларидан ҳеч бири бу миссияда иштирок этиши ҳақида ҳали бу қадар аниқ-равшан баёнот бергани йўқ.
The Telegraph мақоласида айтилишича, Стармер таклиф қилиши кутилаётган режадаги асосий унсур АҚШ томонидан дастакдир. Қўшма Штатлар Россия оташкесим шартларини бузмаслиги бўйича кафолатни ўз зиммасига олиши керак бўлади. Режада Россия сулҳ шартларини бузган тақдирда, АҚШнинг Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларида жойлаштирилган қирувчи учоқлари ва ракеталари жавоб зарбасини беришга тайёр бўлиши лозимлиги кўзда тутилган.
Нашрнинг ёзишича, Стармер режасини Франция ҳам дастакмоқда, мазкур режа 17 февраль куни НАТО бош котиби иштирокида Парижда ўтказилган ЕИ йирик мамлакатлари ва Британия лидерларининг учрашувида муҳокама қилинган. Трампнинг ўзи ва унинг маъмурияти вакиллари Украина хавфсизлиги кафолати учун айнан Европа масъулиятни ўз зиммасига олиши лозимлиги ҳақида бир неча борбаёнот беришган. Трамп Стармернинг бу борадаги муҳтамал таклифига қандай муносабатда бўлиши ҳозирча маълум эмас. Режада АҚШ қуруқликдаги қўшинларини Украинага жойлаштириш кўзда тутилмаган.
Режада Украинага фронт чизиғида жойлаштирилмайдиган кичикроқ ҳарбий контингентни йўллаш назарда тутилган. The Telegraph нашрининг ёзишича, европалик ҳарбийлар Украинанинг йирик шаҳарларида, портларида ва АЭС каби бошқа ўта муҳим инфратузилма объектларида бўлишади. Нашр манбаларидан бирига кўра, “содир бўлаётган манзара” тўкислигини таъминлаш учун миссияда кузатув ва разведка учоқлари, дронлар ва сунъий йўлдошлар иштирок этади. Кема қатновида эркинликни таъминлаш учун Қора денгизга қўриқчи кемалари йўлланади.
Британия ҳукумати мақолада баҳс этилаётган режанинг ҳақиқийлигини ҳали расман тасдиқлагани йўқ.
Украина, Россия билан оташкесим келишувига эришилган тақдирда, ғарблик ҳамкорлар томонидан хавфсизлик кафолати берилишини талаб қилмоқда. Украина президенти Владимир Зеленскийга кўра, Украина НАТОга қабул қилинмаган тақдирда, мамлакатда Шимолий Атлантика иттифоқи мамлакатларидан бўлган тинчликпарвар кучлар жойлаштирилиши лозим. Москва вакиллари аввалроқ бунинг имконсизлигини билдиришган.
Жанубий Корея шимолий кореялик асирларни қабул қилишга тайёр

Жанубий Корея украиналикларга асир тушган шимолий кореялик аскарлар истаган тақдирда, уларнинг ҳар қайсисини қабул қилишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига таянган ҳолда хабар қилди.
“Шимолий кореялик аскарлар Конституцияга мувофиқ равишда бизнинг фуқароларимиз бўлиб ҳисобланишади ва алоҳида олинган шахслар ирода эркинлигининг ҳурмат қилиниши халқаро ҳуқуқ ва одатларга ҳам мувофиқдир”, дейилган ТИВ баёнотида.
Бу таклиф асирга олинган КХДР аскари “Чосон ильбо” газетасига берган интервьюсида Жанубий Кореядан бошпана олишни исташи ҳақида билдиргани ортидан янграган. Мақолада исми келтирилмаган украиналик мулозимдан бундай имконият Жанубий Корея ҳукумати қарашларига боғлиқ эканига оид иқтибос келтирилган.
