Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:56

"Кўча"га қарши рейдлар: "Долзарб 40 кунлик"дан икки ой ўтиб кўплаб саволлар жавобсиз қолмоқда


"Салимбой" номи билан танилган Салим Абдувалиев бунгача ўзбек матбуотида тадбиркор ва меценат деб таърифланган.
"Салимбой" номи билан танилган Салим Абдувалиев бунгача ўзбек матбуотида тадбиркор ва меценат деб таърифланган.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ўтган йил ноябрида бошланган ва "кўчага қарши рейдлар" номини олган оммавий ҳибсга олишларга доир тергов тафсилотларини очиқламаётир.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги вакили Озодликнинг бу борадаги сўровига жавобан "ҳамма саволларга тергов якунига етгач расман жавоб берилиши"ни таъкидлади.

"Долзарб 40 кунлик" номи берилган амалиётларда ўнлаб одам ҳибсга олинган.

Улар орасида бунга қадар мафияга алоқадорлиги рад этиб келинган ўзбек жиноят оламининг кўзган кўринган вакиллари, жумладан, Салим Абдувалиев ҳам бор.

Ҳибсга олинганларнинг яқинлари ва уларни ҳимоя қилаётган адвокатлар матбуот билан гаплашишдан бош тортмоқда.

Ўтган йил ноябрида Тошкентда “кўча”га алоқадорлиги айтилган шахсларга қарши оммавий ҳибсга олишлар бошланиб кетганди. Орадан бир неча кун ўтиб, бу ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг “криминоген вазиятни яхшилашга қаратилган” биргаликдаги амалиёти экани айтилди.


Расман “Криминоген вазиятни яхшилаш бўйича тезкор-профилактик тадбир”, деб изоҳланган ва 27 ноябрда бошлангани айтилган “Долзарб 40 кунлик” давомида криминал авторитет сифатида номи чиққан шахслар қўлга олинди.

Улар орасида Ўзбекистон ва постсовет ҳудудда “Салимбой” номи билан танилган Салим Абдувалиев, "Бахти Ташкентский" номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев, Тошкент "смотряшчий"си сифатида номи чиққан Аббосхон Хўжаевлар бор.

Бундан ташқари, кенг жамоатчиликка "Саидазиз медгородок" номи билан танилган Саидазиз Саидалиев сингари криминал дунёдаги янги номлар ҳам эълон қилинди.

Рейдлар бўйича матбуотга ҳисоб берган Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев ўтган йилнинг 12 декабрига келиб ЖКнинг 6 та моддаси билан жами 38 та жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган:

  • 165-моддаси товламачилик (15 йилгача қамоқ);
  • 168-моддаси фирибгарлик (10 йилгача қамоқ);
  • 248-моддаси қурол, ўқ-дори, портловчи моддаларга қонунга хилоф равишда эгалик қилиш (20 йилгача қамоқ);
  • 273-моддаси гиёҳвандлик ёки психотроп воситаларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш ва қонунга хилоф равишда ўтказиш (20 йилгача қамоқ);
  • 276-моддаси гиёҳвандлик воситалар ёки психотроп воситаларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ( 5 йилгача қамоқ);
  • 277-моддаси безорилик (5 йилгача қамоқ).


Бу жиноят ишлари, 12 декабрь ҳолатига, 116 шахсга нисбатан қўзғатилгани айтилган.

Расмий ва Интернет нашрларида катта шов-шувлар билан ёритилган рейдлар бошланганидан бери қарийб 2 ой ўтди.

Путин, Салим ва Ғафур. Тошкентдаги рейдлар ва рус жосусининг иддаоси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:40 0:00


Очилган жиноят ишлари ёки ҳибсга олинган шахслар борасидаги энг сўнгги маълумот очиқлангани йўқ. Жамоатчилик аввал бошдан бу рейдлар борасида қўйган асосий саволлар ҳам очиқ қолмоқда.

Жумладан, рейдларнинг асл сабаби нима, нега айнан ҳозир ўтказилди, жами қанча одам ушланди, “Салимбой” ва “Бахти Ташкентский” каби криминал авторитетлар нега айнан ҳозир қўлга олинди - бу каби қатор муҳим бирламчи саволларга ҳануз расмий жавоб йўқ.

