Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:55

2020-2021: Коронавирус чекловлари ва пандемиядан кейинги дунё


Йил сўнгида коронавирус вакцинасининг маъқулланиши 2021 йилда пандемиядан кейинги давр бошланиши борасида умидларни уйғотди
Йил сўнгида коронавирус вакцинасининг маъқулланиши 2021 йилда пандемиядан кейинги давр бошланиши борасида умидларни уйғотди

Қаттиқ коронавирус чекловлари баъзи давлатларда ҳукуматларга ўз қудратларини янада кучайтириш имконини берди. Озарбайжон, Беларусь, Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон шулар жумласидан. Ҳуқуқ фаолларига кўра, пандемиядан кейинги даврда суистеъмол қилинган чораларни бекор қилиш керак бўлади.

Коронавирусга қарши вакцинанинг маъқулланиши 2021 йилда пандемиядан кейинги давр бошланиши борасида умидларни уйғотди.

Аммо халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, ҳукуматлар қудрати ҳаддан ташқари кучайиб кетмаслиги учун фуқаро жамияти ўзининг пандемиядан олдинги ролига қайтиши керак бўлади.

Эркин матбуот ва мустақил судлов чекланган пайт коррупция гуллаб-яшнайди

2020 йилда жорий этилган ва кўпинча суистеъмол қилинган жамоатчилик саломатлиги билан боғлиқ вақтинчалик фавқулодда чораларнинг бекор қилиниши учун тийиб туриш механизми ишга туширилиши лозим.

Жаҳонда коррупция даражасини кузатиб борувчи Transparency International ташкилоти пандемия яккаҳокимликнинг кучайиши ва қонун устуворлигининг заифлашишига олиб келишидан огоҳлантириб келади.

“COVID-19 инқирози коррупциялашган ва яккаҳоким раҳбарларга жамоатчиликни чалғитиш ва назоратни камайтириш учун мислсиз имкониятлар берди”, дейилади аксилкоррупция ташкилоти ҳисоботида.

Қозоғистон полицияси намойишчини ҳибсга олмоқда - Алмати, 6 июнь, 2020
Қозоғистон полицияси намойишчини ҳибсга олмоқда - Алмати, 6 июнь, 2020

Transparency Internationalнинг айтишича, “эркин матбуот ва мустақил судлов каби демократик институтлар, фуқароларнинг норозилик билдириш, ҳукумат харажатларини назорат қилиш ҳақлари чекланган пайт коррупция гуллаб-яшнайди”.

Вашингтондаги Брукингс институти Яқин Шарқ бўйича эксперти Шоди Ҳамиднинг айтишича, авторитаризм, назария ва амалиётда, ҳали пандемиядан аввал кучайиб бораётган эди.

Унинг сўзларига кўра, пандемиядан кейинги даврнинг айрим жиҳатлари, жумладан, ковидни аниқлаш тизими ва кучайган кузатув ҳукуматлар тепасидаги шахсларнинг “авторитаризмга мойиллигини кучайтириши” мумкин.

“Пандемия даврида ва ундан кейин ҳукуматлар инқироздан ички мухолифатни бостириш ва фуқаро эркинликларини чеклаш йўлида фойдаланиш эҳтимоллари катта”, дея хулоса қилади эксперт Брукингс институтининг “Дунёни қайта очиш” деб номланган ҳисоботида.

Аммо бу таҳдидларга қарамай, Шоди Ҳамид пандемиядан кейинги даврда сиёсий эркинликларнинг қайта тикланиши борасида умидбахш.

Айни пайтда, унинг айтишича, чекловларнинг бекор қилиниши сиёсий партиялар, норозилар ва халқ ҳаракатларига ўз платформалари ва манифестацияларини кенгроқ оммага етказиш имконини беради.

“Демократик ҳукуматлар эса, худди Трамп маъмурияти каби, эркин ахборотни чеклаш ва инқирозларни кичрайтириб кўрсатишга ҳаракат қилишлари мумкин, аммо жавобгарликдан қутулиб қололмайдилар”.

Экспертнинг фикрича, “ҳукуматларнинг эркин ахборотни бостириш ҳаракати ўз навбатида, матбуот, қонун чиқарувчилар ҳамда фуқаро жамиятини уларнинг хатоларини янада кўпроқ фош этишга ундаши мумкин”.

Россия ва Туркманистон сингари давлатларда пандемия чекловлари баҳонасида киритилган авторитар чоралар сиёсий рақибларни таъқиб қилиш ва матбуот эркинлигини чеклаш йўлида ҳам ишга солинди.

Расмийлар бу чоралардан фуқаро жамиятининг ижро ҳокимиятини назорат қилиш имконларини чеклашда фойдаландилар.

Бокудаги таъқиблар

Президент Илҳом Алиев ҳукумати кўрган чоралар унинг яққол ўрнаги бўла олади.