Жанубий Корея ўз ниятини украиналик расмийларга етказилгани ва улар бу борада зарур маслаҳатлашувларни давом эттираётганларини билдирган. Мамлакат ТИВ шимолий кореялик аскарлар “уларнинг ихтиёрларига қарши тақиб хавфи бўлган жойга йўлланмаслиги керак”лигини қўшимча қилган.
2025 йил январь ойида Киев Россиянинг Курск вилоятида шимолий кореялик икки нафар ҳарбий асирга олингани ҳақида маълум қилган. Сўроқ пайтида улардан бири Россияга урушда қатнашиш учун эмас, балки машқларга келганини айтган. Кейинроқ Украина президенти Владимир Зеленский, агар КХДР лидери Ким Чен Ин Россияда асоратда тутиб турилган украиналик ҳарбийларга алмашишни ташкил қилса, Киев асирдаги шимолий кореяликларни унга топширишга тайёрлигини билдирган эди.
Ғарб разведкалари иддаосига кўра, урушда иштирок этиш учун Россияга КХДРдан 10 минг чоғли ҳарбий келган бўлиши мумкин.
Москва ва Пхеньян Украинага қарши жангларда КХДРдан бўлган ҳарбийлар иштирок этаётганини тасдиқламаган, бироқ буни тўғридан-тўғри инкор ҳам қилган эмас.
Трамп Зеленскийни “сайловсиз диктатор” деб атади

АҚШ президенти Дональд Трамп Украина президенти Владимир Зеленскийни “сайловсиз диктатор” деб атаб, у “тезроқ ҳаракат қилиши керак, акс ҳолда, мамлакатсиз қолади”, дея билдирди.
“Бу орада биз Россия билан урушни тўхтатиш ҳақида муваффақият билан музокара олиб бормоқдамиз, бу эса, кўпчилик эътирофига кўра, фақат Трамп ва Трамп маъмурияти қила олиши мумкин бўлган ишдир”, деб ёзган АҚШнинг амалдаги президенти Truth Social ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида.
Трамп иддаосича, АҚШ урушга 350 миллиард доллар сарфлаган, Зеленский эса, афтидан, “охурни сақлаб қолишни истаяпти”.
“Бир ўйлаб кўринг-а, камтарона муваффақият соҳиби бўлган комик Владимир Зеленский Америка Қўшма Штатларини ғолиб келиб бўлмайдиган, аввало бошлаш керак бўлмаган, у АҚШсиз ва “Трамп”сиз ҳеч қачон изга сололмайдиган урушга 350 миллиард доллар сарфлашга кўндирди”, дея қайд этган у.
Трампга кўра, Зеленский АҚШ Украинага йўллаган пулларнинг ярми “йўқолиб қолгани”ни тан олмоқда. АҚШ президентининг билдиришича, Украина президенти “сайловдан бош тортмоқда”, “украиналик ўртасида ўтказилган сўровларда жуда паст ўринларни эгаллаб келяпти”, “у яхши уддаётган ягона иш эса Байден билан “скрипка чалгандай” ўйнаш” бўлиб қолмоқда.
Зеленский Трампнинг Украинада сайлов ўтказиш зарурати ва украиналиклар ўртасида Зеленскийни қўллаш даражаси “тўрт фоизгача” тушиб кетгани тўғрисидаги баёнотларига аввалроқ қуйидагича жавоб берган:
“Киев халқаро социология институти (КХСИ) маълумотига кўра, бугунги кунда менга аҳолининг 57 фоизи ишонади. Агар кимдир мени ҳозирнинг ўзида алмаштирмоқчи бўлса, буни уддалай олмайди”.
КХСИ ўтказган ижтимоий сўров натижаларига кўра, украиналикларнинг 57 фоизи Зеленскийга ишонади, 37 фоизи эса ишонмайди.
Ўз рейтингининг 4 фоиз эканига оид сўзларга изоҳ бераркан, Зеленский Трамп “дезинформация” ичида яшаётгани ва уни Россия тарқатаётганини қайд этган.
Украина президентига кўра, куни кеча Россия ташқи ишлар вазири ва АҚШ Давлат котиби Саудия Арабистонида учрашган пайтда бу масалалар нимагадир кўтарилган эмас.
