Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:01

“Йил таассуфи”. Илон Маскнинг твитлари Украинани ранжитиб, Кремлни хурсанд қилди


Илон Маск
Илон Маск

3 октябрь куни дунёнинг энг бой одами бўлган Tesla компанияси асосчиси Илон Маск ўз твитлари билан ижтимоий тармоқларни “портлатди”.

Дастлаб у Украина босиб олинган ҳудудларда БМТ кузатувида қайтадан референдум ўтказиш, Қримни Россияники деб тан олиш, Қримга сув бериш ва бетараф мамлакат бўлиш каби қатор шартларга рози бўлган тақдирда билан Россия сулҳ тузилиши мумкинлигидан баҳс этди.

Кейинги твитларида эса алал-оқибат барибир шу шартларда сулҳ тузишга тўғри келиши, акс ҳолда можаро ядро урушига олиб келиши мумкинлиги ҳақида ёзди.

Ва охирида Маск “Қрим ва Донбассда яшаётган одамлар ушбу ҳудудлар кимга тегишлилигини ўзлари ҳал қилиши мумкинми ёки йўқми”, деган мазмунда сўров ўтказди.

Маскнинг твитлари украинлар ва уларнинг тарафдорларида ғазаб уйғотди. “Энг буюк ақл соҳиблари ҳам Россия пропагандаси таъсирига берилаётгани жуда ачинарли”, деб ёзди Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенко.

Владимир Зеленский офиси маслаҳатчиси Михаил Подоляк тинчликка эришишнинг бошқа йўлини таклиф қилди: Украина ўз ҳудудларини, жумладан Қримни озод этади, Россия демилитаризация қилинади ва ядровий қуроли олиб қўйилади, ҳарбий жиноятчилар халқаро трибуналга тортилади.

Кўпчилик Маскнинг айниқса Қримни Россияга қайтариш кераклиги, чунки у “1783 йилдан Хрушчёвнинг хатосига қадар” Россияга тегишли бўлгани ҳақидаги иддаосига тоқат қила олмади.

Сергей Абашин

Илон Маск билан баҳслашиш тентаклик. У бизни эшитмайди. Лекин барибир изоҳ ёзяпман: Қрим 1783 йилдан Россия Федерацияси таркибида бўлмаган. Қрим Россия империяси таркибида бўлган. Польша ва Финляндия, Латвия ва Эстония, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ билан бирга. Ҳатто Аляска ҳам Россия империясида бўлган. Умид қиламанки, Маск бу минтақа ва мамлакатлар бир пайтлар РИ таркибида бўлгани учунгина ҳозирги РФ уларга даъво қилишга ҳақли деб ўйламаса керак. Илон Маск билан тортишиш тентаклик, аммо машҳур инсоннинг ақли етмайдиган нарсалар ҳақида ваъз қилиши ҳам аҳмоқона иш.

Владимир Вятрович

Elon Musk, Хрушчёвнинг хатоси – космос соҳасида АҚШ билан беллашишга уринганидир. Қрим эса – Украина тупроғи.

Юрий Касьянов

Давом этавер, Илон. Мексикада референдум ўтказиш ва унга Техасни қайтариб бериш керак. Аляскани Россияга қайтариб, Александр II қилган хатони ҳам тузатайлик. Кёнигсбергдан бузғунчи русларни ҳайдаб чиқариб ва немисларни у ерга қайтариб, вилоятни Германияга бериш лозим. Курил оролларини Японияга қайтарайлик – албатта, референдум ўтказамиз, маҳаллий аҳоли бунга қарши бўлади деб ўйламайман. Таганрог билан Кубань албатта Украинага қайтарилади. Қрим эса – туркларга ёки грекларга ёинки улардан олдин кимники бўлган бўлса ўшанга... Бирйўла Европани бетараф деб эълон қилиш, НАТОни тарқатиб юбориш, Исроилни денацификация ва АҚШни демилитаризация қилиш ҳам керак.

Булар бари арзимаган нарсалар – уруш бўлмаса, бас. Халқаро ҳуқуқ, халқаро шартномалар поймол қилиниши, суверенитет ва мустақиллик инкор этилиши, босқинчилар бизнинг хотинларимиз, қизларимиз ва оналаримизни зўрлашига, тинч аҳолини ғорат қилиб, асирларни хўрлашига йўл қўйиб берилиши – ўз йўлига...

Ишқилиб уруш бўлмасин, Илон. Ишқилиб уруш бўлмасин...

Кўпчилик ўз муносабатида аннексияни хусусий мулкни тортиб олишга менгзади. “Қадрли Илон Маск, “Тесла”нгизнинг ғилдиракларини ўғирлаган одам “булар ўзлари шуни хоҳлаб овоз берди” деб иддао қилгани билан ғилдираклар ёки машинанинг қонуний соҳиби бўлиб қолмайди”, деб ёзди Литва президенти Гитанас Науседа.

Божена Ринска

Бир савол бор: Маскнинг вилласини босиб олиб, кейин у ерда референдум ўтказса бўладими?

Александр Хоц

Йил таассуфи: Маск “фойдали анқов” экан, у халқаро ҳуқуқ ва соғлом ақлга тупурди.

Унинг Украинага оид режаси қўшни ерларни зўрлик билан эгаллаб олиб, сохта “сўров”лар билан расмийлаштиришга ишқибоз бўлажак агрессорларга мойдек ёқиб тушса керак.

Уруш, минглаб қочқинлар, қурбонлар ва ҳарбий жиноятлар шароитида қандай қилиб легитим референдум ўтказиш мумкин, деган савол Маскнинг хаёлига ҳам келмайди. Қолаверса, “референдум” урушаётган томонлардан қайси бирининг қонунчилигига кўра бўлиши керак, деган савол ҳам бор.

Уруш бўлаётган (фронт чизиғи ўзгариб турган) пайтда “сўров”нинг ҳаққонийлигини ким кафолатлайди? БМТ босиб олинган ҳудудларга келадими? Ҳолбуки бу ташкилот халқаро ҳуқуқни таъминлаши ва аннексияни қоралаши лозим, унинг вазифаси босқинчиликни хаспўшлаш эмас.

Бироқ “сўров” идеал бўлиб, 70 фоизга 30 фоиз натижа чиққан тақдирда ҳам бу 30 фоиз уйларини ташлаб, агрессордан қочиши керак бўладими? Ёки партизанликка ўтиб, фуқаролар урушини бошлайдими? Автоматлар кучи билан, лекин БМТ шафелигида ўтказиладиган бунақа “референдум”нинг қадри қанча?

Истеъдодли технократ сиёсатнинг гуманитар соҳасига бурнини суқиб, тахайюлга берилса, оқибати шунақа бўлади.

Одамларга муносабати шунақа экан, мен унга самовий парвозлар тугул йўлхалтамни ҳам ишонмаган бўлардим.

Бунақалар ҳамёнингни олиб қочишдан тоймайди ва, башарти қўлга тушиб қолса, ҳамён кимга тегишлилигини аниқлаш учун сўров ўтказишни таклиф қилади.

Bellingcat тадқиқотчиси Христо Грозев Илон Маскнинг бойлигини нима қилган маъқул – одамларга тарқатишми, унитазга оқизишми ёки ёқиб юборишми, деб сўров ўтказишни таклиф қилди.

Россия мулозимлари ва пропагандачилари эса, аксинча, Маскнинг твитларидан хурсанд бўлишди.

Ольга Скабеева

Маскнинг таклифларини диққат билан ўқидим. Кейин яна бир марта ўқидим. Ақл бовар қилмайди!

Евгений Попов

Маск бу гапларни ёзгани жуда яхши. Бунақа шоввозлар кам учрайди. Миллионлаб одамларни ўйга толдирди.

Леонид Слуцкий

Илон Маск Байденнинг Украинадаги сиёсати қолипларини пора-пора қилмоқда. Унинг “Қрим ва Донбасс ўз тақдирини ўзи ҳал қилиши керакми?” деган саволига 1,3 млн фойдаланувчининг ярмидан ортиғи “ҳа” деб жавоб берган. Ва улар АҚШнинг ҳозирги маъмурияти ҳомийлик қилаётган охирги украин қолгунича уруш бўлишини ёқламаслиги аниқ.

Чириб кетган Киев режимини деб кўп нарсадан кечишни оддий америкаликлар асло истамайди, Брюсселнинг вассаллигидан энг кўп жабр чекаётган европаликлар-ку инчунун.

Шунақа, жаноб наркоман ва неонацистлар. Идрок саси демократия диктатурасини ёриб ўтди!

Сергей Марков

Маскнинг Украина борасидаги твитлари нега ОАВ ва ижтимоий тармоқларни ларзага солди? Украинада бу биринчи рақамли янгилик бўлиб турибди. АҚШ ва Европада ҳам миллионлаб марта улашилди. Демак, Маскнинг ғояларида улкан ижтимоий энергия бор. Бу ҳақиқат энергиясидир. Ҳақиқатни бўғишмоқда, лекин у барибир юзага чиқяпти.

Бу ҳақиқат шуки, Ғарб урушни тўхтатишни истаса, қандайдир муҳим масалада Россияга ён босиши керак. Маскнинг таклифи мазмуни шу. Буни ҳамма тушуниб турибди, лекин гапиришмаяпти. Тақиқланган фикрни кимдир гапирса, мана шунақа бўрон кўтарилади. Худди Маскнинг твитларига ўхшаб.

Кўплаб украиналиклар Маскни қаттиқ итобга олмасликка чақиришмоқда – ҳар ҳолда у мамлакатга анча-мунча яхшилик қилди.

Иван Яковина

Илон Маск – пихини ёрган тролл ва провокатор.

Аммо биз учун энг муҳими унинг твиттердаги тентаклиги эмас, Украина учун ишлаб турган Старлинкдир.

Уни душман деб эълон қилиш тўғри бўлмайди. Бу шахсий фикрим.

Мустафо Найем

Маскнинг твити ва номаъқул сўрови уруш натижасини белгилай олмайди.

Очиғи, бу одам бу уруш хусусида нима деб ўйлаши мутлақо фарқсиз. Бетамиз фикри ўзи билан қолаверсин.

Аммо унинг Старлинкисиз бизга қийин бўлар эди – ишонмасангиз, фронтдаги аскарлардан сўранг.

Шундай бўлгач, нима ёзса ёзаверсин. Урушни қандай тугатиш эса бизга, фронтдаги йигитларимизга, қатъиятимиз ва иродамизга, Ғарбдан келаётган ҳарбий юклар оқимига боғлиқ.

Форум

XS
SM
MD
LG