Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:18

Кластер комбайнчиларни ишлатиб маошини бермади


Қашқадарё вилоят Ғузор туманидаги саккиз нафар комбайнчини ишга ёллаган "Агро Бўстон кластер" МЧЖ уларни бир ярим йилдан буён иш ҳақини бермай сарсон-саргардон қилмоқда.

Бу одамлар оддий комбайнчилар. Буғдой ўрими пайтида кечаю кундуз тиним билмай ишлаган инсонлар.

Уларнинг меҳнати оғир, мавсум давомида ойлаб уйига келмайди, тумандан туманга ўтиб буғдой ўради. Қирқ-эллик даража иссиқда, чангу тўзон ичра ишлайди.

Комбайнчиларнинг арз қилмаган жойи қолмади. Прокуратура, судларга ҳам бир неча бор чиқиб кўришди. Лекин ўзларининг айтишларича, судлар ҳам бойларга қайишяпти, камбағалнинг арзига ҳеч ким қулоқ солмаяпти.

2022 йилнинг феврал ойида Қашқадарё вилоятидаги "Агро Бўстон кластер" МЧЖ Ғузор тумани Машина трактор паркидан ғалла ўрадиган комбайнларни сотиб олганидан сўнг, комбайнчилар билан шартнома тузади.

"Кластер биз билан шартнома тузди. Ҳар гектар ўрилган ғаллага 65 минг сўмдан берамиз, деди. 2022 йил 6 июндан ғалла ўримига чиқдик. қарийб икки ой ҳар комбайн 400-600 гектардан ғалла ўриб бердик. Лекин ўрим тугаганидан сўнг икки миллион сўм бердию, қолган пулимизни бермади", дейди комбайнчи Ихтиёр Раҳмонқулов.

Ихтиёр Раҳмонқулов 23,1 миллион сўм иш ҳақини ололмаган. Комбайнчи Зафар Кенжаевнинг айтишича, кластер уларни икки йилдан буён алдаб келяпти, лекин ҳеч ким унга чора кўрмайди:

“Бу ерда ишлашнинг ўзи имконияти қолмади. Ишчиларни эмас, фақат ўзини ўйлайдиган кластернинг нима кераги бор? Бизда ҳам рўзғор бор, оила бор. Биз ҳам инсонмиз. Бизлар қаерга борайлик, кимга мурожаат қилайлик, дардимизни кимга айтайлик?”

Бу комбайнчилар 2022 йилда 400 гектар ғалла ўрган.

Ўтган бир ярим йил давомида комбайнчилар президент порталигача шикоят хати ёзишган. Ғузор тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига мурожаат қилган. Қашқадарё вилоят давлат меҳнат инспекциясига арз қилишган. Иш ахийри Фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судига келиб тақалган.

Комбайнчи Эшмурод Одинаевнинг айтишича, камбағалларга келганда қонунлар ишламайди, бўлмаса судлар шундоқ кўриниб турган ва тасдиқланган ҳолатларга бефарқ бўлмас эди:

“Бир ярим йилдан буён сарсонмиз. Адвокатлар бизни юз фоиз ҳақ деяпти. Бориб судга беряпмиз, прокуратура кўряпти. Булар қонуннинг эгалари! Бу эгалар делони фуқаролик суди раиси Гадоевга беряпти. Гадоев буни кўриб, Абдураҳматни чақириб биз билан юзма-юз қилмаяпти, шулар сенда ишлаганми деб сўрамаяпти. Бизни башармизни ҳам кўрмасдан делони отказ қилиб юборяпти”.

Шундан сўнг, комбайнчилар қуваверган, кластер ва бухгалтерлар улардан қочаверган. Анча югуру-югурдан сўнг, ҳар бир комбайнчи икки миллион сўмдан пул олишга муваффақ бўлган, қолгани эса шу пайтгача йўқ.

"Агро Бустон кластер" МЧЖ раҳбарияти комбайнчиларни буйруқ асосида ишга қабул қилган.

Пахта-2023: Кластер пулни бермаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:10 0:00

Комбайнчилар кластер билан ёзма шартнома тузган, лекин кластер уни қайддан ўтказмаган. Улар кластер раҳбари Абдураҳмат Боймуродовнинг “шартнома онлайн бўлади”, ҳамма пулларингни ўз вақтида оласизлар деган ёлғон ваъдасига ишонган.

Абдураҳмат Боймуродов Озодлик билан суҳбатда айни пайтда "Агро Бустон кластер" МЧЖ раҳбари эмаслигини айтар экан, комбайнчиларга иш ҳақи берилмаганини тан олди.

“Иқтисодий суд бизларнинг фермерларга даъволаримизни қаноатлантирган, МИБ ундиришга бизларга ёрдам бера бошлади, ўшалар ундирилгандан сўнг биринчи навбатда иш ҳақлари ёпилади. Ойнинг охирларигача натижа бўлиб қолар”.

2022 йил ғалла ўримининг пули нега шу пайтгача берилмади деган Озодлик саволига Абдураҳмат Боймуродов у ўша йили ишдан бўшаганлиги ва бу саволга "Агро Бўстон кластер" МЧЖнинг ҳозирги раҳбари, акаси Абдусалом Боймуродов жавоб беришини айтди.

Абдусалом Боймуродов Озодликка ҳозир "Агро Бўстон кластер" МЧЖ ўз фаолиятини тўхтатганини айтар экан, фермерлардан қарзлар ундирилса комбайнчилар иш ҳақлари берилишини айтди:

“Ҳозир 2 миллиард 562 миллион сўм бизларнинг пулимиз фермерларда турибди. Биз суд орқали ижрога қаратганмиз. Шулардан туша бошласа нафақат комбайнчиларни, ҳаммасини пулини берамиз”.

Ўзбекистонда амалдорларнинг иш ҳақлари берилмагани ёки кечиккани ҳақидаги хабар умуман эшитилмайди ва улар бундан шикоят қилган ҳолат ҳам кўзга ташланмаган.

Одатда энг оддий касбларда меҳнат қилаётган ишчиларнинг ойлик маошлари ёки шартнома қилинган пуллари берилмайдиган ҳолатлар кўп учрайди.

Куни кеча Озодликка келган видеода эса, ипак қурти боқиб пилла топширган косонлик одамлар пилла пулини ололмаётгани ҳақида арз қилган эди.

Узоққа бормайлик, яқингинада уч ой пахтага одам чиқариб пахта тердирган косонлик отряд бошлиқлари бўлган аёллар иш ҳақларини ололмаганидан шикоят қилишган эди.

Форум

XS
SM
MD
LG