Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:29

ИИВ мулозими: Карантин пайтида мол ва озиқ-овқат ўғирлаш кўпайган!


28 апрель куни Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Баҳодир Мирзараҳимов ҳамда ИИВ ЖИЭББ ҳузуридаги Пробация хизмати бошлиғи полковник М.А.Исмоилов Тошкентдаги пробация назоратида турганлар билан учрашди.
28 апрель куни Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Баҳодир Мирзараҳимов ҳамда ИИВ ЖИЭББ ҳузуридаги Пробация хизмати бошлиғи полковник М.А.Исмоилов Тошкентдаги пробация назоратида турганлар билан учрашди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов 25-27 апрель кунлари кетма-кет учта видеоселектор ўтказиб, бу мажлисларда
карантинда йўл қоидаларининг бузилишидан тортиб¸ аптека ва бозорлардаги нарх-наволар¸ шунингдек очилмаган жиноятлар масаласини муҳокама қилган.

Бу йиғилишларда қатнашган ИИВ мулозимининг шахси очиқланмаслик шарти билан Озодликка айтишича¸ сўнгги селекторда Ўзбекистонда карантин режими бошлангандан буëн асосан оилавий жанжаллар, қариндош-уруғларнинг бир-бирига тан жароҳати етказиши, ўғрилик¸ хусусан¸ вилоятларда мол ва озиқ-овқат ўғирлаш кўпайгани билдирилган.

ИИВ расмий сайти ва Телеграм каналида бу йиғилишлар ва унда келтирилган статистик маълумотларни очиқламаган бўлса-да¸ уларда олинган айрим қарорлар ва карантин пайтида содир этилган айрим жиноятлар¸ хусусан¸ қотилликлар ҳақида хабар бериб келмоқда.

Хусусан¸ расмий маълумотга кўра¸ 20 апрель куни Тошкент шаҳрида аëл ўз жазманини¸ Қашқадарëнинг Чироқчисида эса¸ ëш аëл ўз овсинини пичоқлаб ўлдирган.

Видеоселекторда шунингдек¸ жиноятчиликни рўйхатга олиш ва уларни очишдаги муаммолар ҳам муҳокама қилинган ва жиноятчиликка оид ҳақиқий маълумотларни яширганлик учун айрим вилоят мулозимлари ишдан олинган.

“Мол ва овқат ўғрилиги - қашшоқлашув кучайгани белгиси”

26 апрель кунги видеоселекторда қатнашган мулозимнинг Озодликка айтишича¸ вазир Бобожонов раислигида ўтган йиғилишда миллионлаб ўзбекистонликлар ҳукумат жорий қилган карантин чекловлари остида яшаëтган апрель ойида майда жиноятчилик сони ошгани қайд этилган.

Энг кўп ўғриликлар апрель ойида содир бўлиб¸ очилмасдан қолаëтгани айтилди. Карантин вақтида одамлар пулсиз қолиб¸ кўпроқ қорамол ва озиқ -овқат ўғирлашаëтгани алоҳида таъкидланди. Мол ўғрилиги¸ айниқса¸ Қашқадарë вилоятида кўпайган”.

Озодлик ҳозирча республика бўйлаб карантин пайтида содир этилган умумий жиноятлар¸ хусусан¸ мол ўғрилиги ҳақидаги расмий рақамларга эга эмас. Бундай маълумот ИИВ расмий сайтида ҳам мавжуд эмас.

Карантиндаги мол ўғрилиги ИИБда қайдга олинмаяпти

Ўтган ҳафта Андижон вилояти Андижон тумани Дарё бўйи МФЙдан Озодликка мурожаат қилганлардан бири 19 апрель куни ўз қишлоғидаги ўзи билган тўртта ҳовлидан мол ва парранда ўғирланганини билдирган эди.

Уй эгалари ўғрини тасвирлаб бергани ва унинг кимлиги ҳақида маълумот берганига қарамай¸ 29 апрель куни Озодлик қайта боғланган бу жабрланувчи¸ ИИБ ўғриликларни қайдга олишни истамагани¸ ҳозиргача ўғрилар топилмаганини айтди.

19 апрель куни маҳалламизда камида тўрт ҳовлига ўғри тушиб¸ қорамол ва товуқларини ўғирлаб кетди. ИИБ ëзилган аризаларни ҳатто регистрация ҳам қилмади. Ички ишлар ходимларининг жиноят ҳақидаги аризани қайдга олмаслиги одатга айланган. Улар худди рейтинг учун ишлаëтгандек. Жиноятлар камайган деса¸ уларни тақдирлашади¸ шекилли. Айрим ëш ходимлар яхши ишлашга ҳаракат қиляптику¸ лекин СССРдан бери ишлаëтганлар халқни ахмоқ қилишни давом эттиряпти. Агар моли ўғирланганлар берган маълумот изидан тушса¸ ўғрини ўша куниëқ топиш мумкин эди. Биз тахмин қилган ўғри бир километрларча масофада яшайди. Вақт ўтгандан кейин¸ очилмаслиги аниқ. У молларни сўйиб¸ еб ҳам бўлишган бўлса керак. Прокуратура масъулиятсиз ИИБ ходимларини айблаяпти¸ ИИБдагилар эса ўғрини топиб¸ кечирим сўратамиз¸ молни ўзлари олиб беради¸ деб бизни алдаб келяпти”¸ деди моли ўғирланган андижонликлардан бири.

Қайдга олинмаган ва очилмай қолган жиноятлар муаммоси эътироф этилди

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов раислигида ўтган видеоселектор йиғилишлари кун тартибидан бевосита хабардор мулозимга кўра¸ жиноятларнинг яширилаëтгани¸ уларнинг очилмай қолаëтгани муаммоси мазкур йиғинлардан бирининг бош мавзуси бўлган.

