Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:00

Ҳинд тадбиркори яроқсиз дорини сотиш учун ўзбек амалдорига 33 минг доллар пора берган


16 август куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида «Док-1 Макс» иши бўйича сўроқ қилинган ҳиндистонлик тадбиркор, «Quramax Medical» МЧЖ директори Р.С.П. (Ҳиндистон фуқароси) Ўзбекистон фармсаноати раҳбарларининг бирига 33 минг АҚШ доллари миқдорида пора берганини тан олди.

Бу ҳақда Озодликка маҳкамада иштирок этаётган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли Абдураҳмон Ташанов хабар қилди.

Ҳуқуқ фаолининг таъкидича, маҳкамада 65 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган «Док-1 Макс» сиропи ва бошқа дориларнинг коррупциявий схемалар орқали мамлакатга кириб келгани ва истеъмолга чиқарилгани фош бўлмоқда.

“Давлат айбловчиси хорижлик тадбиркордан йирик миқдордаги пулни кимга ва нима учун берганини сўради. Ҳинд тадбиркор эса 33 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни Фармацевтика агентлигининг Дори воситалари тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази мулозими Ж.Э.га текширувларни тўхтатиш эвазига пора сифатида берганини тан олди”,-дейди ҳуқуқ фаоли.

Маълум бўлишича, мутасадди 45 минг АҚШ доллари миқдорида пора сўраган ва тадбиркор бу миқдорни 33 мингга туширишга эришган.

Ўзбекистон Республикаси ДХХ тергов бошқармаси томонидан олиб борилган тергов жараёнларининг дастлабки қисми бўйича эълон қилинган айблов хулосасида «Marion Biotech» PVT. Ltd. корхонаси сифат кафолати бўлмаган бир қанча дори воситаларини Ўзбекистонда сотишни режалаштирган. Сифатсиз дори воситаларининг айримлари бўйича пора эвазига ҳатто рухсатнома ҳам олган.

Ҳозирда камида 65 нафар бола вафот этгани бўйича олиб борилган мазкур жиноят ишининг алоҳида иш юритувига олинган қисми бўйича тергов ҳаракатлари бормоқда. Жабрланувчилар сони эса ортиб боряпти.

Эслатиб ўтамиз, мазкур дори-дармонларнинг сифат назорати пастлиги, уларнинг зарарлари оқибатлари юзасидан Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти 2022 йил октаябрь ойининг бошидаёқ кўплаб мамлакатлар қатори ЎЗбекистонни ҳам огоҳлантирган. Бироқ огоҳлантиришлардан сўнг ҳам дори воситалари ўтган йилнинг қурбонлар сони кескин ортиб кетган декабрь ойида ҳам истеъмолга чиқарилган.

Суд мажлислари давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG