Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:43

Каримов тазйиқига учраган ҳайкалтарош унинг ҳайкалларини ясайдиган бўлди


Илҳом Жабборов
Илҳом Жабборов

Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримов ҳайкалларини Каримов даврида тазйиқ қилинган ҳайкалтарош Илҳом Жабборов ясайдиган бўлди. Илҳом Жабборовнинг Ислом Каримовга ҳайкал ясаш бўйича Халқаро бадиий танлов ғолиби бўлгани 26 апрель куни расман эълон қилинган бўлса¸ Озодлик ўз манбаларига таяниб айнан шу муаллифнинг Каримов ҳайкалини ясаши ҳақида ўтган йил ноябрь ойида маълумот берган эди.

Жабборовга яқин санъатшуноснинг 27 апрель куни Озодликка айтишича¸ Ислом Каримовга Тошкент¸ Самарқанд ва Қаршида қўйиладиган учала ҳайкални ясаш Илҳом Жабборовга берилган.

Илҳом Жабборов Ислом Каримовга ясайдиган ҳайкал эскизи.
Илҳом Жабборов Ислом Каримовга ясайдиган ҳайкал эскизи.

Илҳом Жабборов олти йил олдин ўзи ишлаган лойиҳалар устидан ўтказилган молиявий текширувлардан безор бўлиб¸ санъатни тарк қилган эди. Яқинларгача тоғларда асаларичилик қилиб юрган ҳайкалтарош давлат буюртмаси асосида Ислом Каримов ҳайкалини ясаш ишларини ниҳоясига етказиб¸ танлов ғолиб бўлди.

Конкурсдан олдин ҳаммаси аниқ эди

Ҳайкалтарошни яқиндан билган ва исми айтилишини истамаган ўзбек мулозимига кўра¸ санъаткор Ислом Каримов ҳайкали устида ўтган йилнинг октябрь ойидан бери ишламоқда:

- Ўтган йили октябрь ойида ўша пайтда муваққат президент бўлган Мирзиëев ўз ëрдамчиларига ҳайкалтарош Илҳом Жабборовни топиб келишни буюрди. Илҳом ака бир меъмор дўсти билан Бўстонлиқда асалари боқиб юрган жойидан Тошкентга чақирилди. Олти йилча ҳукумат назаридан қолган ҳайкалтарошни Шавкат Миромонович ўз кабинетида эмас¸ балки норасмий тарзда кечки емакка таклиф қилиб¸ марҳум президент ҳайкалини ясаб берасиз¸ деб илтимос қилди. Илҳом ака рози бўлиб¸ эртасидан иш бошлади¸ дейди ҳайкалтарошни яхши таниган мулозим.

Бу суҳбатдошга кўра¸ Ўзбекистоннинг янги раҳбари “Амир Темур ҳайкалини ясаган ҳайкалтарошнинг Ислом Каримов ҳайкалини ҳам ясашини” маъқул кўрган.

Эски дўстлик меваси

Мулозимнинг айтишича¸ Жиззах ва Самарқандда ҳоким бўлиб ишлаганида Шавкат Мирзиёев ва ҳайкалтарош Илҳом Жабборов орасида илиқ муносабат шаклланган.

Шавкат Мирзиëев ўтган йил ноябрь ойида Тошкент шаҳар сайловчилари билан ўтказган учрашувида “ўзбек замонавий тасвирий санъати ривожига буюк ҳисса қўшган атоқли ҳайкалтарошимиз Илҳом Жабборов ижоди ҳақида ҳар қанча фахрланиб гапирсак, арзийди"¸ дея таъкидлаган эди.

Ойнинг ўн беши ëруғ...

Сўнгги йилларда Ўзбекистон тимсолига айланган “Амир Темур”, “Мотамсаро она” ҳамда “Кўҳна ва боқий Бухоро” асарлари муаллифи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Илҳом Жабборовга яқин манбаларнинг айтишича¸ танловда ғолиб бўлиб 25 минг доллар мукофот олган ҳайкалтарошнинг иши шу кунларда юришиб кетган.

"Битта мисол. Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Адабиëт университети олдидаги майдонга (собиқ Низомий педагогика университети -таҳр.) ўрнатиладиган Алишер Навоий ҳайкалини ишлаш ҳам Илҳом Жабборовга топширилди. Илҳом Жабборов устидан очилган маъмурий ишлар¸ жарима санкциялари бекор қилинди. Устоз санъаткор шу кунда фақат ижод билан банд"¸ деди ҳайкалтарошга яқин ижодкорлардан бири.

