Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:00

Каримова пулларини қайтариш учун жамғарма тузилмоқда. Фаоллар жараён шаффоф эмаслигидан хавотирда


Гулнора Каримованинг хорижий давлатлардаги активлари 1 миллиард доллардан кўпроқни ташкил этади.
Гулнора Каримованинг хорижий давлатлардаги активлари 1 миллиард доллардан кўпроқни ташкил этади.

Ўзбекистонлик фуқаро жамияти фаоллари Гулнора Каримованинг хориждаги пулларини "маблағларнинг асл эгаси бўлган ўзбек халқига қайтаришда шаффофлик етишмаётганини" айтишмоқда.

15 февраль куни Ўзбекистон Адлия вазирлиги марҳум президентнинг қамоқдаги тўнғич қизига нисбатан пул ювиш билан боғлиқ жиноят иши доирасида мусодара қилинган маблағларни қайтариш учун БМТнинг кўп томонлама траст жамғармаси ташкил этилишини маълум қилган.

Вазирлик ўз баёнотида "қайтарилган маблағлар мамлакат аҳолиси фаровонлигини яхшилаш учун ижтимоий соҳага сарфланиши"ни урғулаган.

Адлия вазирлигига кўра, Франциядан Каримованинг $10 миллион қийматидаги активлари Ўзбекистонга қайтарилган, яна 131 миллион АҚШ доллари қийматидаги активлар "Ўзбекистонга қайтарилишга тайёр".

Гулнора Каримоваадан мусодара қилинган мол-мулкларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан иборат коалиция - Uzbek Asset Return Network бу борада кўп томонлама механизм яратилаётганини олқишлади.

Айни пайтда гуруҳ ўз баёнотида қайтарилган пуллар ўзбек халқи манфаати йўлида сарфланиши ва бу “шаффоф ва ҳисобдорлик” асосида бўлиши кераклигини ҳам билдирди.

Гуруҳнинг 15 февраль кунги баёнотида маблағлар талон-торож қилинишининг олди олиниши учун мустақил аудиторлар ва маҳаллий фуқаролик жамияти фаоллари ҳам бу жараёнга жалб этилиши ва шаффоф ҳисоб бериш тизими йўлга қўйилиши лозимлиги айтилади.

Uzbek Asset Return Network мурожаатига қўшилган Британияда яшовчи сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомовнинг Озодликка айтишича, Каримованинг пулларини қайтариш бўйича Швейцария, БМТ ва Ўзбекистон вакилларидан ташкил топган кўп томонлама траст жамғармаси ташкил этилиши ижобий хабар.

Аммо Илҳомовнинг фикрича, Ўзбекистондек шаффофлик йўқлиги боис бу жамғарманинг қандай ишлаши савол остида.

"Биз йиллардан буён шундай жамғарма тузилишини талаб қилиб келганмиз. Лекин муаммо бу траст қандай ишлашида. Халқдан ўғирланган пуллар халққа қайтарилиши керак. Бу ерда жабрланувчи ўзбек халқи. Ўзбекистон томони бу борада шаффофликни хоҳлаётгандай кўриняпти, шу жараённи мониторинг қилиш ишига мустақил бўлмаган маҳаллий ташкилотларнинг аралаштирилиши хавфи бор. Биз ҳукумат маҳаллий фуқаролик жамияти фаолларига ҳам халқаро ташкилотларга ҳам мониторинг имконияти яратиши керак, деб ҳисоблаймиз", - дейди Илҳомов.

Швейцария Ташқи ишлар вазирлиги сайтидаги хабарга кўра, жамғармани бошқариш механизми Швейцария, Ўзбекистон ва БМТ вакиллари иштирокида амалга оширилади.

"Барча лойиҳалар БМТ тизими қоидаларига мувофиқ Фонд мониторинги ва баҳолаш тизими асосида мониторинг қилинади. Фуқаролик жамияти ташкилотлари маслаҳатчи ролига эга бўлади", дейилади вазирлик билдирувида.

Жамғарма Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга кўмаклашади ва БМТнинг Барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Ўзбекистондаги дастурига мос лойиҳалар учун молиявий ресурслар ажратади.

Расмий хабарда Жамғарма ўз фаолиятини Швейцария ва Ўзбекистон ўртасида томонларга юридик мажбурият юкловчи Реституция тўғрисидаги келишув имзоланганидан сўнг бошлаши тилга олинган.

2019 йил декабрида Ўзбекистон Бош прокуратураси "АҚШ, Швейцария, Франция, Россия Федерацияси ва Латвия каби хорижий давлатлар билан Каримованинг жиноий йўллар орқали топган ва ушбу давлатларнинг айримларида жиноят ишлари доирасида маблағларини қайтариш бўйича" музокаралар олиб борилаётганини маълум қилган эди.

"Каримовани ёнида турганлар ҳозир ҳам ҳукумат тепасида"

Алишер Илҳомовнинг Озодликка айтишича, Каримованинг хорижий давлатлардаги активлари 1 миллиард доллардан кўпроқни ташкил этади.

"Каримованинг музлатиб қўйилган асосий активлари Швейцарияда. Бу пуллар МТС, “Вимпелком”, TeliaSonera" ва Ўзбекистон телекоммуникация соҳасидаги бошқа компаниялардан олинган маблағлардан ташкил топган. Унга газ ва нефт, турли завод ва фабрикалардан олинган пуллар, импорт ва экспортдан келиб тушган маблағлар киритилмаган. Биргина Швейцарияда ушбу маблағларнинг 800 миллион доллардан зиёдроғи сақланади. Шунингдек, унинг Ирландия, Белгия ва Люксембургда, шунингдек, Швецияда ҳам активлари бор. Франциядаги маблағлари 50 миллион доллардан ортиқ бўлган. Ҳозир қайтарилган бу 10 миллион шунинг бир қисмими ёки мулки аукцион орқали арзон гаровга сотиб юборилганми, билмаймиз. Бу пулларни эгаси ўзбек халқи ва Каримова ўғирлаган пуллар ўзбек халқига қайтарилиши керак. Лекин Гулнора Каримова ўғриликлар қилган пайтда уни ёнида турган амалдорлар ҳозир ҳам ҳукумат тепасида экан, пуллар эгасига етиб боришига ишониш қийин", - дейди Илҳомов.

Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаева ҳам маблағларнинг халқ манфаатлари йўлида сарфланишини кафолатлайдиган тизим йўқ, деб ҳисоблайди.

"Каримова бу жиноятларнинг ягона иштирокчиси бўлмаган. Ўша пайтда Каримова ёнида турганлар ҳозир ҳам ижроя ҳокимиятни тамсил этмоқда. Швейцария Ўзбекистонга қайтарган маблағларни мониторинг қилиш махсус хизматларга алоқадор, фуқаровий жамият фаоллари номи остида яширинган гуруҳларга топширилмайди, деб ким кафолат беради. Ҳозиргача Хьюман Райтс Уотч, Халқаро Инкроз гуруҳи ёки Озодлик радиосига мамлакатда фаолият қилишига руҳсат бермаяптику. қандай кафолат бор", - дейди Атаева.

Ўзбекистондаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Швейцария қайтараётган Каримованинг пуллари денгиздан томчи эканини айтар экан, уларни қандай сарфлаш Ўзбекистон ҳукумати учун "имтиҳон" бўлишини айтади.

"Ҳозир кичкина порцияни қайтаряпти. 10 миллион доллар денгиздан томчи. Шу пулни ҳукумат қандай сарфлашига қараб кейинги маблағлар йўналтирилади. Агар нотўғри қилинса, кейинги маблағлар тўхтатиб қўйилиши мумкин. Шунинг учун бу Ўзбекистонга имтиҳон бўлади. Ҳукумат эса, Швейцария ҳукуматини ишончини қозониш учун пулларнинг ноқонуний ўзлаштирилишига йўл қўймайди, деб ўйлайман", - дейди Ташанов.

Озодлик Ўзбекистон Адлия вазирлигидан Гулнора Каримованинг мамлакатга қайтарилаётган пулларини сарфлаш тизими шаффоф эмаслиги борасидаги хавотирлар юзасидан саволларга ҳозирча жавоб ололмади.

Бир пайтлар отасининг эҳтимолий меросхўри сифатида кўрилган 51 ёшли Гулнора Каримова давлат мол-мулкини ўзлаштириш, солиқ тўлашдан бош тортиш ва бошқа қатор иқтисодий-молиявий жиноятларда айбдор, деб топилган.

Бош прокуратура Каримованинг давлат ва одамларга келтирган зарари 1 трлн. 270 млрд 200 млн сўм, 1 млрд 651,8 млн АҚШ доллари, 26,1 млн евро деб баҳолаган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Гулнора Каримова ва “у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзолари” устидан икки йил аввал суд ҳукми чиқарган, унга 13 йил 4 ойлик қамоқ жазоси тайинлаган. Каримова жазони Зангиотадаги аёллар колониясида ўтаётгани маълум. Ўзбекистон расмийлари қамоқда унга нисбатан босим ўтказилаётгани, ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақида фарзандлари ҳамда адвокатининг иддаоларини рад этишган.

XS
SM
MD
LG