Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:04

«Ҳалол» стандарти экспорт ва зиёрат туризми учун – ички бозорга ҳозирча рухсат йўқ


16 ноябрь куни “Ўзстандарт” агентлиги, Ислом мамлакатлари стандартлар ва метрология институти томонидан Ҳалол таъминот занжири тизими бўйича қабул қилинган 3 та янги стандарт Ўзбекистонда ҳам кўриб чиқилишини маълум қилди.

Шу пайтгача агентлик мамлакатда “Ҳалол” тамғаси босилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва бу соҳадаги хизматларга оид 6 та стандартни қабул қилган эди.

Агентлик берган расмий баёнотга кўра, бу стандартлар, асосан, ҳалол озиқ-овқат маҳсулотлари ва ингридиентлари экспорти ҳамда зиёрат туризми учун қўлланилмоқда.

Аммо мамлакат ички бозори ва ички ишлаб чиқарувчилар учун ҳозирча сертификат берилмаётир ва расмий баёнотлар мазмунига кўра, бунга эҳтиёж йўқ, деган қарорга келинган.


Мамлакатда “Ҳалол” стандарти билан боғлиқ расмий баёнот, президент Афғонистонга ҳалол товуқ сотиш бўйича имзолаган фармондан 3 кун ўтиб пайдо бўлди.

"Ўзстандарт" агентлиги берган таърифга кўра, Ҳалол (яъни - рухсат этилган) тушунчаси – бу «ислом динида рухсат этилган ва йўл қўйилган барча маҳсулотлар» бўлса, «Ҳалол» стандартлари эса – маҳсулотларни ислом дини талаблари бўйича ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, сотиш ва тамғалаш жараёнларига бўлган талабларни белгилайди.

Президент 12 ноябрь куни имзолаган қарорда, Афғонистон билан келгуси 3 йил ичида савдо ҳажмини ошириш ва алоқаларни тиклашга оид кенг кўламли чора-тадбирлар белгиланган.

Режалар сирасида қўшни давлатга ҳалол маҳсулотлар, хусусан, товуқ гўшти сотиш режаси алоҳида қайд этилган.

Ҳужжатда, бунинг учун “Ҳалол” стандартини ишлаб чиқиш бўйича халқаро ташкилотлар билан музокараларни тезда тугатиш, ҳалол маҳсулотларни ишлаб чиқарадиган корхоналар ва кушхоналарни тайёрлаш бўйича тезкор топшириқлар берилган.

Президент топшириғи матбуотда эълон қилинганидан 3 кун ўтиб, “Ўзстандарт” агентлиги Ислом мамлакатларининг стандартлар ва метрология институти (SMIIC) томонидан ҳалол таъминот занжири тизими бўйича 3 та янги стандартлар қабул қилингани ҳақида хабар берди.

Аслида шу йилнинг 4 ноябрида қабул қилинган бу стандартларда ҳалол маҳсулотларни ташиш, сақлаш ҳамда уларни истеъмолчига етказиб бериш бўйича таъминот занжирига қўйилган талаблар белгиланган:

1. OIC/SMIIC 17-1:2020 (Halal supply chain management system - Part 1: Transportation - General requirements) “Ҳалол таъминот занжирини бошқариш тизими - 1-қисм: Ташиш - Умумий талаблар”,

2. OIC/SMIIC 17-2:2020 (Halal supply chain management system - Part 2: Warehousing - General requirements) “Ҳалол таъминот занжирини бошқариш тизими - 2-қисм: Омборхона - Умумий талаблар”

3.OIC/SMIIC 17-3:2020 (Halal supply chain management system - Part 3: Retailing- General requirements) “Ҳалол таъминот занжирини бошқариш тизими - 3-қисм: Чакана савдо - Умумий талаблар”.

«Ўзстандарт» агентлиги бу 3 стандарт Ўзбекистонда ҳам ўрганиб чиқила бошлагани ва қабул қилиниши мумкинлигини билдирди.

Бу хабар ортидан Озодлик мамлакатда “Ҳалол” тамғаси босилган маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилиши ва бунинг учун бериладиган сертификат борасидаги саволлар билан агентликка мурожаат қилди.

Агентлик расмийси, ҳозирда мамлакатда ҳалол маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва савдосига оид жами 6 та стандарт қабул қилинганини билдирди. Қўшимча саволларга тез орада расман жавоб берилишини ваъда қилди.

Агентлик расмий сайтида берилган маълумотга кўра, 6 стандарт, 2017 йил октябрда – мамлакатда “Ҳалол” сертификати берилган махсулотларни ишлаб чиқариш бўйича президент қарори имзоланганидан кейин қабул қилинган.

Булар, асосан, ҳалол озиқ-овқат маҳсулотлари ва ингредиентларини ишлаб чиқариб, экспортга йўллаш билан шуғулланадиган ҳамда зиёрат туризми учун лицензия берилган бизнес соҳаси вакилларига сертификат беришда қўлланмоқда.

Ўзбекистон “Ҳалол” стандартини ишлаб чиқиш жараёнига билвосита алоқадор бўлган расмийнинг, исмини сир сақлаш шарти билан Озодликка айтишича, Ислом давлатлари билан изчиллашаётган ҳукумат даражасидаги алоқаларга ҳамоҳанг равишда маҳсулотлар экспорти ва товар-хизматлар соҳасида “Ҳалол” стандартларини қўллаш зарурати туғилган.

