Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:11

Eurasianet: ИШИД Афғонистонда жанг қилиш учун ўзбекларни ёлламоқда


Афғонистондаги ИШИД мансублари. Иллюстратив сурат.
Афғонистондаги ИШИД мансублари. Иллюстратив сурат.

Eurasianet нашрида кейинги пайтларда Марказий Осиёда истиқомат қилувчи шахсларни жангари гуруҳларга ёллаш уринишлари авж олгани ҳақида мақола чоп этилди. Қуйида ушбу мақоланинг қисқартирилган таржимаси билан танишишингиз мумкин.

Жангари ёллашга бағишланган Telegram гуруҳларнинг бирида ёзилган постда «Хуросонга ҳижрат очиқ», дейилади. Пост муаллифларига кўра, «Хуросондаги халифалик Худонинг инояти билан кенгайиб, ўсиб бормоқда».

«Исломий давлат» экстремистик гуруҳининг Афғонистондаги бўлими бўлмиш «Исломий давлат – Хуросон» гуруҳига алоқадор Telegram-каналда 15 август куни ёзилган постда жангари гуруҳ учун жанг қилиб, шаҳид бўлганларнинг охирати обод бўлиши эътироф этилди. Постга илова қилинган суратда Марказий Осиёнинг замонавий харитаси фонида қурол тутган шахслар тасвирланган. Пост ҳам ўзбек лотин алифбосида, ҳам ўзбек кирилл алифбосида ёзилди.

Постни «Хуросон овози» гуруҳи тарқатган. Гуруҳ жорий йилнинг баҳорида Афғонистондан туриб Ўзбекистон ҳудудига бир неча ракета отган эди. Жангари гуруҳ кейинги пайтда Ўзбекистонда жангари ёллашга қаратилган саъй-ҳаракатларини кучайтирган.

«Хуросон овози» ҳозирда «Исломий давлат – Хуросон» гуруҳи ташвиқотини тарқатиб келган «Ал-Азаим Медиа» билан ҳамкорлик қилмоқда. «Ал-Азаим Тожикий» тожик тилида контент яратгани каби, «Ал-Азаим Медиа» ўзбек тилида ҳам оригинал, ҳам таржима қилинган босма, аудио ва видео материалларни ҳозирламоқда.

Гуруҳ контенти нафақат Толибонга, балки Марказий Осиё ҳукуматларига қаратилган. Дарҳақиқат, «Хуросон овози» гуруҳи тез-тез Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловни нишонга олади. «Ал-Азаим Тожикий» эса Тожикистон президенти Имомали Раҳмонни нишонга олиб келади.

Бир йил олдин Толибон Афғонистонда ҳокимиятга эгаллаб олганидан кейин, Марказий Осиё етакчиларига бўлган эътибор янада кучайди. Айни дамда Ўзбекистон Толибоннинг Марказий Осиёдаги ягона «дўсти»дир. Июль ойи охирида Тошкентда бўлиб ўтган анжуманга Толибон етакчилари ва минтақа расмийлари жамланиб, хавфсизлик, ривожланиш ва «Исломий давлат» очиқдан-очиқ таҳдид солаётган инфратузилма сармоялари ҳақида суҳбатлашдилар.

«Исломий давлат – Хуросон» гуруҳига алоқадир яна бир Telegram канал – «Tawhid News» Ўзбекистон Толибонга ўзини ҳимоя қилиш учун пул тўлаётганини айтиб, Толибоннинг Тошкентга ташрифни танқид қилди. «Исломий давлат – Хуросон» гуруҳининг айрим тарафдорлари Толибон ўзини мусулмонлардек кўрсатаётганини айтишди.

Бир неча кундан кейин «Хуросон Овози» гуруҳи «Тушунинг, умматга шерлар керак!» деб ёзди. Постга пичоқ тутган «Исломий давлат» жангариси сурати илова қилинди. Каналда аввалроқ улашилган аудиомурожаатда Марказий Осиё мусулмонлари «халифалик сафига қўшилиб, Ўзбекистон, Толибон ва уларнинг ғарблик хўжайинларига қарши жиҳод қилишга» чақирилган эди.

«Хуросон овози» ракета ҳужумидан кўп ўтмай «Толибон ва муртад Ўзбекистон ҳукуматига қарши жиҳодимиз давом этади» дея пост ёзиб, Ўзбекистон ҳукуматини «АҚШ ва Россиянинг Исломни йўқ қилиш истагини амалга ошираётган қўғирчоқлар» дея қоралаганди.

Жангари ёллашга қаратилган ҳаракатлар яхши ташкил этилганини хулоса қилиш мумкин. «Хуросон овози» гуруҳи ҳарбий хизматга кириш ҳақидаги саволларга жавоб бериш ва қизиққан шахсларни Афғонистонга чақириб олиш ва тайёрлаш билан шуғулланадиган шахслар билан боғланиш учун махсус Telegram ҳисобларни яратган.

«Хуросон овози» гуруҳи мавжуд Telegram-каналлари блокланса, тезда янгисини очади. Гуруҳ Ўзбекистонни жангари ёллаш учун қулай замин деб билади ва Тошкентдаги ҳукуматни Исломга зид, Толибон тузумини эса глобал ислом оиласи манфаатларига путур етказувчи миллатчи пуштун ҳаракати сифатида танқид қилиб келади.

«Хуросон овози» тарафдорларининг фикрича, бундай вазиятда Марказий Осиё мусулмонлари Толибонга ва ўзларининг дунёвий ҳукуматларига қарши курашишга мажбурлар.

«Хуросон овози» гуруҳи «Ал-Азаим Медиа» билан ҳамкорлиги туфайли кўп сонли обуначи тўпламоқда. Хулоса қилиб айтганда, «Хуросон овози» ўзбекларни радикаллаштиришда муҳим ўйинчига айланиб бормоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG