Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:12

Ҳокимни бир уриб ағдарган фермер 8 суткага қамалди


Бухоро вилояти Олот тумани ҳокими Шерали Саломов туман фаоллари билан бўлган йиғилишда маҳаллий фермерлардан бирини ҳақоратлаб калтаклай бошлагандан сўнг, фермер ҳам уни бир муштлаб ерга ётқизиб қўйди. Ҳоким фермерни саккиз суткага қаматди. Олотлик манбаларнинг айтишларича, бу сўконғич ва уронғич ҳокимнинг биринчи бор калтак ейиши эмас. Бундан аввал ҳам Олот ҳокими баъзи тадбиркор ва фермерларни сўкиб ургани учун калтак еган.

Бир ҳафта бурун Олот тумани ҳокимиятида бўлган йиғилишда ҳоким Шерали Саломов маҳаллий фермерлардан бири Баҳодир Шариповни урганидан сўнг, ўзи ҳам калтак еди.

Шу йиғилишда қатнашган фермерлардан бирининг исми сир қолиш шарти билан Озодликка айтишича, жанжал фермер “ўз жойида” ўтирмагани сабабли бошланган:

“Мен ҳам шу йиғилишда қатнашдим. Фермерлар, қишлоқ, маҳалла оқсоқоллари, туман ҳокимлиги мулозимлари бор эди. Фермер Баҳодир Шарипов биринчи қаторда сақич чайнаб ўтирган экан. Ҳоким нега йиғилишда сақич чайнайсан, нега сен ҳокимият мулозимлари ўтирган жойда ўтирибсан деб, ҳақорат қила бошлади. Фермер ҳам бир нарса деган эди, бу ёққа чиқ, деди. Баҳодир тепага, ҳокимнинг олдига чиқди. Шунда ҳоким онадан сўкиниб, фермерни уриб кетди. Баҳодир ҳам полвон йигитлардан, бирпас калтак еганидан сўнг қарсиллатиб ҳокимни қулоғининг тагига туширди. Ҳоким гуп этиб йиқилди. Энди бориб тепмоқчи бўлган эди, ҳокимнинг югурдаклари ажратиб олди”, деди фермер.

Манбанинг айтишича, шундан сўнг ҳоким туман ички ишлар бўлими бошлиғига буйруқ бериб, Баҳодир Шариповни саккиз суткага қаматган.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир олотлик фермер ҳам шундай воқеа бўлганини тасдиқлар экан, ҳоким Шерали Саломов сўконғич ва уронғичлиги учун биринчи бор калтак емаётганини айтди:

“Ҳоким ўзи Қоракўл туманидан. 1977 йил туғилган. Олдинги вилоят ҳокими Самойдин Ҳусейнов бир тўрт йилча олдин келтириб қўйган эди. Олти ойча яхши ишлади, кейин ўзидан кетиб, ҳаммани уриб сўкадиган қилиқ чиқарди. Илк бор СНБдан пенсияга чиққан, бир қанча заправкалари бор, ўзига тўқ Зайни ака деган тадбиркор билан унинг заправкасида жанжаллашиб қолган. Тадбиркор ҳоким уни онасидан сўккани учун роса урган. Ҳоким уни қаматаман деб ҳаракат қилди, лекин қаматолмади. Иккинчи бор, ҳоким тумандаги илғор фермерлардан бири Юнус Қиличевни ҳақоратлаганда, фермер уни роса урган. Ҳоким уни мелисахонага қаматиб, қўлларини наручник билан боғлаб қўйиб, аламини олиб роса калтаклаган. Юнус ҳам 15 сутка ўтириб чиқади. Яна бир бор, ҳокимиятнинг залида ҳеч ким йўқ пайтда бир йигит ҳокимни роса уриб қочиб кетган дейишади. Ҳозиргача у йигитни топишолмаган”, деди фермер.

Исми сир қолишини сўраган маҳалла оқсоқолларидан бирининг айтишича, туман ҳокимининг оғзи шалоқлиги ва уронғичлиги сабаб қишлоқ ёки маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари мажлисга боришдан зада бўлиб қолган:

“Ҳокимнинг ғалати феъли бор. Агар кайфияти бўлмаса, бир нарсадан айб топиб дуч келган одамини ҳақорат қилади ёки уради. Мажлисларга боришдан безиб қолганмиз. Турғизиб қўйиб дуч келган жойимизга уриб тепади. Буни мелисани бошлиғи ҳам, прокурор ҳам кўриб ўтираверади. Бир нарса деёлмаймиз, чунки қаматиб юборади. Бир куни 70 яшар маҳалла оқсоқолини урганини ҳам ўз кўзим билан кўрганман”, деди маҳалла оқсоқолларидан бири.

Ўзини Олот тумани ҳокимининг ёрдамчиси Аҳтам деб таништирган мулозим, ҳоким билан фермер ўртасида муштлашув бўлганини тасдиқлади:

- Фермер маст ҳолда залда жвачка чайнаб ўтиряпти. Ҳоким жвачкангни ол оғзингдан деса, олиб залга отяпти. Ҳоким тушиб уни залдан чиқ деяпти, у чиқмаяпти. Кейин ҳокимнинг ўзи уни итариб, ҳайдаб чиқаряпти. У эса ҳокимни сўкиб уряпти. Уч сутка ётиб чиқиб кетди, деди ҳоким ёрдамчиси.

Олот тумани аҳолиси ҳокимнинг халқ манфаатларини оёқ ости қилаётганидан доим арз қилиб келади.

2014 йилнинг апрель ойида ҳоким Шерали Саломов буйруғи билан Давлатбой, Кўкча қишлоқларида яшовчи мингдан ортиқ хонадоннинг томорқасига экилган картошка, буғдой ва бошқа экинлар бир куннинг ўзида ҳайдаб ташланган эди.

Аҳолига томорқа сифатида бундан 22 йил олдин берилган ерлар зўрлик билан тортиб олинишига қарши билдирилган норозилик, милиция ходимлари томонидан аёвсиз бостирилган эди.

Муштумзўр ҳокимлар

Ўзбекистонда ҳокимларнинг ўз қўл остидаги раҳбарларни ҳақоратлаб, калтаклаш ҳолатлари кўп учрайди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов "халқ билан суҳбат"ларида бирида ҳокимлар зўравонлигини қоралаган эди:

“Албатта¸ катта бир мушт билан бошқарадиган одам раҳбар шахс пайдо бўлса, шу тартиб ўрнатадиган гаплардан бутунлай воз кечамиз энди, барака топгурлар. Кучли мушт кўтарадиган, зўравонлик қиладиган ўзининг савлати билан ҳаммани қўрқитадиган одамлар энди бўлмайди Ўзбекистонда!”, деган эди Ислом Каримов.

Гарчи Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўз чиқишларида муштумзўр дамбадам танқид қилиб турса ҳам, бундай зўравонликлар ҳамон давом этиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG