Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:41

Хоразмда калтакланган она-бола Олий суд устидан БМТга арз қилмоқчи


Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида истиқомат қилувчи Зулфия Худойберганова маҳаллий куч ишлатар тузилмалар у ва унинг 64 яшар онаси Аделла Худойберганованинг ҳуқуқларини поймол қилаётганини иддао қилмоқда. Унинг шикоят қилишича, Олий судга қилинган такрор ва такрор мурожаатлар ҳам қонуний натижа бермаётир.

Зулфия Худоёберганованинг ОzodMikrofon рукнига айтишича, куч ишлатар тузилмаларига югур-югурлари унинг 36 яшар укаси Отабек Худойберганов Урганч шаҳар ИИБ томонидан "гиёҳвандлик воситаларини сақлаш ва ўтказишда" гумон қилиниб, "қонунга зид равишда ушлангани ва шаҳар суди томонидан айби исбот этилмаган ҳолда 5 йилга қамоққа ҳукм қилинган"идан сўнг бошланган.

Бу ҳақда Озодликка сўзлаб берган она ва унинг қизига кўра, ўтган йилнинг 9 ноябрида Отабек Худойберганов устидан маҳкама жараёнида "маҳаллий телеканал журналистлари жараённи тасвирга ола бошлаган ва бунга қаршилик қилгач, келиб чиққан жанжалда журналистлар Зулфияни калтаклаган".

Даъво қилинишича, бу жанжал ортидан она ва унинг қизи Хоразм вилоят прокуратурасига арз қилган, аммо ​"иш тергови давомида улар жабрланувчидан маъмурий ҳуқуқбузарга айланган".

Журналистлар томонидан калтаклангани иддао қилинган Зулфия Худойбергановнинг суд-мед эксперт томонидан қайд этилган сурати
Журналистлар томонидан калтаклангани иддао қилинган Зулфия Худойбергановнинг суд-мед эксперт томонидан қайд этилган сурати

Эслатиш жоиз, она-қиз Худойбергановалар шу йилнинг феврал ойида - уларга нисбатан айблов эълон қилинган кезда - Озодликка мурожаат қилган эди.

​Урганчлик Худойбергановаларнинг даъвосича, журналистлар уларнинг устидан “иккаласи бизни калтаклади”, деб даъво аризаси киритган ва ана шу ариза асосида Худойбергановалар устидан​ Ўзбекистон ЖКнинг 277-моддаси “г” банди билан жиноят иши очилган, уларнинг ҳар бирига энг кам иш ҳақининг 100 баробари миқдорида жарима солинган.

Аделла Худойберганованинг даъвосича, қизининг калтакланганини тасдиқловчи судмед эксперт хулосаси, уяли телефонга олинган видео ва суратлар ҳам шаҳар, вилоят ИИБ ва прокуратура, ҳатто Олий суд томонидан инобатга олинмаётир.

Эндиликда, Зулфия Худойбергановнинг Озодликка айтишича, Хоразм вилоятидаги судлар устидан босқичма-босқич арз қилиб, Олий судга қадар келишган, аммо ҳукм ҳануз ўзгаришсиз қолмоқда.

Куни кеча Озодликка боғланган Зулфия Худойберганованинг айтишича, Олий судда у каби чор-ночор қолиб, навбат кутаётганлар жуда кўп:

- Биз Ўзбекистондаги судларга, Олий судга қатнайвериб чарчадик. Менинг қўлимдаги ёш болам касал бўлиб қолди, аммо Олий судда бунга ҳам эътибор қилишмади. Одамлар суд дарвозасини йиқитиб киришди ичкарига бир сафар. Мен ҳам ур-йиқит ичида бинога кирдим, суд раиси билан ҳам учрашдим. Аммо, ҳануз бизнинг шикоятимизга қонуний чора кўрилмади, - дея даъво қилди Зулфия Худойберганова.

У мамлакат ичидаги маҳкамалар ҳукмидан қониқмаётгани ва охир-оқибат, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясига мурожаат қилишга қарор қилганини айтмоқда.

- БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонасига бордик. Аммо, у ерда ҳам арзимизни қабул қилишмади. Бизга айтишларича, уларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Тошкентда йўқ экан. Ҳозир нима қилишни билмай ҳайрон бўлиб қолдик, - дея шикоят қилди Зулфия Худойберганова.

Қуйида бу аёл билан суҳбатимизни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

OzodMikrofon: Хоразмда калтакланган она-бола Олий суд устидан шикоят қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:58 0:00
Бевосита линк

--------------------------------------------------------------------------------------------

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG