Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:48

UZ/Коронавирус: Беморлар сони 158. Янги беморлар Тошкент, Навоий ва Намангандан


Ҳарбийлар блокпостларни назорат қилмоқда, 30 март, 2020
Ҳарбийлар блокпостларни назорат қилмоқда, 30 март, 2020

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

(Бу жонли блогнинг давоми. Аввалги қисмини мана бу линкда ўқишингиз мумкин.)

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

31 март ҳолатига кўра:

- Ўзбекистонда 2 бемор вафот этди, 158 кишида вирус аниқланди. 7 бемор тузалиб, реабилитация марказига ўтказилди.

- Барча вилоятлар маркази ва йирик шаҳарлар ёпилди. 25 мартдан кўчада ниқобсиз юриш тақиқланди. Алоҳида автотранспорт воситаларига махсус рухсатнома билан ҳаракатланишга рухсат берилди.

- Вирус юқтирганлар расмий сони дунё бўйича 725 мингдан, ўлганлар сони эса 34 мингдан ошди, тузалганлар 152 минг атрофида.

ЎЗБЕКИСТОН: вирусни юқтирганлар 149 киши

UZ: Айни вақтгача Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлик ҳолатлари сони 8 тага ошиб, 158 нафарни ташкил этмоқда.

31 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган яна 8 одам аниқланди. Бу билан мазкур вирусга чалинганлар сони 158 нафарга етди.

“Ушбу инфекция шу йилнинг 12 мартида Туркияда бўлиб, касаллиги тасдиқланган бемор билан яқин мулоқотда бўлган 2 нафар наманганлик, иккинчи марҳум билан яқин мулоқотда бўлган асли навоийлик 2 нафар кишида, яъни она ва болада, шунингдек, беморлар билан мулоқотда бўлган 4 нафар тошкентлик фуқарода аниқланди”, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида.

31 март куни эрталаб Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 1 тага ошиб, 150 нафарни ташкил этгани хабар қилинганди. Ушбу инфекция 1 нафар тошкентлик фуқарода аниқланди.

30 март куни Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 4 тага ошиб, 149 нафарга етгани хабар қилинганди.

30 март куни инфекция 2 нафар андижонлик (аёллар), 1 нафар фарғоналик (эркак) ва 1 нафар тошкентлик (эркак) фуқароларда аниқланган.

Ўзбекистонда 2 бемор вафот этди, 7 бемор тузалиб, реабилитация марказига ўтказилди.

Ўзбекистонда Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Наманган, Андижон, Бухоро, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида коронавирус қайд этилган.

ТОШКЕНТ: ССВ беморлар билан интервьюни намойиш қилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида даволанаётган беморларнинг аҳволи, фикр-мулоҳазалари акс этган видеони эълон қилди.

Видеода беморлар шифокорларнинг жуда масъулият билан тўғри даволаш муолажаларини олиб боришаётганини гапирган.

Бу ҳақда қуйидаги видеолавҳада танишишингиз мумкин.

ЎЗБЕКИСТОН: хавфсизлик хизмати ходимлари хайрия қилди

Расман: Президент Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ихтиёрий равишда ўз иш ҳақларининг бир қисмини «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига беғараз ёрдам тариқасида ўтказиб берди. ​

ЭКСКЛЮЗИВ: Туркия аэропортидаги ҳожатхонада ухлаган ҳомиладор аëл Мирзиëевдан ëрдам сўрамоқда

Коронавирус пандемияси сабаб рейслар бекор қилингани туфайли Истанбулдаги аэропортда қолиб кетган ўзбекистонликлар уч кундан бери аэропорт ташқариси ва ҳожатхонасида ëтишга мажбур бўлмоқда.

Уларга кўра¸ Истанбулдаги консуллик вакиллари уларнинг олдига чиқиб гаплашишни умуман истамаяпти.

БОЗОР: Сенаторлар бозорга тушди

30 март куни Олий Мажлис Сенати аъзоларидан иборат Ишчи гуруҳ пойтахтдаги Миробод, Юнусобод ва Олой деҳқон бозорлардаги нарх-наволар ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминланишини кўздан кечирди.

Сенаторлар бозорлардаги санитария-гигиена қоидаларига амал қилиниши ҳолатлари билан ҳам танишишди ва бозорлардаги нарх-наволар уларнинг назоратида эканини билдиришди.

ЕВРОПА: дезинформация кампаниясини тўхтатинг!

Европа парламенти депутатларининг бир гуруҳи Европа иттифоқи раҳбарларига мурожаат қилиб¸ коронавирусни тўхтатиш юзасидан Европа давлатларида кўрилаëтган чора-тадбирлар ҳақида Хитой ва Россия олиб бораëтган дезинформация кампаниясини тўхтатишга чақирди.

39 депутат қўл қўйган мурожаат Европа Комиссияси президенти¸ Европа кенгаши президенти ва ЕИнинг Ташқи сиëсат бўйича бош комиссарига юборилди.

ЎЗБЕКИСТОН: вирусни юқтирганлар 149 киши

Айни вақтгача Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 4 тага ошиб, 149 нафарни ташкил этмоқда.

Ушбу инфекция 2 нафар андижонлик (аёллар), 1 нафар фарғоналик (эркак) ва 1 нафар тошкентлик (эркак) фуқароларда аниқланди.

@sizdantelegram: "Отам гемодиализсиз қолди!"

Озодлик мушатрийси ҳар 2 кунда бир марта гемодиализ олиши керак бўлган отаси оғир аҳволда қолганини айтмоқда.

У ҳаёти хавф остида қолган отасига президентдан ёрдам сўради:

ЎЗБЕКИСТОН: 14 яшар беморнинг аҳволи ўрта оғир

Ўзбекистонда коронавирус касаллигини юқтириб олган энг сўнгги бемор иккинчи вафот этган марҳум билан мулоқотда бўлган 14 ёшли жияни эканлиги маълум қилинди.

