Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани “Чиғаноқ” қишлоғи турғуни¸ Камаз ҳайдовчиси Даврон Орзиев жорий ҳафтада Косон туман прокуратурасидан навбатдаги мактубни олди. Мактубда Даврон Орзиевни калтаклаганликда гумонланган Косон туман ИИБ ЖҚБ ходимлари хатти-ҳаракати устидан терговгача суриштирув олиб борилгани ва “жиноят аломатлари йўқлиги боис иш тўхтатилгани” айтилади.
Даврон Орзиевнинг ўзи Озодлик билан суҳбатда жорий йилнинг 11 сентябрида Косон туманига пахта ортилган Камазда борганида, қора ниқоб кийган ўн нафар ИИБ ходимидан шафқатсиз калтаклангани ва ҳануз соғлигини тиклай олмаëтганидан шикоят қилди.
Озодликда Каттақўрғон туман суд-тиббий экспертиза бўлимининг давлат суд-тиббий эксперти Раҳмонов имзолаган 856 рақамли хулоса нусҳаси бор. Хулосада Даврон Орзиевнинг ўнг ва чап елкасида¸ биқинида ва ўнг тиззасида жароҳат¸ қонталаш ва гемотомалар борлиги ва Орзиев тўмтоқ жисмдан жароҳат олгани қайд этилган.
Жароҳатлар бемор илк мурожаат қилган касалхонада тузилган амбулатор тиббий карта ва тиббий маълумотномага асосланиб, 2020 йил 11 сентябрда жорий қилингани ҳам ҳужжатда ëзилган.
Камазчининг 11 сентябрь фожиаси
ИИБ ходимлари тарафидан калтакланганини айтган Орзиев адолат истаб ўнлаб инстанцияларга ëзган хатлари ва улардан келган жавобларни Озодликка тақдим қилди. Бу ҳужжатлар ва Орзиевнинг ўз ҳикояси асосида Каттақўрғондан пахта ортиб Косонга келган ҳайдовчи кўргуликларини қайта тиклашга уринамиз.
Орзиев 11 сентябрь куни Қашқадарëнинг Косон туманидан мол еми сифатида ишлатиладиган маккажўхори келтириш учун Камаз 55212 юк автомобилида йўлга чиқди. Машина бўш кетмаслиги учун ҳамқишлоғи Норматов Шерзод ва Қўйбоқаров Исроилга тегишли пахтани машинасига юклайди. Машина Косон туманидаги аҳоли 52 совхоз деган жойга етганида Қашқадарë вилоят ИИБ ходимлари йўлни тўсади.
Ҳайдовчи Даврон Орзиевга кўра¸ улар 10 нафар бўлиб қора ниқоб кийишган эди:
“Шу ернинг ўзида машинадан судраб тушириб дўппослашди. Электрошокер билан ток урдириб азоблашди. Мен уларга урманглар, касалман, десам ҳам, ҳақоратлаб, уриб ташлашди. Кейин улар мени Косон туман ИИБ биносига олиб боришди. Бино биринчи қаватидаги ЖКБ ходими хонасига олиб кириб, юзимга уришди. Сизга гапираëтиб ўзимни яна ëмон ҳис қиляпман. Кейин улар мени бир кун қамаб қўйишди. Менга тазйиқ қилиб тушунтириш хатига имзо чектиришди.
Даврон Орзиев нега калтакланди? У йўл қоидасини буздими ëки Камазга ортилган пахта ноқонуний юк сифатида малакаландими?
Озодлик бу саволларни Косон туман прокуратурасининг ўз исми эфирда айтилмаслигини сўраган ходимига берди.
“Ходимлар Камазда қонунга хилоф равишда пахта юкланган, деган гумон билан машинани тўхтатишган. Ҳужжатларга кўра, Орзиев бошқарган 30W818 HA Камаз юк машинаси йўл қоидасини бузмаган. Юк бўйича ҳам ҳеч қандай жиноят аломатлари бўлмаган. Шу кунда ҳуқуқ-тартибот органларининг Орзиевга эътирози йўқ.”
Аммо Орзиевнинг ИИБ ходимларига эътирози бор. Орзиевнинг қўлида тан жароҳати олганини исбот қилувчи тиббий хулоса бор. Нега ҳеч кимга чора кўрилмади? Бу саволимизга жавобан суҳбатдош Косон туман прокурори Жовлиев жорий йилнинг 29 октябр куни имзолаган хабарномани Телеграмдан юборди.
7-119 1666/ 20 рақамли ҳужжатда Орзиевни калтаклаганликда гумонланган ИИБ ходимларининг хатти-ҳаракати ИИБ хузуридаги ТБ катта терговчиси Жабборов тарафидан терговгача текширилгани ëзилган. Ҳужжатда “важлар ўз тасдиғини топмаганлиги, ҳолат юзасидан бирон бир шахснинг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд бўлмаганлиги сабабли жиноят ишини қўзғатиш рад қилингани” айтилади.
Суд тиббий хулосасичи? Ўз касбий фаолиятида матбуотга гапириш ҳуқуқи бўлмаганини айтган прокуратура ходими “Тиббий справкадаги дарча” борлигини айтди.
“Справка сизда бор бўлса, диққат билан ўқинг. Барча жароҳатлар жабрланувчининг қўли етадиган жойда. Ўнг елка, чап елка. Тизза. Справкада ўзига ўзи тан жароҳати етказган бўлиши мумкин, деб ëзиб қўйибди. ИИБ ходимларини ëмонотлиқ қилиш учун ўзига ўзи жароҳат етказганларни кўп кўрганмиз. Шу боис ҳеч ким айбдор эмас, деган статус-кво сақлангани маъқул"¸- деди прокуратура ходими.
Камаз ҳайдовчиси Даврон Орзиев бу ҳолатга рози эмас. У навбатдаги шикоят аризасини Ўзбекистон президенти қабулхонасига жўнатди.
“Керак бўлса, ХРВ ва Гаага судигача бораман”, - дейди ИИБ ходимлари калтаганлигини айтаëтган ҳайдовчи.
Косон туман ИИБ ходимларининг ватандошларни калтаклаши билан боғлиқ иддаолар олдин ҳам янраган. Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Татьяна Давлатованинг жабрланувчи сўзларига ва гувоҳларнинг кўрсатмаларига асосланиб? «Элтуз» нашрига билдиришича, 2018 йилнинг 2 майида ногирон Рустам Ҳамроев ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўз уйида шафқатсиз калтакланган ва жиддий тан жароҳатлари олган.
Ўтган йили Озодлик Қашқадарë ИИБси биносида таҳқирланиб калтакланган қизлар ҳақида ëзган эди.