“Улар Саудия Арабистонда ўзларининг икки томонлама масалаларини муҳокама қилишаётгани уларнинг ҳуқуқи. Ваҳоланки, мен АҚШ Путинга кўп йиллик изоляциядан чиқишга ёрдам беряпти, деб ҳисоблайман”, дея қайд этган Зеленский.
Владимир Путин Россия “Украина билан музокара жараёнидан ҳеч қачон бош тортмагани”ни айтиб, “иккала томон учун мақбул қарорга чиқилиши”ни исташини билдирган.
“Биз эса ҳеч кимни ҳеч нарсага мажбурламаяпмиз. Биз тайёрмиз. Бу ҳақда мен юз марта айтдим. Истасалар, марҳамат, музокарага келишсин. Биз музокара столига қайтишга тайёрмиз”, деган у. Кейинроқ Кремль матбуот котиби Песков Россия ва АҚШ Путин ва Трамп учрашувига тайёргарликни “зудлик билан бошлашга келишиб олгани”ни билдирган.
Рим папаси икки томонлама пневмонияга чалинди

Ватикан 88 ёшли Рим папаси Францискнинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида маълумот тарқатди - унга икки томонлама ўпка шамоллаши ташхиси қўйилган.
Reuters агентлиги хабарига кўра, 18 февраль куни папа Франциск компьютер томографиясидан ўтган ва унда пневмония бошланаётгани аниқланган. Янги ташхис қўшимча медикаментоз муолажани талаб қилган, дея қайд этишган Рим папаси матбуот хизмати вакиллари.
Ўтган ҳафтада (14 февраль куни) Рим-католик черкови раҳбари Римдаги Жемелли клиникасига ётқизилган эди. Пировардида унинг нафас йўллари полимикроб инфекциясига чалингани маълум бўлиб, у касалхонада яна “номаълум муддатгача” қолиши айтилганди.
18 февраль куни папанинг атрофидагилар, хасталигига қарамай, Францискнинг “кайфияти яхши бўлиб қолаётгани”ни билдиришган.
Асл исми Хорхе Марио Бергольо бўлган Рим папаси Франциск 2013 йилда Католик черкови раҳбари этиб сайланганди. 88 ёшли Франциск Католик черкови тарихидаги энг ёши катта папалардан бири бўлиб ҳисобланади. Болалигида бўлажак папа ўпкасининг бир қисмини олиб ташланган, шунинг учун у респираторли хасталикларини айниқса оғир кечиради.
ЕИ Украинага 6 миллиард евролик ҳарбий ёрдам пакетини ҳозирлаяпти

Европа Иттифоқи мамлакатлари Украина учун камида 6 миллиард евролик ҳарбий ёрдам пакетини ҳозирлашмоқда. Politico нашрининг ёзишича, янги ёрдам пакети АҚШ воситачилигида Россия билан музокаралар бошланиши олдидан Киевнинг стратегик позициясини мустаҳкамлаши лозим.
Пакет кенг кўламдаги ҳарбий маҳсулотлар номенклатурасини – бир ярим миллионта артиллерия снарядидан ҳаводан мудофаа тизимларигача – ўз ичига олиши керак. Бу Россиянинг Украинага қарши 2022 йил февралида бошланган кенг кўламли босқини бошидан буён Европа Иттифоқининг Украинага энг йирик ёрдам пакетларидан бири бўлади. Мақолада урғуланишича, пакет Европа комиссиясининг юқори лавозимли вакиллари Киевга борадиган 24 февралгача тақдим этилиши мумкин.
Politico нашининг дипломатик доиралардаги икки манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда қайд этишича, 6 миллиард евро бошланғич маблағ бўлиб, у мамлакатлар ўз захираларини ҳар томонлама ревизия қилганидан кейин “10 миллиард евро ва ундан кўпроқ”қача ҳам кўтарилиши мумкин.
