Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:27

Шовотлик иккиқат келин калтаклангани ортидан молхонада осилган ҳолда топилди


Молхонада ўлиги топилган катқалъалик Мухлиса Одамбоева 19 ëшда эди.
Молхонада ўлиги топилган катқалъалик Мухлиса Одамбоева 19 ëшда эди.

Хоразм вилояти Шовот туман Катқалъа қишлоғида бундан 6 ой олдин турмушга узатилган 19 яшар Қадамбоева Мухлиса 1 апрель куни эрининг уйидаги молхонада осилган ҳолда топилди.

Озодлик мухбири билан гаплашган маҳалла турғунлари ва Мухлисанинг яқинлари унинг ўлимидан олдин калтакланганини айтишмоқда.

Жасад суд-тиббий кўригидан ўтказилган бўлса ҳам ҳануз оила аъзоларига экспертиза хулосаси берилмаган.

Ҳодиса юзасидан вилоят прокуратураси терговгача суриштирув ўтказган. Озодлик мухбири Мухлисанинг эри Мурод ва қайнона, қайнотаси ҳамда қайниси билан учрашди, аммо улар “келин ўзини ўлдирди, бизда айб йўқ”, деган гапдан нарига ўтишмади.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ўлимидан бир кун олдин Мухлиса калтакланганини айтиб, онасига “мени бу ердан олиб кетинг, бўлмаса ўлигим чиқади”, деган.

Озодлик билан суҳбатда Мухлисанинг онаси эл юртга гап - сўз бўлмаслик учун, ўзининг таъбирича¸ калтакдан кўкариб кетган қизини қайнота уйида қолдирган.

Марҳума ўлимидан олдин ота - онасига ëзилган мактубни кўрпача тагига тиқиб қўйган. Хатда “отам, онам мендан рози бўлсин, мен улардан розиман” деган сўзлар битилган.

Мухлиса 19 ëшида оламдан ўтди
Мухлиса 19 ëшида оламдан ўтди

Катқалъалик Мухлиса нега ўлди?

Озодлик мухбири Ўзбекистон ғарбидаги олис Катқалъа қишлоғига сафар қилиб, Мухлисани ўлимга етаклаган омилларни ўрганди. Суриштирув асносида маҳалла аҳли, мактаб муаллимлари ва қариндошлар икки масалада ўз норозиликларини билдиришди. Мухлисани мактабда ўқитган кекса муаллим Назира опа шундай аълочи қизни ўқитмай, эрта эрга берган ота - онани ва ўз келинини муттасил калтаклаган қуда тарафни қоралади. Мухлисанинг амакиси Фарҳод ака эса, юз берган ҳодиса ортидан на ҳокимлик ва на участка нозири хабар олганидан таажжубда.

Ўзини ўлдиришгача олиб борилдими?

Маҳаллий ҳуқуқшунос Маримбой Ражабовга кўра¸ ушбу ҳодиса Жиноят Кодексининг 103-модда, " Ўзини-ўзи ўлдириш даражасига етказиш" билан малакаланиши мумкин.

"Келинга раҳмсиз муомала қилинган¸ унинг шаъни ва қадр-қиммати муттасил равишда камситилган. Калтакланган. Бунинг оқибатида Мухлиса Одамбоева ўзини-ўзи ўлдириш даражасига олиб борилгани эҳтимоли катта. Буни Хоразм вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари диққат билан ўрганиши зарур", - деди ҳуқуқшунос Озодлик билан суҳбатда.

Ота нимадан норози?

Келиннинг отаси Зафар ака Қозоғистонда ишлаб, оила боқади. Озодлик билан суҳбатда қизи калтакланган 29 март куни Тошкент орқали Қозоғистонга учиб кетиши керак бўлган.

“Қизим телефон қилди. Мен унинг овози оҳангидан йиғлаëтганини сездим. "Ота, сиз кетгандан кейин мени хўрлай бошлашди", деди. Қизимнинг бўйида бор эди. Юпатдим. Кейин қудамга телефон қилсам, ҳа энди, оилада бир шапалоқ, икки шапалоқ урилади, деб гапни олиб қочди. Кўнглим ғаш бўлиб қолди. 1 апрель куни қизимнинг ўлгани хабарини олдим”.

Амакининг кўзи олдида дўппосланди

Гувоҳларнинг ҳикоя қилишича, Мухлиса Қадамбоева ўлимидан икки кун олдин амакиси Фарҳод аканикига аммасининг туғилган кунини нишонлаш учун борган.

Қайин тараф эса бу ташрифни маъқулламаган.

"29 март куни Мухлиса пешин пайтлари меҳмонга келди. Кейин қудам телефон қилиб, нега сўроқсиз кетди, деб дағдаға қилди. Мен майли, ўзимиз олиб бориб қўямиз машинада десам, йўқ, аллақачон машина юбордик, деди. Бироздан кейин Дамас келиб тўхтади. Ичидан куëвнинг укаси тушиб бийимни (келинойимни) олиб кетиш учун келдим, деди. Мухлиса энди Дамасга яқинлашганда, ичкаридан бир қўл чиқиб, уни тортиб олди. Дамасниинг ëн эшиги очиқ эди. Уни тарсиллатиб ура бошлаганини кўрдим", - дейди Мухлисанинг амакиси Фарҳод.

Озодлик мухбири Мухлисанинг Дамасга тиқиб олиб кетилганида калтакланганини кўрган қўшнилар билан ҳам гаплашди.

Мухлисанинг онаси Роҳат опа Озодлик билан суҳбатда 30 март куни қудасининг уйига қизидан хабар олгани борганини эслайди:

"Бордим, қизим чиқди. Ҳамма ëғи кўкарган. Опа, (она) мени олиб кетинг бу ердан, ҳар куни мени калтаклашади, деди. Мен қўй қизим, эл юрт нима дейди, деб насиҳат қилдим. Қизим бўлса, “агар бугун тиригимни олиб кетмасангиз, эртага ўлигимни олиб кетасиз”, деди. Қизим айтгандай бўлди. 1 апрель куни унинг ўлигини кўрдик. Уйини йиғиштираëтиб кўрпачани тагидан хат топиб олдим. Хатда “Мен ўлгандан кейин Мурод мендан яхшини топса, уйланаверсин”, деган гап бор эди. Яна ота - онамдан розиман, деб ҳам ëзибди қизим бечора”,- деди Мухлисанинг онаси.

Келиннинг отаси Зафар ака қизини эрта узатганидан пушаймонлигини айтди:

"Мен ўтган йили ëзда уйимни шифер қилдирдим. Ота- бола дурадгорлар келишди. Шунда қизимнинг юриш - туришини кўриб? келин қилгиси келибди. Мен қизим ҳали ëш? деб унамадим. Улар совчи устига совчи юборишди. Ўтган йили октябрда тўйи бўлди¸ мана расмлари. Лекин икки ҳафта ўтар-ўтмас ҳар-хил баҳона топиб, қизимни хўрлаб бошлашди. Охири ўлиги чиқди",- дейди Мухлисанинг отаси.

Муаллима ўкинчи

Озодлик мухбири шу маҳалладаги кекса муаллима Назира опа билан ҳам суҳбатлашди. Назира опа ўзи ўқитган қизлар ичидаги энг аълочи ва энг тиришқоқи бўлган Мухлисанинг оилавий зўравонлик қурбони бўлганидан афсус билдирди:

"Мен Мухлисанинг отаси Зафарга неча марта айтдим. Бу қизни ўқит, дедим. Берма эрга, дедим. Чунки Мухлиса фақат аъло баҳоларга ўқиди, тикиш - бичиш ишларини ҳам биларди. Гулдай қиз ота - онанинг қолоқлиги боис жувонмарг бўлди”.

Шовот тумани ҳокими Ҳакимбой Отахонов ва бошқа мулозимлар Озодлик мухбирига туманда рўй берган оилавий зўравонлик ҳолати юзасидан изоҳ бермади.

Хоразмнинг Туркманистонга туташ Шовот туманида оилавий зўравонликлар кузатилади.

2021 йилнинг 15 февралида Шовот туман Гулистон маҳалласидаги 30 яшар Дониëр синглиси тушган Дамас ҳайдовчисини уриб ўлдирган ва синглисини қаттиқ калтаклаган эди.

XS
SM
MD
LG