Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:44

Қамоқдаги қирғиз фаоллари Кампиробод масаласида Мирзиёевга мурожаат йўллади


Кампиробод сув омбори.
Кампиробод сув омбори.

Қирғизистон Жўғўрқу Кенешнинг тармоқ қўмитаси Кампиробод сув омборини биргаликда бошқариш бўйича Қирғизистон-Ўзбекистон ҳукуматлараро битими лойиҳасини маъқуллади.

Бу парламентнинг Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси томонидан сув омбори бўйича қўллаб-қувватланган иккинчи ҳужжатдир. Ҳар икки ҳужжат ҳам мухолифатнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Бунгача қўмита Қирғизистон-Ўзбекистон чегараси бўйича икки томонлама шартнома лойиҳасини маъқуллаганди.

Бу орада “Кампирободни ҳимоя қилиш” қўмитаси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллади. Мурожаатда Мирзиёевдан келишувни имзолашни Кампиробод масаласи атрофидаги баҳсли масалаларга ойдинлик киритилгунига қадар кечиктириб туриш илтимос қилинган.

Мухолифатчилар битимга қарши овоз берди

31 октябрь куни Жўғўрқу Кенешнинг Халқаро ишлар, мудофа, хавфсизлик ва миграция бўйича қўмитаси Кампиробод сув омборини биргаликда бошқариш бўйича Қирғизистон-Ўзбекистон ҳукуматлараро битими лойиҳасини маъқуллади.

Ёпиқ мажлисда овоз бериш чоғида депутатлар Aдахан Мадумаров, Чингиз Aйдарбеков ва Нуржигит Қодирбеков норозилик билдириб чиқиб кетишди. Aдахан Мадумаровнинг журналистларга айтишича, келишув лойиҳасида Қирғизистон учун анча оғир шартлар белгиланган.

Адахан Мадумаров.
Адахан Мадумаров.

“Улар Кампиробод сув омборидан биргаликда фойдаланиш бўйича шартнома тузишибди. Бу "Мен сизнинг ҳовлингизга кирдим. Мен сизнинг ҳовлингизда яшайман, лекин сиз менинг шароитимга мослашасиз", - деган маънони англатади. Бу жуда қаттиқ дискриминация. 11 моддадан иборат саводсиз битим тузишибди. Биз сув билан таъминлашимиз керак экан. Сувни тозалаб ҳам беришимиз керак экан. Сув 900-горизонтал даражадан ошмайди деяптилар. Йўқ, келишувда форс-мажор вазиятларда ундан ошиб кетиши мумкинлиги ҳам айтилаяпти. Ўзбекистон ҳеч қачон музокараларда Қирғизистонга ютқазмаган”, - деди Адахан Мадумаров.

Битимга кўра, Кампиробод сув омборини бошқариш учун Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг ҳар бири 12 кишидан иборат қўшма комиссияси ташкил этилади. Қирғизистон комиссиясига Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги хизмати директори, Ўзбекистон комиссиясига эса сув хўжалиги вазири раҳбарлик қилади.

Ўзбекистон сув омбори хавфсизлигини таъминлайди, техник хизмат кўрсатади ва қирғиз томони билан келишилган миқдорда сув чиқаради. Ўзбекистон сув сатҳини горизонтал равишда 900 кўрсаткичдан юқори бўлмаган даражада ушлаб туриш мажбуриятини олади. Бироқ форс-мажор ҳолатларда сув сатҳи шартномада белгиланган кўрсаткичдан юқори бўлиши мумкин.

Ўзбекистон томони сув омборига киришда қўшма комиссиянинг қирғиз вакиллари паспортларини текшириш ҳуқуқига эга.

Депутат Нуржигит Қадирбеков қирғиз-ўзбек чегарасини аниқлаш жараёнида Кампиробод масаласига мораторий жорий этишни таклиф қилди.

Нуржигит Қадирбеков.
Нуржигит Қадирбеков.

“Балки президент яхши ният билан чегарани тўлиқ ҳал қилишимиз, қўшнилар билан ҳамжиҳат бўлишимиз, чегара низосига йўл қўймаслик керак, деб ўйлагандир. Бу яхши. Яқинда биз казино тўғрисидаги қонунига қарши бўлдик. Аммо қаршилигимизга қарамай, қонун қабул қилинди. Аммо кейинроқ уни тузатишимиз мумкин. Чегара масаласи эса бир марта ҳал қилинади. Кейин уни тузата олмаймиз. Шунинг учун шошилмаслигимиз керак. Халқ эътирозига қарамай қарор қабул қилинса, натижа яхши бўлмайди”, - деди Нуржигит Қадирбеков.

Битимни қўллаганларнинг фикри

Депутатлар фикрича, икки томонлама келишув қабул қилинса, Ўзбекистон Қирғизистон фуқароларининг сув омбори сувидан эркин фойдаланишига, чорваларни суғоришига, экин майдонларини суғоришда фойдаланишига, балиқ овлашига тўсқинлик қилмаслиги керак. Сув омборининг косаси атрофида ҳеч қандай иншоотлар қурмаслиги керак. Бундан ташқари, ушбу шартномани бекор қилиш мумкин эмас.

“Қирғизистон фуқаролари кўп йиллардан буён Кампиробод яқинига бора олмаяпти. Энди келишув қабул қилинса, ҳар икки томон ҳам сувдан ҳақли равишда фойдаланиши мумкин бўлади. Қўмита йиғилишида сувни биргаликда бошқариш тўғрисидаги шартнома тасдиқланди. Бу Кампиробод Ўзбекистонга ўтиб кетди дегани эмас. Кампиробод сув омбори ерлари бутун ҳужжат Жўғўрқу Кенешга келиб, 90 нафар депутат қўллаб-қувватлаб ратификация қилингандан кейингина Ўзбекистонга берилди, деса бўлади”, — дейди келишувни қўллаб-қувватлаган депутат Миргул Темирбоева.

Қирғиз ҳукумати Кампиробод сув омбори бўйича келишувни Қирғизистон учун энг манфаатли битим сифатида баҳолаб келади. МХХ раиси Қамчибек Ташиев ўтган йилнинг март ойида қирғиз-ўзбек чегараси ҳақида маълумот берар экан, сув омбори ҳақида буларни айтган эди:

“Агар илгари Кампирободнинг косаси тўлиб, қирғоққа етиб, у ерда яшовчи уйларга сув кирган бўлса, энди ундай бўлмайди. Чунки аввал Кампирободдаги сув сатҳи горизонтал ҳолатда 908 деб ҳисобланган. Энди 900 билан қаралади ва сув қирғоққа етиб бормайди. Шу билан бирга, фуқароларимиз сувдан фойдаланиши, чорва молларини суғориши мумкин. Балиқ тутади. Буни икки давлат келишуви билан ҳал қиламиз. Шунингдек, сув бўйида ҳеч қандай тўсиқ бўлмайди”, - деган эди Қамчибек Ташиев.

Жўғўрқу Кенеш қўмитаси томонидан қўллаб-қувватланган сўнгги келишув ушбу қўмита томонидан Кампиробод бўйича маъқулланган иккинчи ҳужжатдир. 10 октябрь куни қўмита Қирғизистон-Ўзбекистон чегараси, жумладан, Кампиробод сув омбори бўйича икки томонлама келишув лойиҳасини кўриб чиқди ва кўпчилик овоз билан уни қўллаб-қувватлади.

Ўша пайтдаги қўмита раиси депутат Чингиз Айдарбеков лойиҳага қарши овоз берган ва тегишли қарорни имзолашдан бош тортган. У буни чегара келишувига оид ҳужжатлар депутатларга тўлиқ тақдим этилмагани билан изоҳлаган. Кўп ўтмай Айдарбеков қўмита раислигидан четлаштирилди ва унинг ўрнига депутат Улан Примов сайланди.

Ўзбекистон президентига мурожаат

Бу орада, “Кампирободни ҳимоя қилиш” қўмитаси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга очиқ мурожаат йўллади. Унинг аъзолари Мирзиёевдан келишувни имзолашни Кампиробод масаласи атрофидаги баҳсли масалаларга ойдинлик киритилгунига қадар кечиктириб туришни сўраган.

“Кампирободни ҳимоя қилиш” қўмитасининг деярли барча аъзолари – йигирмадан ортиқ мухолифатчи сиёсатчи ва фаоллар 23—24-октябрь кунлари “тартибсизлик уюштиришга тайёргарлик кўриш” гумони билан икки ойга ҳибсга олинган.

“Кампиробод”ни Ўзбекистонга бермаслик ҳаракатини бошлаган сиёсатчилар қўлга олинмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:26 0:00

Мурожаат матни айни пайтда Кампиробод масаласини пеш қилиб “тартибсизликлар уюштирмоқчи бўлганлик”да гумонланиб қамоққа олинган сиёсатчи Равшан Жээнбековнинг Фейсбук саҳифасида эълон қилинди.

“Кампирободни ҳимоя қилиш” қўмитасининг аъзоси Касиет Мамирбай Озодлик радиоси қирғиз хизматига билдиришича, мурожаат қўмитанинг Бишкекдаги 1-сонли тергов изоляторида сақланаётган барча аъзолари томонидан адвокатлар воситасида маъқулланган.

"Қирғизистон билан Ўзбекистонни тарихий, маданий, қардошлик ва минтақавий алоқлар бирлаштириб туради. Биз бу шартнома икки халқ ўртасига нифоқ солишини ва узоқ давом этадиган ўзаро тушунмовчилик муҳитини яратишини истамаймиз.Биз икки давлат ўртасида чегараларни делимитациялаш ва демаркациялаш бўйича баҳсли масалалар борлигини тушунамиз, бу масалалар кўпдан бери кун тартибида турибди ва бизнинг қўшничилик алоқаларимиз янада ривожланиши учун уларни тезроқ ҳал этиш лозим. Бироқ давлатларимиз ўртасида тузилаётган келишувларнинг бир қисми конституциявий меъёрларни, амалдаги қонунчиликни, Қирғизистоннинг сиёсий асосларини ва демократик тамойилларни қўпол равишда бузиш орқали олға сурилаётганини ҳам эслатиб ўтамиз”,-дейилади мурожаатда.

Сиёсатшунос: Кампиробод масаласида ҳукумат сиёсий менежментдан фойдаланмаяпти

Сиёсатшунос Айбек Тенгизбаев Кампиробод юзасидан баҳсли масалалар борлигига тўхталар экан қуйидагиларни айтди:

“Сиёсий менежмент деган жуда муҳим илмий йўналиш мавжуд. Унинг асосида ҳукумат ҳар қандай муҳим қарорни тайёрлашда иккинчи босқич сифатида жамоатчилик ва мухолифатнинг қўллаб-қувватлашига эришишга ҳаракат қилиши керак. Бунинг тўғрилигини тушунтириш ва ишонтириш керак. Шундан кейингина имзолаш ва бошқа ҳаракатларга ўтиш мумкин. Иккинчи босқични ҳисобга олмай туриб қарор қабул қилиш яхшилик билан тугамайди. Чунки халқ ва мухолифатнинг норозилиги кучаяди. Кампиробод бўйича ҳозир консенсус йўқ. Ҳукумат кучгагина таянмоқда. Тушунтириш ишлари самарасиз. У ҳам демократик йўл билан олиб борилмади”,- деди Айбек Тенгизбаев.

Кампиробод — совет даврида қўшни давлат маблағи эвазига Ўзбекистон пахта далаларини суғориш учун қурилган сув омбори. Унинг қурилиши 1969 йилда бошланган ва 1983 йилда якунланган. Унга Қуршоб, Қорадарё, Заргер дарёлари қуйилади.

Тўғон баландлиги 105 метр бўлиб, унинг ўртасидан қирғиз-ўзбек чегараси ўтади. Тўғоннинг Қирғизистондаги қисмида Ўзбекистоннинг иккита гидроелектр стансияси жойлашган.

Биринчи ГЭС 1985 йилда, иккинчи ГЭС 2010 йилда ишга туширилган. Иккиси 190 мегаватт қувватга эга.

Ўзбекистондаги 2 миллион гектарга яқин экин майдонлари Кампирободдан сув билан таъминланади ва яқин туманлар аҳолиси тоза сув ичади.

Ўзбекистон томони шу кунгача Кампиробод масласига ўз муносабатини расман билдирмади.

Форум

XS
SM
MD
LG