Исроил 8 ноябрда Ғазо шимолини 50 минг киши тарк этганини билдирди
Исроил армияси расмий вакили Даниэль Хагари Ғазо шимолини 8 ноябрь куни 50 минг тинч аҳоли тарк этгани тўғрисида маълум қилди. Улар гуманитар йўлак орқали Ғазо жанубига ўтган.
Расмийнинг айтишича, ғазоликлар “бўлга жануби нисбатан бехатар эканини тушунган ҳолда” шимолни тарк этмоқда. Хагари ҲАМАС бўлга шимолида назоратни қўлдан чиқарганини ҳам иддао қилди. Бироқ ҲАМАС бу иддаони рад этди.
БМТ ҳозирча 8 ноябрь куни Ғазо шимолидан жанубга қочганлар сони тўғрисида маълумот бермади. 7 ноябрда Ғазодан 15 минг киши чиқиб кетгани айтилган эди.
Исроил армияси Ғазо шаҳрини қамал қилиб, бўлга шимолини жанубдан ажратиб қўйган. Шундан сўнг Исроил тинч аҳоли жанубга ўта олишини таъминлаш мақсадида гуманитар йўлак ташкил қилган. Исроил ҳукумати тинч аҳолини ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиёт якунлангунига қадар шаҳарни тарк этишга чақириб келмоқда.
Исроил ҳукумати расмий вакили Эйлон Леви Ғазо шаҳрида яна юз минг аҳоли қолаётгани тўғрисида билдирди.
Қатор мамлакатларда, жумладан, АҚШда террор ташкилоти сифатида эътироф этилган ҲАМАС БМТнинг фаластинлик қочқинлар бўйича агентлигини Ғазо шимолидаги аҳолини жанубга кўчириш масаласида Исроилга кўмаклашаётганликда айблади. ҲАМАСга кўра, бу гуманитар инқироздир.
Айни пайтда ҲАМАС расмийлари Ғазо бўлгаси аҳолиси хавфсизлигини таъминлаш мажбуриятига эга эмасликларини бир неча бор билдирганлар. ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Ҳалил ал Ҳайё The New York Times газетасига берган интервьюсида: “ҲАМАСнинг мақсади Ғазони бошқариш, уни сув, иссиқлик, ёнилғи ва бошқа нарсалар билан таъминлаш эмас, балки Фаластин масаласи диққат марказида бўлиши учун дунёни уйқудан уйғотишдир”, - деб айтди.
Аввалроқ ҲАМАС сиёсий бюросининг яна бир аъзоси Муса Абу Марзук RT мухбири саволига: “ҲАМАСнинг ер ости туннеллари ҲАМАС жангчилари учундир, тинч аҳолини ҳимоя қилиш билан эса БМТ шуғулланиши даркор”, деб жавоб қайтарган.
“Катта еттилик” Ғазо сектори бўйича илк бор ягона позициясини умумий ҳужжатда акс эттирди
“Катта еттилик”ка кирувчи мамлакатлар Исроил ва Фаластиндаги ҲАМАС радикал гуруҳи ўртасида Ғазо секторида кечаётган уруш бўйича ягона позицияларини илк бор умумий ҳужжатда акс эттиришган. Бу ҳақда Япония ташқи ишлар вазири Ёко Камикава G7 мамлакатлари ТИВ раҳбарларининг 7-8 ноябрь кунлари Токиода ўтган учрашувидан сўнг маълум қилди.
G7 давлатлари ҲАМАСнинг 7 октябрь куни Исроилга уюштирган ҳужумини қоралашган, ўзаро урушаётган томонларни халқаро меъёрларга риоя қилишга ҳамда гуманитар ёрдам етказишни таъминлаш учун ўт очишни тўхтатишга чақиришган.
“Шундай қилиш лозимки, уруш янада каттароқ ҳудудга тарқалмасин. Мамлакатлар Ғазо муаммоларини ҳал қилишни таъминлаш ва узоқ муддатли тинчликка эришиш учун ягона йўл икки давлатлик тизим экани ҳақида ягона фикрга келдилар”, деган Камикава.
Вазирлар Эронни ҳам ҲАМАС ва Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” гуруҳларини дастаклашдан тийилишга чақиришган. Уларга кўра, бу каби ҳаракатлар Яқин Шарқдаги вазиятни янада беқарорлаштиради.
АҚШ Сенатидаги демократлар Украинасиз Исроилга ёрдам тўғрисидаги қонун лойиҳасини блоклаб қўйишди
АҚШ Сенатидаги демократлар 7 ноябрь куни Исроилга ҳарбий ёрдам кўрсатишни кўзда тутган, бироқ Украина ёрдам пакетини ўз ичига олмаган қонун лойиҳасини блоклаб қўйишди, дея хабар қилди “Америка овози”. Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден мазкур ҳужжатга вето қўйишини билдирган эди.