Дўстимнинг дўсти¸ менинг ҳам дўстим...

- Уста отдай! "Кишнаб" ишлаб ëтибди. Марҳум президент билан яқиндан мулоқот қилган реалист ҳайкалтарош сифатида Каримов ҳайкали лойиҳаси устида ишлаяпти. Кечагина Афғонистондан келди. Генерал Дўстим ака у кишини ўзи билан олиб кетиб Мозори-Шарифда Афғонистон озодлиги учун бўлган жангларда ҳалок бўлган барча ўзбек ўғил-қизлари хотирасига ўрнатиладиган монумент лойиҳасини қилиб беришини илтимос қилиб, жойларини кўрсатиб келди. Ҳозир чизиб ëтибди.

Сал олдин Термиздаги "Мотамсаро она" хайкалини ишлаб¸ ўрнатди. Ўзбек-афғон "Дўстлик" кўприги атрофидаги божхона комплекси худудига туркум парк-хиëбон декоратив пластикасини ишлаб берди. Ҳозирги кунларда президент Фармони билан Низомий педагогика университети базасида қайта ташкил этилган Алишер Навоий номидаги университет олдидаги аввал Фрунзе от миниб турган ҳайкал ўрнига 5 метрлик¸ кичкинагина Навоий ҳайкалини Камол укаси билан ишлаб¸ тугаллаш арафасида. Алишер Навоийнинг таваллуд кунига очиш режаланган шекилли. Ишлари, кайфияти, димоғи, даромади яхши. Анча ўзини тутиб олибди¸ деган эди Озодлик билан ўтганда суҳбатлашган Жабборовга яқин мулозим.

Амир Темур ҳайкали муаллифининг Ислом Каримов билан зиддияти ҳақида

Яқинларидан бирининг айтишича, ҳайкалтарош Ўзбекистон президенти билан баҳслашишга журъат қилгани боис¸ исталмаган шахсга айланган эди.

- Бир меъмор дўсти билан бир-иккита болари уясини сотиб олиб, тоғларга чиқиб кетган эди. "Президентнинг ҳайкалтароши" деган “мақом”дан мосуво бўлгандан кейин Илҳом Жабборов ошкора камситишлар билан юзма-юз бўлди, кейин эса чидамасдан узлатга чекинган эди¸ - деган эди бундан икки йил олдин рассом Вячеслав Охунов.

Ўзбекистон Маданият вазирлигига яқин манбанинг айтишича, Илҳом Жабборов узлатга кетишидан олдин молиявий текшир-текширлар марказида қолган:

- Илҳом ака "Она" ҳайкалини ва “Кўҳна ва боқий Бухоро" мажмуаларини ишлаганда, у ҳайкалларга сарф бўлган материалларни тўлаши керак бўлган ташкилотлар тўламаган. Кейин ҳамма харажатни Илҳом аканинг бўйнига илиб қўйишди, юз миллионлаб пулни. Бечора шунча меҳнат қилди, кечани кеча, кундузни кундуз демай, касал ҳолида, ҳар куни пачкалаб дори ичиб¸ муддатига битириб берди. Бироқ кейин иш ҳақини бериш ўрнига¸ унинг бўйнига¸ "ўлганнинг устига тепган" деганларидек¸ сарфланган материалларнинг пулини осиб қўйишди. Тўлайдиган ҳеч бир вақоси бўлмаганини билгач, суд уни устахонаси ва эски машинасини "арест" қилиб, конфискацияга қўйди, - деган эди бундан икки йил олдин Озодлик манбаси.

Илҳом Жабборов совет даврида Фурқат, Машраб ва Навоий каби ўзбек зиëлиларнинг ҳайкалини ясаган бўлса, Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин Тошкент марказидаги Амир Темур ҳайкалини бунëд қилиб¸ бронзадан қуйдирди.

Марказий Осиëдаги илк Амир Темур ҳайкалини 1993 йили ясаган Илҳом Жабборов дунëдаги кўплаб обрўли кўргазмаларда ўзбек санъатини тамсил қилган.

XS
SM
MD
LG