АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Иорданияда
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроилдаги музокаралар ортидан Иорданиянинг Амман шаҳрига борди.
У шанба куни араб давлатлари ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, Фаластин вакиллари билан Исроил-Ҳамас урушини муҳокама қилиш учун бу ерда сўзлашувлар ўтказади.
Иордания ташқи ишлар вазирлиги баёнотида Саудия Арабистони, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Миср араб расмийлари "зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, инсонпарварлик ёрдамини етказиб бериш ва минтақа хавфсизлигига таҳдид солувчи хавфли вазиятни тугатиш йўллари" муҳокамалар марказида бўлишини айтшган.
Вашингтон Исроилни ҳарбий ва сиёсий қўллаб-қувватлайди, шу билан бирга Исроилни тинч аҳоли орасида талафотларни камайтириш ва Ғазодаги гуманитар инқирозни ҳал қилишга чақиради.
АҚШ расмийлари айни пайтда гаровга олинганларни озод қилиш учун қаттиқ ҳаракат қилмоқда.
Ҳамас 7 октябр куни Исроил жанубига уюштирган ҳужумида 240 дан ортиқ асирни гаровга олган эди, Исроил томонига кўра, асирларнинг аксарияти ҳамон Ғазода.
Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху агар исроиллик гаровга олинганлар озод қилинмаса Ҳамас билан урушда оташкесим бўлмайди деди.
У АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен уруш бошланганидан бери Яқин Шарққа иккинчи марта ташриф буюрмоқда.
Исроил Ғазода қуруқлик амалиётини давом эттирмоқда
Исроил мудофаа кучлари Ғазо секторига ҳаво ҳужумларини давом эттирмоқда. Исроил армияси вакили Даниел Ҳагарий жума куни Ғазо шаҳрини қуруқлик, денгиз ва ҳаводан ўраб олганликларини айтди. Ўша куни Исроил томонидан эълон қилинган видеода Исроил армияси Ғазо секторида Хамас томонидан қазилган бир қанча ер ости туннеллари вайрон қилингани кўрсатилган.
Ўтган бир неча кунлик қуруқлик амалиётида Исроил 20 дан ортиқ аскарини йўқотган.
Ҳамаснинг Ал-Қассам бригадаси жума куни берган баёнотига кўра, Ғазо секторининг шимоли-ғарбий қисмида Исроил армияси отрядига ҳужум уюштирган ва тўрт нафар исроиллик аскар ҳалок бўлган.
Исроил армияси ҳозирча буни тасдиқламаган.
Ғазода тез ёрдам машинаси ҳужумга учради, камида 15 киши ҳалок бўлди
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроил ҳаво кучларининг Ғазо шимолида тез ёрдам машинасига уюштирган ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 15 кишига етди, 60 дан ортиқ киши жароҳат олди.
Рейтер агентлиги видеосида ҳужум оқибатлари акс этган.
Хамас томонидан бошқариладиган анклавдаги соғлиқни сақлаш расмийларининг айтишича, тез ёрдам машинаси яраланган фаластинликларни Ғазо шаҳридаги ал-Шифа касалхонасига олиб кетаётган карвоннинг бир қисми бўлган.
Исроил ҳарбийларининг айтишича, зарба ХАМАС жангариларини нишонга олган ва тез ёрдам машинаси “террорчилар” томонидан қурол ва жангчиларни ташиш учун фойдаланилган.
Иккала томоннинг иддаоларини мустақил равишда текшириш имконсиз.
Ҳаагада гаровга олинган исроилликлар ҳимоясига норозилик акцияси ўтказилди
Нидерландиянинг Ҳаага шаҳрида намойишчилар Ҳамас томонидан ўғирлаб кетилган исроиллик гаровга олинганлар, айниқса болаларнинг аҳволига эътибор қаратиш ва уларни озод қилишга чақириш учун жума куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Халқаро Суди олдида ўнлаб бўш болалар аравачаларини қўйишди.
Исроилнинг билдиришича, Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҲАМАС 7 октябр куни ўзининг 75 йиллик тарихидаги энг қонли террор амали чоғида 1400 кишини, асосан тинч аҳолини ўлдирган ва 240 дан ортиқ одамни гаровга олган.
Исроил Ғазога тўхтовсиз ҳаво ҳужумлари билан жавоб берди. Ҳозирга келиб Ғазода қурбонлар сони 9, 000 дан ошди, бўлгадаги воқеаларга глобал хавотир ортиб бормоқда.