Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:32

Ҳаррис: Ўтмишга эмас, келажакка қараб юрамиз


Демократлар партияси қурултойининг сўнгги кунида Вице-президент Камала Ҳаррис АҚШ президентлиги учун партия номзодлигини расман қабул қилиб, минглаб тарафдорлари ҳузурида нутқ сўзлади.

У, агар АҚШнинг 47-президенти этиб сайланса, барча америкаликлар учун президент бўлишини ва уларнинг, мамлакатнинг манфаатини ўз партияси манфаатларидан устун қўйишини таъкидлади.

"Энди ортга қайтмаймиз, фақат олдинга қараб юрамиз", - деди президентлик учун демократлар номзоди.

Ҳаррис президент сифатида амалга оширадиган режаларига ҳам тўхталди. У ўрта қатламни кучайтириш орқали барча учун бирдек имконият яратадиган кучли иқтисодиёт қуриш йўлидан боришини айтди.

Ҳаррис, шунингдек, мамлакатдаги уй-жой танқислигини тугатишга ҳамда ижтимоий хавфсизлик нафақаси ва федерал тиббий суғуртани (Меdicare) ҳимоя қилишга ваъда берди.

Номзоднинг сўзларига кўра, унинг режалари халқ учун, Республикачилар партиясидан номзод рақиби Доналд Трампники эса "ўзи ва миллиардер дўстлари учун”.

Ҳаррис ўз нутқида ватандошларини бирликка ҳам чақирди.

“Америкаликлар бизни ажратиб турадиган нарсалардан кўра кўпроқ умумийликка эга ва барчамиз муваффақият қозонишимиз учун ҳеч биримиз муваффақиятсизликка учрамаслигимиз керак", - деди у.

Унинг айтишича, собиқ президент Доналд Трамп ва унинг вице-президентлик учун ҳамкори J.D.Vens олиб бораётган бўлгинчи ташвиқотга эътибор бермаслик керак.

“Майли, онамнинг бир гапи бўлар эди: ҳеч кимга кимлигингни айтишига йўл қўйма, сен уларга кимлигингни кўрсат, - деди Ҳаррис.

"Америка, келинг, бир-биримизга ва дунёга ким эканлигимизни ва нима тарафдори эканлигимизни кўрсатайлик. Биз эркинлик, имконият, раҳм-шафқат, қадр-қиммат, адолат ва чексиз имкониятлар диёримиз", - дея қўшимча қилди у.

Вице-президент Камала Ҳаррис Ғазода давом этаётган урушни ҳам тилга олди. У Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини ҳимоя қилишга ваъда берди; айни пайтда Ғазода тўкилаётган қонлар "ҳалокатли" ва "юракни эзувчи" эканлигини қайд этди.

“Ғазодаги урушга келсак, президент Байден ва мен кечаю кундуз ишлаяпмиз, чунки ҳозир гаровдагиларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш вақти”, - деди у.

“Сўнгги 10 ой ичида Ғазода содир бўлган воқеалар даҳшатли. Кўплаб бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлди. Умидсиз, оч одамлар хавфсизлик учун қайта-қайта қочоққа айланяпти. Изтироб кўлами юракни эзади. Президент Байден ва мен Исроилни хавфсиз қилиш, гаровга олинганлар озод қилиш, шунингдек, Ғазодаги азоб-уқубатларга чек қўйиш ва Фаластин халқи ўз қадр-қиммати, хавфсизлиги, эркинлиги ва ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини амалга ошириши учун ишлаяпмиз”, - деди у.

Камала Ҳаррис нутқи билан Демократлар партиясининг тўрт кунлик қурултойи ниҳоясига етди. Ўз партияларидан номзодликни расман қабул қилиб олган Ҳаррис ва Трамп келаси икки ойдан кўпроқ вақт давомида президентлик сайлови кампаниясини олиб боради.

2024 йил 5 ноябрь куни америкаликлар АҚШ президентлиги учун, шунингдек, АҚШ Конгресси ва кўплаб штатлар қонун чиқарувчи органлари ва губернаторлик ўринлари учун овоз беради.

XS
SM
MD
LG