Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:54

Жиззах вилоятидаги қурилиш тендерлари юзасидан жиноят иши қўзғатилди


Жиззах шаҳрида 10 январь куни қулаб тушган уй
Жиззах шаҳрида 10 январь куни қулаб тушган уй

Жиззах вилоят прокуратураси томонидан вилоятдаги қурилиш обеъктларида тендер, танлов савдолари ва нархларни шакллантириш иши бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг 22 январдаги хабарига кўра,
вилоят ҳокимининг собиқ ўринбосари Акрам Раҳмонқулов, тендер комиссияси мансабдорлари ва қурилиш компаниялари раҳбарлари жавобгарликка тортилган.

Улар "ўзлаштириш", "мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш" ва "мансаб сохтакорлиги"да айбланмоқда.

Хабарда айтилишича, терговолди суриштирувлари Жиззах вилояти ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» Qurilish Ta’minoti, J-Quruvchi ва Abduvohid Qurilish Ta’mir ширкатларига 292,1 миллиард сўмлик давлат буюртмаларини ўзлаштиришга кўмаклашганини ўртага чиқарган.

А. Раҳмонқулов бошчилигидаги тендер комиссияси танланган ширкатларга тендер савдоларида юқори балл ва кўрсаткичлар бериб, уларнинг танловда ғолиб бўлишини таъминлагани айтилади.

Шу йилнинг 15 январида президент Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Юнусобод туманига ташрифи чоғида Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари ва унинг командасининг “президент сиёсатига хиёнат қилгани” ва жавобгарликка тортилишини айтганди.

Президент Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга вазиятни назоратга олиш ва уларга нисбатан чора кўриш ҳақида кўрсатма берган.

10 январь куни Жиззах шаҳрида янги қурилаётган олти қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушган эди. Ҳодисада, расмийларга кўра, ҳеч ким жабрланмаган. Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилганидан бир кун ўтиб, Бош прокуратура бинонинг қулаши юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.

15 январь куни Қурилиш вазири Ботир Зокиров Жиззах шаҳридаги бинонинг қулашига қурилишдаги "ўғриликлар" сабабчи эканини айтганди.

“Пудратчи ташкилотнинг хаёли ўғрилик бўлган... Қурилиш конструкцияларида ишлатиладиган бетон маркаси 250-300-400 бўлади. Бу ҳолатда бетон маркаси 3-4 бараварга туширилган. Шунинг учун устунларнинг кўтариш имкони йўқ» деб айтган вазир.

Ўтган йили Сардоба сув омбори тўғонининг ёрилиши ортидан президент Мирзиёев "қурилишларда коррупция ҳоллари кўп" эканини айтганди.

XS
SM
MD
LG