Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:42

Ҳокимликка арз қилган аёл "калтакланган ва мажбуран руҳий шифохонага юборилган"


Дилдора Хўжақулова калтакланишдан олган жароҳатлари туфайли Яккабоғ туман шифохонасида қолаётганини айтмоқда.
Дилдора Хўжақулова калтакланишдан олган жароҳатлари туфайли Яккабоғ туман шифохонасида қолаётганини айтмоқда.

Қашқадарёлик икки фарзанднинг онаси маҳаллий ҳокимият ва куч тизимлари вакилларини ўзига нисбатан куч ишлатиш ва руҳий босим ўтказишда айбламоқда.

Яккабоғ туманида яшовчи Дилдора Хўжақулованинг иддаосига кўра, у 22 сентябрь куни туман ҳокимлигига арз қилиб борган пайт Миллий гвардия ходимлари томонидан дўппосланган ва куч билан руҳий касаллар шифохонасига юборилган.

“Туман ҳокимлигига ҳаққимни талаб қилиб боргандим. Тўрт-бешта ходим, орасида яшил кийимдаги ИИБ ходимлари ҳам бор, мени уриб, устида мигалкаси бор “Матиз” машинасига тиқишди. Прокуратурани олдидаги тупик кўчасига олиб бориб, тез ёрдам машинасига ўтқазишди ва жиннихонага жўнатворишди. Ҳеч қанақа менда руҳий касаллик йўқ, лекин булар битта оғзаки топшириқ билан, ордерсиз жиннихонага тиқишди, бир кун шу ерда қолиб кетдим, ҳокимликка ҳаққимни талаб қилиб борганим учун. 10 ёшли болам боксга қатнайди, оладиган одам бўлмаган, кўчада қолиб кетган шу куни”, - дейди Хўжақулова.

Ҳокимликка ҳақ талаб қилиб борган аёл: Гвардия ходимлари мени калтаклади, жиннихонага тиқмоқчи бўлди”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:00 0:00

Ҳодисадан бир кун ўтиб, туман тиббиёт бирлашмаси шифохонасига ётқизилган 37 яшар Хўжақулова ҳозир ҳам шифохонада қолмоқда.

У Озодликка юборган суратларда оёғи ва қўлида кўкарган жойлари ва жароҳат изларини кўриш мумкин.

Яккабоғ тумани Тиббиёт бирлашмаси раҳбари Сарвар Жўраев Озодлик билан суҳбатда Дилдора Хўжақулова туман касалхонасининг терапия бўлимига ётқизилганини тасдиқлади.

Дилдора Хўжақулова хавфсизлик ходимлари уни калтаклаганини даъво қилмоқда.
Дилдора Хўжақулова хавфсизлик ходимлари уни калтаклаганини даъво қилмоқда.

“Нима бўлганидан бехабарман. Экспертиза қилинди, натижаси нима чиққанини билмайман. Озгина чап қўлида ва ўнг оёғида кўк излари бор. Терапия бўлимида даволаняпти. Сизга айтишим мумкин бўлган нарса ҳозирча шу”, - деди Жўраев.

Миллий гвардия Яккабоғ туман бўлимининг Дилмурод исмли мулозими аёлга куч қўлланилганини рад қилди.

“Жамоат тартибини сақлаш мақсадида борилган, лекин бизни ходимлар бўлмаган, туман ИИБси ходимлари борган. Куч қўўланилмаган у ерда”, - деди Миллий гвардия мулозими.

Яккабоғ тумани Ички ишлар бўлими раҳбари Дилшод Умаров Озодликка “бу бўйича барча маълумотни туман ҳокимлигидан олишни” тавсия қилди.

Яккабоғ ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими раҳбари Шерзод Ҳасанов эса, мажлисда эканини айтиб, кейинроқ маълумот беришни ваъда қилди.

Аммо Ҳасановнинг уяли телефонига қайта боғланиб бўлмади.

Яккабоғлик блогер Беҳзод Тўраев аёлга нисбатан ноҳақлик бўлган, деб ҳисоблайди.

“Мени ўзим гувоҳман, жиннихонага тиқишган. Лекин Китоб тумани руҳий касалликлар шифхонасидагилар бу аёлда руҳий муаммо йўқ, деб хулоса берган. Ҳеч қандай ордерсиз аёл жиннихонага олиб бориляпти.

Бу аёл ҳокимликда унга нисбатан ҳақсизлик қилинганини, калтакланганини телефонига ҳам ёзиб олган, лекин ҳокимлик ходими буни “Матиз”га босиб тиқишаётганида, телефонини тортиб олиб, видеоларни ўчириб ташлаган. Бу аёлни депутат эри норасмий ажрашиш ортидан 17 йилдан бери хотини билан эгалик қилиб келган уйини ҳокимликдагилар билан келишиб, синглиси номига, кейин бошқа номига ҳадя қилворган. 7 та қорамол ва икки бош отни ҳам сотиб кетган. Бу аёл мана шу ноҳақлик бўйича мутасадди ташкилотларга мурожаат қилган. Лекин депутатни илтимосига кўра кўриб чиқишмаган”, - дейди блогер.

