Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:28

Конституциявий ислоҳотлар: Олий Мажлис Қорақалпоғистон мақомини ўзгаришсиз қолдирди


Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси 4 июль кунги мажлисида мамлакат Конституцияси янги таҳриридаги Қорақалпоғистон Республикасига оид моддаларни ўзгаришсиз қолдириш ҳақида қарор қабул қилди.

Бу билан парламентнинг қуйи палатаси 2 июль куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан эълон қилинган қарорни расман тақдиқлаган бўлди.

Қорақалпоғистонда Конституциянинг айни моддаларига қарши 1 июль куни бошланиб кетган оммавий норозилик намойишлари манзарасида Нукусга борган президент Мирзиёев асосий қонундаги минтақанинг мақомига доир 70, 71, 72, 74, 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилишини айтган эди.

Оммавий тартибсизликлар боис Мирзиёев 24 соат ичида Нукусга икки марта сафар қилган. 3 июль кунги чиқишида у оммавий тартибсизлик чоғида ҳукумат кучлари ва тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлганини айтди, аммо бунга оид ҳеч қандай рақам бермади.

Мирзиёев Конституцияга ўзгартишлар юзасидан муҳокамалар “қанча вақт керак бўлса, шунча давом этиши”ни, Ўзбекистон, жумладан, Қорақалпоғистон халқининг розилиги ва маъқулловисиз ҳач қандай қарор қабул қилинмаслигини таъкидлаган.

У оммавий тартибсизликларда хорижий кучларнинг иштироки борлигига ишора қилган, аммо бирон бир давлат номини атамаган.

2 июль куни Қорақалпоғистонда 1 ойлик фавқулодда ҳолат жорий этилган. Расмийлар минтақада осойишталик тиклангани, тартибсизликлар ташкилотчилари қўлга олингани, вазият назорат остида эканини айтмоқда. Қанча одам қўлга олингани ҳақида расмий маълумот йўқ.

Айни пайтда Олий Мажлис “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасининг муддати 2022 йил 15 июлигача узайтириш тўғрисида ҳам қарор қабул қилган.

Бу ҳақдаги расмий хабарда айтилишича, Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳаза билдиришда фуқароларнинг фаоллиги ортиб бораётганлиги, келиб тушаётган таклифлар сони тобора ошаётганлиги умумхалқ муҳокамаси муддатини узайтириш заруратини юзага келтирмоқда.

Конституцияга ўзгартишлар юзасидан умумхалқ референдуми санаси ҳозиргача эълон қилинмаган.

Референдум амалдаги президент муддатини “ноллаштириши” ва янги президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириши кутилади.

XS
SM
MD
LG