2020 йил мартида ҳукумат “эпидемияга қарши, санитария-гигиена ҳамда карантин қоидаларини бузганлик учун” янги жазо чораларини жорий қилди.Янги жиноий қонунчилик, жумладан, тиббий ниқоб тақмаганлик учун 3000 долларгача жарима ёки уч йилгача қамоқ жазосини назарда тутади.

Вирус тарқатганликда айбдор деб топилганлар эса 5 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилади. Ҳьюман Райтс Уотч (HRW) ташкилоти расмий Бокунинг ковид тарқатганлик учун белгилаган чоралари “легитим ёки вирус таҳдидига мутаносиб эмаслиги” ҳақида огоҳлантирди.

АҚШда жойлашган инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, бу каби қонунларни “озчиликлар ёки ўзгача фикрловчиларга” қарши ишлатиш қулай.

Бокуда полиция зўравонлигига қарши намойиш -- 16 июнь, 2020
Бокуда полиция зўравонлигига қарши намойиш -- 16 июнь, 2020

Ёз ойларида қўшни Арманистон билан ўртадаги Тоғли Қорабоғ муаммосига ечим тополмаганидан норозилик билан бирга, президент Алиев юқори даражадаги коррупция, иқтисодий муаммолар ҳамда коронавирус инқирозига қарши етарли чора кўрмагани юзасидан босимлар остида қолди.

Июль ойида Алиев ҳукумати бу танқидларга ўзининг сиёсий рақиблари ва демократия тарафдорларига қарши таъқибларни кучайтириш билан жавоб қайтарди.Алиевнинг хавфсизлик хизматлари 120 дан ортиқ мухолифат фаоллари ва тарафдорларини ҳибсга олди. Уларнинг аксарияти Озарбайжон Халқ Жабҳаси партияси аъзолари эди.

Ҳибсга олинганлардан икки нафари – ОХЖП раиси ўринбосари Маммад Иброҳимнинг ўғли Меҳди Иброҳимов ҳамда партия фаоли Муҳаммад Имонли карантин қоидаларини бузишда айбланди.HRW нинг айтишича, Имонлига қарши “ковид тарқатиш ва тиббий ниқоб тақмаслик билан бошқаларнинг ҳаётини хавф остига қўйиш” ҳақидаги айблар сохталаштирилган.

Иккинчи фаол – Иброҳимов эса полиция томонидан коронавирус юқтиргани ҳолда рухсат этилмаган кўча намойишида иштирок этишда айбланган.Аммо Иброҳимовнинг адвокатига кўра, унинг июлдаги намойишлардан кейин олинган ковид тести салбий натижа кўрсатган.

Амалда, адвокатнинг айтишича, расмийлар Иброҳимов мухолифат партияси раҳбарининг ўғли эканини билганларидан кейин унга қарши айблов эълон қилишган.

Беларусь чегаралари

Танқидчилар Беларуснинг яккаҳоким раҳбари Александр Лукашенкони коронавирус чекловларидан ўз режимига қарши оммавий намойишларни бостиришда айблашади.Аслида коронавирус чекловлари расмий Минскнинг сиёсий таъқибларни кучайтириш йўлида қўллаган чораларидан фақат биттаси, холос.

“Весна” инсон ҳуқуқлари гуруҳига кўра, 2020 йилда Беларусь мухолифатининг президентликка номзодлари, уларнинг жамоаси ҳамда намойишчиларга қарши сиёсий сабаблар билан 900 дан ортиқ жиноят ишлари очилган.

Президент Лукашенко Беларусь ИИВ махсус кучларини тақдирламоқда - Минск, 30 декабрь, 2020
Президент Лукашенко Беларусь ИИВ махсус кучларини тақдирламоқда - Минск, 30 декабрь, 2020

Давом этаётган кундалик намойишлар Лукашенконинг 26 йиллик бошқарувига энг йирик таҳдиддир. Намойишлар 2020 йил 9 августдаги президент сайловларида Лукашенко олтинчи бор ғолиб деб эълон қилиниши ортидан бошланиб кетди.

Бир неча ой давомида коронавирус хавфини менсимай келган Лукашенко мухолифат ва кўчаларга чиққан юз минглаб намойишчиларни “хориждаги кучларнинг қўғирчоқлари” сифатида айблади. 1 ноябрда милициянинг ойлаб давом этган таъқиблари аксилҳукумат намойишларини бостиролмагани ортидан Беларусь давлат чегараларини ёпиб қўйди.

Россиядаги кузатувлар

Москвада эса, коронавирус пандемияси Россиянинг ўз фуқароларини кузатувчи давлат сифатидаги имкониятларини синовдан ўтказди.

Россия расмийлари танқиддан ковид пандемиясидан ҳам кўпроқ қўрқишларини кўриш ҳайратланарли

Давлат Думаси март ойида Бош вазир Михаил Мишустинга аҳоли саломатлигини сақлаш мақсадида мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий этиш ваколатини берувчи қонунни маъқуллади. Қонун, шунингдек, “табиий ҳамда техноген вазиятлар чоғида” билиб туриб, сохта ахборот тарқатганлик учун" 5 йилгача қамоқ жазосини кўзда тутади.

Коронавирусга қарши чораларни бузганлар учун эса 7 йиллик қамоқ жазоси белгиланди. Апрель ойига келиб президент Путин минтақалар ҳукуматларига коронавирус билан боғлиқ чекловлар жорий қилиш ваколатини берди.

Бу ваколатлар, таҳлилчиларга кўра, Кремлни пандемиядан кейинги даврда ҳам чекловлар доимий бўлиб қолиши борасидаги танқидлардан ўзини ҳимоя қилиш имконини берган. Айни пайтда Москва ўзининг коронавирусга қарши чоралари борасидаги эркин ахборот оқимини чеклаш ваколатини қўлга киритди.

Апрель ойида коронавирусга қарши курашда соғлиқни сақлаш тизими камчиликларини ўртага чиқарган Россия Шифокорлар ассоциацияси раҳбари Анастасия Васильева ҳибсга олинди.

“Россия расмийлари танқиддан ковид пандемиясидан ҳам кўпроқ қўрқишларини кўриш ҳайратланарли”, - дейди Халқаро Амнистиянинг Россия бўйича директори Наталья Звягина. Унинг хулоса қилишича, Васильевани ҳибсга олиш билан Россия расмийлари “ўзларининг ҳақиқий мотивлари”ни фош қилишган.

Москвада матбуот ва сўз эркинлигини чеклашга қарши норозилик намойиши чоғида ўнлаб журналистлар ҳибсга олинди - 7 июнь, 2020
Москвада матбуот ва сўз эркинлигини чеклашга қарши норозилик намойиши чоғида ўнлаб журналистлар ҳибсга олинди - 7 июнь, 2020

Россия Давлат Думаси, шунингдек, ҳукумат коронавирусга қарши кўрган чоралари борасидаги ахборотлари туфайли Озодлик/Озод Европа радиоси дохил хорижий оммавий ахборот воситаларига қарши таъқибларни ҳам кучайтирди.

Июль ойида Москвада матбуот ва сўз эркинлигини чеклашга қарши норозилик намойиши чоғида ўнлаб журналистлар ҳибсга олинди. Ҳьюман Райтс Уотчнинг айтишича, кўпгина ҳолларда намойишчиларга ковид билан боғлиқ қоидаларни бузганлик тўғрисидаги сохта айблар қўйилган. HRW нинг Россия бўйича тадқиқотчиси Дамеля Аиткожинага кўра, ушбу чоралар “репрессияларни янги даражага кўтарган”.

Россиянинг Узоқ Шарқ минтақасидаги Хабаровск шаҳрида эса коронавирус чекловлари қотилликда айбланган халқ губернатори тарафдорларининг намойишини бостириш йўлида ишлатилди. Намойишчиларга кўра, губернаторга қарши айбловлар Кремлнинг ёрдами билан унинг маҳаллий рақиблари томонидан тўқиб чиқарилган.

Аммо чекловларга қарамасдан намойишчилар тўпланишда ва Путин иқтидори ҳамда Москванинг ўз иродаларини менсимаганига қарши норозилик билдиришда давом этдилар.

Ўзбекистондаги ахборот назорати

2016 йил сентябрида ҳокимиятга келган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов давридаги авторитар бошқарув билан боғлиқ чекловларни бир қадар юмшатгани учун халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан олқишланади.

Коронавирус статистикаси ва аҳолининг газ-свет муаммоси 2020 йил ноябрида Ўзбекистонда матбуот регулятори - АОКА билан қатор мустақил нашрлар ўртасидаги зиддиятга сабаб бўлди
Коронавирус статистикаси ва аҳолининг газ-свет муаммоси 2020 йил ноябрида Ўзбекистонда матбуот регулятори - АОКА билан қатор мустақил нашрлар ўртасидаги зиддиятга сабаб бўлди

Аммо коронавирус инқирози мамлакатнинг энди бўй кўрсатаётган мустақил матбуоти билан ОАВни назорат қилувчи давлат идораси – Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) ўртасида тангликни келтириб чиқарди.

Расмийлар аввалига Ўзбекистон коронавирусга қарши муваффақиятли кураш олиб бораётганини иддао қилдилар. Аммо ёз ойларига келиб, айрим маҳаллий нашрлар ҳукумат бераётган расмий рақамларни савол остига ола бошлади. Улар коронавирус тарқалиши ва қурбонлар сони борасидаги маълумотларни синчковлик билан таҳлил қилишди.

Ноябрь ойи охирига келиб АОКА директори Асаджон Ходжаев бу каби маълумотларни тарқатган нашрларни “жиддий оқибатлар”дан огоҳлантирди. Бу эса коронавирус инқирози Ўзбекистонни Ислом Каримов давридаги авторитар бошқарувга қайтариши мумкинлигидан хавотирларни пайдо қилди.

Қозоғистонда намойишларнинг чекланиши

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев май ойида фуқароларнинг тинч намойиш ўтказиш ҳақларини чекловчи қонунни имзолади. Пандемиянинг биринчи тўлқини даврида кучга кирган янги қонун намойишда қанча одам тўпланиши ва қаерларда тўпланиш мумкинлигини белгилайди.

Танқидчиларга кўра, янги чекловлар ва бюрократик тўсиқлар норозилик намойишидан аввал расмийлардан рухсат олишни ҳам ўз ичига олади. Расмийлар эса намойишларни ўтказмаслик учун кўплаб сабабларни келтиришлари мумкин.Ҳукумат коронавирус чекловларидан жамоатчиликнинг янги тартибга қарши норозилигини бостириш йўлида ҳам фойдаланди.

Қозоғистон ва ташқарисидаги инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, янги қонун мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига зид.

Қирғизистондаги давлат тўнтариши

Пандемияга қадар Қирғизистон Париждаги Чегара билмас мухбирлар ташкилоти тарафидан Марказий Осиёдаги матбуоти энг эркин давлат сифатида кўриларди. Аммо 22 мартда эълон қилинган фавқулодда вазият ва карантин туфайли Қирғизистоннинг нисбатан очиқ жамиятида чекловлар кўпайди.

4 октябрдаги парламент сайловларидан кейин бошланиб кетган зўравонликлар ортидан Қирғизистон ҳукумати Бишкекда фавқулодда ҳолат жорий қилди - Қирғизистон, 12 октябрь,2020
4 октябрдаги парламент сайловларидан кейин бошланиб кетган зўравонликлар ортидан Қирғизистон ҳукумати Бишкекда фавқулодда ҳолат жорий қилди - Қирғизистон, 12 октябрь,2020

Кўпгина мустақил ОАВлар фавқулодда чоралар остида пойтахт Бишкек ва бошқа минтақаларда эркин ҳаракатланишга имкон берувчи аккредитацияни қўлга киритишда қийинчиликларга дуч кела бошлади.

Қирғизистоннинг 4 октябрдаги зиддиятли парламент сайловлари ортидан коронавирус чекловларига қарамасдан, зўравон намойишлар бошланиб кетди.

Сиёсий қарама-қаршиликлар президент Сооронбай Жээнбеков ҳукуматининг қулаши ва янги сайловларни эълон қилишга олиб келди. Бишкекда намойишларни тақиқловчи фавқулодда ҳолат жорий қилинди.

Туркманистон кулги қилинди

Дунёнинг энг авторитар давлатларидан бўлган Туркманистонда матбуот ҳеч қачон эркин бўлган эмас. Шу боис президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг мамлакатга биронта ҳам коронавирус инфекциясини киритмагани ҳақидаги иддаосининг дунёда кулги остига олинганидан ажабланмаса ҳам бўлади.

Туркманистонликлар Озодлик билан суҳбатда мамлакат шифохоналари абгор бўлгани учун касалхоналарга мурожаат қилмаганликларини айтишган.
Туркманистонликлар Озодлик билан суҳбатда мамлакат шифохоналари абгор бўлгани учун касалхоналарга мурожаат қилмаганликларини айтишган.

Расмий Ашхободнинг ҳали-ҳануз Туркманистонда коронавирус йўқлиги ҳақидаги иддаоси мамлакат соғлиқни сақлаш тизимига ишончдан кўра кўпроқ Бердимуҳамедовнинг авторитар бошқаруви натижасидир.Август ойи бошида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бердимуҳамедов ўз экспертларига мамлакатда коронавирус инфекцияси йўқлигини текширишга изн берганини эълон қилди.

ЖССТ минтақавий директори президент Бердимуҳамедов ташкилот ҳайъатига мустақил коронавирус тестлари ўтказиш ва уларни ЖССТ лабораториясида текширишга “рухсат бергани”ни маълум қилди.

Аммо орадан тўрт ойдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, Туркманистон президенти ҳануз ваъдасини бажаргани йўқ. Туркманистонликлар Озодлик билан суҳбатда мамлакат шифохоналари абгор бўлгани учун касалхоналарга мурожаат қилмаганликларини айтишган.

Улардан айримлари касалхонага ўзлари билан бирга кўрпа-тўшак, озиқ-овқат ва ҳатто иситиш учун ўтин ҳам олиб борганликлари ҳақида айтиб берганлар.

XS
SM
MD
LG