Ҳарбий ёрдамнинг йирик пакети 17 февраль куни Парижда бўлиб ўтган лидерларнинг ошиғич учрашуви чоғида конкрет қарорлар қабул қилишга муваффақ бўлинмаганидан кейин ЕИнинг Украинани дастаклаш қарорида қатъий эканини яққол кўрсатувчи ҳаракатлардан бири бўлган бўларди. ЕИ АҚШ ва Россия ўртасида урушни тўхтатиш бўйича музокаралардан четда қолган, бу эса ЕИ мамлакатлари пойтахтларида ҳам, Киевда ҳам саросимага сабаб бўлган, дея қайд этилган Politico нашри мақоласида.
Ҳарбий дастакнинг оширилиши Украинага ўз қуролли кучлари сафини тўлдириш, Киев тинчлик музокараларига тайёрланар экан, фронт чизиғида Россия ҳужумларини қайтариш ва ўз шаҳарларини ҳаво ҳужумларидан ҳимоя қилишга ёрдам беради. Шунингдек, бу ЕИнинг ўз делегацияси бундан буёнги музокараларга қўшилиши зарурлигига оид далилларини кучайтириши мумкин.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 18 февраль куни Ар-Риёзда икки томонлама музокаралар ўтказишган.
Украинага ёрдам битими ЕИ мамлакатларининг барчаси томонидан маъқулланадими ёки уни фақат битимни қабул қилишни истайдиган мамлакатлар коалициясигина дастаклайдими − ҳозирча маълум эмас. Дипломатлардан бирига кўра, Венгриянинг қаршилигини ҳисобга олган ҳолда мазкур битим ЕИ мамлакатларнинг барчаси томонидан бир овоздан маъқулланиши эҳтимоли кам.
Трамп ва Маск Fox News телеканалига биргаликда интервью беришди

АҚШ президенти Дональд Трамп ва Ҳукумат самарадорлиги департаменти раҳбари, тадбиркор Илон Маск 18 февраль куни Fox News телеканалига биргаликда интервью беришган.
Прайм тайм вақтида эфирга узатилган қарийб бир соатли интервьюнинг катта қисми Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) фаолиятига бағишланган бўлиб, мазкур департаментнинг мақсади, Илон Маскка кўра, “бюрократияни заифлатиш ва демократияни тиклаш”дан иборат.
Fox News телеканали бошловчиси Шон Ханнити интервьюни АҚШ ва жаҳонда энг муваффақиятли тадбиркор сифатида танилган Илон Маскни президент Трампнинг яқин маслаҳатчиси, давлат аппаратини қисқартириш ва оптималлаштириш бўйича тавсиялар ҳозирловчи департамент раҳбари ўлароқ таништиришдан бошлаган.
Илон Маск ўз ролини “президентга технологик дастак кўрсатувчи” ёрдамчи ўлароқ белгилаган. Маск етакчилигидаги департамент, унинг сўзларига кўра, “президент фармонлари бажарилишини таъминлаш”га уринмоқда.
Президент Трампнинг ўзи Илон Маск тимсолида ёрдамчи ўлароқ “ўта ақлли инсон”га эга бўлгани, унинг гуруҳи давлат аппаратининг ўзини оқламаган харажатларини қисқартиришни белгилаш каби ўзи томонидан қўйилган вазифани амалга оширишга қодирлигини айтган. Дональд Трампнинг ишонишича, DOGE юзлаб миллиард долларлик молиявий суиистеъмолларни излаб топади. Ҳукумат самарадорлиги департаменти фаолияти натижасида эришилиши мумкин бўлган иқтисоднинг умумий суммасини президент Трамп триллион долларга баҳолаган.
Интервью чоғида Дональд Трамп ва Илон Макс етакчи федерал бошқармаларнинг иш ҳужжатларини ўрганиш бўйича DOGE ташкилотига катта ҳуқуқлар берган президент Трампни ўз ваколатлари ташқарисига чиқаётганликда орқаваротдан айблаётган танқидчиларга жавоб беришган.
