Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига кўра, жорий йилнинг 8 ойида мамлакат бўйлаб умумий қиймати 2 514,7 миллион (2 миллиард 514 миллион 700 минг) долларлик 129 та лойиҳа фойдаланишга топширилган ва натижада 21 302 та янги иш ўрни яратилган.
Ҳар бири 118 049 долларга тушган 21 302 та янги иш ўрни жорий йилда яратилиши айтилган 457 мингта янги иш ўрнининг 5 фоизини ҳам ташкил қилмайди.
Бу рақамларни шарҳлаган таҳлилчилар фикрича, Ўзбекистонда ишсизлик муаммоси долзарблигича қолмоқда, давлат амалдорлари ишсизликка барҳам бериш йўлида реал қадамлар ташлаш ўрнига ёлғон ҳисоботлар тайёрлашда давом этмоқда.
Марказий банкнинг хабар қилишича, жорий йилнинг саккиз ойида хориждан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 35 фоизга, коронавирус пандемиясигача бўлган 2019 йилги кўрсаткичдан эса, 26 фоизга ошган.
2 514,7 млн долларга 21 302 та янги иш ўрни яратилгани тўғрисида 9 сентябрда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бошқарма бошлиғи Шоҳрасул Шоҳаъзамий баёнот бергани тўғрисида маҳаллий нашрлар хабар қилди.
Бир неча миллион долларлик иш ўринлари
Вазирлик вакили ўз чиқишида янги иш ўринлари яратилган корхоналарни номма-ном санаб ўтган. Масалан, у Навоий вилоятида қуёш фотоэлектр станциясини қуришга 110 млн доллар сарфлангани ва 20 та янги иш ўрни яратилганини айтган. Демак, бу станцияда 1 иш ўрнини яратиш учун 5 500 000 доллар сарфланган.
Жиззах вилоятида базальт толасидан геосетка, композит қувурлар ва композит профиллар ишлаб чиқарувчи корхонани қуришга 16 млн доллар кетган ва 128 та янги иш ўрни яратилган. 1 иш ўрни 125 минг долларга тушган.
Умуман эса, бу йил фойдаланишга топширилгани айтилган 129 та лойиҳа доирасида яратилган 21 302 та янги иш ўрнининг ҳар бир ўртача 118 049 долларга тушган.
"Иш ўрни нархида меъёр йўқ"
Навоий вилоят ҳокимининг собиқ ўринбосари, ҳозирда АҚШда истиқомат қилаётган Исмоил Оспанов бу рақамларни шарҳлар экан, “1 иш ўрни учун 118 минг доллар – гигант миқдор”, деди ва фикрини бундай давом эттирди:
“Бироқ бу ерда қурилган объектнинг характерига қараш керак. Капитал талаб қилувчи корхоналар, деймиз бундай ишхоналарни. Масалан, 100 млн долларлик завод бўлиши мумкин. У 100 йил хизмат қилиши мумкин. Завод қиммат. Бироқ оз ишчи ишлайди. Шунинг учун иш ўрни қимматга тушади. Бундай корхоналарни ҳам қуриш керак, албатта, лекин Ўзбекистондаги ишсизлик муаммоси бундай иш ўринлари яратиш билан ҳал бўлмайди”.
Иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев ҳам Исмоил Оспановнинг айтганларини деярли такрорлади.
“Бир иш ўрни фалонча сўм туради, деган меъёр йўқ. Гап қурилаётган объектнинг катта-кичиклиги, унга ўрнатиладиган дастгоҳлару фойдаланиладиган технологиянинг қийматига боғлиқ”.
457 мингта янги иш ўрни учун неча пул керак?
Ҳар бири ўртача 118 049 долларга тушган 21 302 та янги иш ўрни бошқа бир рақамни ёдга солди. Президент Мирзиёев шу йил 8 июнда бўлиб ўтган йиғилишда “Жорий йилда бандлик дастури доирасида 457 мингта доимий янги иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилган”, деган эди.
Агар бир иш ўрни яратиш учун ўртача 100 минг доллар сарфланиши лозим бўлса, 457 мингта иш ўрни яратиш қанчалик реал?
Сапарбой Жубаевга кўра, бу ерда инвестициялар яратадиган иккиламчи эффектни ҳам инобатга олиш керак:
“Масалан, бир вилоятда 200 кишилик қиммат завод қурилди, дейлик. Завод помидордан томат қилсин. Заводни помидор билан таъминлаш зарурати пайдо бўлади. Яқин қишлоқлар аҳолиси помидор етиштириш билан шуғулланади. Натижада улар ҳам ишлик бўлади. Бироқ уларнинг иш ўрни учун катта пул сарфланмайди. Помидор етиштирувчилардан ташқари шиша идиш, қопқоқ ясовчиларга эҳтиёж пайдо бўлади, маҳсулотни ташувчилар, уни сотувчилар пайдо бўлди. Мультипликацион эффект, дейилади бу”.
Масала ечими нимада?
Исмоил Оспановнинг фикрича, Ўзбекистонда энг улкан муаммо – ишсизлик муаммосини ҳал қилишга тизимли ёндашув етишмаяпти:
“Бир иш ўрни бир неча миллионга тушадиган лойиҳалар ҳам керак. Бироқ ишсизликка эркин тадбиркор, кичик ва ўрта бизнесгина барҳам бера олади”.
Навоий вилоят ҳокимининг собиқ ўринбосарига кўра, аграр давлат ҳисобланган Ўзбекистонда ерни хусусийлаштириш ва деҳқон-фермерга эркинлик бериш орқали оммавий ишсизлик муаммосини ечиш мумкин:
“Масаланинг ечимларидан бири қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчисига эркинлик беришда, ерни хусусийлаштиришда”.
Вазирлик статистикаси
Меҳнат вазирлиги маълумотларига қараганда, жорий йилнинг январь-июль ойларида 212,3 минг фуқаро бўш ва захираланган иш ўринларига жойлаштирилган.
30 марта ошириб кўрсатилган иш ўрни
Бироқ жойлардан олинган маълумотларга қараганда, амалдорлар ҳануз ёлғон ҳисоботлар тайёрлаш билан банд. Фарғоналик фаол Абдусалом Эргашев Озодликка сўнгги кунларда ўзи гувоҳи бўлган воқеани айтиб берди:
“Статистикага ҳануз шахсан менда ишонч йўқ. Осмондан олиб гапирмайман. Мана, сўнгги икки ҳафтанинг ичидаги гап: Фарғона вилоят ҳокими соғайиб ишга қайтганидан бери ҳокимлик матбуот хизмати тинимсиз ура-ура рапортлар бериб ётибди. Ўшандай хабарлардан бири чет эллик ҳамкорларнинг ҳиссаси қўшилган корхонанинг очилиши ҳақида бўлди. Корхона озиқ-овқат саноатига оид. 150 та иш ўрни яратилди, унга хомашё етказиб берадиган кластерда яна қўшимча 50 та иш ўрни яратилди, деб хабар беришди. Очилиш маросимининг эртасигаёқ ўша корхонада ишлайдиган одам билан гаплашдим. Бор-йўғи 5 киши ишлайдиган корхона экан. Кластерда яратилган 50 иш ўрнининг аслида нечталигини аниқлаганимча йўқ...”
Тобора ошаётган пул "чиқариш"
Айни пайтда меҳнат миграцияси ўзбекистонлик ишга яроқли аҳолининг муайян қисми учун ҳануз тирикчиликнинг асосий манбаи бўлиб қолмоқда.
Марказий банкнинг 9 сентябрь куни тарқатган хабарида айтилишича, ўзбекистонликларнинг чет эллардан пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилги кўрсаткичдан 35, коронавирус пандемиясигача бўлган 2019 йилги кўрсаткичдан эса, 26 фоизга ўсган ва жорий йилнинг 8 ойида 4,9 млрд. долларни ташкил этган.
Марказий банкка кўра, “трансчегаравий пул ўтказмалари аҳолининг истеъмол ва инвестицион фаоллигини қўллаб-қувватловчи омил бўлиб хизмат қилмоқда”.