Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:24

Жаҳонгир Позилжоновнинг президент мадҳ қилинган қўшиғи “Ўзбекконцерт” тасдиғидан ўтмаган


Клипдан кадр
Клипдан кадр

“Божалар” гуруҳи солисти Жаҳонгир Позилжоновнинг ZO’R-TV телеканали орқали 19 декабрдан бери намойиш қилинаëтган президент Мирзиëев мадҳ қилинган қўшиғи “Ўзбекконцерт” бадиий кенгаши тарафидан расмий рухсат олмаган.

Изнсиз мадҳия?

20 декабрь куни Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Мавлуда Асқархўжаева Жаҳонгир Позилжоновнинг “Менинг Президентим билан селфи” деган қўшиғининг ZO’R-TVда тегишли идоралар рухсатисиз намойиш қилинаëтганини билдирди.

Жорий қоидага кўра¸ Ўзбекистон ҳудудида ижро қилинадиган ҳар бир қўшиқ ëки мусиқий композиция “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси бадиий кенгаши томонидан кўриб чиқилиши шарт.

Ўзбекистон Бастакорлар ушмаси раиси Рустам Абдуллаевга кўра¸ бадиий кенгашдан изн олмаган қўшиқ¸ клип ëки мусиқий композицияларни омма олдида ëки эфирда ижро қилиш мумкин эмас.

Озодлик билан 20 декабрь куни гаплашган ZO’R-TV телеканали вакили “бадиий кенгашдан ўтмаган қўшиқнинг мавжуд қоидаларга истисно тарзида эфирга қўйилганини” тан олди.

Одатда эфирга кетадиган қўшиқлар ва қўшиқчиларнинг “Ўзбекконцерт” тарафидан лицензияси бўлишига жиддий қаралади. Бу сафар шунга қаралмабди¸” деди ZO’R-TV телеканали вакили.

Қўшиқни ижро қилган Жаҳонгир Позилжоновнинг ўзини Жавлон деб таништирган маъмури “клипнинг бадиий кенгашга тақдим қилинмасдан тўғри телеканалга берилганини” эътироф қилиш билан чекланди.

"Давлат рамзларидан рухсатсиз фойдаланилган"

Ўзбекистон Адлия вазирлиги ходими¸ блоггер Шаҳноза Тўрахўжаеванинг Facebookда ëзишича, қўшиқда “президент сиймоси ва давлат размзларидан рухсатсиз” фойдаланилган.

Ўзбекистон президенти маъмуриятига яқин мулозимнинг айтишича, “Позилжоновга мамлакат президенти сиймосидан ўз клипида фойдаланишга расман рухсат берилмаган”.

“Божалар” гуруҳи хонандаси Жаҳонгир Позилжонов томонидан куйланган “Менинг Президентим билан селфи” деб номланган клип икки ўғил ва икки қизини ëнига олган қўшиқчи чорлови билан бошланади.

Бугун мен фарзандларим билан, менинг президентим билан селфи қилмоқчиман. Агар менинг фикримга қўшилсанглар, сизлар ҳам селфи тушиб, хештег Менинг президентим деб Instagram оламида “отметка” қилишингиз мумкин. Интернетда кўришгунча, азиз дўстлар!”¸ деб бошланади қўшиқнинг кириш қисми.

Клипнинг бошидан то охиригача¸ шоу бизнес вакилларининг президент портрети олдида тинимсиз селфига тушаётгани тасвирланган.

Қўшиқ матнини ким ëзгани номаълум. Қофия¸ вазн каби шеър қоидаларидан мосуво бўлган матнда “Ҳар куни эринмай, халқ ичида юрган президентим билан селфи” деган сўзлар такрорланади.

“Шармандали марш”

Блоггер Шаҳноза Тўрахўжаева бу “қўшиқ”ни “шармандали марш” деб атади.

Тўрахўжаева Facebookда саҳифасида¸ ”Жаҳонгир Позилжонов ва жамоаси ўзбекларни шарманда” қилаяпти¸ деб ëзди.

Болаларини қўшибди, президентни қўшибди ва шармандалик маршини куйлабди. Президент имижи ― ҳар бир фуқаронинг, (менинг ҳам) бир қисми, юзи, номуси, шарафи. Унга масъулият билан қараш керак, шахсий амбициялари йўлида ундан фойдаланиш ― калтабинлик!” деб ëзди блоггер.

Унга кўра¸ Позилжонов “бунақа ялтоқланиш билан нафақат ўзи, балки Ўзбекистон президентининг ҳам имижини булғайди.”

Ижтимоий тармоқдаги аксарият блоггер ва юзерлар мадҳия қўшиқни салбий қаршилади.

Тармоқнинг ўзбек сегметида президент Мирзиёев сиёсатига мойил қатлам ҳам Позилжоновнинг янги клипини ижирғаниш билан қабул қилгани кузатилди.

«Сизни мақтаган одам сизнинг душманингиз эканига ишонамиз. Сизни ашаддий душманларингиз билан таништирамиз.», дея ёзди президентга журналист Каримберди Тўрамурод «Селфи» клипини далил ўрнида келтириб.

«Немислар «Менинг фюрерим!» дея¸ ёки руслар «Доҳий Сталин!» дея куйлашганида, миллионлар қонини тўккан шахсга сиғинишган. Позилжонов қўшиғида бор-йўғи курсига сиғинаяпти. Ўзбекистондаги президент курсиси ҳам мустабидлар ўтирадиган шундай фетишга айланган»¸ деб ëзди Facebook фойдаланувчиларидан яна бири.

2017 йилнинг 3 июнь куни бошқа бир хонанда - Дилфуза Исмоилованинг “Султонимиз омон бўлсин!” дея Мирзиёевга бағишлаган қўшиғи президент девони (бугунги кунда администрацияси -таҳр.) томонидан тақиқланган эди.

«Сен ўзинг сиёсатни тушунмасанг, мамлакатда бўлаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини билмасанг, нима қиласан сиёсат хақида ашула айтиб? Шеър деб бўлмайди ёзган шеърини. Адабиётнинг остонасига энди кириб келган одам ҳам бунақа шеър ёзмайди!” деган эди ўшанда «Ўзбекконцерт» бирлашмасида махсус мажлис ўтказган Ўзбекистон президенти девони вакили Минҳожиддин Мирзо.

Исмоиловаанинг бу клипи телевидение орқали намойиш этилмаган, интернет тармоғидан ҳам ўчириб юборилган эди.

«Менинг президентим» деган қўшиғи эфирга берилаëтган «Божалар» гуруҳи солисти Позилжонов президент Каримов ўлгани ҳақидаги хабар тарқалган 29 август куни «Додамиз ўлмаган!» дея селфи тарқатган эди.

XS
SM
MD
LG