АҚШнинг Калифорния штати округ судьяси Байден маъмурияти Исроилни Ғазода бомбардимонни тўхтатишга мажбурлаши кераклиги ҳақида киритилган даъво аризасини рад этди. Бу ҳақида "Ассошиэйтед Пресс" агентлиги хабар бермоқда.
Округ судьяси Жеффри Уайт бу масала бўйича юрисдикцияга эга эмаслигини айтар экан, Америка ҳукуматини танқид қилди ҳамда Исроилнинг ҳаракатлари геноцидга тенглашиши мумкинлигини таъкидлади.
Уайт ўтган жума куни Окленд федерал судида Фаластин инсон ҳуқуқлари ташкилоти ва ҳалок бўлган фаластинликлар оила аъзолари томонидан ноябрь ойида киритилган даъво ишини тинглади.
Даъво аризасида президент Жо Байден, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва мудофаа вазири Ллойд Остиндан «Ғазода Фаластин халқига қарши геноциднинг авж олиши эмас, балки олдини олиш бўйича ўз бурчларига амал қилишлари» талаб қилинган.
Уайт ишни кўриб чиқишни рад этди ва бунга қуйидагича изоҳ берди: "Суд юрисдикциясидан ташқари баъзи ишлар бор, бу даъво аризаси ҳам ана шулар жумласидан”.
Судья Уайт бу фаолиятидаги энг қийин қарор бўлганини яширмади.
У даъвогарларнинг "Исроилнинг ҳаракатлари геноцидга тенг" экани борасидаги фикрини ёқлар экан, Оқ уйни "Ғазодаги фаластинликларга қарши ҳарбий қамални сўзсиз қўллаб-қувватлаш оқибатларини текширишга" чақирди.
Шунингдек, даъво аризасида халқаро ҳамжамиятнинг Ғазода ўт очишни тўхтатиш чақириқларига тўсқинлик қилиш ҳолатларига чек қўйиш ҳам сўралган. АҚШ декабрь ойида БМТнинг зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюциясига вето қўйган эди.
Ўтган ҳафта БМТ суди Исроилнинг уруш ҳаракатларини қоралаб, ўлим, вайронагарчилик ва ҳар қандай геноциднинг олдини олиш чораларини кўришни буюрди, аммо ўт очишни тўхтатиш борасида ҳеч нарса демади.
Америкалик коллеж талабаси Рейчел Коррининг оиласи бульдозер ишлаб чиқарувчи Caterpillar компаниясини Исроилга ёрдам бергани учун судга бермоқчи бўлди, бироқ апелляция суди бу ишни ҳам рад этди. Буни АҚШ ҳукуматининг сиёсий бўлинмалари ташқи сиёсат бўйича кенг ваколатларга эгалиги билан изоҳлаш мумкин. Рейчел Корри 2003 йилда Ғазода уй бузилишига қаршилик қилган вақтда булдозер остида қолиб ҳалок бўлган.
Мерилендлик журналист, Лейла Эл-Хаддод Исроил ҳужумлари оқибатида ўзининг 90 га яқин қариндошларини йўқотганини айтган.
Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳар касалхонасида ишлаётган доктор Умар Ал-Нажжар, кунига 2000 дан ортиқ янги беморлар оғир жароҳатлар ва касалликлар билан келаётгани, аммо дори-дармонлар етишмаслигидан шикоят қилди, деб ёзади "Ассошиэйтед Пресс" агентлиги.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, жанглар бошланиб кетганидан буён 20 мингдан ортиқ одам ўлгани, 53 мингдан зиёд фаластинлик яраланганини айтган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг билдиришича, уруш туфайли Ғазода ярим миллиондан ортиқ одам очликка юз тутган.
Исроилнинг Ғазодаги сўнгги ҳарбий амалиёти АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган ҲАМАСнинг ўтган йил 7 октябрида Исроил ҳудудида амалга оширган ҳужуми ортидан бошланиб кетган эди.
Форум