Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:56

Кампиртепа: “Искандар девори” нега қулади?


Кампиртепа ёдгорлиги жануби-ғарбий деворининг ўрта қисми декабрь ойи бошида қулаб тушган эди
Кампиртепа ёдгорлиги жануби-ғарбий деворининг ўрта қисми декабрь ойи бошида қулаб тушган эди

Окс Александрияси деб аталган Сурхондарё вилоятидаги Кампиртепа ёдгорлигининг бузилган девори 2021 йилда таъмирланадиган моддий мерос объектлари дастурига киритилди.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон Маданият вазирлиги Маданий мерос бошқармаси вакили маълум қилди.

Антик тарихий манбаларда буюк саркарда Александр Македонский эрамиздан олдинги 329-326 йилларда барпо эттиргани айтиладиган Кампиртепа ёдгорлигининг жануби-ғарбий деворининг ўрта қисми декабрь ойи бошида қулаб тушган эди.

Кампиртепа ëдгорлигини ўрганишга умрини бағишлаган археолог¸ Ўзбекистон Фанлар академияси ҳақиқий аъзаоси Эдвард Ртвеладзенинг Озодлик мобил мухбирига билдиришича¸ “ноябрь ойида девор бутун бўлиб, йиқилиш ëки дарз кетиш аломатлари қайд қилинмаган”.

Ртвеладзе "дунë тамаддуни меросининг бир парчаси ҳисобланган қадимий обидани сақлай олмаганимиз шармандаликдир”, дея таассуф билдирди. Академикка кўра¸ девор “шубҳали тарзда бузилган”.

Бундан олдин академик маҳаллий матбуотга “деворни кимдир қасддан бузган” дея баëнот берган эди.

Сурхондарë вилоят прокуратураси мулозимининг Озодликка билдиришича, “қадимий девор йиқилиши бўйича терговгача суриштирув ўтказилган".

"Девор қасддан бузилмаган"

Маданий мерос бошқармасининг республика идорасидаги вакилига кўра¸ “деворни кимдир қасддан йиқитди" деган гапларда асос йўқ:

“Биласиз ноябрь охирида Сурхондарëда ëғингарчилик бўлди. Девор нам тортиш оқибатида қулаб тушди”.

Мулозимга кўра¸ Кампиртепа ёдгорлигининг жануби-ғарбий деворининг ўрта қисми “консервация қилинмагани боис қулаб тушган.”

Нега консервация қилинмади?

Навбатдаги савол - нега консервация қилинмади? Ҳолбуки академик Ртвеладзе ноябрь ойида деворни бориб кўрган вақтида реставрация ишларини баҳорда бошлаш учун деворни қалин плёнка билан ёпиш бўйича таклиф киритган эди. Бу таклиф Маданий мерос идораси тарафидан маъқулланган бўлса ҳам амалга ошмай қолиб кетган.

Хивадаги обиданинг вайрон қилиниши юзасидан жиноят иши очилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:55 0:00

Осори атиқалар бўйича мутахассис¸ санъатшунос Акмал Ризаевнинг Озодликка айтишича¸ноябрдаги ëғингарчилик бундай вайронагарчиликни юзага келтириб, деворни ювиб юборишга қодир эмас эди:

“Маълумотлар об-ҳаво идорасида қайд қилинган. Кампиртепада кучли ёғингарчилик кузатилмаган. Зилзила каби табиий офат ҳам бўлмаган. Демак, кимдир деворга зарар етказган. Нима мақсадда? Одатда бундай қалъалар атрофида изнсиз қазув қазиб, қадимий ашë қидирадиган авантюристлар бўлади. Иккинчидан, Қашқадарëда кўрилгани каби пахса деворни ғишт учун олиб кетишга уринилган, деган эҳтимол ҳам бор. Афсуски, 21-асрда ҳам бу қадимий обида атрофига кузатув камералари қўйилмаган.”

Таъмирга муҳтож тепалар

Кампиртепа ëдгорлиги “ўта тез” таъмир ва консервацияга муҳтож бўлган Ўзбекистондаги 234 та тарихий обиданинг биридир.

Бу обидаларни 2021 йилда реконструкция қилиш мақсадида давлат бюджетидан 70 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилиши режаланган. Буни 14 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Маданият вазири ўринбосари, Маданий мерос департаменти бошлиғи Камола Оқилова билдирган эди.

Мулозимага кўра¸таъмирлаш ишлари учун йилдан-йилга давлат бюджетидан кўпроқ маблағ ажратиляпти.

Бош прокуратура маълумотига кўра, 2020 йил давомида тарихий обидалар бўйича 45 та ноқонуний ҳуқуқий-норматив ҳужжатларга протестлар келтирилган. Қонун бузилиши ҳолатларига олиб келган сабаб ва шароитларни йўқотишга қаратилган 106 та тақдимнома киритилган, 31 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган.

Садди Искандарий

Ўзбек расмийлари ва тарихчилари Термизга яқин жойдаги Кампиртепа археологик ёдгорлиги тарихий манбаларда тилга олинган ва йўқотилган, деб ҳисобланган Окс Александрияси қалъаси эканига ишонишади.

2019 йилда Термиз шаҳрида ўтган археологик форумда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов “Кампиртепани Александр Македонский қурган” дея баëнот берган эди:

“Энг сўнгги ноёб кашфиётлардан бири, айни дамда Кампиртепа номини олган шаҳарчада жойлашган машҳур Окс Александриясидир. Бу чин маънодаги сенсацион кашфиёт қадимий шаҳарчани дунёнинг энг эллинистик марказлари даражасига юксалтиради. Эллинистик Окс Александрияси, Фаёзтепа ва Қоратепа шаҳарчалари, ажойиб Термиз археология музейи, Кушонлар хазинаси - буларнинг бари тарихимизнинг ёрқин саҳифалари, бизнинг кунларгача сақланиб қолган ноёб артефактлар бунинг яққол мисолидир".

Бу дабдабали ва баъзи тарихчилар назарида баҳсли баëнотдан бир йил ўтиб, Кампиртепа девори қулади.

14 декабрь куни Ўзбекистон Маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти ЮНEСКО ҳимоясидаги тарихий обида - Хива "Ичан-Қалъа" музей-қўриқхонасидаги Тош ҳовли саройининг қадимий девори бузилиши юзасидан жиноят иши очилганини маълум қилган эди.

Озодлик суҳбатлашган экспертлар деворнинг қонунга хилоф равишда олиб борилган таъмирлаш-тиклаш ишлари оқибатида бузилганини айтишган.

5 ноябрь куни Озодлик Қашқадарëнинг Яккабоғ туманидаги дунë археологлари тарафидан мунтазам ўрганиб келинган еттита қадимий тепалик йўқ бўлиб кетиш арафасида эканини ҳақида ёзган эди. Озодлик суриштируви асносида маҳаллий аҳоли тепаликларга уй қуриб олгани, тадбиркорлар эса тепалик тупроқларини экскаваторлар билан қазиб олиб, ғишт қуйиб сотаётгани маълум бўлган.

Ўзбекистон Фанлар Академияси Археология институти Яккабоғ экспедицияси томонидан ўрганилиб, мамлакат тарихига оид ноëб ëдгорлик сифатида қайд қилинган Оқтоштепа¸ Сандалтепа¸ Хабартепа¸ Довзатепа ва Киндиктепа ëдгорликлари ғишт заводи учун хомашë сифатида вайрон қилинган.

XS
SM
MD
LG