Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:52

Калифония АҚШда биринчи бўлиб янги уйларга қуёш панеллари ўрнатиш талабини киритди


Калифорния зарарли газларнинг ҳавога чиқишини камайтириш мақсадида янги қуриладиган уйлари томига қуёш панеллари ўрнатилишини талаб қилиб қўяётган илк Америка штати бўлди.

Штат Энергия комиссияси вакилининг айтишича, унинг барча аъзолари бир овоздан маъқуллаган бу талаб 2020 йил 1 январидан қонуний кучга киради.

− Бугун жуда муҳим нарса учун овоз бердик. Биз биринчи бўлдик, аммо охирги бўлмаймиз, − деди комиссия аъзоси Дэвид Ҳочшилд янги ҳужжат қабул қилингандан кейин.

Мазкур режага кўра, бундай уйларни олувчиларнинг ипотека кредити ойига 40 долларга ошади¸ аммо уйни иситиш, совитиш ва ёритиш харажатларидан ойига 80 доллар тежалади.

Комиссия аъзолари яқин келажакда бошқа штатларнинг ҳам Калифорния изидан боришига умид билдирди.

− Ушбу стандартлар асосида қурилган бинолар ҳар қачонгидан кўра тежамкор бўлади¸ айни пайтда¸ ишончли ëнилғи тизимига эришади. Калифорнияликлар сотиб олаётган ва яшаётган бинолар ўз тоза электр қувватини ишлаб чиқариш орқали эгаларига фойда келтиради¸ деди комиссия аъзоси Эндрю МакАллистер тарқатган баёнотида.

Режага асосан, қуëш нури тушмайдиган уйлар томига қуёш панеллари ўрнатиш мажбуриятидан озод этилади.

Танқидчилар янги уйларга қўлланадиган технологиялар улар нархини 10 000 долларгача қимматлаштириб¸ шусиз ҳам турар-жойлар етишмаслиги ва қурилиш нархи жуда қимматлигидан азият чекаëтган Калифорниядаги кўчмас мулк бозорини янда қимматлаштиришини айтмоқда.

Калифорния узоқ йиллардан бери иқлим ўзгаришига қарши курашда АҚШда етакчилик қилаëтган штат ва бу штатда зарарли газларнинг ҳавога чиқишини камайтиришга қаратилган кескин қонунчилик мавжуд.

Штат 2030 йилга бориб электр қувватининг 50 фоизини қайта тикланадиган энергия манбаларидан олишни кўзламоқда.

XS
SM
MD
LG