Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:22

ICG: Урушдан кейинги Тоғли Қорабоғ келажаги “мўрт” бўлиб турибди


Элмира Тоғли Қорабоғнинг жанубий қисмида жойлашган маҳаллада тунайдиган ягона аёлдир.

2020 йилнинг ноябрида Россия воситачилигида тинчлик сулҳи имзоланиши ортидан Озарбайжон ва Арманистон қўшинлари ўртасидаги тўқнашувлар тўхтади. Жанглар тўхташидан олдин озарбайжон қўшинлари Элмиранинг олма боғига етиб келган эди. Бугунги кунда унинг ҳовлисини сулҳ келишувига биноан ўрнатилган янги “туташув линияси” иккига бўлиб туради.

Ҳар икки томон аскарлари Элмиранинг боғи бўйлаб бир-биридан 40 метр масофада хандақ қазиган. Унинг уйига қараган тепаликда Озарбайжон байроғи ҳилпираб турибди.

Элмиранинг Тағаверд қишлоғида жойлашган уйида кечаси ўз хандақларини чуқурроқ қазиётган ва мудофаа истеҳкомларини мустаҳкамлаётган арман ва озарбайжон аскарлари суҳбатларини эшитиш мумкин.

“Баъзан мен кийимимда ётаман. Бирон нарса юз бериб қолса, қочишга тайёр туриш учун”, дейди Элмира яқинда “Халқаро инқироз гуруҳи” (International Crisis Group, ICG) ташкилотига берган интервьюсида.

ICG мустақил нодавлат ташкилот бўлиб, қонли можаролар олдини олиш ва уларни ҳал қилиш учун курашиб келади.

Ташкилот 9 июнь куни Тоғли Қорабоғнинг урушдан кейинги истиқболлари тўғрисида ҳисобот эълон қилди. Унда Элмира мисоли ёрдамида ўтган йилнинг 9 ноябрида сулҳ кучга кирганидан етти ой ўтгач, айирмачи ҳудуддаги вазият баён қилинган.

ICG тадқиқотчиларининг айтишича, ўтган йилнинг кузида Озарбайжон кучлари Тағавердга яқинлашар экан, Элмира қишлоқда яшовчи бошқа барча этник арманлар билан бирга қочган. Ўшандан бери Тағаверд аҳолисининг фақат ярми уйига қайтган. Қолганлар эса хавфсизлигидан хавотир олгани ҳамда қишлоқдаги уйлари вайрон қилингани боис қайтмаган.

Боку 1990‑йилларнинг бошларида содир бўлган уруш туфайли ушбу ҳудуддан кўчирилган озарбайжонлик тинч аҳоли вакилларига қайтишга ҳали рухсат бергани йўқ.

Бошқа этник арман аёллар Элмира яшайдиган маҳаллага фақат кундузи келади, чунки у ердаги мактаб ҳали ҳам очиқ. Аммо ўқувчилар сони икки баробарга озайган.

“Аҳоли янги фронтнинг жанубий қисмида ўзини хавфсиз ҳис қилмайди”, дейилади ICG ҳисоботида. “Бу ҳудудда шиддатли жанглар бўлган. Аксар жойларда ракеталар ва дронлар катта зарар келтирган бўлса-да, бу ерда қуролланган аскарлар ва кўнгиллилар тинч аҳолига яқин масофада тўқнашган”.

Элмиранинг уйида оқар сув йўқ. Унинг маҳалласини сув билан таъминлайдиган қувурлар Озарбайжонинг олти ҳафта давом этган ҳарбий ҳужуми давомида вайрон бўлган. Уларни таъмирлаш учун этник арман ишчилар мудофаа чизиғидан ўтиб, Озарбайжон назорати остидаги ҳудудга ўтиши керак бўлади. Озарбайжон томони эса бунга рухсат бермайди.

