Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:20

Коронавирус юқишидан тинимсиз қўрқув унга чалиниш эҳтимолини ошириши мумкин


COVID-19 коронавирус инфекцияси ҳақида ошиқча хавотирланиш касалликка чалиниш эҳтимолини ошириши мумкин. Бунинг сабаби давомли хавотир ва саросиманинг иммун тизимини заифлаштириши билан изоҳланмоқда.

Мутахассислар пандемия давомида эҳтиëткор бўлиш муҳим бўлса-да, саросимага тушмаслик керак эканлигини айтмоқда.

Улар таъкидича¸ бунинг ўрнига жисмоний машқ билан шуғулланиш мақсадга мувофиқ, чунки жисмоний ҳаракат иммун тизимини стресс ва хавотирланишнинг салбий таъсиридан ҳимоя қила олади.

Канададаги Макмастер университети кинезиология бўлими директори Женифер Хайц ўз ҳамкасблари билан психологик безовталикнин руҳий соғлиққа салбий таъсир ўтказишини кўрсатиб берган.

Олимнинг айтишича, COVID-19 касаллиги каби номаълум касалликлар ҳақида ортиқча хавотирланиш миянинг қўрқув учун масъул қисми бўлмиш бодомсимон бези ошиқча фаоллашишига олиб келиши мумкин.

Эволюция нуқтаи назаридан бодомсимон без миянинг энг қадимий қисмларидан бўлиб, у примитив тарзда ишлайди. Хусусан, без инсонда хавотир юзага келиши билан фаоллашади ва хатар бартараф бўлгунича тана ва мия огоҳ бўлиб туришини таъминлайди.

Тадқиқотлар хавф-хатар ҳақида ўйлашнинг ўзи бодомсимон безни фаоллаштиришини кўрсатган. Айнан шу сабаб айримлар кечалари COVID-19 ҳақида ўйлаб, ухлай олмаслиги мумкин.

Аммо стресс тизимларининг мунтазам равишда фаоллашиб туриши ҳужайраларга зиён етказиши ҳамда тананинг айрим функцияларини издан чиқариши мумкин.

Психологик стресснинг ўзи тўғридан-тўғри зиён етказмаса-да, доимий саросима туфайли ҳужайралар шикастланиши мумкин. Бу эса иммун реакциясини келтириб чиқаради, яъни иммун тизими шикастланган ҳужайраларни йўқ қилишга киришади. Натижада танада яллиғланиш пайдо бўлади.

Бирор нарса ҳақида ошиқча ташвишланиш иммун функциясини издан чиқаргани учун кишининг патогенларни юқтириш эҳтимоли ошади.

Шу сабаб SARS-CoV-2 вируси ҳамда у келтириб чиқарадиган COVID-19 касаллиги ҳақида ошиқча ташвишланиш касалликка чиндан чалиниш эҳтимолини оширади. Жисмоний ҳаракатланиш эса инсон организмини стресс туфайли юзага келадиган яллиғланишдан ҳимоя қила олади.

Хайц ҳамкасблари билан талабалар ўртасида ўтказган тажриба жисмоний машқ қилганлар қонида яллиғланиш аломатлари озайишини кўрсатган. Хусусан, имтиҳонлар олдидан ҳафтасига уч марта ярим соат ўртача интенсивликда машқ қилган талабалар умуман машқ қилмаган ёки ўта оғир жисмоний машқ қилганларга солиштирганда яхшироқ руҳий аҳволда бўлиши ва таналарида озроқ яллиғланиш аломатлари кузатилиши аниқланган.

Олимлар хулосасича¸ тез юриш, югуриш ёки велосипед миниш каби жисмоний машқлар инсонни ваҳимадан сақлашга ҳамда иммун тизимини мустаҳкамлашга кўмаклаша олади.

XS
SM
MD
LG