Озодлик 23 январь куни бундай саволлар билан ушбу рейдларни ўтказган Ўзбекистон ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовга мурожаат қилди.

Ғиёсов, ҳозирча бу саволларга жавоб бермаслиги, тергов якунига етиши билан расман баёнот берилишини билдириш билан чекланди.

Айни мазмундаги жавобни Озодлик, шу кунда ҳибсда сақланаётган шахслардан баъзиларининг қонуний ҳимоячиларидан ҳам олди.

Адвокатлардан бирига кўра, тезкор амалиёт пайтида ушланган шахслар устидан тергов тафсилотларини ошкор қилмаслик ҳақида ҳар бир адвокатдан алоҳида-алоҳида тилхат олинган.

Исмини ошкор қилмасликни истаган адвокатга кўра, ҳатто терговчилардан ҳам шу мазмунда тилхат олинган:

“Энг бошида шундай амалиёт ўтишидан ИИВ ва прокуратура терговчиларининг каттагина қисми ҳам бехабар бўлган. Ҳозир бу иш мутлақо махфий шаклда юритиляпти”.

Озодлик ушбу тезкор-амалиёт пайтида ушланган айрим шахсларнинг ота-оналари билан ҳам алоқада. Улар ҳам матбуотга гапирмаслик ҳақида қаттиқ огоҳлантирилганини айтмоқдалар.

Аммо, муқаддам кўрилмаган кўламда ўтказилгани ва хусусан, собиқ совет давридан бери “кўча”ни қўлдан бермаган авторитет Салимбойнинг ҳам қўлга олингани бу рейдларга жамоатчилик қизиқишига сабаб бўлиб қолмоқда.

Боиси, Салимбой ёки унинг каби нуфузи баланд кўрилган яна бир авторитет - Ғофурбой - Ғафур Раҳимов каби жиноят олами етакчиларининг, Ўзбекистон ва умуман постсовет ўлкаларида ҳокимиятдаги шахслар ёки гуруҳлар билан боғланиб кетгани кузатилади.

Жумладан, ҳибсга олингунига қадар маҳалий матбуотда расман йирик тадбиркор ва меценат, деб таърифланган ҳамда 2017 йил январидан Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва спорт курашлари ассоциацияси раиси лавозимларида ишлаб келган Салим Абдувалиев ҳануз диққат марказида.

Ҳибсга олинишидан бироз олдин ҳам Абдувалиев ўзини Шавкат Мирзиёевнинг тарафдори ва ҳимоячиси, деб тақдим қилаётганди.

Мирзиёев эса, 2016 йилда ҳокимиятга келиши билан Абдувалиевни мукофотлаган ҳам.

Миллий Олимпия қўмитаси вебсайтидаги маълумотга қаралса, Абдувалиев ҳануз Миллий Олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари сифатида қолмоқда.

Айни пайтда, Салим Абдувалиев АҚШ дипломатларининг 2006 йилда интернетга сиздирилган ёзишмаларида “Тошкент мафиясининг отаси”, катта давлат лавозимларини “сотган” ва фойдали давлат шартномаларини ўзига алоқадор бизнес тузилмаларига “олиб берган” шахс ўлароқ таърифланган.

Озодлик манбаларига кўра, “Салимбой” то ҳибсга олингунига қадар “айни фаолиятини давом эттирган, гўёки, давлат лавозимлари ва ҳатто, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик корпусларидаги лавозимларни ҳам сотишда давом этган”.

Бундай иддаоларга аввал ҳам, кейинчалик ҳам Абдувалиев бирор бир шаклда муносабат билдирмади. Абдувалиев Озодликнинг интервью ҳақидаги сўровини рад этган.

Расмий маълумотларга қараганда, 5 декабрь куни қўлга олинган Абдувалиевга нисбатан текширилаётган айбловларнинг ҳеч бири бу иддаоларга алоқадор эмас.

5 декабрда Тошкент шаҳар ИИББ берган маълумотга кўра, 73 яшар Салим Абдувалиев ЖКнинг 248-моддаси билан “ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш”да гумон қилиниб, процессуал тартибда ушланган.

Ҳозир Абдувалиевга нисбатан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда, аммо бошқа тафсилот берилмаётир.