Қонун лойиҳаси ўтган ҳафтада АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси томонидан маъқулланган. Палатада кўпчиликни ташкил қилувчи республикачилар ҳужжатни ёқлаб овоз беришган. Лойиҳага мувофиқ, Вашингтон солиқ хизматини молиялаштиришни қисқартирган ҳолда Исроилга 14,3 миллиард долларлик ёрдам тақдим этиши керак эди.
Октябрь ойида АҚШ президенти Жо Байден Конгрессдан Исроил, Украина ва Тайванни молиялаштиришни ўз ичига олган 106 миллиард долларлик фавқулодда харажатлар пакетини тасдиқлаб беришни сўраган эди. Сешанба куни Сенатдаги демократлар мазкур ташаббусда кўзда тутилган Украинага ёрдам пакетининг муҳимлигини урғулашган.
Сенатнинг ажратмалар бўйича қўмитаси раҳбари Пэтти Мюррей ёрдам пакети АҚШнинг Исроилдаги иттифоқчилари учун қанчалик зарур бўлса, Украинадаги иттифоқчилари учун ҳам шу қадар зарурлигини таъкидлаган. Республикачи сенатор Рожер Маршалл эса юқори палата Исроилга ёрдамни кечиктирмаслиги лозимлигини билдирган.
БМТ бош котиби: Ғазо сектори болалар қабристонига айланиб бормоқда
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш яна Исроилнинг Ғазо секторидаги хатти-ҳаракатларини кескин танқид қилиб чиқди ҳамда тинч аҳолига инсонпарварлик ёрдами етказиш учун ўт очишни зудлик билан тўхтатишни талаб қилди.
БМТ бош котиби фикрича, Исроил урушни одамгарчилик билан юритиш бўйича халқаро таомилни очиб бузмоқда. Унга кўра, Исроилнинг ҲАМАСга қарши урушида фуқаровий аҳолининг ҳимоя қилиниши “биринчи галдаги мақсад бўлиши лозим”.
“Исроил фуқаровий аҳолини бомбалаб, ўлдиришда, касалхоналарни, қочқинлар лагерларини, масжидларни, черковларни ҳамда бомбапаноҳлар дохил фуқаровий инфратузилмани вайрон қилишда давом этяпти. Ғазо болалар қабристонига айланиб бормоқда”, дея билдирган Гутерриш.
Исроил ташқи ишлар вазири Эли Коэн Гутерришнинг Ғазо сектори “болалар қабристони”га айланиб бораётганига оид сўзларига кескин муносабат билдирди. “Уялмайсанми, Антониу Гутерриш! Ичида тўққиз ойлик чақалоқ ва бошқа гўдаклар бўлган, ота-оналари кўз ўнгида совуққонлик билан ўлдирилган 30 дан зиёд бола ўз ихтиёрига қарши Ғазо секторида тутиб турилибди”, деб ёзган Коэн Х ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида.
Бу орада БМТнинг энг йирик гуманитар агентликлари ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қўшма баёнот билан чиқишиб, Ғазо секторида гуманитар мақсадлар учун зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақиришган.
Орасида БМТ бош котиби ўринбосари Мартин Гриффитс, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари (OHCHR) Фолькер Тюрк, Миграция бўйича халқаро ташкилот (IOM) директори Эми Поуп, БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF) ижрочи директори Кэтрин Рассел, ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебреисус ва бошқалар бўлган баёнот муаллифлари тўқнашувнинг барча томонларини “халқаро гуманитар ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги меъёрларга мувофиқ ўз мажбуриятларига риоя қилиш”га чақиришларини урғулашган.
Айни пайтда БМТнинг Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) сўнгги икки кун ичида UNRWA’нинг беш нафар ходими ҳалок бўлганини билдирган. “7 октябрдан буён умумий ҳисобда 79 нафар ходим ҳалок бўлиб, камида 24 ходим жароҳатланган”, дея қайд этишган агентликдан. Уруш чоғида жами БМТнинг 88 нафар ходими ҳалок бўлган – халқаро ташкилот тарихида битта урушда бунча ходим ҳеч қачон ўлган эмас.
ҲАМАС назорати остидаги Ғазо сектори Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган сўнгги маълумотларга кўра, сектор ҳудудида 10 мингдан зиёд одам ўлган, уларнинг 4800 нафардан зиёди болалардир. Бу рақамларни мустақил манбалар томонидан тасдиқлатишнинг имкони йўқ.
Исроил томони урушда 1400 дан зиёд одам йўқотган. 241 нафар исроиллик жиҳодчилар томонидан асоратда ушлаб турилибди.