“Биз Дональд Трампни президент этиб сайлаган одамларнинг бюрократияни қисқартириш истагини бажаришга уриняпмиз”, деган Илон Маск интервью чоғида.
Зеленский Саудия Арабистонига сафарини 10 мартга қолдирди

Украина президенти Владимир Зеленский аввалроқ 19 февралга режаланган Саудия Арабистонига ташрифини кечиктиришга қарор қилган. Зеленскийга кўра, эндиликда унинг бу мамлакатга сафари 10 мартга қолдирилган. Ташриф Зеленскийнинг жорий ҳафтада шарқ мамлакатларига сафари доирасида амалга оширилиши керак эди. Бу сафар доирасида у аввал Бирлашган Араб Амирлиги, кейин эса Туркияда бўлган.
Зеленский сафар жадвалига ўзгартиш киритилгани ҳақида АҚШ ва Россия делегациялари ўртасида Украина масаласи бўйича Саудия Арабистони пойтахтида бўлиб ўтган музокаралар кунида эълон қилган. Украинада уруш бошланганидан буён илк маротаба учрашаётган АҚШ ва Россия томонлари Ар-Риёзда, жумладан Украинадаги уруш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишган. Делегацияларга Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари етакчилик қилишган. Украина ва бошқа мамлакатлар вакиллари мазкур учрашувга таклиф қилинган эмас.
Зеленскийнинг 18 февраль куни билдиришича, Россия ва АҚШ делегацияларининг Саудия Арабистондаги учрашувига Украинанинг чақирилмагани Киев учун “сюрприз” бўлган. Украина лидерига кўра, “ҳеч қанақа мос келиш” бўлмаслиги учун у чоршанбага режаланган Ар-Риёзга сафарини бошқа кунга кўчирган ва эндиликда АҚШ делегациясини Киевда кутмоқда.
Reuters агентлиги 18 февраль оқшомида АҚШнинг Украина ва Россия бўйича махсус вакили Кит Келлогнинг Киевга йўл олишини хабар қилган. Бунда агентлик Келлогнинг кун тартиби билан таниш бўлган манбадан олинган маълумотга таянган.
Зеленский уруш якунига оид музокараларни Украинасиз юритиш мумкин эмаслигини такрорлаган. Украина президентига кўра, адолатли тинчлик таъминланиши учун АҚШ иштирокидаги Киевга хавфсизлик кафолати беришга оид музокараларда Украина билан Европа ҳам иштирок этишлари лозим.
Трамп Украинанинг музокаралардан гўё четлатилганига оид хавотирларни рад этди

Қўшма Штатлар президенти Дональд Трамп АҚШ ва Россия делегациялари ўртасида 18 февраль куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтган музокаралардан Украинанинг гўё четлатилгани билан боғлиқ хавотирларни рад этди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.
АҚШ президенти сешанба куни Мар-а-Лагодаги (Флорида) шахсий қароргоҳида журналистлар олдида чиқиш қилди.
Трамп, агар европаликлар ўз тинчликпарвар қўшинларини Украинага йўллаш ҳақида қарор қабул қилишса, бунга эътироз қилмаслигини билдирди.
Аввалроқ Европа мамлакатлари лидерлари хавфсизлик кафолатларини таъмилаш учун Украинага тинчликпарвар кучларни йўллашга оид масалани муҳокама қилишганди.
Бу Трампнинг АҚШ делегацияси Украина масаласи бўйича Россия билан мулоқот ўрнатганидан буён қилган илк чиқишидир. Икки мамлакат делегациялари учрашуви 18 февраль куни Саудия Арабистонининг Ар-Риёз шаҳрида бўлиб ўтган.
Трамп Украина кўп йиллар аввал Россия билан келишувга эришиши мумкин бўлганини айтиб, Киевнинг музокараларда ўрин берилмаслиги бўйича хавотирларни рад этди. “Украиналиклар музокараларни анча аввал бошлашлари лозим эди”, дея билдирди Трамп.
