Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:35

Кластерлар пахта пулини тўламаяпти - фермерларнинг кредити "фоиз туғиб ётибди"


Фермерларнинг кластердан ҳосил пулини ололмаслик ҳолатлари Ўзбекистонда кўп кузатилади
Фермерларнинг кластердан ҳосил пулини ололмаслик ҳолатлари Ўзбекистонда кўп кузатилади

Бухоро вилоятидаги “WWW Romitex MChJ” кластер корхонаси фермерларнинг пахта пулини тўламаяпти.

Бу ҳақда арз қилган фермерларнинг айтишларича, улар ҳисобида пул йўқлиги учун улар банкдан олган кредитига ҳар ойда миллионлаб сўм ортиқча фоиз тўлашга мажбур бўлмоқда.

“WWW Romitex MChJ” кластер корхонаси иш юритувчиси ва бош ҳисобчиси Озодлик билан гаплашишдан бош тортди.

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам кластерлар пахта пулини беришни ортга сургани сабаб фермерлар кредитининг фоизи кўпайиб бормоқда.

Бухоро вилояти Жондор туманида фермерлик қилаётган Шуҳрат Раззоқовнинг айтишича, пахта топшириш шартномасини бажарганига икки ой бўлаётганига қарамасдан, “WWW Romitex MChJ” кластер корхонаси пахта пулини бермагани сабаб у банкдан олган кредитига ортиқча пул тўлаяпти:

Ҳар ой хўжалигимга бир миллион сўмдан кўп зарар бўляпти, бу битта ишчимнинг ойлиги.

- 2020 йилги пахта ҳосили учун Вазирлар Маҳкамасининг янги қарори билан банклар 10 фоизлик кредит берган, аввалги йиллар 3-5 фоизлик эди. Масалан мен 131 миллион сўм кредит олганман. Ҳозиргача 9 миллион сўм фоиз туғди. Буни тўлаб бердим. 14 октябрда шартномадаги пахтани топшириб бўлган эдим, лекин шу пайтгача бир сўм ҳам пул бергани йўқ. Ҳеч бўлмаганда банкдан олган кредитимизни қоплаб бериб туринглар, бекордан бекорга фози туғяпти, деб икки марта кластерга мурожаат қилдим. Ҳар ой хўжалигимга бир миллион сўмдан кўп зарар бўляпти, бу битта ишчимнинг ойлиги, десам, пулимиз йўқ дейди. Ие, пулларинг бўлмаса кластер бўлиб нима қиласизлар, десам, жавоб беришмайди.

Шуҳрат Раззоқовга кўра, кластер билан ишлашни бошлаганидан буён фермерлар оғир шароитга тушиб қолди:

Ахир бу нима деган гап, шунча меҳнат қилиб пахтасини топширган деҳқоннинг чўнтагида пули бўлмаса, иши қандай юришади уни?

- Уят бўлса ҳам айтаман. 13 декабрь куни қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини фермерлар ўзимиз туман марказида йиғилиб, нишонладик. Ишонасизми, 100 минг пул топиб беришга қийналдик. Ахир бу нима деган гап, шунча меҳнат қилиб пахтасини топширган деҳқоннинг чўнтагида пули бўлмаса, иши қандай юришади уни? Деҳқонни бунчалик хўрлаш керак эмас-да. Тушуниб бўлмайди кластернинг қилган ишига. Яна ҳокимлик бу ёқдан талаб қилади, шудгорни тугатиш керак, ернинг шўрини ювиш керак, қайси ҳисобга қиламиз? Ҳокимият ҳам кластерни ҳимоя қилиб, МТПларни насияга ерни ҳайдаб беришга мажбурлаяпти. Улар ҳам хусусий, улар ҳам запчаст олади, таркторчисининг иш ҳақи бор.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бухоролик фермернинг айтишича, кластер шартномадаги муддат - 31 декабргача пулни тўлашни баҳона қилмоқда:

Кредитларимиз фоиз туғиб ётипти, ҳеч бўлмаса кредитни ёпишга пул беринглар!

