29 декабрь куни Жанубий Кореянинг Муан халқаро аэропортида йўловчи самолёти қўниш вақтида шассиси очилмай қолган ва учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетиб, тўсиққа бориб урилган. Айни дамга келиб, авиаҳалокат оқибатида камида 177 киши ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда. Воқеа жойида қутқарув хизматлари ишламоқда.
Жанубий Корея транспорт вазирлигига кўра, бортида 181 йўловчи бўлган "Жежу Эйр" лайнери Таиланд пойтахти Бангкокдан маҳаллий вақт билан эрталабги соат 9 да Жанубий Кореянинг Муан халқаро аеропортига етиб келган ва қўниш вақтида ҳалокатга учраган.
Бу Жанубий Корея тарихида сўнгги 30 йил ичида рўй берган энг йирик авиаҳалокат экани айтилмоқда.
ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ҳодиса акс этган кадрлар тарқалмоқда.
Муан ўт ўчириш хизмати бошлиғи Ли Жунг Хённинг айтишича, ёнаётган самолётнинг дум қисмидан икки нафар экипаж аъзоси қутқариб олинган.
"Ёнғин соат 13:00да ўчирилди. Фақат дум қисми бироз шаклни сақлаб қолган, самолётнинг қолган қисмидан деярли асар қолмаган", деган у.
Расмийлар яқин атрофдан жасадларни қидирмоқда, дея қўшимча қилди Ли.
Маҳаллий соғлиқни сақлаш маркази икки экипаж аъзоси ўрта ва оғир даражадаги жароҳатлар билан касалхонага ётқизилганини маълум қилди.