Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:47

"Қора рўйхат"дан чиқарилган Хайрулла Ҳамидов ТВга қайтишни ният қилмоқда


Тошкентнинг Чилонзор туманида яшовчи 56 киши сафида журналист Хайрулла Ҳамидов ҳам назоратда турувчилар "қора рўйхати"дан чиқарилди. 5 август куни Facebook саҳифасида хабар улашган журналист энди Ўзбекистон телевидениесида спорт шарҳловчиси бўлиб ишлай олишига умид билдирди. Бироз муқаддам журналист устидан яна бир жиноят иши очилгани маълум бўлганди. ​

Ўзбекистонда диний мазмундаги маъруза ва шеърлари билан танилган 42 яшар журналист Хайрулла Ҳамидов, Kun.uz нашрига берган интервьюсида: "Энди ТВ раҳбарияти қўрқмасдан мени ишга чақиришлари мумкин. Шарҳни соғинганман", деди.

Хайрулла Ҳамидов шу пайтга қадар унинг "қора рўйхат"га киритилгани Ўз-ТВ раҳбариятини чўчитиб келган бўлиши мумкинлиги ва эндиликда, бу рўйхатдан чиқарилганидан ҳурсандлигини билдирди.

42 яшар журналист диний мотивдаги айбловлар билан 5 йиллик қамоқ жазосини ўтаб чиққач, диний мотивдаги айбловларда гумон қилинган назоратдаги фуқаролар рўйхатида сақланаётган эди.

Ҳамидов ҳар ой ўзи яшайдиган туман ички ишлар бўлимига бориб туриши, шаҳардан чиқиш учун ИИВдан рухсат олиши, муҳими, ҳар куни соат 22:00дан 06:00гача уйда бўлиши шарт эди.

Бунга қадар Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси терговчилари таниқли журналист ва футбол шарҳловчиси 42 яшар Хайрулла Ҳамидовга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 216 моддаси билан яна бир жиноят иши қўзғатгани маълум бўлган эди.

Эндиликда ўзига нисбатан "қора рўйхат" доирасида қўйилган чекловлардан батамом озод қилинганини тасдиқлаган журналист бафуржа суҳбатлашишга ҳозирча фурсати йўқлигини ва тез орада барча саволлар, хусусан, навбатдаги терговга доир саволларга ҳам жавоб беришини билдирди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тузиладиган "қора рўйхат"га диний мотивлар билан қамалганлар, тақиқланган диний-экстремистик гуруҳларга алоқадорлар, мойиллик кўрсатганлар ёки адашиб қўшилиб қолган шахслар ҳамда уларнинг оила аъзолари киритилади.

26 июлда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ходими назоратда бўлган шахслар билан имомлар ва ҳокимликлар вакиллари июл ойи ичида ўтказган суҳбатлар натижасида 4 минг 152 киши "оқланган", яъни "қора рўйхат"дан чиқарилганини айтган эди.

42 яшар журналист Хайрулла Ҳамидов диний мотивдаги айбловлар билан 5 йил қамоқ жазосини ўтаб чиққан.

У 2010 йилнинг 27 май куни Тошкент вилоят Жиноят ишлари бўйича суди ҳукми билан "Жиҳодчилар" диний-экстремистик гуруҳига алоқадорликда айбдор, деб топилиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. 2015 йил 11 февралда, амнистия актига мувофиқ, озодликка чиқарилган.

Сопрт шарҳловчиси бўлган Хайрулла Ҳамидов ўз шеър, эссе ва диний маърузалари билан ҳам ўзбекистонликлар орасида яхши танилган.

2000-йиллар охирида унинг аудио ва видео чиқишлари нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам кенг тарқалди.

Хайрулло Ҳамидов ўз чиқишларида диний мавзулар билан бирга, долзарб ижтимоий муаммоларни кўтариши билан ҳам эътибор қозонди.

У асос солган "Одамлар орасида" рўзномаси қисқа вақт ичида Ўзбекистонда энг кўп сотиладиган нашрга айланган, аммо олти ойдан сўнг турли важлар билан ёпиб қўйилганди.

Хайрулла Ҳамидовнинг шеърлари тўплами 2013 йилда Лондонда ўзбек ва инглиз тилларида чоп қилинган.

XS
SM
MD
LG