Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:48

ҲАМАС-Исроил уруши: Россиянинг нима алоқаси бор? Эксперт билан савол-жавоб


Исроил аскарлари Сдерот шаҳри кўчаларини қўриқламоқда. 7 октябрь, 2023
Исроил аскарлари Сдерот шаҳри кўчаларини қўриқламоқда. 7 октябрь, 2023

Ўтган март ойида Фаластин делегацияси Россия расмийлари билан музокаралар ўтказиш учун Москвага борди. Делегация АҚШ ва Европа Иттифоқи террорчи ташкилот деб таснифлаган ҲАМАСдан эди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, учрашувда " Фаластин муаммоси адолатли ечимини қўллаб-қувватлашда Россиянинг доимий позицияси" ҳақида сўз юритилган.

“Фаластин миллий бирлигини тиклаш масаласини кўриб чиқиш чоғида Россия томони келишмовчиликларни бартараф этиш ва Фаластин Озодлик ташкилоти атрофида етакчи сиёсий кучлар ва ҳаракатларни бирлаштиришда ёрдам кўрсатишни давом эттиришга тайёрлигини билдирди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Россиянинг ҲАМАС билан алоқалари, ҲАМАСнинг эса асосий қўллаб-қувватловчиси Эрон билан алоқалари ҳам маълум. Исроилда бўлаётган воқеаларни кузатувчилар учун шунинг ўзи Москвани зўравонликларга бевосита алоқадорликда айблашга етарли асосдир.

Бу тўғри эмас, дейди Жеймс Мартин номидаги Ядро қуролларини тарқатмасликни ўрганиш марказининг Берлиндаги таҳлилчиси, Россиянинг Яқин Шарқдаги сиёсати бўйича эксперт Ҳанна Нотт.

Россиянинг Эрон билан яқинлиги Украина билан урушда Москвага қўл келди, Теҳрон Россияга худкуш дронлар ва бошқа қуролларни етказиб берди. Аммо бундан хулоса қилиб, Россия ҲАМАСнинг ҳам қонли ҳужумини қўллаб-қувватлаб, Исроил билан алоқаларига рахна солади деб ўйлаш хато бўлади, дейди у.

9 октябрь куни Озодлик билан телефон орқали суҳбатда Нотт Россиянинг Яқин Шарқдаги ролига оид кўпроқ нозик жиҳатларни тушунтирди.

Озодлик: Россия бу ҳужумда қандайдир роль ўйнаган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларга шубҳа қиласизми? Уларнинг тўғридан-тўғри ёки билвосита бунга алоқаси борми?

Ҳанна Нотт: Эътибор берсангиз, сўнгги йилларда (Украинадаги урушдан олдин ҳам) Россияда ишлаб чиқарилган тизимлар ҲАМАС қўлига ўтиб кетгани ҳақида баъзи хабарлар бор эди. Танкка қарши ракеталар, зенит ракеталари ва ҳк; бунга кўп йиллар бўлган ва ўша пайтда Исроил бу қуроллар Эрон орқали ҲАМАС қўлига тушган деб тахмин қилган. Шунинг учун, мен Россиядан ҲАМАСга тўғридан-тўғри йирик қурол-яроғлар юборилгани ҳақида ҳеч қандай далил кўрмаганман, ҲАМАС рус ҳарбийлари томонидан ўқитилгани ҳақидаку, гапирмаса ҳам бўлади. Бу сўнгги ҳужум контекстида мен ҳали бу рус қуроллари эканлиги ёки руслар ҲАМАСни ўқитганига оид далилларни кўрмадим. Шунинг учун бу ерда тўғридан-тўғри алоқани кўрмаяпман.

Менимча, Россия Исроил ва Форс кўрфази давлатлари билан муносабатларини бузмоқчи эмас.

Албатта, Россия ва ҲАМАС ўртасидаги муносабатлар узоқ тарихга бориб тақалади. Айтмоқчиманки, улар, менимча, 2006 йилда, Фаластин ҳудудидаги сайловларда ғалаба қозонганидан сўнг, Москвага таклиф қилинган ва ўшандан бери ҲАМАС делегациялари у ерга бориб туради. Биласизми, руслар сўнгги йилларда Фаластиннинг турли гуруҳлари ўртасида воситачилик қилишга кўп уринишди. Албатта, улар ҲАМАСни ҳеч қачон террорчи ташкилот сифатида кўришмаган. Улар доимо турли фракциялар бирликка интилиши керак, деб таъкидлаб келишган.