“Кредитларимиз фоиз туғиб ётибди, ҳеч бўлмаса, кредитни ёпишга пул беринглар, деб арз қилиб борсак шартномада 31 декабргача дейилган, деб жавоб беради. 31 декабргача дегани айнан ўша охирги кун тўлансин, дегани эмаску. Давлат билан ишлаганимизда биринчи навбатда, банкдаги кредитимизни фоиз туғмасин, деб қоплаб берарди. Кластер иш юритувчисига айтдим, ахир, биз кредитни банкдан олган бўлсак, пахтани етиштириб ўзимизнинг қўлимиз билан сизларга обориб берган бўлсак, бизнинг гуноҳимиз нима? Дами чиқмайди”.

“WWW Romitex MChJ” кластер корхонасининг Шодмон исмли бош ҳисобчиси ва Нодир исмли иш юритувчиси Озодликдан қўнғироқ қилаётганимизни эшитганидан сўнг, алоқани узиб қўйди.

Кластерларнинг пахта пулини тўламаётгани сабаб фермерларнинг банкдан олган кредит фоизлари кўпайиб бораётгани ҳолати биргина Бухорода эмас, бошқа вилоятларда ҳам кузатилмоқда.

Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги исми сир қолишини сўраган фермернинг айтишича, “Sangzor Textil” кластер корхонаси шу пайтга фермерлар билан ҳисоб-китоб(акт сверка)ни ҳануз қилиб бўлгани йўқ:

“Кластер фермерларни банкрот қилиб бўлди. Ҳозир тўқсон фоиз фермерлар қарз билан чиқяпти. Бу ҳам етмагандек, кредитларимиз фоиз туғиб ётибди. Ҳеч бўлмаса, ўшани ҳам ёпиб берай, демайди. Давлат билан ишлаганимизда кредит имтиёзли, 3 фоизли эди. Энди эса 10 фоиз тўлашимиз керак, лекин пул йўқ!”

Сирдарё вилояти “АВС Оққўрғон Агрокластер” корхонасидан пахта пулини ололмаган фермер ҳам кластер улар олдига мажбуриятини умуман бажармаётганини айтади:

“Кластер бўлмади, бало бўлди. Сентябрь ойида мен шартномани бажариб бўлганман. Мана уч ой ўтяпти, бир сўм ҳам бергани йўқ. Бир ёқда кредит туғиб ётибди, бир ёқда лизинг телефон қиляпти, техникани пулини тўламасанг, олиб қўямиз, деб. Пулимиз бўлса ма ол, дердик. Пулимизни кластер бермаса, қаерга бориб дардимизни айтайлик, дедим”.

Кластер корхоналари Ўзбекистонда 2017 йилдан бошлаб шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан тузила бошлади.

Ўтган уч йил давомида кластер билан ишлаган фермерлардан кластер фермерлар олдидаги ўз мажбуриятини бажармаётгани, ҳосил пули ва бўнак пули ўз вақтида етказиб берилмагани ҳақида Озодликка ўнлаб шикоят бўлган эди.

Фермерлар кластерлар ўз маблағлари билан бу тизимга кириб келмагани ва банклардан катта миқдорда кредит олиб ишлаётгани учун ҳам маҳсулотлар пулини ўз вақтида тўлай олмаётганини айтадилар.

Озодлик ўтган уч йил давомида кластерлар ва фермерлар ўртасида юзага келган муаммолар ҳақида бир неча суриштирув ва мақолалар эълон қилди.

Озодлик суҳбатлашган фермерлар, кластерлар пахтани аслидагидан анча паст сортларда қабул қилиб, кам ҳақ тўлаётгани, турли баҳоналар билан фермерлар ҳақини “ҳам бўйидан, ҳам энидан уриб қолаётганликлари"ни айтишган.

Пахта харид нархининг ўтган йилга нисбатан бор-йўғи ўртача 5-6 фоизга оширилгани, айни пайтда минерал ўғит нархлари 50-60, ёнилғи эса 20-30 фоизга ошгани сабаб бу йил, айрим ҳисоб-китобларга кўра, пахтакор фермерларнинг 70-80 фоизи қарз билан чиқмоқда.

XS
SM
MD
LG