АҚШ президенти Украина масаласи бўйича собиқ президенти Жо Байденни танқид қилди. Reuters агентлиги Байден Украинани россиялик ишғолчилар ҳужумини қайтаришга ёрдам берган қурол-аслаҳа билан таъминлаш устида ишлаганига эътибор қаратган.
Торонто аэропортига қўнаётган учоқ ағдарилиб кетди

Delta Airlines авиаширкатига қарашли Bombardier CRJ900LR учоғи Торонто халқаро аэропортига қўниш чоғида ағдарилиб кетган.
Reuters агентлиги хабарига кўра, ҳодиса оқибатида 18 киши турли даражада тан жароҳати олган, қурбонлар йўқ.
Воқеа жойида олинган фото ва видеолардан учоқ аэропорт йўлагида ағдарилиб ётганини кўриш мумкин. Ҳодиса юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ағдарилган учоқ, маълум бўлишича, АҚШнинг Миннесота штати Миннеаполис шаҳридан учиб келган.
Delta Airlines авиаширкати учоқ бортида 80 киши бўлгани, улардан тўрт нафари экипаж аъзолари эканини тасдиқлаган.
Бу орада Торонто аэропорти маъмурияти авариядан сўнг бир муддатга тўхтатилган учоқлар ҳаракати қайтадан йўлга қўйилгани, рейслар жадвалга мувофиқ равишда амалга оширилганини маълум қилган.
Трамп инаугурациясидан буён АҚШда 14 минг ноқонуний мигрант қўлга олинди

Дональд Трамп президент ўлароқ қасамёдга келтирилган 2025 йил 20 январидан буён АҚШда 14 минг мигрант ҳибсга олинган. Бу ҳақда CNN телеканалининг “Мамлакатдаги вазият” дастурида Трамп томонидан “чегара подшоҳи” этиб тайинланган Том Хоман билдирган.
“Биз бу борада бундан ҳам кўпроқ иш қилишимиз”, дея иқтибос келтирган “Америка овози”нинг рус хизмати Хоман сўзларидан.
Мулозим дастур давомида АҚШда иммиграция агентлари томонидан ҳибсга олинган ва ватанига депортация қилинган ноқонуний мигрантлар сони ўта камлигидан норозилик изҳор қилган.
Айни пайтда Хоман депортациялар сони Жо Байден маъмурияти давридагидан “анчагина юқори” эканини урғуларкан, “Биз иш суръатини оширишимиз зарур. Бу оғир меҳнат”, дея қўшимча қилган.
The Washington Post нашрининг ёзишича, январь ойи охирида Трамп АҚШда ноқонуний юрган муҳожирларни тутиш бўйича амалиёт суръати пастлигидан норозилик билдирган. Ўша пайтда иммиграция полициясининг маҳаллий офисига суткасига камида 75 та ҳибсни амалга ошириш вазифаси қўйилган, шундай қилинган тақдирда мамлакат бўйича ҳибслар сонини умумий ҳисобда кунига 1500 тагача етказиш мумкин эди. Нормани бажармаган хизмат ходимларига жарима солиниши мумкин.
Қўлга олинган мигрантларнинг кўпи ўз мамлакатларига қайтарилган ёки АҚШнинг Кубадаги Гуантанамо ҳарбий-денгиз базасида жойлашган қамоқхонага йўлланган, бироқ мигрантларнинг айримларига судни кутиш учун мамлакатда қолишга рухсат берилган.
АҚШ расмийларига кўра, мамлакатда 11 миллионга яқин ноқонуний мигрант истиқомат қилади. Трамп ўтган йилги сайловолди кампаниясида “миллионлаб” мигрантни топиб, депортация қилишга ваъда берган эди. Мулозимлар биринчи навбатда АҚШда жиноят содир этгани учун судланган мигрантлар ҳибсга олинаётганини қайд этишмоқда, бироқ умуман олганда зарур иммиграцион ҳужжатларга эга бўлмасдан яшаётганларнинг барчаси ҳибсга олиниб, юртига бадарға қилиниши мумкин.