У айни пайтда Қарши шаҳрида жойлашган Қашқадарё вилояти юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.

ССВга кўра, беморнинг ҳолати ўрта оғир даражада. Бемор билан мулоқотда бўлган яқинлари ва бошқа фуқаролар қатъий назоратга олинган.

Айни пайтда яна 2 нафар қашқадарёлик бемор Тошкентдаги Вирусология илмий текшириш институти клиникасида даволанмоқда.

ФОТОРЕПОРТАЖ: 30 март куни бозорлар қандай ишлади?

30 мартдан бошлаб, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида шахсий транспорт воситаларининг ҳаракатланишига чеклов жорий этилди.

Шу боис, бир кун аввал – 29 март куни пойтахтимизнинг кўплаб бозорларида тартибсизликлар юзага келди.

ХВЖ: инқирозни тўхтатиш учун 2.5 триллион доллар керак!

Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристалина Георгиева коронавирус пандемияси сабаб глобал иқтисоднинг аллақачон таназзулга юз тута бошлаганини айтди ва ҳукуматларни оммавий банкротлик олдини олиш учун “ниҳоятда катта маблағ” сарфлашга чақирди.

Болгариялик иқтисодчи Георгиева таъкидича¸ иқтисоди ривожланаëтган давлатлар жорий инқироздан чиқиш учун камида 2.5 триллион долларлик молиявий заҳирага муҳтож.

ТЕЛЕДАРС: зарур маълумотлар берилди

АОКА ҳузуридаги штабда Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев иштирокида брифинг ўтказилди.

Кенжаевга кўра, 30 мартдан ўқувчилар учун видеодарслар кўрсатила бошлади.

Телевизион дарслар 1-4-синфлар учун National Geography Wild канали ўрнига, 5-8-синфлар учун Eurosport канали ўрнига ва 9-11-синфлар учун “Охота и рыбалка” канали ўрнига намойиш этилади.

Видеодарслар намойиш этиладиган каналлар аввал ёпиқ каналлар эди, ҳозир уларни Онлайн-мактаб дастури учун барчага очиқ қилинди ва бепул эфирга узатилади.

ЎЗБЕКИСТОН: Жанубий Кореядан мутахассис келди

Корея Республикасининг Корё университети профессори Цой Чже Ук халқаро эксперт сифатида Ўзбекистонга келди.

Корё университети профессори, Корея тиббиёт ассоциацияси илмий-текшириш қўмитаси раиси, ушбу ассоциациянинг коронавирусга қарши курашиш бўйича штаби етакчи маслаҳатчиси Цой Чже Ук 30 мартдан Тошкентда иш бошлади.

Бу эксперт билан ҳамкорликда касалланган беморларни самарали даволашда юқори тиббий технологиялардан унумли фойдаланишни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш кўзда тутилгани хабар қилинди.

ОЛИЙ ТАЪЛИМ: онлайн дарслар учун махсус портал очилди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан таътил вақтида талабаларнинг билим олиш даражасини масофадан туриб қўллаб-қувватлаш мақсадида TAS-IX тамоғида https://tube.edu.uz видеопортали ишга туширилди.

Мазкур видеопорталга олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг видеодарслар мунтазам жойлаштириб борилади.

ЎЗБЕКИСТОН: этил спиртини ишлаб чиқариш тартибга солинади

Мамлакатда спирт асосидаги антисептик воситаларга эҳтиёж ўсди.

Молия вазирлиги хабар беришича, мамлакатда этил спиртини ишлаб чиқариш ҳажми барқарорлаштирилгани, нарх-наволар давлат томонидан тартибга солинаётганини маълум қилди.

Тадбиркорлик субъектларига эса таъминотда қийинчиликка дуч келса, Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини мувофиқлаштириш Инспекциясига мурожаат қилиш тавсия қилинди.

ҚИРҒИЗИСТОН: вирусга чалинганлар 94 киши бўлди

Қирғизистонда 30 март ҳолатига кўра, яна 10 одам COVID-19 вирусига чалингани аниқланди. Бу билан Қирғизистонда коранавирус юқтирганлар сони 94 кишига етди.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Кубатбек Бўрўновнинг 30 март куни маълум қилишича, вирус аниқланган 10 одамнинг барчаси Жалолобод вилоятида яшовчилардир.

НАМАНГАН: ИВВ патрули қарсаклар остида қарши олинди

Наманган вилоятининг Янгибозор маҳалласи ҳудудига борган ИИВ патрул хизмати ходимларини аҳоли қарсаклар остида кутиб олди.

Патрул хизмати одамларни сабабсиз кўчага чиқмаслик, ниқобсиз юрмаслик ва бошқа карантин қоидаларидан огоҳлантирмоқда.

ТУРКИЯ: ҳомиладор аёл аэропорт ҳожатхонасидан ҳам қувилди

Ўзбекистонга кета олмаган ҳомиладор аёл Истанбул аэропортининг хожатхонасидан ҳам қувилди.

"Ҳожатхонада сал иссиқроқ эди. Бу ердан ҳам ярим соат ичида ҳайдаб чиқаришди. Кейин кӯчада совуқда қолдим. Пул тугади. Борадиган жойим йӯқ. Консульство умуман жавоб бермаяпти", деди аёл Озодликка.

Озодлик бу аёл тақдирини ўрганмоқда, тафсилотлар тез орада!

ЁРДАМ: Хитойдан 20 тонна тиббий буюм келди

Хитойнинг «Норинко», «Виек Точмаш», «Хайтера», «Поли Технолоджи» ва бошқа мудофаа саноати компаниялари Ўзбекистонга 20 тонна тиббий буюмларни инсонпарварлик ёрдами сифатида юборди.

Улар бир марталик стерил тиббий қўлқоплар, ҳимоя кўзойнаклари, юз учун фильтрловчи ниқоблар ва тана ҳароратини ўлчовчи тепловизорлардан иборат.

ОНЛАЙН ДАРС: телеэкран орқали физика дарси

UZREPORT TV телеканали орқали физика дарси намойиш қилинди.

Жумладан, 30 март куни YouTube тармоғида узатилган дарс 6 соат ичида минг маротаба кўрилди.

МАРКАЗИЙ БАНК: 10 мингга яқин кредит муддати узайтирилди

АОКА ҳузуридаги штабда Марказий банк бошқарма бошлиғи Ҳусанхўжа Абидов иштирокида брифинг ўтказилди.

Абидовнинг айтишича, вазиятдан келиб чиқиб, банклар мавжуд кредитлар муддатини узайтириб, қарз юкларини камайтирган.

"Маълумот учун, 10 мингга яқин кредитлар муддати узайтирилди", деди Абидов.

Унинг айтишича, ҳозирда кредит бериш амалиётлари тўхтатилмаган, банклар томонидан барча турдаги кредитлар ажратиб келинмоқда.

"Барча пулларим пластик карточкада. Шаҳарда эса терминал йўқ. Пулларимни қандай нақд қилсам бўлади?" деган саволга Абидов:

"Транспорт чекловларига қарамай, шаҳардаги барча банкоматлар ишлари тўхтатилмаган ва улар етарли миқдорда пул маблағлари билан тўлдирилган. Бугунги кунда 5 мингдан ортиқ банкоматлар ишлаб турибди ва улардан ўз пулларингизни нақдлаштириб олишингиз мумкин", деб жавоб берди.

Қуйида Марказий банк бошқарма бошлиғи Ҳусанхўжа Абидов иштирокида брифингни тўлиқ томоша қилишингиз мумкин:

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ: Юқори-Чирчиқ туманидага карантин шаҳарчаси

Тошкент шаҳридан 24 километр олисда бўлган Юқори-Чирчиқ туманида қурилаётган карантин шаҳарчасининг видеоси намойиш қилинди.​

САМАРҚАНД: карантинда ҳам ишчилар ишга чиқарилмоқда

Самарқанд вилоятидан ёзган муштарий карантин эълон қилинганига қарамай, ишчилар оммавий равишда ишга жаоб этилаётганини ёзди.

"Биз "Победа" совхозида ишлаймиз. Йўлда биздан бошқа одам йўқ. Бу эса биз чой ичадиган жой", деб ёзган муштарий қуйидаги суратни илова қилди.

Муштарийга кўра, бу сурат 29 март куни тушликда олинган.

"Автобус дезинфекция қилинмаган. Ҳамма ҳар жойдан ишга чиқади. Автобус эрталаб ҳаммани қишлоғидан ишга йиғиб келади. Йигитларга маска берилмайди, куни билан 1 та маскада юрамиз. Бошлиқларнинг ўзи ҳар куни 2 марта маска алмаштиради. Ҳар куни 1 кишига 10 минг сўмдан беради", деб ёзди муштарий.​

ЎзА: Танзила Норбоева 2 минг одамни уйига жўнатиб юборди

Агентлик Тошкентдан вилоятларга кета олмай қолган юзлаб ватандош мурожаатлари ортидан Сенат раиси Танзила Норбоевага вазиятни ўз назорати олганини хабар қилди.

"Гап шундаки, Тошкентдан Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларига қатновчи киракашлар йўл ҳақини бир кишига 400-500 минг сўмга чиқариб юборгани оқибатида юзлаб одамлар кета олмай, йўлларда сарсон бўлган. Тўлашга пули етмаган, қолишга жойи йўқ одамлар эса чорасиз қолган", деб ёзади агентлик.

30 март кунги мақолада ёзилишича, Тошкентдаги “Эркин” постига йиғилган 2 мингга яқин одам йиғилган ва Сенат раисининг шахсан топшириғи билан 29 март оқшомида махсус автобусларда уйига жўнатилган.

БРИФИНГ: Юнусободда тўй қилган шахс устидан жиноят иши очилди

АОКА ҳузуридаги штабда Ички ишлар вазири матбуот котиби Шуҳрат Ғиёсов бирифинг ўтказди.

Матбуот котибига мамлакатда автотранспорт воситалари ҳаракатининг чекланиши, тўйлар ва карантин қоидаларига риоя қилиниши бўйича саволлар берилди.

Ғиёсовнинг маълум қилишича, 28 март куни Тошкент шаҳри, Юнусобод туманида яшовчи 1965 й.т. фуқаро қизини узатиш мақсадида “куёв навкар” маросимини ўтказган. Тадбирга, ўзининг қариндошларини, куёв ва унинг дўстларини таклиф этган.

Ваҳолатки бир кун олдин бу фуқаро профилактика инспектори ва маҳаллари раиси томонидан бундай тадбир ўтказиш крантин қоидаларини қўпол равишда бузиш эканлиги билан, расмий равишда тилхат олиб огоҳлантирилган.

Аммо, огоҳлантирувга амал қилмагани учун бу шахсга Жиноят кодексининг 257 прим 1-моддаси, яъни эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш билан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди.

Ғиёсовга кўра, бу шаклда - “ими-жимида” тўй маросими ёки бошқа йиғинларни ўтказиш тақиқланган. Агар ички ишлар органлари тўй ёки бошқа маросимларни ўтказилаётганини аниқласа, шахс жиноий жавобгарликка тортилади.

Айни пайтда, ИИВ матбуот котиби дафн маросимлари бундан мустасно эканини қўшимча қилди.

Шунингдек, Ғиёсов хаста одамни шифохонага олиб бориш зарурати туғилса, фуқаролар шахсий автомобилидан фойдаланиши мумкинлиги ва буни ИИВ ходимларига тушунтириши кераклигини айтди.

