Фарғонадаги жин чиқариш маросими. “Жин чалган” одам кўрпага ўраб қўйилган. Мулла дуо ўқияпти.
Баъзан бундай маросимларда беморга жисмоний босимлар ўтказилади, калтакланади.
Калтаклар қақшатқич бўлиши ҳам мумкин. Ижтимоий тармоқларда бундай ўнлаб видеолар бор, тиббий маълумотга эга бўлмаган жин ҳайдовчи табиблар тармоқлар орқали ўз тарғиботини фаоллаштиргани кузатилади.
Тошкент вилоятида бундай маросим аянчли якун топди.
Оққўрғон туманида икки эркак "жин чиқариш" пайтида бир аёлни ўлдириб қўйди.
Оққўрғондаги суд гумондорларни фирибгарлик ва эҳтиётсизликдан одам ўлдиришда айбдор деб топди.
Маросим иштирокчиларидан бири икки ярим йилга, иккинчиси эса уч йилга озодликдан маҳрум этилди.
Бир ҳафта ўтиб эса жин чиқариш вақтида аёлни ўлдирган эркакларга қарор чиқарган судья жаримага тортилди.
Мазкур суд қарори матнида бир қатор грамматик хатолар, яъни жумлалар бир-бирига мос келмаслиги ҳолати кузатилган.
Қайд этилишича, мазкур суд ҳукми ёзилишида жиддий эътиборсизликларга йўл қўйилган, хусусан, судьянинг бепарволиги оқибатида ҳукмнинг лойиҳа варианти "E-XSUD" электрон базасига киритилган.
Шу сабабли, ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилоят судлари судьялари малака ҳайъати томонидан хизмат текшируви тайинланган.
Ҳодиса ўтган йил ёзида содир бўлган, жин чиқарувчилар аёлга бир соат давомида дуо ўқишган, аммо "иш қийин бўлганлиги сабабли" занжир, болға каби буюмлар билан беморни калтаклашган.
Маросимда аёлнинг қариндошлари, жумладан, унинг эри ҳам қатнашган.
Жабрланувчи қийноқлар оқибатида қовурғаси синиши, аъзоларининг ёрилиши ва ички қон кетиши сабаб ҳаётдан кўз юмган.
Жин чиқариш пайти ўлим ҳолатлари Ўзбекистонда бундан олдин ҳам кузатилган.
"Қуръоний шифо" деб ҳам аталадиган руҳий шифо араб ва мусулмон дунёсида кенг тарқалган амалиётдир. Хусусан, Ўзбекистонда кўпинча "жин чиқарувчилар"га аёллар мурожаат қилиши айтилади.
Исломдан аввал ҳам мавжуд бўлган жин чалиш инончи ва уни ҳайдаш амалиёти Ўзбекистонда кенг тарқалган.
"Қайсар жинлар бўлади, улар уриб чиқарилади"
Анъанавий жин ҳайдаш амалларида мулла дуо ўқиб “жин чалган” одамни елкаси ё бошига уради.
Қўқонлик Ғайратжон қори жин ҳайдаш бўйича Фарғонада танилган муллалардан.
“Жин кирган бўлса чиқариш қийин бўлади. Қуръон, ҳадислар ўқиб уни чиқаришга ҳаракат қиламиз. Қайсар жинлар бўлади, улар уриб чиқарилади. Оғриқ етадиган даражада урилмайдию, жин чалган одамни елкасига қоқиб чиқарилади”, дейди Ғайратжон қори Озодлик билан суҳбатда.
Жин чиқариш тадбири акс этган бошқа бир видеода беморнинг елкасига чойшаб бостирилган, чойшаб устида мулла олов ёқмоқда.
Мулланинг айтишича, жин гўё оловдан қўрқади, олов таъсирида чиқиб кетади.
Айни пайтда ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида тиббий маълумотга эга бўлмаган жин ҳайдовчи табиблар ўз тарғиботини фаоллаштиргани кузатилади.
Facebook¸ Одноклассники¸ YouTube каби тармоқларда юздан ортиқ жин ҳайдовчи муллалар саҳифаси мавжудлигини кўрамиз.
Видеоларнинг ҳақиқий ёки сахналаштирилганлигини текшириш имконсиз.
Хизматлар нархи бир ташриф учун 200 АҚШ доллари атрофида.
Бу табиблар тармоқлардаги саҳифаларида жин чиқариш баробарида саратон¸ қандли диабет¸ вирусли гепатит ва аëллар бепуштлиги билан боғлиқ касалликларни “тез ва самарали даволаш"ни ваъда қиладилар.
Озодлик мухбири Facebook саҳифасида “Жин чиқариш терапияси билан шуғулланиши"ни айтган шахс билан суҳбатлашди.
“Ҳамма касалликларга вужудга кириб олган жинлар сабаб бўлади. Бу жинларни дуолар ўқиб қувлаб чиқарамиз”, дейди исмини очиқламасликни сўраб табиб.
Баъзида табиблар ёрдам берамиз деб, беморга зарар етказиб қўйишади.
Уч йил аввал ижтимоий тармоқларда ўзини "дунёдаги энг кучли Рашид табиб” дея танитиб, минглаб касалларни фақат суяк уни ва товуқ пати кукуни билан даволашга уринаётган қорақалпоғистонлик Рашид Картбаев беморлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари маломатига қолганди.
Бир неча юз минг сўм пул эвазига табибнинг суяк унини сотиб олган беморлар бундан соғлигига фақат зиён етгани ҳақида Телеграмдаги махсус канал орқали шикоят қилиб чиқишган.
Тахиатош туманилик аёл эса, табибнинг товуқ пати кукунидан оқ қон касалига чалинган қизи аҳволи оғирлашиб қолгани, кейин эса нобуд бўлганини маълум қилган.
Ундан олдин Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида Ҳасан домла деган табиб "минг дардни даволагани" ҳақида гаплар пайдо бўлган.
Тармоқларда тарқалган реклама роликларига ишониб нафақат Ўзбекистоннинг ўзи, балки қўшни мамлакатлардан ҳам беморлар шифо илинжида табиб уйи олдига тизилишган эди.
Кейинчалик унинг "сохта табиб"лиги фош бўлгач одамлар бормай қўйишган.
Оккультизм-афсун, шунингдек диний маросимлар орқали касалликларни даволаш халқ табобати ҳисобланмайди.
ССВ: Товламачилардан эҳтиёт бўлинг!
Бу меъёр Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 29 декабрда 3111-рақам билан рўйхатдан ўтказилган “Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият кўрсатиш тартиби ва ҳажмлари тўғрисида”ги низомда белгилаб қўйилгани ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилган.
Вазирлик шундан келиб чиққан ҳолда, аҳолини “муқаддас динимиз номидан фойдаланиб, сохта обрў орттиришга уринаётган товламачилардан эҳтиёт бўлишларини ва ўз соғликларини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз”, дея огоҳлантирган.
Табибларга мурожаат қилган аёллар баъзи ҳолатларда жинсий тегажоғлик қурбони бўлган ҳолатлар ҳақида хабар қилинган.
Беш йил аввал мулланинг эски китоблар қўйилган хонтахта ёнида қип-яланғоч аҳволда ёш аёл билан интим ҳолатда ўтиргани акс этган видео тармоқларда тарқаганди.
Видеодаги домла туғмас аёлларга дам солиш билан бутун вилоятга донғи кетган "куф-суфчи" мулла эди.
Мутахассислар фикрича, Ўзбекистонда сифатли тиббий хизматнинг етишмаслиги одамларни муқобил, баъзида шубҳали усуллардан шифо излашга ундамоқда. Чорасиз беморлар орасида фирибгарлик ва бошқа турдаги жиноят қурбони бўлаётганлар ҳам оз эмас.
“Ўзбекистонда сифатли тиббий хизмат йўқлиги одамларни ҳар хил табиб, жин чиқарувчи муллаларга бориб дармон излашга мажбур қиляпти. Бу олдин ҳам бўлган, лекин ҳозир кўпайди. Келини туғмаса гинекологга эмас, табиб, муллага олиб боради. Рухий ҳасталиги бўлса жин чалибди, деб муллага ўқитишга олиб боради. Бу аслида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизими нақадар абгор эканини кўрсатади”, дейди фарғоналик фаол Абдусалом Эргашев.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Ироқнинг Курдистон вилоятидан бўлган Мулло Маҳмуд Ҳасан Али Калак Курдистоний Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига бориши ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Тармоқларда тарқалган маълумотларда ўзининг “табиб экани”ни айтган Курдистоний Қуръон оятларини ўқиган ҳолда ҳатто СПИД, саратон каби дардлардан халос қила олиши, кўрларнинг кўзини, карларнинг қулоғини очиши иддао қилинади.
Курдистоний "Ўзбекистонга келишидан аввалроқ етарлича шов-шув кўтарилди ва ўзига хос замин яратилди. Натижа кутилганидан ҳам аъло бўлди – дардига даво топмаган юзлаб беморлар унга ёпишди, йўлларини тўсиб йиғлади, ҳаттоки тавоф қилиб юборди".
Олдинроқ Марғилон шаҳрида ноқонуний табиблик билан шуғулланган Эрали Шералиев “муолажаси” сабабли бир бемор ўлгани ортидан “табиб” жиноий жавобгарликка тортилганди.
Суд тиббий экспертизаси хулосасига кўра сохта табиблар қўллаган “даволаш” усули беморнинг марказий нерв тизими, қон айланиши, нафас ва модда алмашинувини издан чиқарган, бош мия шишишига олиб келган.
2017 йилда Бухорода тракторчидан чиққан “кароматгўй” табиб қўлга олиниб иши судга оширилди.
Форум