Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:30

Ўзбекистонда имомлардан "қизил" паспортни топшириш сўралди


Президент Шавкат Мирзиёев, муфтий Нуриддин Холиқназаров, Бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар Тошкентдаги "Шаҳидлар хотираси" хиёбонидаги маросимда. 31 август, 2023 .
Президент Шавкат Мирзиёев, муфтий Нуриддин Холиқназаров, Бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар Тошкентдаги "Шаҳидлар хотираси" хиёбонидаги маросимда. 31 август, 2023 .

Ўзбекистонда масжид имомлари ва имом ноибларидан чет элга чиқиш паспортларини диний идоранинг жойлардаги вакилликларига топшириш сўралмоқда. Озодлик суҳбатлашган имомлар "қизил" паспортларнинг йиғиштириб олинишини Москвадаги "Крокус" воқеалари билан боғлашди ва имомлар устидан назоратни кучайтириш уриниши дея баҳолашди.

3 апрель куни Ўзбекистондаги барча масжид имомлари хорижга чиқиш паспортларини "вакилликка топширишлари" сўралган хат олишган.

Тошкент шаҳар Бош имом-хатиби ёрдамчиси Эргаш Рустамов номидан туман бош имом-хатибларига Телеграм мессенжери орқали юборилган хат скриншоти.
Тошкент шаҳар Бош имом-хатиби ёрдамчиси Эргаш Рустамов номидан туман бош имом-хатибларига Телеграм мессенжери орқали юборилган хат скриншоти.

Тошкент шаҳар Бош имом хатиби ёрдамчиси Эргаш Рустамов номидан туман бош имом хатибларига юборилган хатда (Озодликда нусхаси мавжуд-таҳр.) жумладан, бундай дейилган:

“Ассаламу алайкум, ҳурматли туман Бош имом хатиблари! Хамма масжид имом хатиблари ва имом ноибларининг хорижга чиқиш (қизил) паспортларини рўйхат асосида йиғиштириб оламиз, сўнг вакилликка расмий топширамиз. Бунга туман бош имом хатиблари масъул! Ҳозирдан бошлаймиз”.

Ишдан ҳайдалиши хавфи боис исмини очиқламаган тошкентлик имом Озодлик билан суҳбатда қизил паспортлари йиғиштириб олинаётганини Россиядаги "Крокус Сити Ҳолл"даги ҳужум билан боғлади.

“Россиядаги охирги воқеалардан кейин, имомларга, умуман диндорларга нисбатан жиддий чоралар кўрилиши кутилмоқда. Бир неча кундан бери бизни шундай деб, хорижга чиқиш паспортини Диний идора вакиллигига топширишликка мажбурлашяпти. Агар ким топширишдан бош тортса, ишдан бўшатиш билан қўрқитишяпти. Сабаби имомларнинг хорижга чиқишининг олдини олиш. Ҳозирги кунда имомларга жуда катта босим бўляпти. Шу сабаб баъзи имомлар мамлакатни тарк этиб кетишидан хавотирда”, - дейди исми сир қолишини истаган имом.

Озодликка гапирган бошқа бир тошкентлик имом паспортларининг йиғиштириб олинаётгани Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раҳбари - муфтий Нуриддин Холиқназаровнинг буйруғи билан бўлаётгани ва бу қонунга хилоф эканига эътибор қаратади.

“Бу қайси қонун ёки хуқуқий нормага тўғри келади? Паспортни мажбурий олиб қўйишга қонуний жавобгарлик бор-ку. Бир нарса десак, бу муфтийнинг буйруғи дейишяпти”, - дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган имом.

Тошкентда соқол ва ҳижобга қарши рейдлар, диндорларга тегишли емакхоналар ёпилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:15 0:00

Тошкент шаҳар Бош имом хатиби ёрдамчиси Эргаш Рустамов Озодлик билан суҳбатда паспортлар имомлардан "хатловдан ўтказиш учун" олиняпти, дея ҳолатни изоҳлашга уринди.

“Паспортларни хатловдан ўтказиб қайтариб беряпмиз. Паспорт маълумотларини ўзимизни базага киритиб, қайтариб беряпмиз”.

Бунинг учун имомлардан паспорти эмас, шу маълумотларни олиш кифоя эмасми, деган Озодлик саволига Эргаш Рустамов: “Паспортини ўзидан ҳам нусха оляпмиз-да, уни ҳам базага киритяпмиз-да”, дея жавоб қайтарди.