БРИФИНГ: ИИВ стикер олиш учун навбатларга тўлиқ изоҳ бермади

Ички ишлар вазири матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсовга автотранспорт воситалари учун махсус рухсатнома - стикерлар бериш жараёнида кузатилган ажиотаж ва навбатлар ҳақида савол берилди:

"Давлат хизмати агентликларида одамлар тўпланиб ажиотаж ҳосил қилишди, бугун эрталабдан ҳам шундай ҳолат кузатилмоқда. Кўпчиликка рад жавоби бериляпти, биринчи савол нега уларга рад жавоби бериляпти, иккинчи савол шу чекловларни уч-тўрт кун олдин эълон қилса бўлмасмиди?"

Ғиёсовнинг Телеграм каналида берилган жавобдан тушунилишича, у аввалига қайси турдаги транспорт воситаларига стикер берилишини санаб ўтган, сўнгра: "Бошқа транспорт воситаларига стикер берилмайди. Давлат хизматлари марказларида тўпланманг, у ердаги ходимларни ва ўзингизни асабингизни бузманг!" дейиш билан чекланган.

Матбуот котиби навбатларнинг асл сабаби - яъни, бу чекловлар нега бир неча кун олдин эълон қилинмади, деган саволга жавоб бермаган.

Ғиёсов билан мулоқотни тўлиқ қуйида томоша қилишингиз мумкин:

НАМАНГАН: ниқобсизлардан жарима ундириш давом этмоқда

Турли вилоятларда кўчалар ва жамоат жойларида ниқобсиз юрганлардан жарима ундириш давом этаётгани ҳақида хабар келмоқда.

Наманганда ИИВ ходимлари кўчаларга стол-стул қўйиб, ниқобсиз юрган шахсларга нисбатан ўша ернинг ўзида маъмурий жавобгарликни расмийлаштирмоқда.

Ниқобсиз юрган шахслар бирдан беш базавий ҳисоблаш миқдоридагача (БҲМ 223 минг сўм ёки $23,4) жаримага тортилмоқда.

АНДИЖОН: "Ҳамма карантинда, бизда эса қурилиш кетяпти"

Андижонда яшайдиган муштарий 30 март куни у яшаб турган ҳудудда қурилиш ишлари бораётгани ҳақида хабар қилди.

"Андижон шахри Ўзбегим МФЙ Мусаев кучасида булаётган курилишлар. Мен шу ерда истекомат киламан. Айни пайтда олинган расм". (30 март, Тошкент вақти билан соат 12лар атрофида олинган сурат)

Андижон шаҳри 27 мартдан кириш-чиқиш учун ёпилган, шаҳар аҳолига эса сабабсиз кўчага чиқмаслик буюрилган. Ташкилотлар имкон қадар масофадан ишлашга ўтган, ходимларнинг бир қисми эса таътилга чиқарилган.

БРИФИНГ: чекка ҳудудлардаги аҳоли шифохона ёки дорихонага қандай бориши мумкин?

АОКА ҳузуридаги штабда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков иштирокида брифинг ўтказди.

Отабековга Ўзбекистондаги қатор вилоятлар ва қарийб барча йирик шаҳарларда ҳаракатланиш чекланган, хусусий автомобиллардан фойдаланиш тўхтаган бир пайтда касаллар шифохонага қандай етиб олиши мумкинлиги ҳақида сўралди.

Отабековга кўра, бунинг бир йўли бор - у ҳам бўлса, Тез ёрдам хизматини чақиришдир:

"Бундай вазиятда шифокорни чақирсангиз улар уйингизга келишади, зарур ҳолатда тез ёрдам машинасида шифохонага етказилади".

Бундан ташқари, чекка туман ва қишлоқлар аҳлига кундалик зарур дори воситаларини дорихоналар етказиб беришини таъкидлади.

Коронавирусга қарши курашга қўшилиш истагини билдирган тиббиёт ходимларига эса захирадаги шифокор ва тиббиё персоналлар рўйхатига ёзилишни, 14 кунда шифокорлар гуруҳи алмашаётгани боис, уларга эҳтиёж борлигини айтди.

Шунингдек, Отабековдан вакцина чет мамлакатларда яратилса у Ўзбекистонга қанчада келиши мумкинлиги ҳақида сўралди.

Нурмат Отабеков: "Вакцина даволаш воситаси эмас. Вакцинация профилактика мақсадида амалга оширилади. Мабодо вакцина ишлаб чиқарилиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ушбу вакцинани самарали деб топиб, кенг жамоатчиликни эмлаш календари ёки эпидемик кўрсатмага асосан эмлаш лозим деб топилса, шунга қараб кейинги тактика белгиланади", деб жавоб берди.

Брифингни тўлиқ қуйида томоша қилишингиз мумкин:

ЎЗБЕКИСТОН: вирусга чалинганлар 145 нафар

Айни дақиқаларда Ўзбекистонда коронавирус касаллиги билан касалланган беморлар сони 12 нафарга кўпайиб, 145 нафарга етди.

Сўнгги бемор коронавирус инцфекциясидан вафот этган 39 яшар эркак беморнинг яқини экани хабар қилинди.

7 бемор соғайиб, реабилитация марказига ўтказилди.

АОКА: 30 март кунига 7 та брифинг режаланган

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузуридаги штабда бир қатор брифинглар ўтказилиши режалаштирилган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси, Ички ишлар вазирлиги, Марказий банк, Транспорт вазирлиги, Адлия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мутасаддилари иштирокида брифинглар ўтказилиши маълум қилинган.

ЎЗБЕКИСТОН: нархнинг асоссиз ошишини назорат қилинмоқда

Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи Дилшод Раҳимов:

"Саховатпеша тадбиркорларимиз томонидан 19 тонна картошка, 14 тонна пиёз, 11 тонна сабзи, 1 тонна карам, 4,5 тонна гуруч, 19 тонна ун, 1,5 тонна шакар, 1,5 тонна туз, 5 тонна пахта ёғи, 15 минг донадан ортиқ қолипли нон, қарийб 600 минг дона тиббиёт ниқоби, салкам 8000 дона тиббиёт қўлқопи, 3,5 минг донадан кўп антисептик воситалар, 37,5 минг дона совун ва қарийб 14 тонна исириқ аҳолига беғараз тарқатилганининг ўзи ҳам ҳамжиҳатлигимиз намунасидир".