Вазир¸ биргина Фарғона вилоятида 2020 йилнинг тўрт ойи ичида энг кўп очилмай қолган жиноятлар қайд этилганлигиги айтиб, вилоят раҳбарларини сўкиб берди. 2018-19 йил давомида вилоят ИИБ собиқ бошлиғи Раҳматжон Маматов вилоятда жиноятлар 30 фоизга камайди, деб алдаб келган. Лекин республика прокуратураси икки йиллик жиноятчиликни ўрганиб, Фарғона ва Қўқон шаҳарларида 900 дан ортиқ яширилган жиноятларни аниқлаб, Қўқон ва Фарғона шаҳар ИИБ бошлиқларига нисбатан жиноят иши қўзғатган. Бу ишлар тепасида турган Маматов ҳозир Маҳалла вазири”¸ деди йиғилиш иштирокчиси.

ИИВ мулозимининг айтишича¸ айни шу жараëндаги иштироки боис Фарғона вилояти ИИБ ташкилий бошқармаси бошлиғи Абдуҳоди Ғоипназаров жиддий танқид қилиниб¸ ишдан олинган.

У раҳбарлик қилган ИИБ навбатчилик қисмлари жиноятларни рўйхатга олишмаган. Ғоипназаров ўрнига Тошкентдан Жаъфар Омонов деган ходим тайинланди. Бу ҳақда расмий хабар беришди. Селекторда вазир Бобожонов Фарғона вилоятида жорий йилнинг тўрт ойида камида 300 та¸ биргина апрелнинг ўзида эса¸ 100 дан ошиқ жиноят очилмаганини кескин танқид қилди”¸ деди мажлис иштирокчиси.

Ўғриликларни камайтириш учун пробациядагилар устидан назорат кучайтирилади

Озодлик гаплашган ИИВ мулозимига кўра¸ вазир ўтказган йиғилишлардан бирида карантин пайтидаги ўғриликларнинг¸ асосан¸ пробация – қамоқ ëки манзил колонияларидан уйига чиқарилганлар содир этаëтгани айтилган.

Ҳукумат қарори билан манзил колонияларда иш йўқлиги учун кўпгина маҳбус процентга ëки уй қамоғига чиқарилаëтгани айтилди. Ҳозирги вазиятда уларнинг деярли ҳаммаси ишсиз. Карантиндаги аксар жиноятлар¸ айниқса¸ ўғриликларни ҳозир жазо муддати пробация - ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилганлар¸ ИИБда қайдда турган ва муқаддам судланган шахслар содир этаëтгани таъкидланди. Агар шу тоифадаги шахсларнинг жиноят содир этиб юргани ҳақида оператив маълумот олинса, зудлик билан уларни нимаинки бўлмасин¸ қамоққа олиш кераклиги айтилди”.

Ички ишлар вазирлиги кетма-кет ўтказилган видеоселектор йиғилишлари ва уларда муҳокама қилинган муаммолар ҳақида жамоатчиликка хабар бермаган бўлса-да¸ 28-29 апрель кунлари вазирлик сайтида айнан пробациядагилар билан профилактика ишлари кучайганига оид бир неча хабар эълон қилинди.

Йиғилишнинг эртасига¸ Тошкент шаҳри¸ Қорақалпоғистон¸ Бухоро¸ Самарқанд ва Андижон вилоятларида пробация назорати остида турган шахслар билан юзма-юз очиқ мулоқотлар олиб борилгани ҳақида ҳисобот берилди.

Бу хабарларда¸ “ички ишлар органлари пробация ҳисобида туриб жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг турмуш шароити ва оилавий аҳволи билан танишиб, улар билан суҳбатлашилгани ҳамда уларга озиқ-овқат маҳсулотлари берилгани” ëзилди.

Йиғилишда¸ карантин туфайли 24 соат бир жойда қолишга мажбур бўлаëтган яқин қариндошларнинг бир-бирига нисбатан зўравонлиги кучайгани ҳам тилга олинди¸ деди ИИВ мулозими.

Вазир наркология ва руҳий асаб касалликлари больницасида қайдга турганларнинг назоратини кучайтиришни топширди. Карантин вақтида кўпроқ оилавий жанжаллар, қариндош-уруғларнинг бир- бирига тан жароҳати етказиши ҳам ошган. Вазир Қашқадарëдаги иккита оилавий қотилликни тилга олди”¸ деди мулозим.

Ички ишлар вазирлиги Телеграм каналида қўйилган хабарларга кўра¸ биргина 20 апрель куни Тошкент ва Қашқадарëда иккита оилавий қотиллик рўй берган.

Чироқчи туманининг Қоракамар қишлоғида яшовчи 28 яшар аëл ўз овсини ва унинг 9 ойлик чақалоғини пичоқлаган¸ пичоқланган аëл ўлган¸ аммо чақалоқ тирик қолган. Қотилликка икки аëлнинг ўзаро жанжали сабаб бўлган.

Тошкентнинг Юнусобод туманида эса¸ айни куни аëл олдин қамалиб чиққан фуқаровий эри билан тортишиб қолган. Ўзидан пул талаб қилган аëл¸ босимга чидолмай¸ ошхона пичоғи билан эркакни пичоқлаб ўлдирган.

Халқаро ҳуқуқ ташкилотлари бутун дунë бўйлаб карантин чекловлари сабаб уйдан чиқмасликка мажбур бўлаëтган оилаларда оилавий зўравонлик¸ хусусан¸ болаларга нисатан шавқатсиз муносабатда бўлиш кескин кўпайганидан хавотир билдирмоқда.

XS
SM
MD
LG