Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:52

Термиз шаҳар ҳокимлиги термизликнинг Озодликда чиққан хабарини рад этмоқчи бўлди


Озодликнинг Sizdan Telegram рукнида ST даракчисидан келган ва 12 декабрь куни эълон қилинган “Президент ташрифи давлат ташкилотлари ишчи-хизматчиларига қимматга тушмоқда” сарлавҳали хабарда президентнинг Сурхондарё вилоятига кутилаётган ташрифи арафасида давлат ташкилотлари ходимлари ободонлаштириш ишларига мажбуран жалб қилинаётгани, гул кўчатлари учун ташкилот ходимлари пул сарфлаётгани ҳақида ёзилган эди.

ST даракчиси хабари чоп этилганидан сўнг Термиз шаҳри ҳокимининг ўринбосари Ш. Раҳмонқулов номидан ёзилган раддия Озодликнинг Телеграмига келиб тушди.

Раддияда, ободонлаштириш ишлари мажбурий эмаслиги, ҳар бир ташкилот ўз ҳудудини тозалаётгани ҳақида айтилган.

14 декабрь куни Озодлик Термиздаги давлат корхоналари ходимлари билан бир сидра гаплашиб чиққандан сўнг, шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Одил Худойқулов билан боғланиб, раддияда билдирилган фикрлар ва ишчи-ходимларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилишига муносабат олиш учун ҳоким ўринбосари билан боғлаб беришни илтимос қилди.

Одил Худойқулов аввалига ярим соат вақт сўради, ярим соатдан сўнг эса, ҳоким ўринбосари Ш. Раҳмонқуловнинг ўзи Озодлик билан боғланишига ваъда берди. Аммо ҳоким ўринбосаридан Озодликка қўнғироқ бўлмади.

Озодликнинг “Сиздан Телеграм” лойиҳасига келган хабарда “Президент Шавкат Мирзиёев ташрифи олдидан Термиз шаҳрида жадал ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Давлат ташкилотлари ходимлари шаҳар кўчаларини ободонлаштиришга жалб қилинди. Алам қиладигани, улар чўнтагидан қиммат нархларда гул сотиб олишга мажбур этилди. Ташрифи оддий одамларга қанчалик қимматга тушаётганини президентнинг ўзи билармикан?”, деб ёзилиб, унга янги экилган гул кўчатларининг суратлари илова қилинган эди.

Термиз шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати 14 декабрь куни ҳоким ўринбосари Ш. Раҳмонқулов номидан ёзилган раддияни Озодликка юборди.

"Ободонлаштириш" президент келишигами ёки Конституция кунига?

Раддияда ободонлаштириш ишлари президент Мирзиёевнинг келишига тайёргарлик эмас, балки “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллиги ҳамда Янги йил байрами тадбирларини уюшқоқлик билан кутиб олиш мақсадида вилоятда хонадонлар, кўчалар, маҳаллалар ва меҳнат жамоаларида тозалик кунлари ўтказилиб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилаётгани” ёзилган.

Термиз давлат университетининг исми сир қолишини сўраган ўқитувчиси 14 декабрь куни Озодликка ҳеч қайси йили Конституция кунига, қиш кунида кўчалар бўйи ва хиёбонларга гул экилмаган, бу президент сафари олдидан қилинаётган одатдаги кўзбўямачиликдир деган фикрни билдирди:

“Ҳақиқатан ҳам гуллар экилди, аксарияти сўлиб ҳам қолди. Ҳеч қачон Термизда қишда кўчаларга гул экилмаган. Агар баҳорда эксангиз, мантиққа тўғри келарди. Расмиятчилик учун экилгани кўриниб турибди. Бундай совуқ пайти гул қандай қилиб тутиб кетиши мумкин?”

"Бошқа ҳудудларга олиб бориб ишлатишди"

Ҳокимлик раддиясида “бу ишларда давлат ташкилотлари ходимлари шаҳар кўчаларини тозалашга эмас, балки ўзлари меҳнат қилаётган корхона, ташкилот ва муассасалар ҳудудини ободонлаштиришга ҳисса қўшаётгани” битилган.

Аммо, Озодлик 14 декабрь куни суҳбатлашган корхона ва ташкилотлар ишчиларининг айтишларича, улар ўз ихтиёрлари билан ўз ҳудудида эмас, балки бошқа ҳудудларда мажбуран ишлатилган.

Сурхондарё вилоят электр тармоқлари идорасининг исми сир қолишини сўраган мулозими, аэропорт йўналишига чиқариб ишлатилганини Озодликка айтди:

“Раҳбарлар кабинетда бир киши қолсин, бас, қолганлар гул экишга чиқсин, деб буйруқ бергандан сўнг, ҳамма аэропортдан келадиган йўлга олиб чиқиб ишлатишди. Газон қилдик, гул экдик, ер чопдик. Қишда гул экдик. Ҳамма бу тентакчиликдан бошқа нарса эмас, деяпти. Шўрчи, Шеробод туманларидан ҳам одам олиб келиб, ишлатишяпти. Президент ўтадиган йўлнинг икки томони чиройли бўлиши керак экан. Билмадим, бу президентга ёқадими ёки ёқмайдими, лекин бир одамнинг келишига шунча одам сарсон, шунча маблағ кўкка совирилган. Бу гуллар битта совуқдан сўнг қуриб қолишини ўзлари ҳам билишади”.