ОЗОДТАРМОҚ: омон қолганларнинг авлоди

"Ўзим уйдан қимирламай ўтирибман, аммо ботга келаётган сурат ва хабарлардан даҳшатга тушаяпман.

Одамлар, охирзамонмас-ку, нега ҳамма бозорга ёпириляпти? Ўзи вирус юқмасин деб чеклов қўйилди, бозорлар, озиқ-овқат дўконлари ишлайди дейилди. Нега яна картошка-пиёз деб тумонат орасига киряпсиз? Тасаввур қиляпсизми: картошкага қўшиб ўша ерда вирус ҳам тарқатиляпти, текинга, ўзингиз ҳам тарқатаётган бўлишингиз мумкин. Картошкани ким ейди кейин??? Узоғи 20 кунда янги картошка чиқади, олдингиздаги кичик дўкондан уч-тўрт кило олиб турсангиз ҳам бўлади-ку.

Тушунаман, “очлик ё касаллик” деган дилемма қаршисида турибсиз, оч қолмасам, касални енгаман деб ўйлаяпсиз. Балки танқисликлар, очарчиликлар замонидан қолган генетик хотира уйғонгандир бирданига. Лекин эҳтиросга берилманглар. Вирус оч-тўққа қарамаяпти, фақат ақллилар ва эҳтиёткорлар омон қоляпти. Ўзи умуман тарихдан шунақа бўлган: ваболардан энг ақллилар ва кучлилар омон қолган. Биз ўша омон қолганларнинг авлоди эканимизни унутманглар.

Бирданига бозор ва супермаркетларни бўшатиб қўйиш билан ҳам соғлиққа хавф туғдиряпсиз, ҳам ўзи шундоқ ҳам мураккаб вазифаларни ечаётган давлатнинг ишини баттар оғирлаштиряпсиз. Мулоҳазали бўлайлик".

otabek_muhammadalievich: 8 тонна ёрдам Тошкентга келди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви, айни вақтда - Президент хавфсизлик хизмати раҳбари биринчи ўринбосари, Триатлон федерацияси раиси, Ўзбекистон Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси президенти, ММА Марказий Осиё конфедерацияси раҳбари бўлган Отабек Умаров хабар қилди:

"Бугун 8 тоннадан ортиқ гуманитар ёрдам махсус рейс билан Тошкент аэропортига олиб келинди.

Тиббий ниқоблар, қўлқоплар, ҳимоя костюмлари ва бошқа воситалар бизга COVID-19 ҳужумига қарши туришга ёрдам беради.

Биз бу оғир дамларда ёлғиз эмаслигимизни билишдан мамнунмиз ва айниқса мамлакатингиз олд қаторларда коронавирусга қарши кураш олиб бораётган бир пайтда бизни ҳам қўллаб-қувватлаётганингизни қадрлаймиз.

Сизга эгилиб таъзим қиламиз, ватандошларимнинг дуолари ушбу синов пайтида сизни ва яқинларингизни ҳимоя қилсин!"

ҲАМШИРА ҚИЗГА ОДА: Олигархнинг иқрори

КУЗАТУВ: ўзбекча карантин

Озодликка муштарийлардан бири қисқагина мактуб йўўлаб, Ўзбекистон бўйлаб, 30 мартдан автотранспорт воситалари ҳаракати челангани ортидан пайдо бўлган навбатлар ҳақида фикр билдирди.

(Муҳим эслатма: мактуб таҳрирсиз эълон қилинмоқда ва ундаги мулоҳазалар Озодлик муштарийсининг эркин фикрлари ифодасидир - таҳр.)

"Ўзбекча карантин бўляпти. Машинага запрет ортидан картошка 8000 га чикиб кетди, бозорда ажиотаж. Юзлаб одам бир жойда тўпланиб навбада турипти.

Машинага стикер Госзнакдан чиқмаган, ҳамма ДХМ ларда одам тиқилиб кетган. Ўйламасдан чиқарилган қарор ортидан карантин маъноси қолмаяпти.

Ажойиб.

Стикерни миллий гвардия бериши мумкин, дейишяпти. Давлатни ўзида тушунарсиз гаплар, ишлар жуда кўп".

ОГОҲЛАНТИРУВ: бозор ва дўконларда маҳсулот узилмайди!

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати шаҳарнинг кўплаб бозорлари ва дўконларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига навбат кузатилганини тан олди.

Бу навбатлар автотранспорт воситалари ҳаракати челангани ортидан пайдо бўлди.

"Шу сабаб аҳолимизга мурожаат қилиб, захирада қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етарли эканлигини, бозор ва дўконлар бундай маҳсулотла билан мунтазам таъминланишини маълум қиламиз. Фақат заруратга кўра кўчага чиқинг, одамлар билан оралиқ масофани сақланг, санитария-гигиена талабларига риоя этинг ва бу билан ўзингиз ҳамда яқинларингиз саломатлигини асранг!" дейилади ҳокимлик хабарида.

INSTAGRAM: Юлдуз Усмонова бир соатлик концерт берди

ФИКР: вируснинг иккинчи қурбони тиббий назоратга олинганмиди?

Facebook тармоғида пост қолдирган депутат Обиджон Латипов жиддий саволларни ўртага ташлади.