Аммо, Озодликнинг бир неча манбасига кўра, ҳозирда Абдувалиев ишида янги айблов эпизодлари пайдо бўлган.

Манбаларга кўра, Салимбой аввалига Тоштурма, кейин эса Гвардейский ҳибсхонасида сақланган. Аммо, ишда янги эпизодлар пайдо бўлганидан бери у сақланаётган жой қаттиқ сир тутилмоқда.

Зеро, Абдувалиев ҳибсга олинганидан сўнг, уни қўшни Қирғизистонда унинг номи йирик сиёсий можаро марказига тушди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиев, Жогорку Кенеш (парламент) депутати Эмил Жамғирчиев «Салимбой»дан уларни йўқ қилишда ёрдам сўраганини маълум қилди:

«Менга тақдим этилган маълумотларга кўра, [Жамгирчиев] Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, “Салимбой” лақабли криминал авторитет Салим Абдувалиев билан учрашиб, “икки дўстни” йўқ қилишга ёрдам беришни сўраган».

“Икки дўст” ёки қирғиз тилида “эки дос” дейилганда - қирғизистонликлар президент Садир Жапаров ва Давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевни тушунади.

Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевга кўра, улар ҳозир қамоқда ўтирган Салимбойни бу масалада сўроқ қилишган:

“Менда Жамгирчиевнинг Салим Абдувалиевга ёзган 10 варақлик хати бор, хатда криминал авторитетдан Ташиевни жавобгарликка тортишда ёрдам сўрайди. Салимбой кўрсатма берди ва Жамгирчиев Қирғизистон раҳбарияти ўртасида тартиб ўрнатиш бўйича ёрдам сўраганини тасдиқлади. Бунга жавобан, Салимбой ўз авторитети Қирғизистонда ўтмаслигини айтган. Маълум бўлишича, Жамгирчиев Абдувалиевнинг ёрдамчисини алдаб кетган. Бир неча кун меҳмонхонада туриб, пулини тўламай кетворган. Ҳозир унга нисбатан Ўзбекистонда ҳам 2 та иш очилган - “товламачилик” ва “чегарани ноқонуний кесиб ўтиш” айби билан”.

Озодлик манбалари, Салим Абдувалиевга алоқадор жиноят ишида пайдо бўлган янги эпизодларнинг айнан Қирғизистон президенти ва хавфсизлик хизмати раҳбари айтган даъволар билан алоқаси борлигини тахмин қилмоқдалар.

Озодлик бундай тахминларнинг ҳеч бирига расмий тасдиқ ололмади. ИИВ бу борадаги барча тафсилотлар терговдан сўнг ошкор қилинишини айтмоқда.

Аммо, муқаддам ИИВ тизимида ишлаган бир манбанинг айтишича, “Салимбой”га нисбатан тергов-суриштирув кенгайиб кетмоқда ва бу фақатгина Қирғизистон раҳбариятидаги “икки дўст” илгари сурган даъво билан чекланмайди.

Бу манбага кўра, Қирғизистонда танилган Қамчи Колбаевнинг ўлимидан сўнг Марказий Осиёдаги жиноий дунёда унинг каби лидер ўрни бўшаб қолган.

АҚШ санкцияларига учраган “Коля қирғиз” лақабли Қамчибек Колбаев 4 октябр куни махсус хизматларнинг Бишкек марказидаги операцияси чоғида отиб ташланганди.

Бунинг ортидан Қирғизистон ҳокимият идораларидаги 200 дан ортиқ ишчи ва мулозимлар, жиноий гуруҳларга алоқадорликда айбланиб, кетма-кет ишдан ҳам олинди.

Шу тариқа, Тошкентда “кўча” лидерлари устидан ўта махфий тергов давом этаркан, тармоқларда Ўзбекистон “кўча”сини Қирғизистонга улаган яна бир баҳс бўлиб ўтди.

Қирғиз тилидаги тармоқларда Жапаровнинг ўғли ва Ўзбекистонда “Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган ва ҳозир ҳибсда сақланаётган спортчи Саидазиз Саидалиев, гўёки, бир стол атрофида ўтиргани акс этган сурат тарқалди.

