Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:15

HRW инсон ҳуқуқлари ташкилоти делегацияси Ўзбекистонга борди


Делегацияга ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов раҳбарлик қилмоқда
Делегацияга ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов раҳбарлик қилмоқда

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти делегацияси Тошкентга борганини хабар қилди. Расмий хабарда айтилишича, делегация ҳукумат идоралари, суд, прокуратура ва куч ишлатар органлар вакиллари билан учрашувлар ўтказади.

Ташқи ишлар вазирлигининг хабарида айтилишича, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи халқаро ташкилот вакиллари 2 сентябр куни Тошкентга борган.

Делегациянинг Олий Мажлис, Олий суд, Бош прокуратура, Ташқи ишлар, Ички ишлар, Адлия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари ҳамда бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари билан учрашиши режалаштирилган.

​Daryo.uz нашрининг ёзишича, Human Rights Watch (HRW) вакилларининг республиканинг бошқа вилоятларига бориши ҳам кутилмоқда.

HRW ташкилотининг Тошкентда ваколатхонаси очилиши ва унинг вакиллари мамлакатга киритилиши ҳақида Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Брюсселда ўтган “Ўзбекистон-Европа Иттифоқи” ҳамкорлик кенгаши матбуот анжуманида маълум қилган эди.

Ўша кезда ташкилот делегациясининг август ойида Ўзбекистонга киритилиши айтилган эди ва делегацияга ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов раҳбарлик қилиши айтилган.

Абдулазиз Комилов: “Шунга ўхшаш бошқа ташкилотлар ҳам бизга келадилар, улар билан ҳамкорлик қиламиз, бизда кун тартибидан чиқаришга ёки яширишга ҳаракат қиладиган нарса йўқ”, деб билдирган.

Стив Свердлов Озодлик радиосига берган суҳбатида Абдулазиз Комиловнинг бу баёноти ўзи ва ташкилот учун янгилик бўлганини айтганди.

Свердловнинг билдиришича, ташкилот Ўзбекистонга киришга рухсат берилишини сўраб Тошкентга мурожаат қилган, лекин бу мурожаатга расмий жавоб ололмай келаётган эди.

- Бу каби баёнотларнинг берилиши Ўзбекистонда “музларни эритиш” каби муҳим жараённи бошлашга уриниш бўлаётганидан дарак беради. Ўзбекистонга БМТнинг инсон ҳуқуқлари Олий Комиссарининг ташриф қилгани, ҳозирча қоғозда бўлса ҳам суд ислоҳотини ўтказишга ҳаракат бўлаётгани бизни қувонтирмай қўймайди, - деганди Стив Свердлов.

17 июль куни Брюсселда ўтган “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” ҳамкорлик кенгаши йиғилиши томонлар ўртасида Ислом Каримов вафотидан сўнг ўтказилган энг юқори даражали сиëсий сўзлашувлардир.

Унда Ўзбекистондаги демократия¸ инсон ҳақлари вазияти муҳокама қилинди, шунингдек, ўзаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга оид келишувга ҳам эришилди.

Human Rights Watchнинг Тошкентдаги ваколатхонаси 1996 йилда очилган ва шундан сўнг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини кузатиб, таҳлил қилиб борган эди.

2005 йил Андижон воқеаларидан кейин расмий Тошкент бу ташкилот фаолиятига ўта тоқатсиз бўлди ва ташкилотнинг икки вакили Олег Воронцов ва Стив Свердловга акредитация бермади.

2010 йилнинг декабр ойида эса Адлия вазирлиги ваколатхонани ёпиш тўғрисидаги ариза билан Олий судга мурожаат қилди.

2011 йилнинг 9 июлида Олий суд НRW ташкилотининг Тошкентдаги идорасини тугатиш ҳақида қарор қабул қилганди.

XS
SM
MD
LG