Бу руслар тинчлик жараёнида ўз ўринлари бўлишини исташидандир, чунки сўнгги бир неча йил ичида улар америкаликлар тинчлик жараёнини монополия қилволганидан тез-тез шикоят қилишяпти, айниқса, Трамп маъмурияти ва "Аср битими" даврида. Шундай қилиб, улар барча Фаластин гуруҳлари билан алоқаларидан фахрланиб, бўшлиқни тўлдиришга ҳаракат қилишди.

Шундай қилиб, руслар Фаластин томонда фаол бўлиб келган. Совет Иттифоқи Фаластинни қўлларди. Шундай қилиб, бу муносабатлар узоқ тарихга бориб тақалади. Бу тўғри. Аммо бундан тўғридан-тўғри ҳарбий ёрдам бор, деган хулосага бориш мумкин, деб ўйламайман.

Исроил-ҲАМАС: Урушнинг учинчи куни
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:14 0:00

Яна бир савол бор: бу ерда Россиянинг роли билвосита бўлиши мумкинми? Мен Украинадаги уруш туфайли, Россия ва Ғарб ўртасидаги муносабатларнинг жиддий ёмонлашгани ва шу боис Россия-Эрон муносабатларининг геосиёсатдаги ўзгариши туфайли, умуман олганда, Россия Эроннинг минтақадаги имкониятларини кенгайтирмоқда, деган бўлардим. Шундай қилиб, Эрон ўзини янада дадил ҳис қилмоқда. Эрон Россияга дронлар ва бошқа ёрдам беряпти. Бунинг эвазига у Россиядан қандайдир ёрдам олса керак.

Руслар 2015 йилги Эрон ядровий келишуви тикланишига унчалик қизиқишмади. Улар Эронга нисбатан юмшоқроқ муносабатда бўлишди. Шундай қилиб, Эроннинг ана шу «бардамлик» ҳисси ҳозир бўлаётган воқеаларга ҳисса қўшган бўлиши мумкин. Шундай қилиб, бу ерда Россия ва Украина ўртасидаги уруш билан боғлиқлик бор, лекин мен буни тўғридан-тўғри эмас, балки билвосита деган бўлардим.

Озодлик: Хўп, сизга бермоқчи бўлганим учта саволга етиб келдингиз. Хўш, буларнинг барчасидан Россия қандай фойда олади?

Ҳанна Нотт: Менимча, бир томондан, ҳозир Яқин Шарқда беқарорлик, кескинлик ва зўравонликнинг кучайиши, умуман олганда, Россия учун фойдали бўлиши бор гап. Агар улар бошқа жойларда инқирозлар ва беқарорликка ҳисса қўша олса ва Ғарб давлатлари, хусусан, АҚШ, Украина ва НАТОнинг шарқий қанотидан эътиборни чалғита олса, кенгроқ геосиёсий ўйинда фойдалидир. Агар юз бераётган ҳодисалар Исроил-Саудия ўртасидаги нормаллашув бузилишига олиб келса, менимча, бу Москвада ҳам мамнуният билан қабул қилинади, чунки Исроил-Саудия муносабатлари Америка ўйинидир. Демак, бу қайсидир маънода Россия учун фойдали.

Улар учун потенциал салбий томони шуки, мен Россиянинг Яқин Шарқдаги ташқи сиёсатини эҳтиёткорлик билан созланган беқарорлик, бир маромда ушлаб турилган беқарорликни рағбатлантирувчи сиёсат деб биламан. Агар бу каттароқ урушга айланса, Ливан ва Сурияни ҳам қамраб оладиган Исроил-Эрон қарама-қаршилигига айланса, бу Россияга фойда келтиради деб ўйламайман. Чунки Сурияда русларнинг муҳим денгиз ва ҳаво базалари бор; бу базалардан улар Ўрта ер денгизининг шарқий қисмига куч беради. Бу базалар русларга Африкада ўз операцияларини давом эттириш имконини берувчи логистик марказ вазифасини бажаради ва ... Вагнер ҳам Африкада ўйинини давом эттирмоқда.

Шунинг учун Сурия муҳим жой. Энди, агар Сурия кенгроқ уруш сабабли беқарорлашса, руслар ҳозирда бундай вазиятни ҳал қилиш учун ҳарбий кучга эга эмас. Шунинг учун мен катта уруш уларнинг манфаатларига мос келишига унчалик ишонмайман. Менимча, бу уларга керак эмас – назоратдаги эскалация улар учун фойдалироқдир.

Озодлик: Россия ҳозир Украинадаги урушга кўпроқ куч сарфласа, кенгроқ минтақавий урушга имкониятлари борми: улар бир вақтнинг ўзида иккита тўпни ўйнай олармикан?

Ҳанна Нотт: Яхши савол. Бу Россиянинг қанчалик иштирокига боғлиқ бўлади. Улар Суриядаги базаларини сақлаб қолишган. Сурияда ҳарбий техниканинг катта қисми турибди. Бу Суриядаги вазиятни назоратда ушлаб туриш учун етарли бўлди ва сўнгги йилларда мамлакатда йирик жанглар амалда тўхтади. Гап шундаки, Сурия шимоли-шарқида 800-900 америкалик қўшин бор ва руслар сўнгги олти ой ичида уларни янада яқиндан кузатмоқда. Чунки, менимча, улар америкаликлар Сурияни тезроқ тарк этишини исташади. Шу холос. Аммо катта уруш бошқа масала.

Менимча, Россия-Эрон муносабатлари сифат жиҳатидан ўзгарганига шубҳа йўқ. Аммо барибир, мен Россия Исроил ва Форс кўрфази мамлакатлари билан муносабатларини бузмоқчи эмас, деб ўйламайман. Агар каттароқ уруш бошланса ва америкаликлар Исроил томонда қаттиқ турса, шундай бўлади ҳам. Менимча, биласизми, улар аллақачон Ўрта ер денгизининг шарқий қисмига авиаташувчи кемани жўнатишган. Америкаликлар бу катта урушда қайси томонда туриши аниқ.

ҲАМАС ва Исроил уруши: икки томондан қурбонлар 1000га яқинлашди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:27 0:00

Шунда савол туғилади: Россия томон танлаши керакми? Агар каттароқ уруш бошланса, Россия учун Эрон орбитасига тортилишдан бошқа йўл қолмайдими? Шундай бўлади. Аммо улар буни хоҳлаётганига ишончим комил эмас. Шунинг учун менимча, руслар вазиятнинг бунчалик кенг кўламли урушга қадар кучайишини хоҳлашмайди.

Озодлик: Шу кунларда Москванинг Исроил билан муносабатлари қандай? Иссиқми ёки совуқ? Украина президенти Владимир Зеленский Исроил билан бирдамлигини билдирди. Бу муносабатларни қандай тушунтирган бўлардингиз?

Ҳанна Нотт: Эҳтимол суст, лекин [Бош вазир Бенямин] Нетаняху декабрь ойида ҳокимиятни қўлга киритганидан бери яхшиланди. Буча ҳужумига Исроилнинг жавобини ҳисобга олсак, [олдин] совуқроқ эди; улар Россияни жуда қаттиқ танқид қилишди. Аммо Исроил [ҳозиргача] Украинага ҳалокатли қурол етказиб бермаган. Ўйлайманки, Москва буни қадрлайди ва улар шундай қолишини хоҳлашади.

Шундай қилиб, кескинликлар бор эди, лекин ҳали ҳам жуда муҳим савдо алоқалари мавжуд. Исроилда катта рус диаспораси яшайди, у Украинадаги урушдан олдин ҳам бор эди, аммо уруш бошланиши билан янада кўпайди.

Исроил нуқтаи назаридан, энг муҳими, Сурия осмонида можаро бошламасликдир. Бу исроилликлар Россияга нисбатан эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишлари ва санкцияларга қўшилмасликлари ва Украинага ёрдам бермасликларининг асосий сабабидир.

Шундай қилиб, ҳа, бу одатдагидан қийинроқ бўлди, лекин Биби [Нетаняху] ва Путин ўртасидаги шахсий муносабатлар маълум даражада ёрдам беради. Улар келиша олади.

Нетаняху лавозимга қайтганидан бери бироз қаттиққўл бўлиб қолди. Аммо менимча, Россия нуқтаи назаридан исроилликларнинг Киев томонига ўтишига йўл қўймаслик муҳим. Ана шу нарса руслар ҲАМАСни тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлаганига ишонмаслигимнинг яна бир сабабидир, чунки агар улар шундай қилишса, исроилликлар бу ҳақда эртами-кечми билиб олади. Бундай вазиятда Россия исроилликларни бутунлай йўқотади ва бунақа вазиятда таваккал қилишларига ишониш қийин, чунки Исроилнинг Украинани қўллаб-қувватламаслиги Россия учун жуда муҳим.

Форум

XS
SM
MD
LG