Нетаняху гаровга олинганларни озод қилиш учун мулоқот давом этишини билдирди
Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху урушнинг иккинчи босқичи бошланганини айтиб, «душманни ер устида ва ер остида» йўқ қилишга ваъда берди:
«Кеча кечқурун қуруқликдаги қўшинларимиз ёвузлик қўрғонини йўқ қилиш учун Ғазога кирди. Бу урушнинг иккинчи босқичи. Мақсадлар аниқ: ҲАМАСнинг ҳарбий ва бошқарув имкониятларини йўқ қилиш ва гаровга олинганлар уйга қайтариш».
Тел-Авивдаги матбуот анжуманида Нетаняху исроилликларни «узоқ ва машаққатли» ҳарбий кампания кутиб тургани ҳақида огоҳлантирди.
У Исроил фаластинликларни Ғазо шимолига кўчишга чақирганини эслатар экан, гаровга олинган 200 дан ортиқ одамни қутқариш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишга ваъда берди.
Фаластин-Исроил можароси қурбонлари сони 9500 дан ошди
Ҳар икки томоннинг соғлиқни сақлаш идоралари томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, давом этаётган Фаластин-Исроил можаросида 9500 дан ортиқ одам ўлган.
Ғазо соғлиқни сақлаш бошқармаси якшанба куни эрта тонгда Ғазо секторида тўқнашув бошланган 7 октябрдан бери 8000 дан ортиқ одам ҳалок бўлганини маълум қилди. Бундан ташқари, Ғарбий Соҳилда 110 киши ҳалок бўлди, дея хабар беради соғлиқни сақлаш бошқармаси.
Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроил томонида 1400 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Исроил армияси якшанба куни Ғазодаги Жабалия ва Хон Юнусга ҳужум уюштирди, шунингдек, Ал Арабия нашри хабарига кўра, Фаластин қуролли кучлари билан тўқнашувлар содир бўлди.
Исроил мудофаа кучлари маълумотларига кўра, танклар ва Исроилнинг бошқа қўшинлари Ғазо секторида чекланган, аммо барқарор тарзда олдинга силжимоқда.
Бундан ташқари, ЦАХАЛ шанбадан якшанбага ўтар кечаси Ғазо бўлгасининг шимолий ва марказий ҳудудларига ҳаво ҳужумларини давом эттирди.
"Вайроналар остида ўлганимиз яхши эди" - Хон Юнусга кўчирилган ғазолик
Ғазодаги Хон Юнус чодирларида яшаётган фаластинликлар, Исроил Ҳамас бошқарувидаги анклавга ҳаво ҳужумлари билан зарба беришда давом этар экан, ҳаёт шароитлари тобора оғирлашиб бораётганини айтишади.
“Худо бизга раҳм қилсин ва уруш тўхтасин. Биз жуда кўп азоб чекдик, биз бу азобларга дош бера олмаймиз, энди чидай олмаймиз, ҳатто тоғлар ҳам бизнинг азобларга дош беролмайди. Биз бу аҳволдан кўра, вайроналар остида ўлиб кетганимиз яхши эди, деган хулосага келдик. Ҳаётимиз турган битгани қийноқ, ҳожатхонага кириш учун уч соат навбат кутамиз, бунақада бола ҳожат чиқариш учун уч соат кута оладими? Бола нон кута оладими? Кечадан бери нон емадим. Мендан нон сўрашади, новвойхонага боринглар дейман, ахир мен нонни қаердан оламан? Бу ҳалокатли вазият”, деди рафиқаси ва олти фарзанди билан чодирда қолган Рами Ал-Ерқан.
Исроил ҳарбийлари 28-октябр, шанба куни яна бир бор фаластинликларни Ғазо сектори шимолига эвакуация қилишга чақирди.
Марсел ва Бруклинда ҳам юзлаб одам фаластинликларни қўллаб-қувватлаб намойиш ўтказди
Франция шаҳри Марселда намойишчилар Фаластин байроқларини кўтариб, Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларини тугатишга чақирди.
“Бугун Фаластин халқини қўллаб-қувватлашимиз ва улар учун борлигимизни айтиш учун тўпландик. Биз уларнинг овозимиз. Бугун Ғазода интернет алоқаси йўқ ва улар биз билан энди гаплаша олмайди. Биз уларни эшита олмаяпмиз”, дейди намойишчи Мария Мбек.
АҚШнинг Бруклин шаҳрида ҳам Фаластин тарафдорлари намойиш ўтказди.
Намойишчилар Бруклин кўпригида тўпланиб, Манхеттенга транспорт ҳаракатини тўхтатиб қўйишди. Исроил Ғазода интернет ва алоқани узиб қўйиб бомбардимонларни кучайтирганидан сўнг, дунё шаҳарлари бўйлаб намойишлар бўлиб ўтмоқда.