Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:14

Қийноқларда айбланган ИИВ ва бошқа ҳокимият вакилларига қаршилик учун жазо кучайтирилмоқда


Ўзбекистон ички ишлар ходимлари сўнгги бир йилда камида уч фуқарони қийноққа солиб ўлдиришда айбланган.
Ўзбекистон ички ишлар ходимлари сўнгги бир йилда камида уч фуқарони қийноққа солиб ўлдиришда айбланган.

Ўзбекистонда ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.

30 сентябрь куни Сенатнинг 19-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун маъқулланди.

Унга мувофиқ "хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ жиноятнинг жазо чоралари кучайтирилмоқда".

Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга ички ишлар органлари ходими ёки Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг қонуний талабларини бажармаганлик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартишлар киритиляпти.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда нафақат ички ишлар органлари ходимлари ёки Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари), балки бошқа ҳокимият вакилларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатганлик ёки тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш орқали уларнинг ўз қонуний фаолиятини тўсқинликсиз амалга оширишига шароит яратилади”, дейилган Сенат хабарномасида.

Ҳужжат қонуний кучга кириши учун эндиликда президент томонидан имзоланиши лозим.

Қонун лойиҳаси "адолат"чилар танқидига учраганди

Маҳаллий матбуотдаги хабарларга кўра, қонун лойиҳаси Олий Мажлиснинг айрим депутатлари томонидан танқид қилинган.

10 августдаги муҳокамада “Адолат” партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев "қонунни қабул қилишдан олдин ички ишлар тизими ўз вазифасига нолойиқ ходимлардан тозаланиши кераклиги"ни айтган.

“Тўғри, қонун лойиҳаси албатта керак. Чунки бошқа хорижий мамлакатлар тажрибасида ҳам ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик учун жавобгарлик анча юқори. Аммо умуман олиб қараганда, республикамизда ички ишлар органи ходимлари хатти-ҳаракатидан келиб чиқсак, бу лойиҳани қабул қилиш бироз эрта, деб ўйлайман.

Аввало ички ишлар тизимига адашиб келиб қолган ва ўз вазифасига нолойиқ ходимлардан тозалагандан кейин қабул қилсак, мақсадга мувофиқ бўларди”, – деб айтган Қодир Жўраев.

Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисмига ўзгариш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси 10 август куни ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида кўриб чиқилганди.

"Бу қонун жамоатчилик муҳокамасидан ўтиши лозим!"

Мавжуд қонунчилик давлат хизматчиларини етарли даражада ҳимоя қила олмаяптими? Нима учун айнан ҳозир бу ўзгартиш киритилмоқда?

Озодликнинг бу саволларига жавоб берган Ўзбекистон ички ишлар вазирлигининг собиқ полковниги қонунга зарурат йўқ, деб ҳисоблашини айтади.

- Бу қонун қабул қилинишининг асосий сабаби – ходимларнинг билимсизлиги, деб биламан. Алкотестер ўрнига стаканга пуфлатаётган ходимни видеода кўргандирсиз... Ўз ишини яхши билмаслик, бошқаларнинг ҳуқуқларини ва ўзини ваколатларини яхши англамаслик туфайли одамлар билан тортишувлар келиб чиқмоқда. Бу гап давлат идораларида ишлаётган бошқа ходимларга ҳам тегишли. Одамлар шусиз ҳам пулсизлик ва шароитсизликдан ғазабланган: ички ишлар ходимининг ҳар қандай босимига қарши туришга тайёр. Бу ходимларнинг ўзи ҳуқуқсиз ёки ҳуқуқларини талаб қила олмайди. Менимча, одамлар билан бўлаётган жанжал ва хизматчига қаршиликларнинг аксар қисми – милициянинг қўполлиги ва адолатсизлиги, деди собиқ ички ишлар ходими.

Суҳбатдош ўзбекистонлик қонун ташаббусчилари бу лойиҳани Россиядан сўзма-сўз кўчириб олганини ҳам иддао қилди.

2021 йил февралида Россия президенти Владимир Путин митингларда хавфсизлик ходимларига бўйсунмаганлик учун жазони кучайтириш назарда тутилган қонунни имзолаганди. Жорий йил июнида шу каби қонун митинглар авж олиб кетган Беларусда президент Лукашенко томонидан ҳам имзоланган.

Солиқчининг ўлимига оид янги видео ИИВ версиясини савол остига олади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:19 0:00

Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов фикрича, бу масалага "иккала тараф" кўзи билан қараш керак.

- Бошқа давлатларда ҳам давлат идоралари вакили ваколатларини кенгайтириш деган нарса бор. Лекин бизда на милиция, на оддий фуқароларнинг ҳуқуқлари бор! Ҳукуматнинг усиз ҳам босими юқори бўлгани учун одамларга бу ғалати туюлаётган бўлиши мумкин. Аммо асосий хавотирлар уни қўллашга келганда пайдо бўлмоқда. Бир томондан, шундай ҳам кенг бўлган ваколатларнинг кенгайтирилиши амалда фуқароларга босимнинг кучайишига, суиистеъмол қилишга олиб келиши мумкин, дея фикр билдирди Абдураҳмон Ташанов.

Ҳуқуқ ҳимоячиси, бу қонуннинг қабул қилиниши сабабларига ҳам тўхталди:

- Сўнгги пайтларда оммавий муштлашувлар, талон-торожлар, пичоқлашиш ва қурол ишлатиш ҳолатлари кўпайди. Бунга диний радикализм ҳолатларини ҳам қўшинг. "Ҳокимият ваколатлари кўпайиб кетаяпти” дейдиган бўлсак, жамиятда самосудлар, жамиятга таҳдид солувчи кучлар пайдо бўлади. Одамлар орасида охирги пайтларда бебошлик, агрессия ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кўпайганини ҳамма сезаётган бўлсангиз керак. Бу масалада мувозанатни ушлаш керак: бундай қонунлар жамоатчилик вакиллари ва оддий фуқаролар билан обдон муҳокама қилиши ва кейин қабул қилиниши лозим. Статистикани таҳлил қилиш, сўровлар ўтказиш, социологик тадқиқотлар олиб бориш лозим, уни қабул қилишдан олдин, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ўтган ой Озодлик суриштируви ортидан Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида Солиқ инспекцияси ходими Азиз Аҳмедовнинг ўлимида айбланган 4 нафар ИИБ ходимининг иши судга қайтарилган эди.

ИИБ ходимлари "мансаб ваколатларидан четга чиқиш" да айбланган.

Ўтган йили Андижон ва Қашқадарё вилоятларида гумондорларнинг ИИБ ходимлари томонидан қийнаб ўлдирилиши ҳодисалари ортидан ижтимоий тармоқларда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг истеъфосига чақириқлар янграганди.

XS
SM
MD
LG