Бенямин Нетаняху: "Биз урушдамиз"
Фаластиннинг исломий ҲАМАС гуруҳи шанба куни Исроилга сўнгги йиллардаги энг йирик ҳужумини амалга оширди, ўнлаб одамлар ўлган ва Ғазо секторидан ракеталар отилар экан, қуролланган жангарилар Исроилга ўтди, деб хабар беради Reuters агентлиги.
Исроил томони Эрон томонидан қўллаб-қувватланган гуруҳ уруш эълон қилганини маълум қилди. Исроил армияси эса Ғазо сектори яқинидаги Исроилнинг бир қанча шаҳарлари ва ҳарбий базаларида жангарилар билан жанг кетаётганини тасдиқлаган. Бош вазир Бенямин Нетаняху эса бунинг учун жавоб қайтаришга ваъда берди.
"Душманимиз тушига ҳам кирмаган товон тўлайди, – деди у. – Биз урушдамиз ва унда ғалаба қозонамиз."
Исроилнинг N12 News нашри камида 100 исроиллик ҳалок бўлганини хабар қилди. Reuters фотографи жанубдаги Сдерот шаҳри кўчаларида ётган бир нечта жасадни кўрган.
Исроил ҳарбийлари Ғазо секторига ҳаво ҳужумлари билан жавоб берганини, гувоҳлар катта портлашлар эшитилгани ва кўплаб ўлик ва ярадорлар шифохоналарга етказилганини маълум қилган. Исроил ҳарбийлари билдиришича, денгиз флоти Исроилга денгиз орқали кирмоқчи бўлган ўнлаб фаластинлик жангариларни ўлдирган.
ҲАМАС раҳбари ўринбосари Солиҳ ал-Арурийнинг Ал-Жазира телеканалига айтишича, гуруҳ кўп сонли исроиллик асирларни, жумладан, юқори мартабали амалдорларни ушлаб турибди. Унинг сўзларига кўра, ҲАМАСда Исроилни ўз қамоқхоналаридаги барча фаластинликларни озод қилишга мажбурлаш учун етарлича асир бор.
N12 ва Reshet 13 нашрларига кўра, ҳарбийлар Ғазо секторида исроилликлар асирда ушлаб турилгани ва аскарлар ҳалок бўлганини тасдиқлаган.
Ғазо соғлиқни сақлаш расмийлари билдиришича, ҳаво ҳужумларида 198 фаластинлик ҳалок бўлган.
ҲАМАС ҳужумга Исроилнинг Ғарбий Соҳил Қуддусдаги ва Исроил қамоқхоналаридаги фаластинликларга қарши муносабати сабаб бўлганини айтди.
"Бу ер юзидаги сўнгги ишғолга барҳам бериш учун катта жанг куни", деди ҲАМАС ҳарбий қўмондони Муҳаммад Деиф операция ҳақида эълон қилар экан ва барча фаластинликларни жанг қилишга чақирди.
ҲАМАС Исроилни йўқ қилишни истайди.
Ғазо секторидан чегарани кесиб ўтган номаълум сонли ҲАМАС жангариларининг Исроилга мисли кўрилмаган даражада кириб келиши кузатилган.
“Исломий жиҳод” жангари гуруҳи ҳужумларга қўшилганини ва бир неча исроиллик аскарни асирда ушлаб турганини айтди. ҲАМАСнинг Telegram’даги каналида тарқатилган видеода жангчилар исроиллик аскарларни танкдан чиқараётгани акс этган.
Исроил матбуоти Исроил жанубидаги шаҳарларда Фаластин жангарилари тўдалари ва хавфсизлик кучлари ўртасида отишма бўлганини хабар қилди. Исроил полицияси раҳбари айтишича, Исроил жанубида "21 фаол саҳна" мавжуд.
Ғазо секторида одамлар яқинлашиб келаётган тўқнашув кунларини кутиб, зарурий маҳсулотларни сотиб олишга шошмоқда. Баъзилар уйларини ташлаб, бошпаналарга кетган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги тинчлик элчиси Тор Веннесленд Исроилга қилинган ҳужумларни қоралаб, “Бу хавфли жар ва барчани ундан чекинишга чақираман” дея огоҳлантирди.
Зўравонликлар Вашингтон ва бошқа Ғарб мамлакатлари томонидан ҳам қораланди.
“АҚШ ҲАМАС террорчиларининг Исроил фуқароларига қарши асоссиз ҳужумларини сўзсиз қоралайди. Терроризмни ҳеч қачон оқлаб бўлмайди”, деди Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Эдриен Уотсон.