Бу саволлар коронавирус қурбони бўлган 39 ёшли шифокорнинг ўлими билан боғлиқ:

"Вафот этган 39 ёшли бемор, юртимизда Covid 19 вируси биринчи аниқланган бемордан (Фрациядан учиб келган) юқтирган дейиляпти. Демак,

1. Вирус биринчи аниқланган бемор билан мулоқтда бўлганларнинг барчаси карантинга олинганмиди?
2. Карантинга олинганлар ичида бугун вафот этган 39 ёшли бемор ҳам бормиди?
3. Агар, у карантинга олинганлар орасида бўлса, қандай қилиб касаллик белгилари пайдо бўлишидан то яширинча ўзини даволашгача бўлган жараён эътибордан четда қолган?
4. Карантинга олинган фуқароларни аҳволи қандай динамика (назорат) қилиняпти? (кўрик, ҳарорат ўлчаш, Covid 19га тесдан ўтказиш)
5. Агар карантинга олинмаган бўлса, нима учун олинмаган? Яна шундай карантинган олинмаган маъсулятсизларни аниқлаш учун қандай чоралар кўзда тутиляпти?"

ТОШКЕНТ: Технопаркда 20 минг кишилик контейнер шифохона

Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтда қурилган янги Технопарк ўрнида бир неча кундан бери қад ростлаётган контейнерлар шаҳарчасини намойиш қилди.

Хабарда айтилишича, ҳар бир контейнерга кондиционер, сантехника ва электр таъминоти симлари ўрнатилмоқда.

Тиббий шаҳарча камида 20 000 беморга мўлжалланган.

ФИКР: бозорларда ўзбекона карантин

"Тошкентдаги Чорсу бозорида картошка учун навбат... Одамлар, мия борми сизларда? Карантин деганда уйда ўтириш керак! Сиз деб Ватанимизда коронавирусга чалинганларнинг сони Италиядака ўсиб кетади-ку!"

ҲУҚУҚИЙ АХБОРОТ: тиббий мажбурлов нима?

НАМАНГАН: илк марҳум жанозасида қариндошлари қатнашмади

Наманганда коронавирусдан ўлган 72 яшар аёл жанозасида қариндошлари қатнаша олмади.

Бу аёл 27 март куни тонгда ўлганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборотига кўра, аёл миокард инфаркти туфайли вафот этган.

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров: ​"Жаноза ҳам, дафн маросими ҳам махсус санитария-эпидемиологик станцияси ходимлари, шифокорлар томонидан ўтказилиб, қабристонда дафн маросими ўтказиб келинди... Шахсан менга бу ҳолат жуда ҳам оғир ботди", деди.

@sizdantelegram: карантинда чироқни ўчиришмаса бўларди

ЭЪЛОН: 30 мартдан онлайн дарслар бошланади

АНДИЖОН: кўчаларга махсус эритмалар сепилмоқда

Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Улуғбек Каримов махсус эритма таркиби ҳақида маълумот берди:

- Таркибида хлор ва бир қанча фойдали кимёвий элементлар бўлган махсус эритма 8 ва 4,5 тонна сиғимга эга тўртта “ISUZU” пуркагич машиналарида сепилмоқда.

@sizdantelegram: Нурафшонда дезинфекция

ЁРДАМ: Шодиев фонди ёрдам тарқатди

Шодиев халқаро фонди аҳолининг кам таъминланган қатламига моддий кўмак беришга тайёрлигини маълум қилди.

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, Адлия вазирлиги, Шодиев халқаро фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилотлари республика бўйича 1 минг 500 дан ортиқ ёрдамга муҳтож оилани аниқлаган.

Фонднинг ёрдами билан жами 13 турдаги бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ва тиббиёт воситаларини ўз ичига олган ижтимоий ёрдам тўпламлари шакллантирилган.

НАМАНГАН: ўз уйини ўзи дезинфекция қилаётганлар

БРИФИНГ: Тиббий кузатув нима ва қандай амалга оширилади?

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков иштирокида брифинг уюштирилди.

Отабековга кўра, коронавирус касаллигига чалинган шахслар билан мулоқотда бўлганлар ва эпидемик ноҳуш худудлардан олиб келиниб, 14 кунга карантинга жойлаштирилганларга тиббий кузатув - тиббиёт ходимларининг кузатувига олинади.

Кузатув вақтида бу шахсларнинг бегоналар билан бевосита мулоқоти тақиқланади, кун давомида тана ҳарорати ўлчаб турилади, участка шифокори ёки ҳамширанинг ташрифи ташкил этилади, томоқ-бурундан олинган суртмалар вирусология лабораторияга юборилиб текширилиб турилади.

БРИФИНГ: вирус фақат бозорнинг асосий дарвозасидан кирадими?

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабековга савол берилди:

"... бизда кўзбўямачилик шундаям бордек, Қўқондаги бозорга борсангиз асосий дарвозада дезинфекция қилишаяпти, бошқа кичкина дарвозалардан бемалол киришингиз мумкин. Нима бошқа жойдан кирмай вирус фақат асосий дарвозадан кирадими? Бошқа кўплаб жойларда хам шунақа кўзбўямачилик бор, ушбу ҳолатга муносабатингиз?"

Қуйида берилган расмий жавоб:

Korzinka.uz: савдо дўконлари ёпилмаяпти

Ушбу савдо дўконлари тармоғининг маркетинг департаменти бошлиғи Малик Каримов харидорларга юзланди:

"Супермаркетлар ёпилмаяпти. Супермаркетлар ёпилар экан, деб ёппасига бориб харид қилиш керак эмас".

ЎЗБЕКИСТОН: бир гуруҳ шифокор сменани топширди

29 март куни Вирусология илмий текшириш институти клиникасида коронавирусга чалинган беморларни даволаган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари юксак эҳтиром билан кузатилди.

Уларнинг ўрнида тиббиёт ходимларининг навбатдаги гуруҳи иш бошлайди.

