Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги: Ғазода 18 608 киши ҳалок бўлди
Ғазонинг Хамас назоратидаги соғлиқни сақлаш вазирлиги уруш бошланганидан бери Исроил босқинидан қурбон бўлганлар ҳақидаги статистик маълумотларни янгилади: унга кўра, 18 608 киши ҳалок бўлди ва 50 594 киши яраланди.
Ушбу маълумотларни мустақил манбалардан тасдиқлаш имконсиз. Кўплаб халқаро, хайрия ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу рақамлар ҳақиқатга яқин деб ҳисоблайди..
Байден: Ғазонинг пала-партиш ўққа тутилиши туфайли Исроилга дастак камаймоқда
АҚШ президенти Жо Байден 12 декабрь куни Ғазо секторининг пала-партиш ўққа тутилаётгани боис Исроилга қўллов камайиб бораётганини билдирди. Байденга кўра, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу қарашларини ўзгартирса, яхшироқ бўлар эди. Reuters қайдича, бу сўзлар билан Байден АҚШ билан Исроил ўртасида юзага келган фарқли қарашларни намойиш қилган.
Ўз сайловолди кампанияси доирасида донорлар билан учрашув чоғида Байден тарафида айтилган бу фикрлар АҚШ президентининг Ғазо секторида уруш бошланганидан буён Исроил бош вазири ҳақида айтган энг танқидий мулоҳазаси бўлган. Reuters агентлигининг ёзишича, бу сўзлар 7 октябрь куни ҲАМАС экстремистик гуруҳи Исроилнинг жанубий ҳудудларига ҳужум уюштирганидан кейин Байденнинг Исроил лидери билан “сиёсий қучоқлашув”ига тамоман зид келади.
“Исроил хавфсизлиги Қўшма Штатлар дастагига асосланиши мумкин, бироқ айнан шу кунда Исроил фақат Вашингтон томонидан эмас, балки янада кенгроқ қўлловга эга. Исроилни Европа Иттифоқи, Европа, дунёдаги анчагина мамлакатлар қўллаяпти. Бироқ бу дастак амалга оширилаётган палапартиш ўққа тутишлар ва бомбардимонлар туфайли эрий бошлаяпти”, деган Байден.
Исроилнинг ҲАМАСга жавоб ўлароқ қаратилган ҳужумлари, Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 18 минг кишининг ўлимига, 50 минг кишининг яраланишига олиб келган. Бу эса гуманитар инқирозга сабаб бўлган.
Нетаняху: Исроилнинг Хон Юнисга ҳужуми яна бир ой давом этади
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху Исроил мудофаа кучлари Ғазо жанубидаги Хон Юнисда олиб бораётган ҳарбий амалиётлар яна бир ой давом этишини айтди,
Фаластин-Исроил можаросида ҳалок бўлганлар сони ҳар икки томон эълон қилган расмий маълумотларга кўра, 19100 дан ошди.
7 октабрдан бери Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида қурбон бўлган фаластинликлар сони 17700 нафарга етди, деб хабар берди Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Исроил томонидан 1200 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Исроил кучлари кеча ҳам Ғазога ҳужумларини давом эттирди. Минтақа жанубидаги Рафаҳ ва Хон Юнис каби шаҳарларда тутун кўтарилган.
Исроил ҳарбийлари Ғазо ва Жабалия шаҳарларига қилинган ҳужум акс этган тасвирларни намойиш қилди. Видеода исроиллик аскарлар Ҳамас жангарилари жойлашган биноларга ҳужум уюштиргани айтилади.
Шунингдек, Ҳамаснинг қуролли қаноти ҳисобланган Ал-Қассам бригадаси ҳам исроил ҳарбийлари ва техникаларига ҳужум видеосини ёйинлади. Видеода Ал-Қассам бригадаси жангчилари Исроил аскарларига миномётлар билан ҳужум қилгани кўринган.
БМТ Бош котиби ўт очишни тўхтатишга чақирди
Қатардаги Доҳа форуми очилиш маросимида нутқ сўзлаган БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш минтақада гуманитар вазият оғирлашиб бораётганини айтди:
«Гуманитар тизим қулаш хавфига дуч келяпмиз. Вазият фалокатга айланиб бормоқда, бу барча фаластинликлар ҳамда минтақа тинчлиги ва хавфсизлиги учун тиклаб бўлмас оқибатларга олиб келади».
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху Вашингтоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгашида гуманитар сулҳ резолюциясига вето қўйганини олқишлар экан,
«Исроил ҲАМАСни йўқ қилиш учун адолатли урушни давом эттиради» деди.
Вашингтон Исроилни тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун кўпроқ ҳаракат қилишга ундамоқда бироқ шу билан бирга Исроилнинг ўт очишни тўхтатиши ҲАМАСга фойда келтиради деган позициясини қўллаб-қувватламоқда.
Кеча Байден маъмурияти АҚШ Конгрессини четлаб ўтиб, Исроилга ўқ-дориларни фавқулодда сотишни маъқуллади