Трамп маъмурияти миграция масалалари билан шуғулланувчи АҚШ Иммиграция ва божхона хизматини (ICE) кучайтириш учун бир неча федерал агентликдан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини жалб қилган.
Янги маъмуриятнинг илк кунларида кунига юзлаб мигрант ҳибсга олинган ва бу жараён, аввалгидек кўламда бўлмаса-да, ҳалигача давом этмоқда. АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги январь ойи охирида кунига 800 га яқин ҳибс қайд этилганини, 26 январь куни эса қўлга олишлар сони 1179 тага етганини маълум қилган. Бироқ февраль ойининг биринчи ярмида бу кўрсаткич кунига 600 дан камроққа тушган.
Европа лидерлари Парижда Украинага ёрдам масаласини муҳокама қилишди

Европа Иттифоқидаги қатор мамлакатлар ва институтлар лидерлари ҳамда НАТО бош котиби 17 февраль куни Россиянинг Украинага қарши урушига якун ясаши мумкин бўлган тинчлик музокараларида Европа мамлакатларининг муҳтамал иштироки масаласини муҳокама қилишган. Аввалроқ АҚШ ЕИ мамлакатларидан уларнинг ҳар бири бунга айнан қандай ҳисса қўшиши мумкинлиги ҳақида маълумот беришни сўраган эди.
Париждаги учрашув Дональд Трамп маъмуриятининг сўнгги баёнотлари ва хатти-ҳаракатлари манзарасида Франция президенти Эммануэль Макрон томонидан чақирилган. Оқ уйнинг мазкур баёнотлари ЕИдаги қатор мамлакатларда АҚШнинг янги маъмурияти Европа манфаатлари билан ҳисоблашадими ёки Вашингтон Москва билан Украина ва ЕИ учун манфаатли бўлмаган келишувга эришадими, деган хавотирларга сабаб бўлган.
Учрашувда Франция, Германия, Италия, Испания, Буюк Британия, Польша, Дания ва Нидерландия лидерлари ҳамда Европа Комиссияси, Европа кенгаши раҳбарлари ва НАТО бош котиби Марк Рютте иштирок этишган. Учрашув бошланишидан аввал Эммануэль Макрон АҚШ президенти Дональд Трамп билан телефон орқали сўзлашган, мазкур суҳбат тафсилотлари очиқланмаган.
Париждаги учрашув бир неча соат давом этган. У ерда бирор-бир қарор олингани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Дания бош вазири Метте Фредериксен журналистларга учрашув норасмий фикр алмашуви бўлгани, у ерда лидерлар бирор масала бўйича келишувга эришиши кўзда тутилмаганини айтган.
Лидерларнинг ҳаммаси Украинага Россия агрессиясига қарши туришда дастак беришда давом этиш зарурлигини айтишган. Германия канцлери Олаф Шольц журналистлар билан суҳбатда АҚШ ва ЕИ ҳамда НАТОга аъзо барча мамлакатлар Украина учун хавфсизлик ва кафолатлар масаласида биргаликда ҳаракатланишлари лозимлигини билдирган. Айни пайтда у Украинада бирор-бир тинчликпарварлик миссияси ва унда Германиянинг иштирок этиши ҳақида гапиришга ҳозирча эрта эканини қайд этган. Аввалроқ Париждаги учрашувда Украинадаги тинчликпарварлик миссияси масаласи ҳам муҳокама қилиниши мумкинлиги ҳақида хабар қилинган эди. Шольц сўзларидан Париждаги саммитда бундай миссия ҳақида ҳеч қанақа қарор қабул қилинмагани келиб чиқади. Канцлер ҳозирча Украинадаги урушнинг охири кўринмаётгани учун тинчликпарварлик миссиясига оид гап-сўзлар уни асабийлаштираётганини, у ёққа тинчликпарвар кучларни йўллаш имконияти ҳақида ҳали гап ҳам йўқлигини билдирган.
Шольц учрашувнинг барча аъзолари ўзаро ҳамфикр бўлган бир неча бандга эътибор қаратган. Бу Украина учун ЕИга кириш йўлини давом эттиришга, ўз суверенитети ва демократияни ҳимоя қилишга, кучли армияга эга бўлишга имконият берилишидир. Шольцга кўра, бу тамойиллар музокара предмети бўлмаслиги керак. Айни пайтда Шольц Украина чегараларининг бузилмаслиги ҳақида оғиз очган эмас.
Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен учрашув иштирокчилари фотосуратини ёйинлаб, улар “Украина куч орқали тинчликка эришишга, мустаҳкам хавфсизлик кафолатлари билан унинг мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилувчи тинчликка лойиқлиги тасдиқлашди”, деб ёзди. Мулозима Европада мудофаани мустаҳкамлаш зарурлигини ҳам урғулаган.
АҚШ ва ЕИ бир бўлиши лозимлиги ҳақида учрашувдан сўнг Польша бош вазири Дональд Туск ҳам гапирган. Унга кўра, муҳокама қилинган мавзулар орасида ЕИ мамлакатларида мудофаа харажатларини ошириш ва шу билан боғлиқ равишда бюджет қоидаларига ўзгартиш киритиш масалалари ҳам бўлган. Туск ҳам Украина тақдирига оид қарорлар Украина иштирокисиз қабул қилинмаслиги лозим, деган тамойилга содиқ эканини тасдиқлаган.
Британия бош вазири Кир Стармер ва Дания бош вазири Фредериксен ҳам мудофаа харажатлари оширилишига оид фикрни маъқуллашган. Стармер, тинчлик келишувига эришилган тақдирда, Британия Украинага ўз ҳарбийларини йўллаши мумкинлигини тасдиқлаган. Бироқ, унга кўра, фақат Қўшма Штатлар кафолатигина келажакда Россиянинг Украинага янгитдан ҳужум қилишининг олдини олиши мумкин. Ўз навбатида, Дания бош вазири Россия Европанинг бошқа мамлакатлари учун ҳам хавф туғдириши мумкинлигини қайд этган.
18 февраль куни Саудия Арабистонида АҚШ ва Россия вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтади, бу музокараларни иккала томон ҳам Украинадаги муҳтамал тинчлик музокаралари учун илк қадам эканини айтишган. Музокараларга Украина ҳам, ЕИ ҳам таклиф қилинган эмас. АҚШ президентининг махсус вакили Кит Келлог 17 февраль куни Украина қандай шартлар асосида тинчлик битимини тузиши ҳақида, шубҳасиз, мустақил равишда қарор қабул қилиши, бу ишни Украина учун АҚШ қилмаслигини билдирган.
Деҳли вокзалидаги тиқилинчда камида 18 киши нобуд бўлди

Деҳлидаги темир йўл вокзалида ўтган ҳафта охирида содир бўлган тиқилинчда тўрт нафар бола дохил камида 18 киши ўлган, кўплаб одам тан жароҳати олган.
Вокзалдаги кўп минг кишилик оломон поездлар кечикиши туфайли пайдо бўлган.
Ҳиндистоннинг Праяграж шаҳрида “Маха Кумбха Мела” деб аталган диний байрам бўлиб ўтмоқда. Миллионлаб одам иштирок этадиган бу байрам 144 марта ўтказиляпти. Бир неча кун давом этадиган байрамга бу йил юз миллионга яқин одам келиши кутилмоқда. Январь ойи охиридаги анжуманда ҳам оломон ичида тиқилинч юзага келган, ўша пайтда камида 12 нафар зиёратчи ҳаётдан кўз юмганди.
Би-Би-Си хабарига кўра, Деҳли вокзалида жабрланганларнинг кўпчилиги Праяграждаги фестивалга кетаётган ёки аксинча, у ердан қайтаётган бўлган.