Ереван ва Бокудаги сиёсатчилар 1990‑йилларнинг бошидан бери можаронинг марказида бўлиб келаётган масала – айирмачи ҳудуднинг якуний сиёсий мақомини ҳал қилмагунча, Халқаро қизил хоч қўмитасидан бошқа халқаро ёрдам гуруҳлари Тоғли Қорабоғ аҳолисига ёрдам бера олмайди.

“Фронт чизиғининг тоғли қишлоқларга чўзилган қисмидаги арманларнинг бошқа ташвишлари бор”, деди Элмира.

“Уларга ўқ тегиши эҳтимоли оздир, аммо айримлар адашиб туташув чизиғидан ўтгани учун озарбайжонликлар томонидан қисқа вақтга ҳибсга олиняпти. Чизиқ бу ҳудудларда ҳали аниқ белгиланмаган”.

Ҳисоботда айтилишича, “Арманистон назорати остидаги ҳудудни тарк этгани хаёлига ҳам келмаган” бир неча арман боғларни парвариш қилиш ёки яйловларда мол боқиш учун кетаётганида Озарбайжон аскарлари ҳибсга олган.

“Ҳибсга олинганларнинг яқинлари ёки қўшнилари амалдаги ҳукумат ва Россия тинчликпарвар кучларига мурожаат қилганидан кейин, аскарлар уларни бир неча соат ичида озод қилган”, дейилади ҳисоботда.

Юқори лавозимли Озарбайжон амалдорларидан бири ICGга “ҳибсга олишлар хато бўлгани” ва “ҳар қандай қуролсиз арман учун эшик очиқ қолиши кераклигини” айтди.

ICG ўз ҳисоботида Озодлик радиоси хабарларидан иқтибос келтирган ҳолда сулҳ “мўрт” экани, “май ойи ўрталарида Озарбайжон кучлари томонидан ўрнатилган янги позициялар бўйича Арманистон ва Озарбайжон ўртасида зиддият кучайгани” бунга яққол мисол экани эътироф этилган.

Ҳисобот муаллифларига кўра, Россия Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги асосий хорижий воситачи бўлгани учун Москванинг таъсири ва Россия тинчликпарвар миссияси “кўплаб муаммоларни ҳал қилишга ёрдам бермоқда, аммо ҳаммасини эмас”.

“2021 йил май ойида Арманистон – Озарбайжон давлат чегарасида содир бўлган тўқнашув уруш ортидан юзага келган муаммолар бўйича зудлик билан дипломатик музокара олиб бориш зарурлигини аниқ кўрсатди”, дейилади ҳисоботда. “Эскалация чегарани белгилаш бўйича Россия ташаббуси билан ўтказилган музокараларга ҳамда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бир пойтахтдан иккинчисига сафар қилиб олиб борган дипломатияга қарамай содир бўлди”.

Шунингдек, ҳисоботда минтақавий транспорт йўналишларидан биргаликда фойдаланишни тиклаш бўйича 1 мартга қадар “техник мунозараларни якунлаш режаларига қарамай”, “музокаралар боши берк кўчага киргани” урғуланди.

“Бу ҳолат Озарбайжон учун муҳим йўл жойлашган жанубий Арманистонда янги жанглар бошланишига ишора қилувчи кескин баёнотлар берилишига олиб келди”, дейилади ҳисоботда.

ICG хулосасига кўра, Тоғли Қорабоғдан оммавий кўчишлар, ҳарбийларнинг янги чегара позицияларини эгаллаш учун кураши ҳамда яқинлашиб келаётган гуманитар инқироз минтақада “қалтис вазиятни” келтириб чиқармоқда.

“Тинч аҳоли вакиллари яшайдиган жойларга яқин бўлган янги фронт чизиғидаги зиддиятлар туфайли янги зўравонлик содир бўлиши мумкин”, дейилади ICG ҳисоботида. “Тоғли Қорабоғ аҳолиси уйга қайтиб, одатдаги турмушини тиклаши учун қанча кўп вақт кетса, келажакда тинчлик ҳаракатларини бошлаш шунчалик қийин бўлади”.

Асосий тавсиялар

ICG Тоғли Қорабоғнинг урушдан кейинги истиқболини яхшилаш учун нима қилиш кераклиги тўғрисида учта асосий тавсияни берди.

Ташкилотга кўра, сулҳ шартлари асосида минтақага шошилинч тарзда сафарбар қилинган Россия тинчликпарвар кучларининг “узоқ муддатли ваколатлари” аниқ белгиланиши керак.

Шунингдек, фавқулодда муаммоларни ҳал қилиш учун икки томон ўртасида ўрнатилган “вақтинча алоқалар” кенгайтирилиши керак. Қуролсиз фуқаролар ҳибсга олинган ҳолатлар бундай алоқаларга мисол ўлароқ кўрсатилди.

Ниҳоят, ташкилот томонларни Тоғли Қорабоғнинг сиёсий мақоми туфайли “халқаро гуманитар ёрдамни издан чиқаришни тўхтатишга” чорлади. Ташкилотга кўра, бу ҳолат халқаро ёрдам гуруҳлари қўлини боғлаб қўйган.

ICG можародан зарар кўрган ҳудудларга кўпроқ ёрдам етказиб берилишини таъминлаш жуда муҳим эканини таъкидлади. “Тоғли Қорабоғнинг сиёсий мақоми тўғрисидаги музокаралардан дарак йўқ”, дейилади ташкилот ҳисоботида.

ICG тадқиқотчиларининг сўзларига кўра, на амалдаги этник арман ҳукумат, на Еревандаги ҳукумат Тоғли Қорабоғни урушдан кейин тартибга солиш учун зарур ресурсларга эга эмас. Уларнинг айтишича, бу ҳолат “узоқ давом этадиган гуманитар инқирозни келтириб чиқариши ва одамлар узоқ муддат уйидан олисда яшашига сабаб бўлиши мумкин”.

Россиянинг мужмал мандати

Сулҳ битимига биноан, мужмал буйруқлар билан сафарбар қилинган Россия тинчликпарвар кучлари Озарбайжон ва Арманистон қўшинлари бир-бирига қарши позиция эгаллаган жойларга юборилган.

Улар, шунингдек, Озарбайжоннинг Лочин туманидан ўтувчи ва Арманистон билан Тоғли Қорабоғ ўртасидаги асосий йўл ҳисобланувчи 8 км.ли Лочин коридори бўйлаб жойлаштирилган.

ICG маълумотларига кўра, Россия можаро зонаси бўйлаб жойлаштирган 27 та постининг 11 таси Лочин йўлагидадир. “Ушбу постларда россиялик ҳарбийлар шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни ва ўтаётган барча транспорт воситаларини текширади”, дейилади ICG ҳисоботида. “Бу йўлда тинчликпарвар кучларига тегишли бўлмаган ҳеч қандай аскар ва қурол-яроқ олиб ўтишга изн берилмайди”.

Лочин туманида Россия тинчликпарвар кучлари
Лочин туманида Россия тинчликпарвар кучлари

Россия қўшинлари Тоғли Қорабоғнинг янги фронт чизиғидан тахминан 20 километр узоқликда жойлашган Россия – Туркия қўшма кузатув марказига ҳам сафарбар қилинган. Озарбайжон назорати остидаги Қиямединли қишлоғи яқинидаги марказ февраль ойида ташкил этилган.

“Марказда ҳозирда Россиянинг 47 ва Туркиянинг 45 нафар ҳарбий хизматчиси ишлайди. Аммо Озарбайжон расмийси сўзларига кўра, бу рақамлар ҳар бир мамлакат учун 60 кишигача кўтарилиши мумкин”, дейилади ICG ҳисоботида.

“Марказ томонидан ҳар куни учириладиган дронлар фронт чизиғи бўйлаб вазиятни кузатади”. Сулҳ шартлари бузилган тақдирда, “Россия ходимлари Арманистон ва Озарбайжон мудофаа вазирликларини зудлик билан хабардор қилиш учун жавобгардир, туркиялик ходимлар эса фақат Озарбайжон томонига хабар беради”.

ICG рус амалдоридан қуйидаги иқтибосни келтирди: “Арманлар русларнинг дронлари борлиги, озарбайжонликлар эса туркларнинг дронлари борлиги учун берилаётган маълумотга ишонади”.

Россия – Туркия кузатув маркази ҳозирлаган бирорта ҳисобот жамоатчиликка эълон қилингани йўқ.

ICG хулосасига кўра, Тоғли Қорабоғдаги янги чегаралар аввалги чегараларга қараганда “анча беқарордир”.

ICG ҳисоботида Россия тинчликпарвар кучлари “қишлоқ аҳолисини қабристонни зиёрат қилиш ёки экин суғоришга кузатиб қўйишдан тортиб, сув қувурларини тузатишга қадар ҳамма ишни қилаётгани” айтилади.

“Улар қанча вақт давомида кундалик муаммоларни ҳал қилишда давом этишлари номаълум”, дейилади ҳисоботда. “Фронт чизиғида содир бўлиши мумкин бўлган эскалацияга жавобан қандай чора кўришлари эса бундан ҳам ноаниқ, чунки сулҳ битимида уларнинг вазифаларини аниқ белгиламаган”.

ICG Россияга уришаётган томонлар билан маслаҳатлашишни ва бунинг ортидан ўз қўшинлари ваколатларини аниқ тушунтириб беришни тавсия қилди.

“Томонларнинг ўзлари, эҳтимол Россия воситачилиги билан, фавқулодда масалаларни ҳал қилиш учун расмий механизм ишлаб чиқишлари керак”, дейилади ҳисоботда.

Хулоса

ICG экспертларининг таъкидлашича, Озарбайжон ҳарбийлари “янги фронт бўйлаб устунликка” эга эканини ҳеч ким рад этмайди. Озарбайжон қўшинларининг аксар қисми баланд тепаликларга жойлаштирилган. Аммо тадқиқотчилар “арман кучлари ҳанузгача фойдаланишлари мумкин бўлган барча баландликларда пост ўрнатмаганини” айтишди.

“Бугунга қадар улар Озарбайжон янада кўпроқ ҳудудни эгаллашига йўл қўймаслик учун фронт чизиғини мустаҳкамлаш устида ишладилар”.

ICG мутахассислари айтишича, янги фронт линиялари топографияси Озарбайжон учун ҳам айрим логистик муаммоларни келтириб чиқармоқда. Уларнинг айтишича, Бокунинг стратегик позициясига қарамай, Калбажар тумани ва Шуша шаҳридаги озарбайжонлик аскарлар “мамлакатнинг қолган қисмидан узилиб қолган”.

“Ҳафтада бир неча марта улар Арманистон аҳоли пунктлари орқали ўтадиган йўллардан фойдаланишлари керак”, дейиладики ICG ҳисоботида.

“Ҳозирда Озарбайжон [Шуша]га янги йўл қурмоқда ва [Муровдағ] тоғлари орқали Калбажарга борадиган бошқа йўлни кўриб чиқмоқда”, дейилади ҳисоботда. “Аммо тик ва шамолли тоғ шароитида йўл ишлари кўп вақт талаб қилади”.

ICG маҳаллий ва халқаро гуруҳларни Тоғли Қорабоғ урушидан кейинги “хавфсизлик, асосий эҳтиёжлар ва уйини тарк этишга мажбур бўлганлар” муаммоларни тез орада ҳал қилишга чорлади.

Ташкилотга кўра, бундай қилинмаса, айирмачи минтақа келгуси йиллар давомида кескинлик ўчоғи бўлиб қолиши мумкин.

XS
SM
MD
LG