Нима бўлган эди?

Дилдора Хўжақулованинг иддаосича, оилавий низо ортидан халқ депутатлари туман кенгаши депутати бўлган турмуш ўртоғи уйини ўз синглисига ҳадя қилиб юборган.

Ўн ёшли фарзанди билан бошпанасиз қолган аёл уйни қайтариб беришга кўмак сўраб ҳокимликка борган.

“Ҳокимликдагилар билан тил бириктириб, уйни синглисига оформит қилволган. Ваҳоланки, бу уй иккимизни турмушимиздан ва ажрашганимиз тақдирда ҳам мулк иккига бўлиниши керак. Мен шу нарсани талаб қилиб борсам, ҳокимликдагилар ўзларича депутат эримни ёнини олиб, мени важларимни қондирмади. Шундан сўнг булар мени жанжалкаш жиннига чиқаришмоқчи бўлишди, Миллий гвардияни чақиришди, қўлимни қайириб, ҳокимни хонасидан олиб кетишди”, - дейди Хўжақулова.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан халқ депутатлари Яккабоғ туман кенгаши депутати Анвар Хўжақулов Озодлик билан суҳбатда собиқ турмуш ўртоғининг иддаоларини рад этди.

“Уни уйи бор эканми? Бу уй бошидан синглимга мерос қолганку, ҳеч қанақа тил бириктириш йўқ бу ерди. Керак бўлса, буни суд ҳал қилади. Ишонмасангизлар, мана бу ерга келиб, масалани ўрганинглар”, - дейди Хўжақулов.

Озодлик Яккабоғ тумани ҳокими Лутфиддин Абдуллаевга ҳам боғланди. Ҳоким мажлисда экани, Дилдора Хўжақулова иддаолари юзасидан ҳеч бир изоҳ беролмаслигини айтди.

Ҳокимликнинг исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган мулозими Дилдора Хўжақулова ҳокимлик биносида жанжал кўтариши в ўзини “ноадекват” тутиши ортидан куч ишлатар тизими ходимлари чақиртирилганини айтди.

“Бақир-чақир қилиб, стол устидаги чойнакни ходимлар устига улоқтирди. Шундан сўнг, отрядни чақиртиришга тўғри келди”, - деди ҳокимлик ходими.

Дилдора Хўжақулова ҳокимлик қабули пайти чойнакни улоқтирганини рад этмади.

“Одамлар устига эмас, ноҳақликка чидай олмай, чойнакни деворга урдим”, - дейди Хўжақулова.

Ўтган ҳафта Германиядаги “Ўзбек форуми” ташкилоти “Ўзбекистонда жазо психиатрияси - фаоллар овозини ўчириш” деб номланган ҳисоботни тақдим қилган эди.

Унда Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида фаоллардан ташқари, Президент халқ қабулхонасига ҳаққини талаб қилиб, шикоят қилганлар ҳам маҳаллий ҳокимлар кўрсатмалари билан руҳий шифохонага мажбурлаб ётқизилгани ҳолатлари тилга олинган.

“Ўзбек форуми” раҳбари Умида Ниёзовага кўра, “ҳокимликдагилар ҳақ талаб қилиб борганларни истаган пайтда руҳий хастага чиқариб юбориши мумкин”.

Ўзбекистон расмийлари "Ўзбек форуми" чиқарган ҳисоботни шарҳламаган.

Ҳуқуқ фаоллари Мирзиёев президентлиги даврида ҳокимият фуқароларнинг арзига қулоқ сола бошлаганини эътироф этишади. Айни пайтда жойларда маҳаллий ҳокимият раҳбарларининг мутлақ ҳокимлиги ва ўзбошимчалиги юзасидан шикоятлар камаймаган.

Мирзиёевнинг маҳаллий кенгашлар ҳокимларни назорат қилиши тўғрисидаги сўзлари ҳозирча қонунчилик ташаббуси кўринишини олгани йўқ.

9 сентябрь куни Тошкентдаги сайловолди чиқишида Мирзиёев туман ва шаҳар ҳокими лавозимига номзодларни кўрсатиш бўйича янги тартибни жорий қилишни таклиф қилди. Унга кўра, ҳудудий кенгашда энг кўп депутатлик ўрни олган партиялар ҳокимликка ўз номзодларини илгари суриши мумкин бўлади.

XS
SM
MD
LG