Термиз туманидаги мактаблардан бирида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган боғбоннинг айтишича, ҳамма мактабларнинг техник ходимлари аэропорт йўналишига ишга чиқарилмоқда:

“Аэропорт томонда “Саловот” деган маҳалла фуқаролар йиғини бор экан, ўша жойда чим босиб кетган катта жой бор экан, ўшани ағдардик, текисладик, ажириқдан тозаладик. Ҳамма мактабдан 2-4 кишидан чиққан. Бово келади экан деб, ҳаммани ишлатишяпти”.

Боғбон йўл четига экилаётган гулнинг номи “Петуния” эканлигини айтиб, унинг ҳар донаси бозорда икки минг сўм туришини қўшимча қилди.

“Петуния”нинг нархи 2500-3000” сўм

Исми сир қолишини сўраган Термиз шаҳридаги ташкилот мутахассисларидан бирининг шаҳар ҳокимлигида ишлайдиган танишининг гапига таяниб айтишича, шаҳар бўйлаб экилаётган “Петуния” гулининг ҳар бир кўчати 2500-3000 сўмдан давлат ташкилотларига мажбуран соттирилган:

“Гуллар фақат бир жойдан олиняпти. Бошқа жойдан олинса қайтариляпти. Гулни бир опа фирмаси сотяпти. Унинг ҳокимиятда “акахони” бор. Гул олган ташкилотлар имзо қўйиб беряпти. Лекин ҳали пули қандай олинади, бу ҳақда гап йўқ”.

Озодлик ободонлаштириш ишларига умумий қийматда неча сўмлик гул сотиб олингани ҳақида аниқ бир маълумот ололмади.

"Ўзимиз қўнғироқ қиламиз"

Озодлик 14 декабрь куни Термиз шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати билан боғланди. Бир неча марта уринишдан сўнг ўзини матбуот хизмати раҳбари Одил Худойқулов деб таништирган мулозим, барча фикрлар келтирилганини айтиб, Озодликнинг саволларини жавобсиз қолдирди.

Озодлик раддия остида исми ёзилган шаҳар ҳокими ўринбосари Ш.Раҳмонқулов билан бевосита гаплаштиришни Одил Худойқуловдан илтимос қилганидан сўнг, у ярим соат вақт сўради.

Ярим соатдан сўнг Озодлик яна қўнғироқ қилганида, Одил Худойқулов, ҳоким ўринбосарининг ўзи Озодлик билан боғланишини айтди. Бироқ кун давомида ҳокимликдан қўнғироқ бўлмади.

“Президент кўзбўямачилик қилманглар деган”

Исми сир қолишини сўраган, Термиз шаҳридаги поликлиникалардан бирида ишлайдиган ҳамшира президент аввалгидай ўзи истаган кўчаларга кирмай қўйганини айтади:

“Кузатаётган бўлсангиз, президентимиз аввал хуши келган жойга, хоҳлаган уйига кириб кетарди. Ҳозир эса, ҳаммаси аввалдан тайёрланган жойларга киряпти. Аэропорт йўлида биз ҳам ишладик. Икки томонга гуллар экилиб, ҳамма президентни кутиб ўтирибди. Агар ўша трассадан президент бир чапга ёки ўнгга бурилиб кирса, кўчаларнинг ҳақиқий аҳволини кўради. Ҳамма бу нарсани кўзбўямачилик учун қилинганини кўриб турибдику. Президент ўзи айтган эди, мен учун бундай қилманглар, деб. Лекин яна халқ сарсон, яна бюджетнинг миллиард пуллари сарфланган”.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 13 апрель куни Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида ўтказилган йиғилишда унинг вилоятларга боришига тайёрланаётган кўзбўямачилик ишларни ҳам танқид қилар экан, жойлардаги аҳволни ўзи жуда яхши билишини айтган:

“Мен осмондан пайдо бўлиб, тушиб келмайман: бир кун олдин қайси вилоятга ташриф буюришим ҳақида маълумот етказилади. Лекин, кўп жойларда кўзбўямачиликка йўл қўйилмоқда. Очиғи, менга бу ноқулай, менда нафрат уйғотмоқда. Ўқитувчиларни мажбурлаб чиқариб қўйиб, ободонлаштириш,уларга кўча супуртириш, тайёргарлик​ка жалб этиш - сиёсатга хиёнат. Бу ҳаракатлар фақат менга эмас, сиёсатга ҳам хиёнат”, деб айтган президент.

Президент фикрича, ҳокимлар мажбурий меҳнат билан ўзларига раҳмат эмас, балки лаънат олмоқда:

“Мен девор ортида нима борлигини, Ўзбекистонда қайси кўча супурилгани ё ободлигини жуда яхши биламан. Битта нарсани айтмоқчиман: йўлни супурганингиз билан ҳеч нима ўзгармайди, одамлар раҳмат демайди, лаънат айтади. Бизни дўстларимиз ҳам кўп, душманларимиз ҳам. Сиз мана шу ишларингиз билан душманларнинг тегирмонига сув қуймоқдасиз. Бутун вилоятлар ва туманлар раҳбарлари, мана шуни билиб олинг”, - деган эди президент.

XS
SM
MD
LG