Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:56

Коронавирус инфекциясининг учинчи тўлқинидан хавотирлар ошмоқда. Россияликлар эса вакцина олишга ошиқмаяпти


Россияда COVID-19 юқтириш ҳолатлари кўпайиб бормоқда, аммо вакцина олаётганлар сони етарлича ўсмаяпти. Кремль аҳоли орасида хавотир туғдирмасдан эпидемияни чеклашга ҳаракат қилар экан, айрим ҳукумат вакиллари бундай йўл тутиш тўғрилигига шубҳа билдирмоқда.

Bloomberg нашри билан суҳбатлашган икки амалдорнинг сўзларига кўра, мамлакатда коронавирус инфекциясининг учинчи тўлқини аллақачон бошланган.

Исмини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаган расмийларнинг айтишича, Кремль бир неча ойдан бери вазият назорат остида эканини иддао қилиб келаётгани учун, вакциналарга бўлган талаб озайган, чунки аҳолининг аксарияти вирусдан қўрқмай қўйган.

Чоршанба куни журналистлар олдида сўзлаган Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков:

“Албатта, биз вакциналарга бўлган талабнинг ўсишини кутмоқдамиз”, деди.

Аммо котиб мавжуд маълумотлар учинчи тўлқин бошланмаганини кўрсатишини қўшимча қилди.

Ўша куни эпидемиология институти раҳбари Вадим Покровский “Говорит Москва” радиостанциясига берган интервьюсида:

“Дарҳақиқат, ўсиш бор, лекин бу тўлқин эмас, аксинча аста-секин ўсиш”, деди.

Москвада етти кун давомида янги вирус юқтириш ҳолатларининг ўртача кўрсаткичи январь ойидан бери кузатилмаган даражада кўтарилди.

Мамлакатда кундалик вирус юқтириш ҳолатлари сони 9 000 тага яқинлашди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг декабрида қарийб 30 000 ни ташкил қилган эди.

Президент Владимир Путин ўтган йил якунида юқтиришлар яна кўпая бошлаганида иқтисодиётни биринчи ўринга қўйди ва чеклов жорий қилишдан бош тортди. Ўшандан бери Кремль эпидемияни самарали жиловлаётганини иддао қилиб келади. Россия иқтисодиёти қайта тикланаётган бўлса-да, мамлакатда бутун дунёдаги энг юқори ўлим кўрсаткичлари қайд этилмоқда.

Ҳукумат мамлакат ичида чеклов жорий қилишдан бош тортмоқда. Аммо яқинда сайёҳлар орасида машҳур бўлган айрим йўналишларга, шу жумладан, Туркияга саёҳат қилиш тақиқланди.

Жума куни Путин Россияда 1 майдан 9 майгача таътил бўлишини эълон қилган. Бунга соғлиқни сақлаш расмийлари ушбу чора вирус тарқалишини камайтиришга ёрдам беришини айтгани туртки берган.

Роспотребнадзор раҳбари Анна Попова президентга:

“Янги тенденция вазият янада мураккаблашиши мумкинлигини кўрсатади”, деди.

Чоршанба куни Россиянинг вирусга қарши кураш маркази вакили айни дамда учинчи тўлқин ҳақида гапириш “мутлақо нотўғри” эканини таъкидлади.

Россияликларни COVID-19га қарши ишлаб чиқарилган учта маҳаллий вакцинадан бирини олишга ишонтириш расмийларга бўлган ишончсизлик туфайли қийин кечмоқда.

Москва 60 ёшдан ошган одамларни вакцина олишга ундаш учун яна 1000 рубль қийматидаги совға карталарини таклиф қила бошлади.

Мустақил “Levada-Center” тадқиқот маркази таҳлилчиси Денис Волковнинг айтишича, россияликларнинг тахминан учдан икки қисми вакцина олишни истамаслигини айтмоқда.

Бу орада пойтахтдаги савдо марказларида вакцинация марказлари ташкил этилган.

“Фақат дастлабки бир неча кун ичида одамлар навбат кутди”, деди марказ маъмури Светлана Решетина.

“Мен ўзим эмланганим йўқ. Мен бунга ҳали ишонмайман”, дея қўшимча қилди у.

Путин Россиянинг “Спутник V” вакцинасини дунёдаги етакчи вакцина ўлароқ кўрсатиб келади. Аммо бугунга қадар мамлакатда аҳолининг атиги 8 фоизи ушбу вакцина билан эмланди.

XS
SM
MD
LG