ИИВ АХБОРОТИ: жами 10 одам карантинни бузди

Карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан 29 март, тонгги соат 9 га қадар республика бўйича карантинни бузиш ҳолати жами – 10 минг 350 та бўлди:

- Тошкент шаҳрида – 1 731 та ҳолат;

- Тошкент вилоятида – 867 та ҳолат;

- Жиззах вилоятида – 975 та ҳолат;

- Бухоро вилоятида – 543 та ҳолат;

- Самарқанд вилоятида – 1 179 та ҳолат;

- Қашқадарё вилоятида – 546 та ҳолат;

- Сурхондарё вилоятида – 678 та ҳолат;

- Хоразм вилоятида – 167 та ҳолат;

- Сирдарё вилоятида – 326 та ҳолат;

- Фарғона вилоятида – 1 386 та ҳолат;

- Навоий вилоятида – 206 та ҳолат;

- Наманган вилоятида – 830 та ҳолат;

- Андижон вилоятида – 576 та ҳолат;

- Қорақалпоғистон Республикасида 340 та ҳолатни ташкил этмоқда.

Карантин қоидаларини бузганлар, асосан ниқобсиз юрганлар, карантин жойидан қочганлар ёки ижтимоий тармоқларда "ваҳима уйғотувчи, асоссиз маълумотни тарқатган"лардир.

Аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, 27 март, 2020
Аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, 27 март, 2020

ИТАЛИЯ: ўлим сони 10 мингдан ошди

COVID-19 пандемиясининг Европадаги ўчоғи бўлиб қолаётган Италияда 29 мартга келиб ўлим сони 10 минг 23 нафарга етди.

Вирусга чалинганлар сони эса 92 минг 472 нафар.

12 минг 400га яқин бемор тузалиб, шифохонадан чиқарилди.

Шифохона, 27 март, 2020, Италия
Шифохона, 27 март, 2020, Италия

БРИФИНГ: Ишчиларни ўз ҳисобидан таътилга чиқариш адолатданми?

Бу саволга 29 март куни АОКА ҳузуридаги штабда ўтган брифингда Адлия вазирининг ўринбосари Севара Ўринбоева жавоб берди:

"... давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар ўз ходимларининг камида 50 фоизини ҳақ тўланадиган таътилга чиқариши, қолганлар масофадан ишлашга ўтказилиши зарур..."

РОССИЯ: Путин маъмурияти ходими вирусга чалинди

Россия президенти Владимир Путин маъмурияти ходими коронавирусга чалинди.

Кремлнинг маълум қилишича, бу ходим Путин билан тўғридан-тўғри мулоқотда бўлмаган.

ҚАШҚАДАРЁ: тармоқда сохта хабар тарқатганга жазо

ИИВ Қашқадарё вилоятидан туриб бошқариладиган Телеграм каналида сохта хабар тарқатган шахсни топиб, жазога тортди.

Расмий хабарга кўра, бу шахс тармоқда: “Э-э одамларни алдашдан нима фойда 1000 дан ошиб кетганк-у касалланганлар Ўзбекистонда, тўғрисини айтиш керак, одамлар шунга қараб чиқмайди кўчага, Келмас экан деб юрибди кўчага” деган асоссиз маълумотни қолдирган.

ИИВ: қамоқхоналар дезинфекция қилинмоқда

БРИФИНГ: кимларга ҳаракатланиш учун рухсат берилади?

АОКА ҳузуридаги штабда Транспорт, Адлия, Ички ишлар вазирликлари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакиллари иштирокида брифинг уюштирилди.

Асосий масала ҳаракатланиш тўхтатилган ҳудудларда юриши мумкин бўлган транспорт воситалари учун рухсатномаларнинг расмийлаштирилишидир.

Рухсатномаларни олиш учун 29 март, соат 15:00дан бошлаб, аризани электрон тарзда my.gov.uz портали орқали топшириш мумкинлиги айтилди.

АНИҚЛАМА: Махсус рухсатнома талаб этилмайдиган транспорт воситалари

Республика Махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, N1, N2 ва N3 тоифага кирувчи автотранспорт воситаларига ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб келаётган М1 (бир нафар йўловчи билан) тоифадаги автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун махсус гувоҳномалар жорий этилмаслиги белгиланган эди.

Ушбу масала бўйича кўплаб саволлар туғилганини ҳисобга олиб, ушбу тоифага қандай автомобиллар кириши ҳақида тушунча берилди:

N1 тоифаси — юк ташиш учун мўлжалланган, энг катта вазни 3,5 т дан ошмайдиган автотранспорт воситалари;

N2 тоифаси — юк ташиш учун мўлжалланган, энг катта вазни 3,5 т дан ортиқ, лекин 12 т дан ошмайдиган автотранспорт воситалари;

N3 тоифаси — юк ташиш учун мўлжалланган, энг катта вазни 12 т дан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари.

М1 тоифаси — йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган ва ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ошмайдиган автотранспорт воситалари. Яъни оддий енгил машина.

Кўпчилик стикерсиз юриш истисно қилинадиган машиналар рўйхатида М1 бор, демак шахсий енгил автомашинамга ҳам рухсат бор, деб тушунишмоқда.

Аммо эътиборли жиҳати, М1 тоифадаги машиналарга фақатгина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб келаётган бўлсагина мумкин ва яна асосийси фақат бир нафар йўловчи билан рухсат этилади.

САМАРҚАНД: ниқобсиз юрганлар камера билан аниқланмоқда

Самарқандда тиббий ниқобсиз ҳайдовчилар ва йўловчилар кўчадаги камералар ёрдамида аниқланмоқда.

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармасининг Ташкилий бошқарма куч воситаларни бошқариш Ситуацион маркази ходимлари кўчада пиёда ва автотранспортда ниқобсиз юрганларни аниқлаб, жаримага йўналтирмоқда.

ЖИЗЗАХ: ресторанда Наврўзни нишонламоқчи бўлганлар устидан иш очилди.

Шароф Рашидов туманида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган санитария эпидемиология карантинини бузган фуқароларга тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Айтилишича, 2 шахс Наврўзни ресторанда нишонлашга қарор қилган, қаршилик кўрсатганларни эса пичоқлашга уринган.

Суд уларга қандай ҳукм чиқаради?

ҚИРҒИЗИСТОН: 121 млн. долларлик ёрдам

Халқаро валюта жамғармаси бошқарув кенгаши коронавирус пандемиясига қарши кураш учун Қирғизистон ҳукуматига
$121 миллион фавқулодда қарз ажратишга қарор қилди.

Жамғарма ижроия директори Кристалина Георгиева 26 март кунги баëнотида пандемиянинг қирғиз иқтисодига қаттиқ зарба бергани ва "тўловларни мувозанатга солиш" билан боғлиқ жиддий муаммо туғдирганини билдирди.

ФАРҒОНА: катта йўллар дезинфекция қилинмоқда

ЎЗБЕКИСТОН: 30 мартдан шахсий машинада юриш чекланди

Ўзбекистонда 30 март, соат 06:00 дан бошлаб, шахсий транспортдан фойдаланиш чекланди.

Фақатгина қуйидаги машиналар шаҳар ичида ҳаракатлана олади:

- Дипломатик машиналар;
- коммунал хизматлар кўрсатадиган транспорт воситалари;
- "Ўзбекистон почтаси" ОАЖ автомобиллари;
- тиббий ва эпидемиологик хизмат кўрсатадиган автомобиллар;
- N1, N2 ва N3 ва М1 тоифадаги автомобиллар;
- шаҳар ва туман ҳокимларининг, шунингдек уларнинг ўринбосарларининг автомашиналари;
- Автомобилларга курер этказиб бериш хизмати;
- дафн машиналари;
- тез тиббий ёрдам машиналари ва тиббий ёрдам;
- Патрул машиналари;
- Автомобилларга курер орқали овқатланиш хизмати.

29 мартдан ҳаракатланиши мумкин бўлган автомобиллар учун махсус рухсатномалар берилиши бошланди.

Йўллар назорати, 27 март, 2020, Наманган
Йўллар назорати, 27 март, 2020, Наманган

ЎЗБЕКИСТОН: 30 мартдан янги чекловлар жорий этилди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан яна бир қатор чекловлар ўрнатилди.

АҚШ: вирусни юқтирганлар сони 124 мингдан ошди

Хитойдан кейин вирусни энг кўп тарқалган давлатга айланган АҚШда вирусга чалинганлар сони 124 минг 600 нафардан ошди.

Ўлим сони 2 минг 192 нафар.

Тузалганлар сони эса ҳозирча 2 минг 600 нафардан ортиқ.

Муваққат ўликхона, 25 март, 2020, Нью Йорк, АҚШ
Муваққат ўликхона, 25 март, 2020, Нью Йорк, АҚШ

ЎЗБЕКИСТОН: стикерсиз машина учун жазо

ИИВ шахсий автомобилни бошқариш тақиқлангани билан боғлиқ тартибни бузгани учун жавобгарлик белгиланиши ҳақида хабар қилди.

Жазо Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси - Эпидемияга қарши курашиш қоидаларини бузиш айби билан белгиланади.

- Инсон учун карантин ва бошқа хавфлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида ваколатли орган томонидан махсус талаблар белгиланганига қарамай жамоат жойларида ниқоб тақмаслик БҲМ 5 баробари ҳажмида - 1 миллион 115 минг сўм миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади.

ЎЗБЕКИСТОН: Транспорт вазирлигидан изоҳ

Республика Махсус комиссиясининг қарори юзасидан Ўзбекистон Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Маҳкамов саволларга жавоб берди:

ЎЗБЕКИСТОН: ИИВ вазирлигидан изоҳ

Республика Махсус комиссиясининг қарорига ИИВ вазирининг матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов берган изоҳ:

ИСПАНИЯ: ўлим сони

Коронавирус пандемиясининг Европадаги иккинчи ўчоғи бўлиб қолаётган Испанияда вирусни юқтирганлар сони 73 минг нафардан ошди.

Ўлим сони 29 мартаг келиб 6 минг нафарга яқинлади.

12 минг одам вирусдан тузалди.

Бобо ва бувиси билан видеосуҳбат қилаётган набиралар, 23 март, 2020, Испания
Бобо ва бувиси билан видеосуҳбат қилаётган набиралар, 23 март, 2020, Испания

ЎЗБЕКИСТОН: коронавируснинг иккинчи қурбони

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 28 март куни Франциядан келган илк коронавирус юқтирган аёл билан яқин мулоқотда бўлган 39 ёшли шифокор эркак оламдан ўтган.

"Бугун 39 ёшли 1 нафар эркак беморда ўлим ҳолати қайд этилди. Вафот этган бу бемор Франциядан юртимизга биринчи касалликни олиб келган бемор билан мулоқотда бўлган", дейилади вазирлик 28 март куни эълон қилган хабарда.

Вазирлик хабарида таъкидланишича, шифокор ўзининг коронавирус юқтирганини билган ҳолда уйда даволанишга ҳаракат қилган.

26 март куни бемор Тошкентдаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига тез ёрдам хизмати орқали ётқизилган, бир кун ўтиб Вирусология илмий-текшириш институтига ўтказилган.

Бемор уйида бўлган пайтда қанча одам билан мулоқот қилгани, мулоқотда бўлганларнинг аҳволи ҳақида Озодликка маълум эмас.

Шу тариқа Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар иккитага етди.

26 март куни наманганлик 72 ёшли аёл бемор коронавирус инфекцияси ташхиси билан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган ва ўша куни вафот этганди.

Беморга ушбу инфекция 12 март куни Туркия сафаридан қайтган ва касаллиги тасдиқланиб, карантинга олинган қизидан юққан, деб билдирганди.

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

Бу жонли блогнинг учинчи қисми.

Аввалги қисмларини қуйида ўқишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG