Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:01

Жиззахда олтин изловчиларни тупроқ босиб қолди: 2 киши ўлди, яна 2 одам шифохонада


 Гувоҳларга кўра, ҳодиса “Саъд ибн Абу Ваққос” зиёратгоҳи яқинидаги тепаликда содир бўлган
Гувоҳларга кўра, ҳодиса “Саъд ибн Абу Ваққос” зиёратгоҳи яқинидаги тепаликда содир бўлган

26 январь куни Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Авлиё қишлоғидаги ташландиқ конда ноқонуний равишда олтин излаш билан шуғулланган 4 йигитни тупроқ босиб қолди.

Олтин изловчилардан икки нафари воқеа жойида ҳалок бўлган, икки киши касалхонага ётқизилган, улардан бирининг аҳволи оғир экани айтилди.

Ҳодиса юзасидан туман прокуратураси тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Авлиё қишлоғидаги фожиа

Ҳодиса 26 январь куни кечқурин Ғаллаорол туманидаги Авлиё ҚФЙ ҳудудида жойлашган “Саъд ибн Абу Ваққос” зиёратгоҳи яқинидаги тепаликда содир бўлган.

Гувоҳлардан бирининг айтишича, ўнга яқин йигит тепаликка олтин излаб борган пайти улардан тўрт нафарини тупроқ босиб қолган.

“У ерда аввал геологлар қазган ташландиқ конлар бор. Қишлоқдаги йигитлар ўша жойга бориб олтин излашади. Ўша куни тупроқ ўпирилиб, тўрт йигит унинг тагида қолиб кетган. Шериклари уларни қутқаришга ҳаракат қилган ҳамда ёрдам сўраб қишлоққа хабар беришган. Кўпчилик бўлиб, уларни ковлаб олишган. Мен уларни Тез ёрдам машинасига ортаётган пайти кўрдим”,- деди Авлиё қишлоғида яшовчи йигит аноним қолиш истагида.

Ғаллаорол туман марказий шифохонасидан олинган маълумотга кўра, тупроқ тагида қолган тўрт йигитнинг иккитаси касалхонага ўлик ҳолда келтирилган.

“Иккитаси ўлик ҳолда келган ва сразу моргга ўтказилган. Яна иккитаси касалхонага ётқизилган. Улардан бирининг қўл ва оёқлари синган экан, у операция қилинган. У ҳозир реанимация бўлимида ётибди, аҳволи жиддий. Иккинчиси режали жарроҳлик бўлимига ётқизилган, унинг боши ёрилган, аҳволи қониқарли, жароҳати жиддий эмас”, - деди касалхона ходимларидан бири.

Авлиё ҚФЙдан олинган маълумотга кўра, тупроқ тагида қолиб ўлганларнинг иккаласи ҳам ҳали уйланмаган ёш йигитлар бўлган.

ҚФЙ фаолларидан бири қишлоқ аҳли орасида яширинча олтин излаш билан шуғулланувчилар борлигини яширмади.

“Бу тепаликда олтин намуналари топилган. Илгари геологлар келиб, қазиш ишларини олиб борган. Бироқ топилган олтин миқдори жуда камлиги учун давлат қазиш ишларини тўхтатган. Икки йилча аввал Маржонбулоқ тарафдан келган йигитлар яширинча тепаликда олтин излашни бошлади. Кейин бизнинг қишлоқ йигитлари ҳам улардан ўрганиб, ярим кечаси олтин излаш учун тепаликни ковлай бошлади. Бу ерлар давлат муҳофазасига олинган. Участковойлар назорат қилиб туришади. Ўтган йили 5-6та йигитни ушлаб, 6 миллион сўм жаримага тортдик. Лекин улар барибир ноқонуний равишда олтин излашни тўхтатмаяпти”,- деди Авлиё ҚФЙ фаолларидан бири.

Унинг айтишича, 26 январь кунги ходиса бўйича Ғаллаорол туман прокуратураси ва туман ИИБси суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Ғаллаорол туман ИИБси ушбу ҳодиса прокуратурага ўтказилганини билдирди. Туман прокуратура бўлимидан бирор маълумот олиш имкони бўлмади.

Авлиё қишлоғида яшовчи бир қариянинг айтишича, ишсизлик сабаб қишлоқ аҳли ноқонуний ишларга ҳам қўл уришга мажбур бўляпти:

“Тепаликда олтин излаганларни ушлаб, штраф қилгач, болалар у ерга бормай қўйганди. Бироқ пандемия сабаб ҳамма ишсиз қолиб, молиявий етишмовчилик кучайди. Шунга болалар мажбурликда яна олтин излашга чиққан”.

Сариқ ажал

Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам ғайриқонуний равишда олтин қазиш билан боғлиқ фожиалар кузатилган.

2019 йилнинг 17 сентябрь куни Навоий кон-металлургия комбинатининг Пахтачи туманидаги Қорақўтон олтин кони ташландиқ шахтасида ғайриқонуний олтин қазиётган уч кишини тош босиб қолган эди.

Ёши 30лардаги, оилали кончи йигитларнинг икки нафари ҳалок бўлган, бири оғир аҳволда туман касалхонасига ётқизилган.

2018 йилнинг январида Қорақўтанда ғайриқонуний олтин қазиш билан шуғулланган 30 киши кон остида қолган, улардан бири ҳалок бўлганди.

Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг қимматбаҳо металларни қазиб олиши президентнинг 2018 йил 26 ноябрдаги “Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тартибга солинади.

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан берилади.

XS
SM
MD
LG