Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:02

Кейинги икки ҳафта ичида картошка қарийб икки бараварга қимматлади


Чорсу бозорида картошка ва пиëз
Чорсу бозорида картошка ва пиëз

Сўнгги кунларда Ўзбекистоннинг айрим ҳудудлари бозорларида картошка нархи ўртача икки бараварга қимматлади. Озодлик манбаларининг айтишича¸ бундан икки ҳафта аввал ҳар килоси 1500 сўмдан сотилган картошка 6 декабрга келиб 3000 сўмга чиқди. Деҳқонлар бунинг сабабини бу йилги картошканинг касалланиб¸ ҳосилнинг кам бўлгани билан изоҳламоқда. Ўзбекистон ҳукумати 2020 йилда картошка етиштириш ҳажмларини 35 фоизга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилганини айтган.

Тошкентнинг Фарҳод бозоридан харид қилган 62 яшар пенсионер Ахтам Усмонов картошка нархи бирданига кўтарилганини айтади:

- Бир ҳафта олдин килосини 1500 сўмдан олган эдим. Бугун бозорга тушиб¸ ҳайрон қолдим. Яхши картошканинг бир килоси 3000 сўмдан, майдароғи 2000-2500 сўмдан сотилаяпти”¸ дейди Ахтам Усмонов.

Картошка нархининг бирданига қимматлашиши мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатилди.

Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида яшайдиган тракторчи Ҳайдаржон ҳам сўнгги икки ҳафтада картошка нархи икки бараварга кўтарилганини айтади:

- Ўтган йилнинг бу пайтида картошка сувтекин эди. Бир килоси 400-500 сўм эди. Ўн беш кун олдин килосини 1200 сўмдан олган эдим. Бугун 3000 сўмга чиқибди. Бизга картошка асосан Бахмал, Булунғур туманларидан келади, айтишларича¸ бу йил картошка яхши бўлмаган экан. Шунга қиммат бўлди, дейишаяпти. Бу ҳали қишнинг бошланиши, эрта баҳорда нарх қандай бўлади, буни фақат Худо билади¸ дейди Ҳайдаржон.

Бахмал туманидаги маҳалла оқсоқолларидан бири Очил Мирзаев картошка нархининг кескин кўтарилганини касалга чалинган ҳосилнинг чўғи камайиб қолгани билан изоҳлади:

- Мен бу йил картошка экадиган деҳқонлар билан кўп суҳбатлашдим. Ҳақиқатан ҳам қишлоқ хўжалигига оғир йил келди. Помидор билан картошкага ёмон касал тушди. Деҳқонлар буни четдан келтирилган уруғлик билан бирга келган, дейишди. Помидорлар бир марта ҳосил бердию, қурт еб қуриб қолди. Бу Колорада қўнғизи эмас, бошқача қурт бўлди. Ишлатиб юрган дориларимиз фойда бермади. Шунинг учун картошка ҳосили кам бўлди¸ дейди Очил Мирзаев.

Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида истиқомат қиладиган деҳқон Абдумалик ҳам томорқасига экилган картошкани қурт еб қўйганини айтади:

- Бу йил ёмон қурт тушди. Картошкани баргини ҳам, ҳосилини ҳам еди. Дори сепиб ҳам йўқ қилолмадик. Оқибатда ҳосил деярли бўлмади. Шунинг учун ҳам бизнинг қишлоқ бозорларимизда ҳам нарх тушмаяпти. Бир килоси 2000-2500 сўмдан сотилаяпти¸ дейди Абдумалик.

Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институтининг телефонлари “линия носозлиги учун ўчирилган”и сабабли бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Тошкент шаҳридаги Фарҳод деҳқон бозорининг ўзини таништирмаган мулозими картошка нархи кескин кўтарилганини тасдиқлар экан, шаҳар ҳокимияти нарх-навони тушириш учун чора-тадбирлар кўраётганини айтди:

- Биз ярмаркалар ташкил қилаяпмиз. Мана бугун ҳам 16 тонна картошка олиб келиб, ҳар килосини 1500 сўмдан сотаяпмиз. Хусусий савдогарлар билан гаплашиб, нархни сунъий кўтармасликларини маслаҳат бераяпмиз¸ деди бозор мулозимларидан бири.

Ўзбекистонда ҳар йили 1.5-2 миллион тонна картошка етиштирилади.

2020 йилда Ўзбекистон ҳукумати картошка етиштириш ҳажмини 35 фоизга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш лойиҳасини эълон қилган ва унда картошка етиштириш миқдорини 3,6 миллион тоннагача етказиш мўлжалланган.

Лойиҳада 2016-2018 йилларда Тошкент, Жиззах, Наманган ва Самарқанд вилоятларида вируслар ва касалликлардан соғломлаштирилган супер тоифа картошкасини етиштириш бўйича тажриба станциялари, махсус иссиқхона-изоляторлар қуриш назарда тутилган.

Мамлакатнинг тўртта тоғ ҳудудида элит тоифадаги картошкани етиштириш учун фермер хўжаликларини ташкил этиш режалаштирилган.

XS
SM
MD
LG