Ғазо сектори яқинидан N12 News’га гапирган Дорин исмли аёл қуролланган шахслар унинг уйига кириб, у яширинган бомбапаноҳни очишга уринганини айтди.
"Улар яна келишди, илтимос, ёрдам юборинг, – деди у. – Кўп уйларни вайрон қилишди... Эрим эшикни беркитиб қўйди”.
Исроил мудофаа вазири Галлант “қўшинлар исталган жойда душманга қарши курашади” деди ва заҳирадагиларни чақиришга рухсат берди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган кадрларда шаҳар кўчаларидаги тўқнашувларни, шунингдек, жипларда юрган қуролланган одамлар қишлоқларда кетаётганини кўриш мумкин.
"Бизга киббутз ичида террорчилар борлигини айтишди, отишма овозини эшитяпмиз", деди Киббутз Биридан бўлган Двир исмли ёш аёл Исроил армияси радиосига.
ҲАМАС оммавий ахборот воситалари Ғазога олиб келинган исроиллик аскарлар жасадлари ва Исроил уйларида фаластинлик юрган жангарилар акс этган видеоларни намойиш этди.
Reuters бу кадрларни дарҳол тасдиқлай олмаган.
Ғазо секторида ракета отилгани овозлари эшитилган ва аҳоли жанубдаги Хон Юнис шаҳри яқинида Исроил билан ажратувчи девор бўйлаб қуролли жангарилар кўп ҳаракатланаётганини кўрганини айтишди.
Ғазодаги фаластинликлар Исроилнинг жавоби ҳужумига тайёрланмоқда.
"Қўрқяпмиз", деди фаластинлик аёл Амал Абу Дакка Хон Юнисдаги уйини тарк этар экан.
Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлиги “исроилликлар ва фаластинликлар ўртасидаги зўравонликни зудлик билан тўхтатишга” чақирди, дея хабар беради мамлакат ахборот агентлиги.
Эрон томонидан қўллаб-қувватланган Ливаннинг Ҳизбуллоҳ гуруҳи бу операция “Исроилнинг давом этаётган ишғолига кучли жавоб ва Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришга интилаётганларга сигнал” эканини айтди.
Эрон олий раҳбари Али Хоманаийнинг маслаҳатчиси фаластинлик жангариларни ҳужум билан табриклади.
Нетаняху: "Биз узоқ ва оғир урушга кирмоқдамиз"
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху якшанбага ўтар кечаси ҲАМАС гуруҳининг ҳарбий ва ҳукумат салоҳиятини йўқ қилишга қарши ҳарбий кампания бошлаш учун хавфсизлик кенгашидан рухсат олганини айтди. Ғазо секторидаги еттита ҳудуддаги тинч аҳолига отишма қурбони бўлмаслик учун уйларини тарк этиш тавсия қилинди.
Нетаняху халққа қилган мурожаатида, "Биз узоқ ва оғир урушга кирмоқдамиз. "Исроил фуқаролари, бу операция эмас, балки уруш. Биз ҲАМАСнинг қотиллик ҳужуми туфайли урушга киришга мажбур бўлдик" деди.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, “Темир қиличлар” ҳарбий кампаниясининг биринчи босқичи Исроил ҳудудига бостириб кирган ҲАМАС жангариларини йўқ қилишдан иборат ва у тез орада якунланади. Иккинчи босқичда Исроил Ғазо секторидан жангариларни тозалаш ва уларнинг қўмондонлигини йўқ қилиш, шунингдек асирга олинган исроилликларни озод этиш амалга оширилади.
Исроилда ҳалок бўлганлар сони 500, Фаластинда 300дан ортди
Шанба куни кечқурун ва якшанбага ўтар кечаси Исроил мудофаа кучлари Ғазо секторига интенсив артиллерия ҳужумларини бошлади. Фаластин манбалари Ҳамасга алоқадор ширкатларнинг офислари жойлашгани айтилаётган Ал-Ватан минораси вайрон қилингани ҳақида хабар бермоқда.
Шанба куни эрта тонгда Ғазода яна бир кўп қаватли бино вайрон бўлган эди - бу ерда кўплаб араб оммавий ахборот воситалари, жумладан, Ал-Жазира агентлигининг маҳаллий бюроси таҳририятлари жойлашган Ал-Галаа минораси. Бомбардимон бошланишидан олдин Исроил армияси бинолардаги тарк этишни огоҳлантирган.
Гувоҳларнинг ББCга айтишича, Ғазодаги ўнлаб оила ўз уйларини ташлаб, БМТ қошидаги мактабларда паноҳ топган.
Якшанба куни эрта тонгда Исроил расмийлари Ҳамаснинг мамлакат жанубидаги шанба кунги ҳужуми оқибатида 500 дан ортиқ киши ҳалок бўлгани ва 1500 дан ортиқ киши яраланганини маълум қилди.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фаластин томонидан 313 киши ҳалок бўлгани ва 2000 га яқин одам яраланганини маълум қилди. Иерусалем Пост хабарига кўра, 750 га яқин исроиллик бедарак йўқолган.
Исроил ҳудудига ракета ҳужумлари якшанбага ўтар кечаси ҳам давом этди.
Ашкелондаги турар-жой биносига ракета тушиши оқибатида кекса аёл жиддий жароҳат олди. Яна беш киши енгил жароҳат олган.
Эрталаб Исроил ҳудуди Ливандан ҳам миномётдан ўққа тутилгани хабар қилинган. Ҳужум учун жавобгарликни “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳи ўз зиммасига олди.
ЦАХАЛ Ливан билан чегарадош ҳудудларга жавоб зарбаларини бермоқда. Агар Ҳизбуллоҳ Исроилга қарши ҳужумга қўшилса, мамлакат икки жабҳада - жанубда ҲАМАС ва шимолда Ҳизбуллоҳ билан жанг қилишига тўғри келади.
Мамлакат жанубида Исроил хавфсизлик кучлари Сдерот шаҳрида жангарилар тўсиқ ўрнатган полиция биносини назоратга олишга муваффақ бўлди. Киббуце барча гаровга олинганлар озод қилинди. Офакимда гаровга олинган икки киши озод қилинди.
Фаластин тарафдорлари кучлари томонидан асирга олинганларнинг аниқ сони ҳозирча номаълум. Шанба куни ҲАМАС жангарилари ҳужумининг биринчи нишонларидан бири Ғазо сектори билан чегара яқинидаги Негев чўлида бўлиб ўтган Нова Фестивал мусиқа фестивали бўлди.
У ерда икки минггача исроилликлар, асосан ёшлар тўпланишган. Ҳужум чоғида кўплаб фестивал иштирокчилари ҳалок бўлди, қолганлари эса гаровга олиниб, Ғазо секторига олиб кетилди.
Исроилда захирадагиларни сафарбар қилиш эълон қилинди, қуруқликдан ҳужум бошлаш масаласи ҳал қилинмоқда. Тинч аҳоли касалхоналарда жабрланганлар учун қон топшириш учун навбатга туришибди.
БМТ ва халқаро ҳамжамият ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумини қоралади. Дунёнинг кўплаб шаҳарларида бирдамлик акциялари ўтказилмоқда.
Нетаняху ҲАМАСдан «қасос» олишга ваъда берди
Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху Фаластин жангариларининг Исроилга ҳужумидан сўнг, ҲАМАСдан «қасос олишга» ваъда берди. ҲАМАС гуруҳининг 7 октабр куни Исроилнинг қатор шаҳарларига ракеталар билан қилган ҳужумида 200 дан ортиқ исроиллик ҳалок бўлди, кўп сонли исроилликлар асирга олинган.
«Ҳамас барчамизни ўлдирмоқчи. Улар болалар ва оналарни ўлдираётган душман. Улар байрам қилаётган фуқароларимизни, болаларни қирғин қилди. Бугун содир бўлган воқеа Исроил тарихида бўлмаган ва бу бошқа такрорланмаслигига ишонаман. Бу бутун ҳукуматнинг қарори. Исроил мудофаа кучлари зудлик билан ХАМАСнинг имкониятларини йўқ қилиш учун бор кучини ишга солади. Биз уларни йўқ қиламиз ва улар бошимизга солган қора кун учун қаттиқ қасос оламиз”, деди Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху.
Нетаняху видеомурожаатида ҲАМАС исроиллик асирларнинг ҳаёти учун жавобгар бўлишини ва Исроил фуқароларига жабр қилган ҳамма билан ҳисоб-китоб қилишини айтди.
Исроил ҳам ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан Ғазога ракеталар ёғдирди. 250 дан ортиқ ғазолик ҳалок бўлган.
ҲАМАС ҳужумга Исроилнинг Ғарбий Соҳил, Қуддус ва Исроил қамоқхоналаридаги фаластинликларга қарши кучайган зулмлари сабаб бўлганини даъво қилмоқда.