Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:01

HRW: Эрон афғон болаларини Сурияда жанг қилиши учун ёлламоқда


Эрон инқилоби қўриқчилари корпуси (ЭИҚК) қўмондонлари Муҳаммад Пакпур ва Муҳаммад Таги Ўсанлу (чапдан ўнгга) Эрон шимоли-ғарбида ўтказилаётган ҳарбий амалиётни кузатмоқда
Эрон инқилоби қўриқчилари корпуси (ЭИҚК) қўмондонлари Муҳаммад Пакпур ва Муҳаммад Таги Ўсанлу (чапдан ўнгга) Эрон шимоли-ғарбида ўтказилаётган ҳарбий амалиётни кузатмоқда

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти Эрон инқилоби қўриқчилари корпуси (ЭИҚК) ушбу мамлакатда яшаётган афғон муҳожирларининг фарзандларини Сурияда жанг қилиш учун ёлламоқда, деган хабарни тарқатди. Ташкилот ҳисоботига кўра, жангга ёлланган афғон болаларининг энг кичиги 14 ёшдадир.

Қароргоҳи Нью-Йорк шаҳрида жойлашган инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилотининг 1 октябрь куни тарқатилган хабарномасида айтилишича, энг кичиги 14 ёшгача бўлган афғон болалари “Фотимиюн” дивизиясида жанг қилаётгани аниқланган.

Эрон қўллаб-қувватлаётган ушбу ҳарбий бўлинма фақат афғонлардан ташкил топган қуролли гуруҳ бўлиб, Сурия урушида ҳукумат қўшинлари томонида туриб курашмоқда.

"Эрон болаларни аскарликка ёллашни зудлик билан бас қилиши ва ўзи Сурияга жўнатган афғон болаларини орқага қайтариши шарт", дейди Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Ўрта Шарқ минтақаси бўйича директори Сара Ли Уитсон ўз баёнотида.

Ҳюман Райтс Уотч Эрон қабристонларидаги қабртош суратлари таҳлил натижасида 8 афғон ўсмири Сурияда жанг қилиб, ҳалок бўлгани аниқланганини билдирди.

"Эрон ОАВ ҳам шу каби айрим ҳолатларни тасдиқлаб, камида 6 афғон ўсмири Сурияда жанг қилиб, ҳалок бўлганини хабар қилди", дейилади зикр этилган хабарномада.

Инсон ҳақларини ҳимоя қилувчи ташкилот қабр тошларида марҳумларнинг ёши бузиб кўрсатилганига асосланиб, “Эронда Сурияда жанг қилиш учун болаларни ёллаш амалиёти кенг тарқалган”ини айтмоқда.

"Эрон ҳокимият идоралари бечораҳол иммигрант ва қочқинларнинг фарзандларини овлаб юриш ўрнига барча болаларни ҳимоя қилиши, афғон болаларини уришиш учун ёллаётган кишиларни жавобгарликка тортиши керак", деди Уитсон.

Эрон Ички ишлар вазирлигининг ҳисоб-китобига кўра, ушбу мамлакатда 2,5 миллион нафар афғон бор, аммо аксариятининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати йўқ.

Ҳюман Райтс Уотч илгари Эронда яшаб турган афғон қочқинлари оиласига расмий мақом олиб бориш умидида “ўз ихтиёри” билан Сурияда жанг қилишга рози бўлган ҳолатларни аниқлаган эди.

“Фотимиюн” дивизияси таркибида қанча киши борлиги ҳақида расмий маълумот йўқ, бироқ ЭИҚК таркибига кирувчи “Тасним Ньюс” ахборот агентлигига кўра, дивизиянинг 14 минг жангариси бор.

Халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра, 15 ёшдан кичик бўлган ўсмирларни жангу жадал учун учун ёллаш ҳарбий жиноят ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG