Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 00:47

Самарқандда 11 яшар ўқувчи ўзини осиб ўлдирди


Gallows
Gallows

Самарқанд шаҳридаги 36- ўрта мактаб ўқувчиси¸ 11 яшар ўғил бола А. Р. 13 ноябрь куни ўзини осиб ўлдирди. Вилоят ҳуқуқ-тартибот органларидан олинган маълумотга кўра, воқеа юзасидан жиноят иши очилган. Бола ўқиган мактабни эса, текширувчилар босган. Фожиа юз берган оиланинг қўшниси¸ Озодлик билан суҳбатда бу оилани "ўзига тўқ", дея ижобий баҳолади.​

Самарқанд вилоят ҳуқуқ-тартибот органларидан бирининг исми айтилмаслиги шарти билан гапирган мулозимига кўра¸ воқеа 13 ноябрь куни бўлган:

- Ўз жонига қасд қилган ўқувчи Сўлим шаҳарчасидаги (олдинги Ҳишрав қўрғони) 36- мактабнинг 5-б синфида иккинчи сменада ўқиган. Соат 13 да ўқишга келиши керак бўлган. Воқеа эса, соат 10 билан 11 ўртасида юз берди. Бола телевизордан мултфильм кўриб ўтирган ва ҳожатхонага кириб кетган. Узоқ қолиб кетганидан хавотир олган онаси бориб қараса, ўзини қўй бойлайдиган ипга осиб қўйибди¸ деди мулозим.

Унинг қўшимча қилишича, воқеа юзасидан жиноят иши очилган:

- Мурда ëрилиб суд-тибий экспертизаси ўтказилганидан кейин бола дафн қилинди. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 103-моддаси ("Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш") бўйича жиноят иши очилди. Шаҳар прокуратураси ва бошқа тизимлар бу ишга жалб қилинган. Аммо 11 яшар ўқувчи ўзини нега ўлдиргани ҳақидаги исботини топган аниқ жавоб йўқ.

Ўз жонига қасд қилган ўқувчининг қўшниси Озодлик билан суҳбатда ўзини осган бола бир неча кун олдин мактаб директоридан гап эшитган деган мазмундаги иддаони илгари сурди:

- Мактаб директори 2 кун олдин (11 ноябрь жума куни - таҳр.) шу болани уришган экан¸ шундан қўрқиб бола ўзини осибди деган гап юрибди¸ деди қўшни.

Самарқанд Вилоят ҳуқуқ-тартибот органларидан бирининг мулозимига кўра¸ бу версия юзасидан мактаб директори ва боланинг онасидан тушунтириш олинган:

- Бу гап ҳозирча ўзининг юз фоиз исботини топмади. Мактаб директори¸ ўқитувчию ва ўқувчилар билан бирма-бир гаплашилди. Тушунтириш хатлари ëздирилди. Тергов экспериментлари ҳам ўтказилмоқда. Ўзини ўлдириш даражасига етказиш жинояти бу юқоридан назорат қилинадиган жиддий иш. Агар бу ўз исботини топса, айбдор камида етти йилга қамалиши мумкин. Ўқувчига раҳмсиз муомала қилиш ёки уни муттасил равишда камситиш ҳолати бўлганми ëки йўқми - шу жиддий ўрганилмоқда¸ деди исми айтилмаслиги шарти билан гапирган мулозим.

Мактаб “облава” қилинди

Самарқанддаги 36-мактаб душанба кунидан бери текширувчилар нишонида деди¸ Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси ходими:

- Ëшлар иттифоқидан келиб мажлис ўтказишди. Прокуратура¸ ИИБ ва МХХ вакиллари мактабдаги барчани бир-бир элакдан ўтказишди. Ўз жонига қасд қилган боланинг синфдошлари билан суҳбатлар ўтказилди. Бугун ҳам мактаб директори прокуратурага шу масала бўйича кетди¸ деди халқ таълими бошқармаси ходими.

У “мактаб директори ëки ўқитувчи тазйиқи боис ўқувчи ўзини ўлдирди” деган версия тасдиқланмаганлигини айтди:

- Мактаб маъмуриятига “эътирозим йўқ”, дея боланинг ота-онаси ëзиб берди. Ўқитувчилар ҳам прокуратурага ëзган тушунтириш хатида шу нуқтаи назарда туришди. Билмаймиз нега ўлдирди бу бола ўзини¸ деди вилоят халқ таълими бошқармаси ходими.

Унга кўра, боланинг соғ-саломат бўлгани ва руҳий муаммоси бўлмагани ҳақида врач ҳулосаси ҳам терговга тақдим қилинган:

- Бугун ҳам (17 ноябрь) Шаҳар ИИБ вояга етмаганлар билан ишлаш бўлими мажлис ўтказмоқда мактабда¸ шу воқеа юзасидан, деди суҳбатдош.

Ижобий характеристика

Ўзини ўлдирган ўқувчининг қўшниси¸ Озодлик билан суҳбатда бу оилани "ўзига тўқ ва хушмуомала", дея ижобий баҳолади.

- Ўзини ўлдирган 11 яшар бола оилада илк фарзанд эди. Ундан кичик яна иккита синглиси бор. Боланинг отаси - Руслан ака электр тармоқлари идорасида ишлайди. Она - уй бекаси. Ҳар томонлама таъминланган¸ ками-кўсти йўқ оила. Маҳаламиздаги ўзига тинч намунали оилалардан бири, деди қўшни.

Самарқанд Вилоят ҳуқуқ-тартибот органларидан бирининг ходими ҳам ўзини ўлдирган бола ҳақида уни таниганлар фақат ижобий фикр билдирганлигини айтди:

- Боланинг барча синфдошларидан фикрнома олинди. Бу фикрномаларнинг ҳаммасида бола ҳақида бир оғиз ҳам салбий гап йўқ. Бола мактабда ҳам маҳаллада ҳам яхши ҳулқи билан ажралиб турган, дейди ходим.

Самарқандда суицид васвасаси?

Озодлик радиоси Самарқанддаги ўсмирлар орасидаги ҳудкушлик ҳолатларига оид бир неча мақола эълон қилган эди.

Жорий йил июнида Самарқанд вилоят, Тойлоқ туманида яшаган қиз номуси топталгани боис, ўз жонига қасд қилган эди.

2015 йилда Самарқанд вилоят, Каттақўрғон туманидаги 93-мактабнинг 7- синф ўқувчиси мактаб директори, уни синфдошлари орасида масхара қилгани ортидан ўзини ўлдирган эди.

Президент Мирзиёев 9 ноябрь куни Самарқанд вилоят Халқ депутатлари кенгашида қилган чиқишида¸ вилоятдаги долзарб муаммолар қаторида аëллар ўртасида ўз жонига қасд қилиш даражасининг юқорилигича қолаëтганини тилга олган эди.

“Бу кўрсаткич 145 тани ташкил этади”¸ деган президент¸ бу рақамнинг қайси даврга оид эканини ҳам¸ аëлларни ўзини ўлдиришга мажбурлаëтган омилларни ҳам аниқлаштирмади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти​га кўра, 2010 йилда ҳар 100 минг ўзбекистонликдан 7 нафари ўз жонига қасд қилган бўлса¸ 2016 йилга келиб¸ бу нисбат ҳар юз мингдан 9,2 ни ташкил қилган.​

XS
SM
MD
LG