Сурат атрофида баҳс кўп. На Ўзбекистон, на Қирғизистон томонидан бу суратга расман муносабат билдирилмади.

Қирғизистон президенти матбуот хизматининг собиқ раҳбари Нургази Анаркулов, аввалига тармоқларда тарқалган бу сурат “бир жиноят далил эмас” мазмунида шарҳ қолдирди.

Кейинроқ, бу сурат сохта, аслида ундаги Рустам Жапаров эмас, бошқа одам, деган хабар пайдо бўлди.

Шу тариқа, яна бир карра “Саидазиз медгородок” номини энг юқори сиёсий доиралар эътиборига кўтарган бу сурат ҳаққонийми ёки сохта - бу ҳақда Озодликда ҳеч бир маълумот йўқ.

Аммо, аслида ўзбек ижтимоий тармоқлари, айниқса тармоқларнинг Ўзбекистон мустақиллиги даврида етишган ёш сегменти орасида “Саидазиз медгородок” лақаби билан танилган спортчи Саидазиз Саидалиев жуда оммабоп.

Тармоқлар уни Салимбойнинг одами сифатида танийди, унинг шахсий Инстаграм саҳифасида ҳам “Салим аканинг шогирди” дейилган олқиш шарҳлар кўп учрайди.

Бундан ташқари, декабрда бўлган “кўча”га қарши рейдлар фонида, “Саидазиз медгородок” - кўчанинг асосий “разборшчигига” айланган ёш спортчилар зеҳниятини тушуниш учун бир мисол ўлароқ қизиқишни тортади.

2016 йилда Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, Тошкентда яккакураш ёки аралаш яккакураш - ММА спорт клублари кўзга кўрина бошлади.

Бундай клублар Ўзбекистон аралаш яккакураш ассоциациясига президентнинг кичик куёви Отабек Умаров раҳбарлик қилган пайтда ижтимоий тармоқларда танилди.

Клуб спортчилари эса “кўча”даги жиноий гуруҳлар аралашган криминал разборкалар ва самосудларда тез-тез кўрина бошлади.

Жумладан, ҳибсга олиниши ҳақидаги расмий билдирувга кўра, 1987 йилда туғилган Саидазиз Саидалиев ҳам “спорт билан шуғулланган жисмонан бақувват шахсларни ўз атрофига йиғиб, безорилик, тамагирлик каби жиноятларни содир этган”:

“Хусусан, қарздорлик ва бошқа муаммолари бўлган шахсларни муаммоларини қонунни четлаб ўтган ҳолда ҳал қилиб бериш эвазига моддий жиҳатдан манфаатдор бўлиш, таҳдидлар йўли билан пул маблағларини ноқонуний қўлга киритиш, безорилик ва тамагирлик ҳолатлари шулар жумласидандир”.

Тошкент шаҳар ИИББ хабарида айтилишича, жиноят иши доирасида гумон қилинувчи Саидалиев ва бошқа бир нечта шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Саидалиев Саидазиз - асли спортчи. Ижтимоий тармоқлар уни бокс билан профессионал шуғулланадиган атлет сифатида тилга олади.

Бундан ташқари, аралаш якка кураш, эркин кураш ва бокс бўйича ёш спрортчиларни бирлаштирган @saidalievteam номли гуруҳи ижтимоий тармоқларда анча танилган.

Бу гуруҳнинг ўз логоси, логоси туширилган кийимлари бор. Клубнинг курашчилари турниларда клуб логоси туширилган байроқни кўтариб чиқади.

Бундан ташқари, Саидалиев маҳаллий матбуотда ҳам тез-тез чиқиб турарди ва асосан, спорт ҳақида гапирган. Ўз чиқишларида у доимо президент Мирзиёевни олқишлаб келган.

Саидалиев Ўзбекистон триатлон федерацияси ва ММА - Ўзбекистон аралаш яккакураш ассоциацияси раҳбари бўлган Отабек Умаровни ҳам миннатдорлик билан тилга олган.

