Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:02

Коронавирус беморлари ва карантиндагилар давлат ажратган маблағ ўзларига сарфланмаëтганини айтмоқда (ВИДЕО)


Зарафшон шаҳрида карантинга олинганлар учун берилган тушлик, 7 июнь, 2020
Зарафшон шаҳрида карантинга олинганлар учун берилган тушлик, 7 июнь, 2020

Навоий вилоятида коронавирусга чалинган беморлар ва карантинга олинганлар, егулик, даволаш ва гигиена воситалари таъминоти тобора ғариблашиб бораётганини айтмоқда.

Вилоятдаги юқумли касалликлар шифохонаси ва карантин ҳудудларидан келган видео ва фото мурожаатларда, 20 кишининг битта ҳожатхонадан фойдаланишга мажбурлиги, беморларнинг ичимлик суви, совун ва антисептик воситаларни ўзлари сотиб олаётгани билдирилган.

Расмий рақамларга кўра¸ коронавирусга чалинган беморга 14 кунлик муддат учун 32 миллиондан 64 миллион сўмгача, карантинга олинганларга эса айни муддат учун 2 миллион 200 минг сўм ажратилган.

Навоийликларнинг бу маблағлар уларга етиб бормаётгани ҳақидаги шикоятларини, маҳаллий даражадаги расмийлар рад қилди, республика миқёсидаги расмийлар эса жавобсиз қолдирди.

Беморлар: қуруқ ва нам салфетка, антисептик восита ва совунни ҳам сотиб оляпмиз

Зарафшон шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган икки бемор Озодликка ўзларининг санитария ва гигиена талабларига жавоб бермайдиган оғир шароитда сақланаëтганини билдирди:

“Биз ётган Терапия бўлимида 20 дан ортиқ одам бор. Ҳамма учун умумий ҳожатхонадан биттаси ишлайди, иккита ювиниш хонаси. Сув, қуруқ ва нам салфеткалар, антисептик воситаларни, кирсовун, суюқ совунларни ҳаммасини ўз ҳисобимиздан сотиб олмоқдамиз. Қўшимча дориларни ҳам. Ҳатто ётоқжилдларимиз ҳам икки ҳафтадан бери алмаштирилмади. Шикоят қилсак, “Бу бўлим таъмир учун ёпилганди, лекин Ковид чиққандан кейин мажбур қайта очилган, шунинг учун шароити яхшимас”, деб қутулишяпти”.

Озодлик гаплашган беморлар 10 июнь кунига қадар ўзларига берилган озиқ-овқат сифатининг ниҳоятда пастлигини ҳам таъкидлади:

“Картошка, пиёз, бир парча гўшт солинган суюқ шўрва ҳар куни. Биз шикоят қилганимиздан кейин, мана бугундан (10 июндан – таҳр.) бошлаб, яхшиланди. Қўшимча котлет бершди бугун. Лекин, ҳалиям ичилик сувини ўзимиз сотиб оляпмиз. Оддийгина ичимлик суви ҳам йўқ”, дейди шифохонада қолаётган бемор.

Ушбу шифохонадан 10 июнь куни Озодликка йўлланган видеода беморлар сақланаëтган шароит акс этган.

Зарафшон юқумли касалликлар шифохонаси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:52 0:00

Зарафшон шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонасидан бу шикоятларга изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Бош шифокор Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.

Карантиндагилар: саҳарга битта тухум ва бир бўлак нон, тушликка суюқ шўрва

Кейинги кунларда Озодликка айнан Зарафшондан келаëтган хабарларга кўра¸ вирус юқтирганлар билан мулоқотда бўлгани учун карантинга олинганлар сақланаëтган шароит ҳам юқумли касалликлар шифохонасидагидан яхши эмас.

Жумладан, Зарафшон шаҳридаги Ахборот технологиялари коллежига жойланганларнинг оғир аҳволи акс этган фотоларда синфхоналарга бир нечтадан жойланган кроватлар, чакка ўтган хоналар, барча учун умумий ҳожатхона ва ювиниш хоналари акс этган.

Зарафшон Ахборот технолгиялари коллежида олингани айтилган сурат, 8 июнь, 2020
Зарафшон Ахборот технолгиялари коллежида олингани айтилган сурат, 8 июнь, 2020

Яқинларидан бири ушбу коллежда сақланган зарафшонликнинг Озодликка айтишича, карантиндагилар санитария-гигиена воситалари билан таъминланмаган, егулик ҳам жуда ночор.

Зарафшон Ахборот технологиялари коллежида олингани айтилган сурат, 8 июнь, 2020
Зарафшон Ахборот технологиялари коллежида олингани айтилган сурат, 8 июнь, 2020

“Кунига суюқ мастава, шўрва беришди. Ҳаммага битта раковина, битта ҳожатхона. Вируси йўқлар ҳам юқтириб оладиган шароит эди. Охири, 8 июнь куни уларни шаҳарни чеккасидан очилган карантин ҳудудига кўчиришди. Лекин у ерда ҳам аҳвол яхши эмас экан. Телефонларини олиб қўйишган, менга расм жўната олмади ҳали. Хуллас, телевизорда вазир айтган 2 миллион 200 сўмлик уход йўқ бу жойларда. Мен Озодликда Томди туманидан ёзишган шикоятиниям кўрдим – худди биздагидек аҳвол”, деди исмини сир сақлаган зарафшонлик.

9 июнь куни Томди туманидан Озодликка йўлланган шикоятда карантинга олинганларга берилаётган озиқ-овқат ва муассасадаги аҳволнинг ўта ёмонлигидан шикоят қилинган эди.

“Бу ердаги шароитни кўриб, карантиндагиларга кунига 2,2 млн сўм сарфланяпти деган гап ёлғон эканига амин бўлдик. Эрталаб қайнатилган тухум ва бир бўлак нон берилди. Тушликка ҳам иммунитетни “кескин ошириб юборадиган” овқат! Бунинг устига, занглаган сув тушяпти. Яқинларимиз ташқаридан егулик киритишига рухсат берилмаяпти. Бу карантиндагиларга кунига 2,2 млн сўм сарфланяпти деган гап ёлғон эканининг исботи”, деб ëзди карантинда сақланаëтган томдиликлардан бири.

Озодлик бу каби шикоятларга Навоий вилояти ва Зарафшон туман Соғлиқни сақлаш бошқармасидан бирор изоҳ ололмади.

Расмий: муаммолар бартараф этилди, маблағ таъминоти ортиғи билан

Зарафшон шаҳар ҳокими ўринбосари Обид Ҳакимов шикоятларда тилга олинган муаммоларни қисман тан олди.

Унинг айтишича, шаҳардаги турли ҳудудларда вақтинчалик карантинга жойланганлар, икки кун муқаддам Зарафшон шаҳри четида қуриб битирилган янги карантин ҳудудига кўчирилган ва муаммолар ҳал бўлган:

“Икки кун олдин шаҳардаги турли карантин зоналарда қолаётганларни янги қурилган 656 ўринли карантин зонага кўчирдик. Тўғри, ўша кўчириш пайтида шунақа англашилмовчиликлар бўлди. Лекин ҳозир муаммо ҳал бўлган. Янги зона қурилди, зарур жиҳозлар билан таъминланди, муаммо йўқ ҳозир”, деди мулозим.

Навоийда янги қурилган карантин ҳудудидан йўлланган сурат, 10 июнь, 2020
Навоийда янги қурилган карантин ҳудудидан йўлланган сурат, 10 июнь, 2020

Айни пайтда Зарафшон шаҳар ҳокимлиги мулозими, ҳамшаҳарлари шикоятида тилга олинган асосий айблов – киши бошига ажратилгани иддао қилинган 2 миллион 200 минг сўмнинг карантинга олинганлар ва беморларга етиб бормаётгани ҳақидаги арзни рад этди.

У шунингдек, коронавирус пандемиясига қарши республикадан ажратилаётган таъминот ҳам сусайгани ҳақидаги тахминларни қатъиян инкор қилди:

“Бекор гап бу! Ҳамма нарса ортиғи билан бериляпти. Вилоят жамғармасидан маблағ келяпти. Лекин, аниқ маълумотларни ҳокимнинг иқисодий масалалар бўйича ўринбосаридан оласиз. Фақат бир нарсага эътибор беринг, бизда касаллик енгил кечаётгани учун одамлар тезда соғайиб қолиб, уйимда қолсам бўлмайдими, деб бироз норозидай бўляпти. Аслида ношукурлик қилмай, давлатга раҳмат айтиши керак бу одамлар, қанча маблағ сарфланяпти ахир! Озгина сабр қилсак, ўтиб кетади ҳаммаси”.

Зарафшон ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Анвар Шоҳмирзаев билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Расман: Навоийда аҳвол 20 майдан оғирлашди, Зарафшон коронавирус ўчоғига айланди

Расмий маълумотларга кўра¸ Навоий вилоятида 20 майдан коронавирус инфекцияси билан боғлиқ аҳвол оғирлаша бошлаган. Ҳозирга келиб, айнан Зарафшон шаҳри коронавирус аҳоли орасида тез ёйилаётган ўчоққа айланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, аҳоли орасида 20 май кун 17 бемор, 22 май куни 15 бемор, 27 май куни эса 31 бемор аниқланган ва Зарафшон шаҳри ҳозирда қизил зона деб эълон қилинган.

Шаҳар ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, икки кун муқаддам ишга туширилган янги карантин ҳудудида, хизмат қилувчи персонал билан бирга, жами 332 киши сақланмоқда.

ССВ берган сўнгги маълумот - 10 июнь соат 23:00 ҳолатига кўра, Навоий вилоятида жами 242 бемор аниқланган, шулардан 100 нафарга яқини ҳануз шифохоналарда қолмоқда.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлик бўйича илк ҳолат аниқланган 15 мартдан 23 майгача мазкур вирусни юқтирганларни даволаш ва карантинга жойлаштирилганларни таъминлаш учун 209 миллиард сўмдан кўпроқ пул сарфланган.

Расман: COVID-19 беморларига камида 32 млн., карантиндагиларга 2,200 минг сўм ажратилмоқда

25 май куни АОКАда ўтган брифингда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков ҳар бир бемор учун давлат бюджетидан 32 миллион 300 минг сўм¸ аҳволи оғир ва ўта оғир беморларга эса 64 миллион сўмгача маблағ ажратилаëтганини айтган эди.

Расмий баëнотга кўра¸ карантинда сақланаётган ҳар бир киши учун 2 миллион 200 минг сўмдан маблағ сарфланмоқда.

Бемор ва карантинга олинганлардан бу маблағларнинг ўзларига сарфланмаëтгани ҳақидаги шикоятлари ошиб бораëтган бир вазиятда¸ Ўзбекистон Бош прокуратураси Навоийда COVID-19 инфекциясига қарши кураш учун ажратилган 222 миллион сўм маблағ ўзлаштириб юборилгани аниқланганини маълум қилди.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, Навоий вилояти санитария ва эпидемиологик осойишталик марказидаги "мансабдор шахслар ва бошқалар" ажратилган 5 миллиард сўм маблағнинг бир қисмини талон-торож қилган.

Ҳозирда номи тилга олинган ташкилотлар раҳбарлари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

XS
SM
MD
LG