Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:53

Ироқ ҳукумати ИШИД устидан ғалаба қозонганини эълон қилди


Ироқ ҳукумати Ироқ Шом ислом давлати (ИШИД) жангарилари устидан ғалаба қозонганини эълон қилди. Мамлакат бош вазири Ободийнинг айтишича, ушбу экстремистик гуруҳ Ироқнинг улкан ҳудудларини босиб олгандан сўнг орадан уч йил ўтиб, унинг сўнгги қолдиқлари мамлакатдан чиқиб кетди.

У 9 декабрь куни Ироқ жангарилардан "тўлиқ озод бўлгани" ҳақида баёнот берди.

– Душманларимиз тамаддунимизни йўқ қилмоқчи бўлди, аммо биз ҳамжиҳатлигимиз ва қатъиятимиз билан ғалаба қозондик, – деди Ободий ИД жангариларини ҳайдаб чиқариш хусусидаги уч йиллик саъй-ҳаракатлар ҳақида гапирар экан.

– Ироқнинг барча ерлари ИДнинг террорчи каллакесарларидан озод қилинди ҳамда қўшинларимиз халқаро Ироқ-Сурия чегараси назоратини тўлиқ қўлга олди, – деди генерал Абдул-Амир Рашид Ёруллоҳ ўз баёнотида.

2014 йили ИШИД жангарилари Ироқнинг учдан бир қисмини босиб олган эди. Ҳукумат қўшинлари бунга жавобан АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари кўмаги билан уларга қарши кампания – мужодала бошлади.

9 декабрь куни Америка Қўшма Штатлари ҳукумати ушбу ғалабани олқишлади. У ИД жангарилари Ироқ ҳудудини ишғол қилганини "разил босқин" деб атади ва ҳали ҳам ушбу ташкилотнинг таҳдиди сўнмаганидан огоҳлантирди.

– Ироқ ҳукумати баёнотидан маълум бўляптики, ўзини "халифат" деб эълон қилган ИШИДнинг сўнгги қолдиқлари ҳам йўқ қилинди ва ўша ҳудудларда яшайдиган аҳоли ИШИДнинг шафқатсиз назоратидан халос бўлди, – деди АҚШ Давлат департаменти воизи Ҳизер Ноэрт. У ИДни муқобил қисқартма билан ИШИД деб атади.

– Қўшма Штатлар Ироқ ҳукуматининг Ироқ озод этилиши террорчилик, ҳатто ИШИДга қарши кураш тугаганини англатмайди, деган фикрига қўшилади, – деди у ўз баёнотида.

Ироқ ва Сурияда ИД жангариларига қарши курашган АҚШ бошчилигидаги коалиция Твиттердаги хабарида ғолибларни олқишлади ва "Ироқ халқини муҳим ғалаба" билан табриклади.

"Биз уларни қўллаб-қувватлаймиз, чунки улар Ироқнинг хавфсиз ва порлоқ келажаги учун шароит яратмоқда", дейилади хабарда.

Ироқ кучлари ўтган ойда ИД жангарилари назоратидаги сўнгги шаҳар – Равоҳни қайта эгаллади ва кейинги ҳафталарда мамлакат ғарбидаги чўлларни жангарилардан тозалаш амалиётини давом эттирди. Равоҳ шаҳри Сурия билан чегара яқинида жойлашган.

Марказий Осиё ҳукуматлари, хусусан, Ўзбекистон ҳам фуқароларнинг жангари гуруҳларга қўшилиши олдини олиш, айниқса, Россия ва Туркияга кетаётганлар ёки бу давлатлардан қайтаётганлар устидан назоратни кучайтирган. Расмий матбуотда ИШИДга алоқадорлик, одам ёллаганлик каби айбловлар билан судланган фуқаролар ҳақидаги хабарлар кўпайди.

Аммо, қўшни республикалардан фарқли равишда Ўзбекистон ҳукумати бу борадаги расмий рақамларни эълон қилмай келаётир. Халқаро ташкилот ва тадқиқот марказлари кузатувича, Сурия ва Ироқ ҳудудидаги ўзбекистонлик жангарилар сони 500 атрофида бўлган.

Норасмий хабарларда уларнинг сони мингдан ортиқ бўлганлиги айтилади.

Тожикистон ва Қирғизистон ИИВлари эса Ўзбекистондан фарқли равишда йилда бир неча бор бу борадаги рақамлар ва амалиётлари натижаларини матбуотда эълон қилмоқда.Тожикистон расмийлари берган сўнгги рақамларга кўра, бу давлатдан 500, Қирғизистонда эълон қилинган рақамларга кўра эса 508 қирғизистонлик Сурия ва Ироқ ҳудудидаги жангари гуруҳларга қўшилган эди.

XS
SM
MD
LG