“Саидазиз медгородок”ни яқиндан таниган ёш спортчилардан бири ҳам уни “одамларни пулини ундириб бериш билан шуғулланган” деб таърифлади:

“Масалан, ким учундир пулини давлат орқали ундириб бериш ишламай, суд орқали узоққа чўзилиб юрган бўлса, “кўча” тез ишни ҳал қилиб берган. “Медгородок” аслида яхши бола, биринчи бўлиб Тошкентнинг Қорақамишида номи чиққан, ўша ерда туғилган. Ёрдам берган камбағалга, спортсменларнинг кўтарилишига. Асосий иши пул ундириш бўлган. Ўзи Салимнинг одами”.

Озодликнинг Ички ишларда муқаддам юқори лавозимларда ишлаган манбасига кўра, “Саидазиз медгородок” атрофида одам кўпайиб бораётгани учун кейинги йилларда ҳуқуқ-тартибот идораларининг назарини тортган эди.

Аслида Ўзбекистонда 2023 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказилган рейдлар - кўлами нуқтаи назаридан илк катта амалиёт бўлди.

ИИВ “криминоген муҳитни яхшилашга қаратилган бу рейдларга” салкам икки ой тайёргарлик кўрилгани, қўлга олинган шахслар узоқ вақт кузатувда бўлганини айтмоқда.

Аксарият манбалар, рейд ўтказиш учун шахсан президент Шавкат Мирзиёев кўрсатма берганини ҳам айтмоқдалар. Аммо, президентнинг ўзи бу ҳақда ҳали баёнот бермади.

Аммо, бунга қадар ўтказилган йирик рейд - 2018 йилдаги қама-қамалар пайтида Мирзиёев “кўча” ҳақида алоҳида чиқиш қилганди:

“Кўчада битта хулиган ҳаммани управлять қилиб юрса, Тошкент вилоятида ҳам бор бир-иккитаси. Ҳалиям икки-учтасининг думини уза олмай, охирига ета олмаяпман. Кўпининг думини уздик, аммо икки учтаси юрибди ҳали “ҳа биз унақа, биз айтган бўлади”, деб. Мана кўпи турмада ўтирибди биз айтган ғўддайганлар. Ўтирадиям бундан буёғи. Мен ҳаммасини биламан, худога шукр. Арқонни узун қўйиб қўйибман ҳозирча”.

Ўшанда президент “ҳалиям икки учтаси юрибди” деганда кимни назарда тутганини айтмаган эди. Аммо, “Салимбой”ни назарда тутаётгандир, деб тахмин қилганлар кўп бўлганди.

Ҳозир ҳам ҳукумат ва расмий нашрлар, 2 ой олдинги рейдларни айнан Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ҳамда Ўзбекистонда қонун устуворлигини таъминлаш ваъдасига вафоси ўлароқ катта ҳаяжон билан ёритди.

Аммо, мамлакатдаги бугуни бошқарув - хусусан, бугунги ҳокимият ва унинг жиноий олам билан алоқаларидан хабардор Озодлик манбалари бу рейдларга сабаб бўлган асл вазият расмий версиядан тамоман бошқача эканини иддао қилмоқдалар.

“Бу ерда “кўча”даги кучларни янгидан тақсимлашга тўғри келди. Шу паллада, куёвлар бир-бирига қарши чиқишди. Энди ҳаммаси “кўча”дан келадиган пул кимнинг қўлига ўтишига боғлиқ. Аслида, Қамчи ўлганидан кейин, Салимбой Марказий Осиёга қараши учун Бахтини қўйганди. Бу ҳудудга келадиган контрабанда Қамчини қўлида эди. Кейин Бахтининг контрабандаси Ҳожининг “Абу Сахий” га келадиган контрабандасини тўсишни бошлади. Бахти фармацевтларга ҳам юк ташишга ёрдам беришни бошлади. Графга ҳам бутун Марказий Осиёни Бахти, Салимбой, Турсуновлар қўлига олиши ёқмади, албатта. У бу жойга Ахтамни сураётган эди”, деди ИИВ собиқ ходими.

Аммо, Озодлик манбалари бераётган бу маълумотлар ҳозирча расман тасдиқлангани йўқ.

Хали айтиб ўтганимиздек, бу рейдлар тугадими, “Салимбой” ва “Бахти Ташкентский” каби криминал авторитетлар нега айнан ҳозир қўлга олинди - бу каби қатор муҳим саволларга ҳануз жавоб йўқ.

Форум

XS
SM
MD
LG