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси вакили Озодлик билан суҳбатда имомларга шундай хат жўнатилганини тасдиқлади, лекин улардан хорижга чиқиш паспортларини топшириш нега сўралаётганини изоҳламади:

“У хатни қаердан олдингиз? У хат журналистга етиб борадиган хат эмас-да. У ХДФУ “хизмат доирасида фойдаланиш учун” махсус одамларга жўнатиладиган хат эди. Буни фақат имомлар биларди, демак, қайсидир имом буни сизга юборган”, - деди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси девонхонаси ходими.

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг бошқа мансабдор ходими имомлардан хорижга чиқиш паспортлари йиғиб олинаётганини Озодликка изоҳлар экан, бундан мақсад уларнинг чет элга чиқишини назоратга олиш эмаслигини тушунтиришга уринди.

“Ҳали биз бирорта имомни чеклаганимиз йўқ, фақат Рамазон ойида ўзимиз имомларни номзодларини Умрага ишчи гуруҳига элликбошиликка юборганмиз, олдинда Ҳаж сафарлари турибди. Яқинда Кореяга бориб келишди, Россияга, Америкага. Ўшанақа холатларда қизил паспортлар бизда шай бўлиб турсин, деб қилиняпти бу. Биз қизил паспорт олмаган имомлардан ҳам олинглар деб сўраяпмиз. Шу тайёр бўлиб туриши учун. Имом ҳар доим хизмат сафарига юборилганда паспорти шай ҳолатда турсин деб, ўша мақсадда қилиняпти. Ҳеч бир имом эътироз билдиргани йўқ. Қайсидир имом ўзбошимча четга кетгиси келса, аризасини ёзиб паспортини олиб, раҳбарини номига ариза ёзиб чиқиб келиши мумкин. Бу чекланмаган”, - деди Ўзбекистон Мусулмонлар диний идорасининг мансабдор ходими.

Лекин, Озодлик суҳбатлашган имомлар қизил паспортларининг чет элга кетишга шай бўлиб турсин, деган важ билан Мусулмонлар идорасида сақлаб турилиши ҳеч бир мантиққа тўғри келмаслигини айтишади.

“Бу айтилаётган гап ҳақиқатга мутлақо тўғри келмайди. Имомлар боғча боласимики, уларнинг паспортлари шай бўлиб турсин, деб кимдир олиб ўтирса. Ҳажга борса, узоғи билан 300 та имом боради. Республикада 2 мингдан ортиқ имом, 5 мингдан ортиқ ноиб бор. Ҳаммасининг қизил паспорти олиняпти-ку. Мақсад - имомларни чет элга нима мақсадда бўлса ҳам сафар қилишини тўхтатиш. Масалан, қўшни республикаларга тўй маросимларга бориш ёки Туркия, Дубайга саёхат қилишини чеклаш. Диний идоранинг энг асосий қўрққани ҳозирги кунда имомларга жуда катта босим бўляпти.Шу сабаб баъзи имомлар мамлакатни тарк этиб кетишидан хавотирда. Айниқса, охирги Россиядаги воқеалардан кейин, имомларга умуман диндорларга нисбатан жиддий чоралар кўрилиши кутилмоқда. Шунинг олдини олиш учун, қизил паспорт йиғиб олинмоқда. Бир ҳуқуқшуносликдан хабари бор танишимнинг айтишича, қизил паспортни олиб қўйиш бу қонунчиликка мутлақо зид”, - дейди имом.

Ўтган йил сентябрь ойида ўтказилган ҳукумат йиғилишида мамлакатда "диний радикаллашув кучайиб бораётганидан" ташвиш билдирилган, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан бу соҳадаги назорат кучайтирилиши айтилганди.

Мажлисда иштирок этган мулозимлардан бирининг Озодликка айтишича, давлат хизматчилари, ҳукумат аъзолари орасида ҳам хизмат жойларида намоз ўқиш, шаръий никоҳ асосидаги кўпхотинлик ва диний русумдаги анжуманларга бориш тенденцияси кучайгани танқид остига олинган.

Озодлик манбаси Бош вазир Ариповнинг “Амалдорлар ё динни танласин, ёки давлатдаги ишини танласин” деган сўзларини келтирган.

Бунинг ортидан Ўзбекистоннинг бир неча масжидларидаги овоз кучайтиргичларда азон овозлари пасайтирилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита маълумотига кўра, 2021 йилнинг 1 август ҳолатига мамлакатда 16 та конфессияга мансуб 2 285 та диний ташкилотлар мавжуд.

Бундан 2098 таси исломий, 188 таси бошқа диний оқимларга мансуб ташкилотлардир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, дин давлатдан ажратилган. Диний ташкилотлар ва конфессиялар фаолияти Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Форум

XS
SM
MD
LG