Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:13

Кластерлар фермернинг миллиардлаб пулини бермаëтгани ортидан ерни янги мавсумга ҳозирлаш кечикмоқда


Фермерлар пулини беролмаётган “Real Trans Logistic ” кластер корхонаси Тошкентдаги “Ko’kcha Textil LTD”га қарашли
Фермерлар пулини беролмаётган “Real Trans Logistic ” кластер корхонаси Тошкентдаги “Ko’kcha Textil LTD”га қарашли

Фарғона вилоят, Учкўприк тумани фермерлари 2019 йил пахта ҳосили пулини кластер корхонасидан ола олмаëтир.

Бу ҳақда Озодликка гапирган фермерларга кўра, йил давомида кластер раҳбари тўрт марта алмашгани натижасида минерал ўғит ва ёнилғи таъминоти ҳам ёмон бўлган.

Фермерлар айни пайтда ерни ҳосилга тайёрлаш учун ўз ёнларидан маблағ сарфлаётганини айтмоқда.

Кластер раҳбари ишлаб чиқарилган ип-калавани корхона сотолмаётгани сабабли фермерлар пулини беришда муаммо пайдо бўлганини айтди.

Учкўприк туманидаги 178 фермер хўжалиги 2019 йил пахта ҳосили пулини ололмади.

Шартнома бўйича “Real Trans Logistic ”кластер корхонаси пахта пулини 2019 йилнинг 31 декабригача тўлаб бериши шарт.

Исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, кластер ташкилотнинг фермерлардан 26 миллиард сўм қарзи бор:

Рости гап кластер билан жуда қийналиб кетдик.


“Президентимиз кластер билан зўр бўлади дегани учун, шартномани хурсандлик билан имзолаган эдик. Лекин, тамоман тескари натижа бўлди. Рости гап кластер билан жуда қийналиб кетдик. Йил давомида кластернинг тўрт марта раҳбари алмашди. 60 фоизли имтиёзли кредитни ҳам ёлчитиб бермади. Бошида ёнилғи таъминоти учун роса қийналдик, кердитни ҳам ўзимиз олдик. Кейин кредит пуллари кластер номига расмийлаштирилди. Терим пулини ҳам вақтида топиб беролмади. Шунча йил фермерлик қилиб бунчалик қийналмаган эдик”.

Исми сир қолишини сўраган бошқа фермернинг айтишича, айни пайтда ҳосил пулини ололмагани учун фермерлар янги ҳосилга тайёрланишда қийналмоқда:

Кластер дегани тайёр ошга баковул экан.


“Мана ҳозир сезон бошланди. Фермерлар пахтани ўрнини ҳайдаб бўлди, ҳали кластер бунга пул бергани йўқ, буғдойнинг пулидан ишлатаяпмиз. Ерни ҳайдашдан олдин аммофос солиш керак эди, бермади, техника ремонтига, ҳатто баллонига ҳам пул бермади. Кластер дегани тайёр ошга баковул экан. Бундан кўра, аввалгидай давлат билан ишлаганимиз минг марта яхши эди, ёнилғи-ўғитимизни ҳам, кредитимизни ҳам, пулимизни ҳам вақтида олардик”.

“Real Trans Logistic ” кластер корхонасининг айни пайтдаги бошлиғи, Фарғона вилояти фермерлар кенгаши раиси Зоҳиджон Икромов фермерларнинг ҳосил пули берилмаганини тасдиқлар экан, бунинг сабабини бундай изоҳлади:

Калаванинг нархи тушиб кетган. Ҳамма кластерда шу муаммо.


“Мен ҳозир Тошкентда, банкда ўтирибман. Хабарингиз бор, калаванинг нархи тушиб кетган. Ҳамма кластерда шу муаммо. Маҳсулотни ҳамма кластер баравар сотишни бошлади-да, шунга резкий нархи тушиб кетди. Ип-калавани ҳозир арзон бўлса ҳам валютага сотиб, сўм қилиб чиқараяпмиз. Мана ўтган ҳафта уч куни ичида фермерларнинг 7 миллиард сўм солиғини тўлаб бердик. Худо хоҳласа қолганини ҳам валютага сотсак, узоғи билан 2-3 кунда ёпамиз”.

“Real Trans Logistic ” кластер корхонаси Тошкентдаги “Ko’kcha Textil LTD” фабрикаси қошида ташкил этилган ва бу фабрикада фермерлардан сотиб олинган пахта қайта ишланиб ип-калава қилинади.

Озодлик пахтачиик кластерларининг фермерларнинг ҳосил пулини бермай келаётгани ҳақида мунтазам хабар бериб келмоқда.

Фарғона вилоят, Ёзёвон туманидаги 48 фермер Ўзбекистон Бош вазирининг виртуал қабулхонасига “Баҳодир Лоғон Текстил” кластер корхонаси устидан арз қилиб, шикоят ёзди.

Жумладан, Андижоннинг Улуғнор туманидаги "Водий саноат фахри" МЧЖ ​кластер корхонасига пахта сотган ўнлаб фермер хўжалиги 2019 йилги ҳосил пулини ололмай сарсон бўлмоқда.

Самарқанднинг Оқдарё туманидаги кластер корхонаси фермерларнинг 7 млрд сўм пахта пулини тўламаяпти.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида эса қарийб 300 нафар фермер “АВС Оққўрғон Агрокластер” билан шартнома имзолаганига икки йилдан ошганига қарамай улар кластерга топширган ҳосил пулини олмаган.

XS
SM
MD
LG