Шу боис сўнгги икки йил ичида айнан мусулмон давлатларига юбориладиган экспорт маҳсулотлари ва бу давлатлардан келаётган зиёратчилар талабини қондириш учун 6 та стандарт қабул қилинган.

Аммо бу расмийга кўра, мамлакатнинг ички бозори учун маҳсулот ишлаб чиқараётган ёки хизмат кўрсатаётган корхоналар учун ҳануз “Ҳалол” сертификати берилмаётир.

“Биз мусулмон мамлакатмиз ва ҳозирча мамлакатнинг ичкарисида бунақа сертификатга эҳтиёж кузатилмади. Лекин "Ҳалол” сертификатини берадиган идоранинг ўзи 2020 йилда тузилди. Келгусида ички бозорга ҳам эътибор қаратилса керак", - деди бу расмий.

Озодлик бу борада айни соҳага масъул «Ўзстандарт» агентлигига берилган саволларга эса ҳануз жавоб кутмоқда.

Айни пайтда, 17 ноябрь куни Озодлик саволларига жавоб берган бир неча ўзбекистонлик аслида “Ҳалол” тамғаси урилган маҳсулотга мамлакат ичкарисида ҳам катта эҳтиёж бор, деган фикрни билдирдилар.

Жумладан, шу кунда Фарғона вилоятида яшаётган уй бекасидан Озодлик мухбири шундай жавоб олди:

“Барибир шу сертификатни қабул қилиш керак. Ҳамма егулик ва истеъмол моллари учун. Масалан, шарбатлар, қайта ишланган ҳамма маҳсулот, гўшт, сут ва турли консервалар. Лекин, мен бозорда “Ҳалол” тамғаси урилган маҳсулотларни кўрмадим, тўғриси. Фақат “Роллтон”га (қуруқ шўрва - таҳр.) ҳалол деб ёзишяпти, уям Қозоғистондан келган”.

Тошкентлик журналистлардан бири ўз вақтида бу масалани ёритишга урингани ва бу аснода ички истеъмолчиларда "Ҳалол" сертифати мавжуд гўшт, сут ва консерва маҳсулотларига эҳтиёж кучли, деган хулосага келганини айтади:

“Мисол учун, колбаса маҳсулотларига ишонч йўқ. Чунки унинг ичига яширинча солинадиган нарсалар бўйича даҳшатли маълумотлар бор. Кўчада овқатланиш муассасаларига ишонч йўқ, гигиена ҳам чатоқ. Мусулмон одам Ўзбекистонда ҳам анча-мунча жойда овқатлана олмайди. Агар стандартлар ишлаб чиқилса, шу асосда сертификат берилса ва бунинг устидан назорат ўрнатилса, унда бунга эҳтиёж катта. Шунинг учун бунақа сертификатни биринчи бўлиб ичкарида жорий қилиш керак, деган хулосага келганман”.

Яна бир журналист ва блогер Даврон Тожиалиев эса, шу кунда мамлакатда хорижий давлатларга маҳсулот чиқараётган ва сертификатни хориждан олган ширкатлар кўзга ташланаётганини қайд этди:

"Эҳтиёж, албатта бор. Халқимиз ўзи истеъмол қилаётган егуликларнинг сифатига аввалгидан яхшироқ эътибор қаратадиган бўлган. Шунингдек, мусулмонлар орасида "Ҳалол" брендга айланган. Энди буни расмий идора, ўзимиздаги идора тасдиқлаб берса, истеъмолчилар орасида ишонч ортади. Бундан 10 йиллар аввал маҳсулот номида "ҳалол" сўзини қўллаш ҳам мумкин эмас эди. "HalolFood" деган кафеларни ёпишганди. Охирги 4-5 йилда Ўзбекистондаги айрим маҳсулот эгалари "Ҳалол" сертификатини Россия, Туркия, Малайзия, Қозоғистон каби давлатлардан олиб келишаётган эди. Ўзимиздаги “Ҳалол” сертификациялаш идораси мижозлари ҳам охирги йилда кўпайди".

Ўзбекистонда "Ҳалол" стандартини ишлаб чиқиш жараёнига алоқадор мулозимга кўра, мамлакат 2019 йилнинг 1 январидан SMIIC ташкилотига аъзо бўлиб киргач, бу ташкилот доирасида қабул қилинган 20 га яқин “Ҳалол” стандартларини кўриб чиқиш бошланган.

Шу кунга қадар ички эҳтиёж ва заруратдан келиб чиқиб, фақат 6 таси қабул қилинган:

  • “Ҳалол” сертификатини берадиган идорага қўйилган талаблар;
  • Ҳалол овқат ва ичимликлар тайёрланадиган, сақланадиган ва сотиладиган муассасага қўйилган талаблар;
  • Ислом истеъмол маҳсулотлари, косметика ва шахсий гигиена маҳсулотларига қўйилган талаблар;
  • Ислом истеъмол маҳсулотлари - ҳайвонлар териси, юнги, суяги ва ҳоказолардан тайёрланадиган маҳсулотлар бўйича умумий талаблар;
  • Ҳалол озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган корхоналар фаолиятига қўйиладиган талаблар;
  • Туризм хизматлари ва мусулмон ҳамдўстлиги деб номланган яна бир махсус стандарт.

Мулозим айни пайтда мусулмон давлатлари орасида қўлланилаётган амалиёт ҳамда ўзаро ҳамкорликдан келиб чиқиб, бошқа стандартлар ҳам кўриб чиқилаётганини қўшимча қилди.

XS
SM
MD
LG